ЭКОТУРИЗМ: ШИФОБАХШ БУЛОҚЛАР
ЭКОТУРИЗМ: ШИФОБАХШ БУЛОҚЛАР

ЭКОТУРИЗМ: ШИФОБАХШ БУЛОҚЛАР

(Андижон вилояти мисолида)

Яйра Рустамжоновна Тўрабоева,

Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар

институти “Гуманитар фанлар” кафедраси ассистенти

 

Аннатация. Мақолада Ўзбекистонинг экотуристик имкониятлари, табиат мўжизалари, шифобахш булоқлари ва уларнинг хусусиятлари масаласи илмий тахлил этилган бўлиб, ўлкада мавжуд туристик имкониятлар, мустақиллик йилларидаги ўзгаришлар ва муаммолар ёритилди.

Калит сўзлар. Экотуризм, булоқлар, шифобахш булоқлар, қайнар булоқ, сокин булоқ, сайёҳлик масканлари.

Кириш. Инсоният яралибдики, озиқ-овқатга бўлган табиий эҳтиёж у билан бирга яралади ва кундалик ташвишлари билан бирга мавжуд шароит ҳамда муҳитни талаб этади. Ушбу манбаларнинг энг кўп сарф этилувчиси сифатида сув инсон танаси ва жисмоний имкониятларини яратишда бевосита хизмат қилувчи манба сифатида биринчилардан бўлиб ҳисобланади. Шу боис ҳар қандай давлат ва жамият цивилизацияси айнан сув ёқаларида пайдо бўлганлигини яхши англаймиз. Ҳозирги кунда мавжуд булоқларнинг минерологик хусусиятлари, илмий асосларини ўрганиш ва асосли хулосалар бериш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Адабиётлар тахлили. Экотуризмнинг мустақил туристик йўналиш сифатида ривожланиши ХХ аср охири ва ХХI асрнинг бошларига тўғри келади. Лекин ҳозирги кунда экотуризмнинг умумий эътироф этилган назарияси ва амалиёти етарли даражада шаклланмаган. Боиси маълум мафкуравий ва сиёсий имкониятлар нафақат экотуризм ва балки, туризмнинг бошқа турларини ҳам ривожланишига тўсиқ бўлган. XXI асрга келиб туризм дунё халқларида иқтисодиётнинг самарали тармоқларидан бири сифатида баҳоланмоқда. Экотурзм имкониятлари ва тахлили юзасидан Л.И Егоренков (2003) [1], А.Таксанов (2005), Н.Тухлиев ва Т.Абдуллаева (2006) [2], Р.Я Рассудова [3], А.Нигатов, Н.Шомуратова ҳамда Я.Холов [4] каби тадқиқотчиларнинг ишларини эътироф этиш мумкин. Уларнинг тадқиқотларида кўпроқ экотуристик маркетинг, таълим ва тарбияга бағишланган бўлиб, уларда табиий туризм билан экотуризм ўртасида аниқ бир чегара ўрнатилмаган. Шунингдек, экотуризмнинг тармоқлари, этник жиҳатлари  тахлили илмий изланишларни талаб этади. Шу боис туризм тармоқларини ўрганиш ва тарғиб этиш нафақат иқтисодий даромад балки дунё халқларига маҳаллий халқ маданияти ва урф-одатларини тарғиб этиш, илмий изланиш, хулослар бериш каби муҳим стратегиялардан биридир.

Тадқиқот методологияси. Ушбу мавзуни илмий тахлил этишда асосан дала тадқиқотлари, тарихий ёндашув ва қиёсий тахлил методларидан фойдаланилди.

Тахлил ва натижалар. Илмий муомалада туризмнинг ривожланган тармоғи сифатида экотуризмга турилича таъриф берилади. Улардан бири А.Лукичевнинг Россиянинг “Экотуризм” журналига берган Сущность устойчивого и экологического туризма” номли мақоласида “Экотуризм (экотуризм, яшил туризм) - нисбатан таъсирсиз табиий худудларга ташриф буюришга йўналтирилган барқарор туризм шаклидир” деб таъриф беради[5].

Фарғона водийсида жойлашган сув хавзалари орасида дарё, сойлар, каналлар ва ариқлар билан бирга булоқлар ҳам ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради. Водийнинг турли худудларида 100 дан ортиқ булоқлар мавжуд бўлиб, биз тадқиқ этаётган Андижон вилоятида шифобахш булоқлар сони 10 дан ортиқни ташкил этади. Улар маҳаллий аҳоли томонидан ичимлик манбаи бўлибгина қолмасдан муқаддаслаштирилган макон сифатида қадрланади. Шунингдек, уларнинг кўпи зиёратгоҳларда мавжуд бўлиб, уларнинг номи маълум бир авлиё ёки машҳур тарихий шахс номи билан боғланган[6]. Муқаддас қадамжолар ва зиёратгоҳларни ўрганган Н. Абдулаҳатовнинг фикрича, улуғ авлиёларнинг каромати туфайли ушбу булоқлар пайдо бўлган ёки улар булоқларга кириб кетиб, балиқ кўринишида ғойиб бўлган, натижада уларнинг авлиёлик сифати, мушкулларни осон қилиш вазифаси сувга ўтиб, мана шу аснода булоқлар зиёратгоҳ ва муқаддас қадамжо вазифасини ҳам бажариб келган. Бугунги кунда Андижон вилоятининг ички имкониятлари, археологик ёдгорликлари, этник туризм, зиёрат туризми ва экотуризмни ривожлантириш орқали халқ мероси объекти ва анъанавий маданиятнинг феномени тарзида тадқиқ қилиш, улар тўғрисида батафсил маълумотларга эга бўлиш долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боисдан ҳам маҳаллий, миллий урф-одатлар ва туризм имкониятларини  этнология, тарих, диншунослик ва социология каби фанлараро ёндашув асосда комплекс тарихий-этнологик йўналишда мукаммал ўрганишга эҳтиёж сезилмоқда.

        Қадимий туркий халқлар булоқ, чашмаларни кўриб, унинг неъматидан баҳраманд бўлиб, сувнинг хусусиятлари замирида илоҳий кучларнинг, яъни сув худоларининг қароргоҳи эканлиги тўғрисидаги афсонавий қарашларга ишонган ва ҳозирга кунга келиб ҳам у бошқача шаклда намоён бўлаётганлигини анлаш мумкин. Маҳаллий ўзбеклар сувни эъзозлаб уни ҳар хил чиқинди ва ифлосликлардан сақлаб келган ва айнан шу сабаб булоқ сувлари тиниқ ва минерал моддаларга бойлиги билан ҳам қадрли.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М Мирзиёевнинг 2018 йил 7 февралдаги “Ички туризм ривожланиши учун юқори салоҳиятга эга бўлган туманлар ва шаҳарлар”[7] тўғрисидаги  қарорида вилоятда туризм имкониятлари мавжуд худудлар келтирилган бўлиб, унда Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани Манак қишлоғи, Тош ота маҳалласи Имомота қишлоғи, Булоқбоши тумани Ширмонбулоқ қишлоғи Ширмонбулоқ маҳалласи, Балиқчи тумани Балиқчи қишлоғи Кул маҳалласи, Гулистон қишлоғи Мирзабошичек маҳалласи, Хонобод тумани Хонтоғ ва Фозилмон ота дам олиш зоналари жойларида тарихий ва зиёрат туризми, гастрономик туризм, агротуризм, экотуризм ва соғломлаштириш туризмини ривожлантириш учун қулай бўлган жойлар сифатида тақдим этилганлиги аҳамиятлидир.

2020 йил 19 мартида Германиянинг “Диэ Велт” газетаси навбатдаги сонида “Ўзбекистонга хуш келибсиз!” номли мақола чоп этилди. Мақолада Ўзбекистоннинг ноёб табиий-иқлим шароити тўлақонли дам олиш ва сайёҳлик учун ажойиб имконият бериши, мамлакатнинг ҳар бир ҳудуди ўзининг табиий имкониятлари билан мақтана олиши, Помир ва Тянь-Шань баланд тоғ тизмалари, шаффоф тоза кўллар, шовқин дарёлар ва шифобахш булоқлар мамлакатда туризмнинг машҳур турлари жадал ривожланганлигидан айниқса,  экстремал, зиёрат, этник, қишлоқ ва бошқа туризм турлари учун барча шарт- шароитлар мавжудлиги айтилади[8].

Экотуризм сайёҳлик соҳасидаги энг машҳур йўналишлардан бири бўлиб, Ўзбекистон туризмнинг бу турини ривожлантиришга улкан салоҳиятга эга дунёнинг камдан-кам давлатларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистонда мавжуд булоқлар ёки чашмалар ер ости сувларининг табиий ҳолатда ер юзасига қуруқликда ёки сув остида чиқиши ҳисобланади.  

Булоқлар сувли қатламларни дарё водийлари, жарликлар, кўл чўкмалари кесиб ўтишидан, тектоник ёриқлар, отқинди ва чўкинди жинслар контакт зоналари мавжудлигидан, сувли жинслар фильтрация хоссасининг бир хил эмаслигидан пайдо бўлади. Табиатда булоқлар 2 турга бўлинади. Улар:

1. Қайнар булоқлар — ер остидан гидростатик босим, газ ва буғлар таъсирида ер юзасига чиқади. Фарғона водийсида Шўрсув, Жалолобод, Тожикистонда Обигарм, Иссиқбулоқлар жуда кўп худуд саналади. Бу булоқлар артезиан сувли қатламларнинг эрозион кесилиши, тектоник ёриклардан отилиб чиқиши ҳамда жарлик, сой ва дарё водийларининг сувли қатламларни кесиб ўтиши натижасида пайдо бўлади. Бундай булоқлар Республикамизнинг Бухоро ва Қорақум нефтьгазли конларида учрайди.

2. Сокин булоқлар — сизот сувли қатламларнинг олдини сув ўтказмайдиган жинслар тўсиб қолиши ёки очилиб қолиши, карст булокларининг ер юзасига чиқишидан ҳосил бўлади.

Андижон вилояти бир қанча табиат комплекслари, табиий ландшафтлар, баландлик  минтақаси бўйича ўзига хос бўлган табиат манзаралари, дам олиш ва даволаниш масканлари, шарқ томон оқаётган дарё ва сойлари, шифобахш, зилол булоқлари, шифобахш қумлари мавжуд бўлиб, ҳудуднинг ўзига хослигини белгилайди. Катта Андижон магистрал канали ўзанига қурилган сув тақсимлагичлар, тўғонлар атрофидаги гўзал табиатли жойлар ҳар қандай одамни ўзига тортади. Балиқчи тумани ўзининг Қорадарё водийсида, кўпгина рекрацион ресурсларга эга эканлиги билан ажралиб туради. Қорадарё водийсида ўнлаб аҳоли дам олиш имкониятига эга бўлган сўлим жойлар мавжуд бўлиб, йил давомида аҳоли бу дам олиш масканларидан унумли фойдаланиб келмоқда. Туман марказига яқин жойда Балиқчи – Андижон магистрал йўли бўйида жойлашган “Учбулоқ” шифобахш зилол сувлари билан донг таратган дам олиш ва даволаниш маскани нафақат туман аҳолиси учун, балки вилоят ва ҳатто республикамизнинг бошқа шаҳарлар, вилоятлари аҳолисига ҳам  таниш бўлган бетакрор хусусиятларга эга бўлган маскан ҳисобланади. Бу ерда учта булоқ мавжуд бўлиб, ҳар қайси булоқнинг суви ўзига хос хусусиятга эга, ўта ширин, муздек, тиниқ сувлар ҳар қандай кишини ўзига ром этади. Бу ерда бўлган киши танаси роҳатланиб, асаблари тинчланиб руҳан тетиклашиб мириқиб дам олади. Бу ерда яратилган инфратузилмалар аҳолининг яхши дам олиши учун қулайликлар яратади.  Бу булоқлар дала ўртасида жойлашган бўлишига қарамай, маҳаллий ҳокимият бу ерга келувчилар учун деярли барча шароитларни яратиб қўйган ва йил давомида бу шифобахш булоққа ташриф буюрувчилар сони ортиб бормоқда[9].

 Яна бир экотуристик маскан, Андижон вилояти Улуғнор тумани Мингбулоқ қишлоғида жойлашган Жамбилбулоқ булоғи зиёратгоҳи маҳаллий халқ томонидан анча йиллардан буён қадрли маскан сифатида фаолият олиб боради. У туристларнинг азиз зиёратгоҳига айланиб улгурган. Мингбулоқ қишлоғи аҳолиси Жамбилбулоқ номини аёл киши исми билан боғлиқ эканлигини, суви шифобаҳш минералларга бойлиги ва у ерда одамлар эҳсон ҳамда зиёрат қилиб келишларини одат қилганлар. Ҳозирги кунда Жамбилбулоқ булоғи илмий ўрганишга муҳтож, сабаби, булоқ атрофида минераллашган маданлар, турли ўсимликлар бор, таъмирга муҳтож[10].

Андижон вилояти Булоқбоши тумани мавжуд Ширмонбулоқ туристик объекти маҳаллий туристлар учун қулай худудда ташкил этилган. Булоқ суви ширин бўлгани боис одамлар томонидан Ширмонбулоқ номи билан аталиб келинади. У вилоятнинг жануби-шарқий қисмида жойлашган бўлиб, шимолидан жанубига қараб ер юзаси кўтарилиб боради, жанубида Ширмонбулоқ тоғлари, яъни Қиртоштов тоғининг жануби-ғарбий қисми билан туташ. Тоғ бу ерда тоғ олди ва тоғ ландшафтини юзага келтирган. Шунинг учун ҳам туманда микроиқлим юзага келтириб, ўзига хос табиат манзарасини шакллантирган. Бу ердаги зилол булоқлар маданий ва табиий ландшафтлар ҳудуднинг рекрацион ресурсини бойитади ва энг аввало маҳаллий аҳолининг ва ташқаридан келувчиларнинг маданий дам олиб, саломатлигини тиклаш имконини беради. Маҳаллий аҳолининг айтишича, жойнинг сўлим табиати, кичик жанубий Фарғона канали сувининг тепаликлар бўйлаб кучли босим билан тушиб туриши ҳавода азон қатламини ҳосил қилади, натижада ҳаво тозаланади. Қон босими, юрак хасталиклари билан оғриётган беморлар, мазкур масканга кўплаб ташриф буюрганлар, кўпинча, шу ерга келиб булоқнинг кислородга тўйинган тоза ҳавоси ва ер қаъридан чиқаётган сувидан, сўлим табиатидан баҳра олади[11]. Қуйида Ширмонбулоқ дам олиш маскани ҳавола этилади. 

Андижон вилоятининг яна бир сўлим гўшаси Жалақудуқ тумани Абдуллабий маҳалласида жойлашган Оқ булоқ болалар оромгоҳи ҳудудидаги булоқ сувидир. Мазкур булоқнинг суви турли касалликларга шифо бўлганлиги тўғрисидаги қарашлар ҳозиргача сақланиб қолган. Тадқиқотда аниқланишича, Оқбулоқ суви ўзининг минерал таркиби билан эътиборга лойиқ. Умуман табиатда ер қаъридан отилиб чиққан булоқлар халқ тилида “ўзи пишган”, “ўзи кўз очган” деган иборалар билан аталади. Ернинг бир неча қатламини босиб, сизиб чиқаётган сув ўз-ўзидан маъдан ва минералларни ювиб, ўзи билан ер устига уларни олиб чиқади. Бу эса тери касалликлари билан муаммоси бор беморларга сув истеъмоли ёки сув билан ювиниш ижобий таъсир қилади. Инсон организмининг мис, олтингугурт, олтин ва бошқа маъданларга нисбатан эҳтиёжини қондиради. Айни Оқбулоқ суви яра-чақаларни даволашда фойдаланилади. Ушбу ҳудудда қадимдан яшаб келаётган аҳоли авлодлари булоқ сувининг беш асрдан бери маълум эканини таъкидлашди. Экозиёратгоҳнинг умумий майдони 4,2 гектарни ташкил этади. Айтишларича, Оқбулоқ яқинида 1970 йилда ҳукумат топшриғи билан болалар орамгоҳи қурилди ва атрофни замонавийлаштириш мақсадида булоқ атрофидаги дарахтлар кесиб ташланди. Аҳолининг гувоҳлик беришича, катта қайроғоч дарахти кесилаётганда унинг илдиз қисмидан қизғиш сув сизиб чиққан. Шу воқеа сабаб, маҳалла аҳли оқ туя сўйиб эҳсон қилган ва булоқни ҳам жой номи ҳам “оқ булоқ” деб атала бошланган. Ҳозирги кунга келиб қайроғоч дарахтининг тана қисмидан қизғиш, оч қора рангли сув чиқиб туради, маҳаллий аҳоли ушбу сувни шифобахш билиб, дарахтни кесмайдилар ва шу сабаб ҳозирда унинг танасидан сизиб чиқувчи сувдан турли яраларга шифо сифатида фойдаланиб келмоқдалар. Шунингдек, ҳудудда дарахтдан оқиб чиқаётган сувдан ташқари табиий булоқ ҳам маҳаллий аҳоли орасида анча донг таратган. Булоқнинг суви кўз касаллиги ва бош оғриғига шифо эканлиги айтилади [12].

   “Биби сешанба” зиёратгоҳи ҳам вилоят ҳудудида жойлашган машҳур масканлардан биридир. Унда 30 га яқин булоқ сувлари сизиб туради, шулардан энг каттаси “Қизбулоқ” дир. У халқ тасаввурида фақатгина қизлар борадиган жой сифатида, ҳали турмуш қурмаган қизлар ва турмуш қуриб фарзанд кўрмаган аёллар булоқ сувидан ичиши, ёлғиз ҳолда ният ва тилаклар билдириши керак, деган тасаввур ҳали ҳам сақланиб қолган. Эркакларнинг булоқ яқинига бориши, сувидан ичиши қораланган. Қизбулоққа зиёратга борган хотин-қизлар азалий таъбу ҳисобланган аёллар таоми умоч атала пиширган. Кейинчалик маҳаллий раҳбарлар ташаббуси билан Қизбулоқ яқинида монумент ўрнатилган. Болалар бешигини эслатувчи рамзий қабр монумент сифатида қолдирилган. Эътиборни тортадиган жиҳат ёдгорликка қуйидаги сўзлар ёзилган: “Биби сешанба” зиёратгоҳи пайдо бўлишига сабаб, бу ерда етти супа бўлган, зиёрат учун келганларга хизмат қилган, дастёрлик қилиб юрган Мияширбоча исмли одам томонидан барпо қилинган. Ривоятларга қараганда унинг тушида Ўзган шаҳрига бориб, кўк рангли қўчқор олиб келтиришга ишора қилинган. Туш бир неча бор қайта-қайта кўравергач, ўша шаҳарга бориб, қўй келтириб, сўйиб халққа ҳудойи қилади. Ҳудойи сешанба куни ўтказилгани учун бу жойга “Биби сешанба” улуғ онамиз исмлари билан аталсин, деб номлайди. Қишлоқ кексаларининг эслашича, ота-боболари бу зиёратгоҳ ҳизматчиси Мияшарбоча ота жуда узоқ умр кўрган, у 161 ёшда вафот этади”[13].

Яна бир табиат иъноми бўлган Фозилмон ота зиёратгоҳидаги булоқ сувининг минг дардга даво  ҳаётбахш тирик сувларидан бир неча асрлар давомида кўплаб одамлар шифо топиб келмоқда. Респандентларнинг айтишича, ушбу маскан XIII асрда яшаб ўтган, ўз даврининг машҳур диний уламоларидан бири Сайид Фозилмон Деҳлавий номи билан боғлиқ. У киши оламдан ўтгач шу зиёратгоҳ атрофига дафн қилинади, унинг шогирдлари ва муридлари қабр устига мақбара бунёд қилишади. Ривоятларга қараганда мақбара барпо этилганидан юз йил ўтиб, табиий офат, яъни сел натижасида Фозилмон ота мақбарасига зиён етиб, лойқа остида қолади. 1805 йилда диний уламо, ўзбек мумтоз адабиётининг вакили, шоир Хўжаназар Ҳувайдо ўғли Холмуҳаммад Эшон ибн Ҳувайдо томонидан қабр ўрни аниқланиб, мақбара қайта тикланади.

  Маҳаллий аҳоли ушбу зиёратгоҳга турли мақсадларда келадилар. Ҳудудда қадимдан мавжуд бўлган шифобахш булоқ суви барча фаслларда бир хил чиқиб туради. Ушбу сувдан турли яралар, ички касалликларга шифо бўлган. Мазкур зиёратгоҳнинг ҳозирги ҳолатига келиши, яъни йирик таъмир ва ўзгартиришлар 1981 йилда киритилиб, Фозилмон ота рамзий қабрига монумент барпо этилган. Яна мақбара атрофида йирик ислом уламоларидан бири Саид Фазлиддин Деҳлавий ҳазратлари ҳам дафн этилган ва қабр атрофи обод қилинган[14].

Хулоса ва таклифлар. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Фарғона водийси, хусусан Андижон вилояти ўзининг серунум тупроғи, бой маданий мероси, миллий бирлиги ва ўзига хос этник турфахиллиги билан ажралиб туради. Андижон вилояти мавжуд булоқларнинг минерал таркиби ва шифобахш хусусиятлари билан ҳам фарқланади. Булоқлар асосан зиёрат масканлари ҳудудида жойлашган бўлиб, асосан маҳаллий ва хорижий ташриф буюрувчилар томонидан эъзозланади, туристлар томонидан мавсумий ташрифлар йил давомида амалга оширилади. Маҳаллий аҳолининг шифобахш булоқлар билан боғлиқ ривоятлардаги маҳаллий этник халқнинг сувга бўлган эҳтиёжи ҳамда қадимдан аҳолининг деҳқончилик маданияти, ўтроқ турмуш маданияти шаклланиб борганлигидан далолат беради. Ўз навбатида ислом дини кириб келмасидан олдин сув билан боғлиқ маҳаллий култлар сувнинг муқаддас манбалардан бири эканлигини таъкидлайди. Шунингдек, булоқларнинг беморларни турли хил касалликлардан холос эта олиш хусусияти тўғрисида ривоят ва афсоналар маҳаллий аҳоли орасида кенг тарқалган.

Ўлкада мавжуд туристик имкониятларни янада тарғиб этиш юзасидан бир қанча таклифларни бериб ўтамиз:

ü замонавий туризм имкониятлари ўсиб бораётган бир даврда рақобатга бардош берувчи тизимни ишлаб чиқиш;

ü мобил иловалари ва реклама тарғиб этувчи хусусий ташкилотларни кўпайтириш;

ü табиат берган неъматларни асраш ва келажак авлод улардан баҳраманд бўлишлари учун экологик маданиятни кучайтириш механизмларини ишлаб чиқиш;

ü дунё мамлакатлари халқларига бой маданий мерос ва маънавий қадриятларни сақлаб қолган маҳаллий урф-одатлар билан яқиндан танишиш имкониятларини кенгайтириш.

Фойдаланилган адабиётлар рўйҳати:23298

1.               Л.И Егоренков. Экология туризма и сервиса. М. 2003

2.               Н.Тухлиев ва Т.Абдуллаева. Экологический туризм: суност, тенденции и стратегия развития. Т. ЎзМЭ. 2006

3.               Р.Я. Рассудова Культовые объекты Ферганы как источник по истории орошаемого земледелия // Советская этнография. - Москва, 1985, №4. - С. 96-104.

4.               А.Нигатов, Н.Шомуратовa, Я.Холов. Экотуризм асослари. Т.2013

5.               Лукичев А. Б. Сущность устойчивого и экологического туризма.// Российский Журнал Экотуризма. 2011. № 1. С. 3-6.

6.               А.Аширов. Ўзбек маданиятида сув. Т.Академнашр. 2020. 240 с, 53- бет.

7.                Ички туризм ривожланиши учун юқори салоҳиятга эга бўлган туманлар ва шаҳарлар-ПҚ.// 2018 йил 7 февраль.

8.               М.Мамажонов. Андижон географияси (Андижон вилояти табиий географияси) // Масъул муҳаррир М.Саидхонов.//Тошкент: 2017. 109 б.

9.               https://uzbektourism.uz/nevvs

10.         Дала маълумотлари.