ЎЗБЕКИСТОНДА АГРОТУРИЗМ ИСТИҚБОЛЛАРИ
ЎЗБЕКИСТОНДА АГРОТУРИЗМ ИСТИҚБОЛЛАРИ

ЎЗБЕКИСТОНДА АГРОТУРИЗМ ИСТИҚБОЛЛАРИ

 

Маҳмуджон Ҳамидбекович Ғозиев,

Андижон туман, Харабек қишлоғи,

 “Гулистон” массивидаги

 “Тараққиёт плюс” кўп тармоқли

ф/х раҳбари.

 

“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси бешта устувор йўналиши асосида 2018 йил – “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоя ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” учун қабул қилинган Давлат дастурининг 104 пунктини бажариш юзасидан, намунали фермер хўжаликларида туристларга хизмат кўрсатиш кўникмаларини ҳосил қилиш, туристларни ўзларига жалб қилиш, шунингдек, хорижий туристларнинг мамлакатимизда бўлиш муддатини узайтириш мақсадида 2018 йил 4 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида “Агротуризмни ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича Дастур” тасдиқланган.”[1]  

Хўш, агротуризм ўзи нима? Бу саволга жавоб топиш учун бир қанча сайтларга кириб чиқдик ва умумийлаштириб айтганда қуйидаги хулосага келдик.

Аслида агротуризм барча давлатларда икки - уч аср олдин бошқача кўринишларда намоён бўла бошлаган. Россия ўлкаларида қишлоқ туризми ривожланиш босқичлари XVII аср бошларига тўғри келади ва бу императрица Анна Иоанновна номи билан боғланади. Бу пайтда барча казо-казолар шаҳардаги ҳашаматли саройларда яшаганлар. Ёзда улар шаҳар четидаги ўз дала томорқаларига, баҳаво кенг ялангликларга равона бўлган.

XX асрга келиб бу давлат сиёсати туфайли шаҳарда истиқомат қиладиган фуқароларга дала томорқа (дача) бериш кўринишида намоён бўла бошлаган. Шундай қилиб қишлоқ хўжалиги учун ажратилган ерларда аста-секин агротуризм равнақ топиб борган. Яъни, шаҳар аҳолиси гуриллаб ишлаётган завод ва фабрикалардан, цивилизация туфайли турли газлар ва ҳидларга тўйган шаҳарнинг диққинафас ва шовқин-сурон ҳаётидан, тўрт томони бетон плиткали кўпқаватли уйларидан (айниқса ёзнинг иссиқ кунларида) озгина муддатга бўлса-да чекиниш, шаҳар чеккасидаги баҳаво қишлоқ ҳаётини кузатиш, ўша ерларда ўз меҳнати билан ўзларининг экологик тоза маҳсулотларини экиб етиштириш, ақлий меҳнатдан чарчаган (безиган) фуқаролар жисмоний меҳнат қилиб ўзларига тасвирлаб бўлмайдиган бошқача завқ олиш, бундан миннатдорлик туйғусини ҳис қилиш илинжида ўзларини қишлоққа ва шаҳар чеккасига ура бошлаганлар. Кенг ва кўм-кўк дала, яйлов, ариқларда шарқираб оқиб ётган зилол сувлар, яшил табиат, тоғлар, шаршара ва булоқлар кимларни ром қилмайди? Романтик саргузашт ишқибозлари ҳали балиқ овига, ҳали тоғ этакларига, кимдир чорвадорлар ҳузурига, кимдир денгиз бўйига боришни мақсад қилади.   Тўғри, бир пайтлар ҳамма ўзини шаҳарга урган, чунки катта маош, шинам ва ҳар томонлама қулай квартиралар, кимлардир илм излаб, кимлардир касб қилиш ниятида шаҳарга оқиб келган. Хуллас, ривожланишни ким хоҳламайди, дейсиз.

Ҳозирги кунда қишлоқ туризми АҚШ, Канада, Австралия, Испания, Италия, Франция, Буюк Британия, Германияда ривожланган. Россия ўлкасида ҳам оммавийлашиб бормоқда.

Агротуризм - қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш машаққатини кузатиш, масалан, узумларнинг қандай ўсишини кўриш, қандай қилиб ва қаерда қўйларни ўтлатадилар, ҳақиқий пишлоқ ишлаб чиқарилиш жараёнини кўриш, кўплаб шаҳар аҳолиси учун буларнинг барчаси ҳақиқий экзотика бўлиб, кишига бошқача ҳиссиёт улашади. Ҳар йили борган сари кўпроқ одамлар агротуризмга қизиқиш билдираётгани ажабланарли эмас. Мегаполис фуқаролари фермада яшаб, отлар ва туяқушларга ғамхўрлик қилишни, ўрмон қўзиқоринини истеъмолга яроқлисини фарқлашни, сигир соғишни ва зайтун меваларини теришни ўрганишади, ўзлари мустақил қаймоқ ва қўлбола вино тайёрлаб кўрадилар. Агротуризм афзалликлари ҳаммага аён: шароитнинг ўзгариши, тоза ҳаво, янги кўникмалар ва энг муҳими, буларнинг барчаси бепул бўлиши мумкин.

Узоқ муддатли экскурсиялар (агротурлар) – бу камдан-кам ҳолатдир. Одатда сайёҳларнинг аксарияти таътил ёки ҳафта охири (шанба-якшанба) сафарлари билан чекланади. Россия ва хорижда бозорда кўплаб таклифлар мавжуд. Уларнинг барчаси дастурда бир-биридан фарқ қилади, комфорт даражаси, шунга яраша нархи билан фарқланади. Сиз Тоскана шаҳрида виллани ижарага олишингиз ва маҳаллий узумзорларда ишлашингиз мумкин, оддий қишлоқ уйида арзон нархларда яшаб, ёки уй юмушларида кўмаклашиб бепул яшашингиз мумкин. Бундай вазиятларда ишчига (сайёҳга) уй эгалари ҳисобига бирга овқатланишлари ва ҳаттоки, озгина чой чақа ишлаб олишлари ҳам мумкин.

...Худди шу ерда изоҳ бериб ўтишни лозим деб билдим. Бизнинг фермерлар ҳам юқори даражада бўлмаса ҳам ўртамиёна комфортли уйлар ёки ётоқлар билан таъминлаб пахта терими мавсумида жалб қилишлари мумкин эмасми? 

Юқоридаги ҳолатда ўзига ёққан юмуш билан шуғулланиш мумкин, 4 - 6 соатдан ошмаган ҳолда, вақтнинг қолган қисмида табиат гўзалликлари билан ошно бўлиш, сайр қилиш мумкин. Албатта, қишлоқ хўжалиги юмушлари ҳеч қачон эрмак ёки овуниш машғулоти эмас. Кишидан сабр, меҳнат ва уқувни талаб қилади.

АҚШда кўплаб талабалар ёзги таътилдан фойдаланиб пул ишлаш илинжида фермаларга йўл оладилар. Айниқса, Колорадо, Техас, Аризонадаги фермер хўжаликлари қўшимча иш кучини мамнуният билан қабул қиладилар. Ётоқлар жуда қулай, бир ёки икки кишилик хоналар, уй эгалари билан овқатланиш ва озгина пул билан рағбатлантириладилар. Улар нафақат чорва боқиш билан машғул бўладилар, от минишни, балиқ овлашни, ҳайвонларни тузоқ билан (лассо) тутишни, ковбойларнинг бошқа қизиқарли юмушларини ҳам ўрганишади.

Италияда туристларга узумзорларда ишлаш ва узумни қайта ишлаш жараёнларига, зайтун меваларини териш ишларини таклиф қиладилар. Яшаш шароити у жойларда ҳам ҳар хил. Қиммат ва ҳашаматли вилла ва оддий қишлоқ уйларигача бор. Италия ва Францияда ҳам худди шундай ҳолатни кузатиш мумкин. Туристларни жалб қилиш учун фермер хўжаликларида ҳар йили эски тегирмонларни, пишлоқ цехларини, виночиликка даҳлдор цех ва ўраларни ва бошқаларни таъмирлаб турадилар.

Албатта, туристларга соғлиқларини хавфга қўядиган, катта билим ва маҳоратни талаб қиладиган ишларни таклиф қилмайдилар. Сиз у ерда ҳосилни йиғиштирасиз, чорва ҳайвонларини боқасиз ва парваришлайсиз, мой, пишлоқ, вино тайёрлаш, асал олиш ва бошқа маҳсулотлар тайёрлаш жараёнларида иштирок этасиз, балиқ тутиш, ихтиёрингизга қараб қўйларни боқиш ва жунини олишингиз мумкин, фермер хўжаликларида иш ҳамма учун топилади.

Шартномада албатта иш вақтининг муддати кўрсатилади. Қоидага кўра у 6 соатдан ошмайди, бу қуйидаги шарт билан бўлиши мумкин, сиз бунда ётоқ  ва овқатланиш учун пул тўламайсиз. Агар сиз ётоқ ижарасини тўлаётган бўлсангиз иш вақтингиз 4 соатдан ошмаслиги лозим бўлади.

Агротуризм кейинги йилларда дам олишнинг энг оммабоп турига айланди. Бу трендни барча туристик агентликлар ўзлаштириб олдилар ва турли фермаларга экскурсия ташкил қила бошладилар.

Дунёда ҳозир бундай ташкилотлар жуда кўп. Яъни, шаҳар шовқинларидан чарчаган фуқароларни тоза ҳавода меҳнат қилишга жўнатяптилар, миннатдор фермерларга эса ишчи кучи билан таъминланишида ҳисса қўшяптилар.

World Wide Opportunities on Organic Farms (веб-сайт) – кўнгилли агротуризм сферасидаги энг оммавийлашган ташкилот.

Россияда ҳам фермаларда дам олиш ва (меҳнатни) ташкил қилиш ташкилотлари мавжуд.

Агротуризм – бу экотуризм йўналишларидан бири бўлиб, қуйидаги турлари ҳаракатда:

-                    Французча тури - қишлоқ ва пляж, гастрономик (овқат ва масаллиқ ишқибозлари учун), виночилик тури (вино тайрлаш жараёнларида қатнашиш).

-                    Немисча тури – қишлоқ агротуризм мақсади фақатгина дам олиш эмас, барча озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрлаш жараёнларида шахсан иштирок этиш, уй эгаларига ферма ва участкада ёрдам бериш.

-                    Италянча тури - қишлоқ, экологик, гастрономик ва спорт саёҳатлари уйғунлашиб кетади.

-                    Осиё тури - анча қиммат саёҳатлар, фақат табиат қўйнида, хизмат кўрсатиш даражаси шунчалар юқорики, турист ҳар қандай майда маиший камчиликларни ўйлаб ўтирмайди.  

Статистикага мурожаат қилинса агротуризм - қишлоқ хўжалигига қўшимча даромад келтирувчи, керак бўлса қўшимча ишчи кучи билан таъминлаш манбаи бўлиб ҳам хизмат қилаётганини кузатиш мумкин.

Агротуризм объектлари  - бу фермер хўжаликлари, плантациялар, мева-сабзавот, полиз экинлари, уй ҳайвонлари етиштириладиган участка ва боғлар бўлиши мумкин. Бундан ташқари, қишлоқ туризмини саёҳат мақсадидан келиб чиқиб мустақил, гастрономик (таом, овқат, масаллиқ ишқибозлари ), дала томорқа, ўрганувчи, экологик ва спорт экскурсияларига (от спорти, велоспорт, яъни велосипед ва отда сайр қилиб ушбу жойларни томоша қилиш) бўлиш мумкин. Қишлоққа боришдан мақсад фақатгина вақтни далада ўтказишгина эмас, ўша манзилнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилиш, муқаддас авлиёлар қўним топган жойларни зиёрат қилиш (зиёрат туризми), кўнгилли хордиқ чиқариш, ушбу жойнинг маданияти ва этнографиясини ўрганишдир.

Камина кейинги 5-6 йил ичида ўйлаб юрган ғояларни Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг агротуризмга, умуман, барча инсон манфаатларига, ватан равнақига хизмат қилувчи Қарор ва Фармойишлари туфайли амалга ошириш имконияти пайдо бўлганидан руҳланиб ушбу сатрлар юзага келмоқда. Бизнинг Андижон шаҳри аҳоли зичлиги бўйича дунёда етакчи ўринларни эгаллар экан, аксарият қисми кўп қаватли уйларда истиқомат қилишади. Ҳамманинг ҳам ёз ойларида узоқдаги тоғларга, табиат қўйнига, денгиз бўйига боришга имкони бўлавермайди. Бизнинг боғдорчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжалигимиз (Юртбошимиз талаблари инобатга олиниб кўптармоқли фермер хўжалигига айлантиришга ўтдик) шаҳарга яқин (шаҳар марказидан биз таклиф қилаётган объектгача 10 – 12 км) жойлашгани туфайли у ерга бориш кўпчилик учун қийинчилик туғдирмайди.

 Юртдошимиз, шоҳ ва саркарда, шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур тилга олган ўша Харабек қишлоғи тўғрисида гап кетяпти. “Биз Ўшга Харобук орқали кетдик”, - деган жумлалар “Бобурнома” нинг 92-бетида келтирилган. Тўғри, Харабек қишлоғида тоғ, шаршара, булоқ деган нарсалар йўқ. Бироқ, ҳамма томони адирлик, сой оқиб туради. Табиати ўзига хос гўзал ва хушманзара. Биз бошламоқчи бўлган агротуризм объекти шу Харабек қишлоғида бўлгани учун ажаб эмас, хорижий сайёҳларнинг ҳам назарига тушса. Қишлоққа кираверишга Бобур Мирзонинг ўша сўзларини катта паннода ёзиб осиб қўйилса деган таклифимиз бор.

Ундан ташқари, келувчилар боғимизнинг атрофини тепаликдан кузатиш имконияти бор, Бунинг учун отда, велосипедда салкам 2 км масофадаги йўлда сайр қилиб томоша қилиш имкониятини яратиб бериш мақсадимиз ҳам бор. Отда чопиш ҳар қандай инсоннинг орзуси, севимли машғулотига айланиши мумкин. Албатта, четдан хорижий сайёҳлар келиб қолиши эҳтимоли туғилса, (ниятимиз холис) миллий тезпишар таомлар, қатлама, чўзма, сариёғли нон, табиий меваларимиздан тайёрланган компот, сок каби ичимликларни таклиф қилиш, чорва ҳайвонлари маҳсулотлари, қатиқ, қаймоқ, қуртоп (Тошкентда қурт дейдилар), сузма, айрон, қимиз каби масаллиқлар билан сийлаш, миллий ҳунармандчилик намуналари савдосини ташкил қилиш мумкин.

Адреналин кайфиятни хуш кўрувчилар учун экстремал амалий спорт тури бўлган турларини ҳам ташкил қилиш имкониятимиз бор. Бу борада жисмоний маданият ва спорт комитети мутахассислари ва “Ватанпарвар” жамияти мутасаддилари билан шартномалар тузишга келишиб олиняпти.

Хулоса қилиб айтганда, қишлоқ жойларда туризмни ривожлантириш маҳаллий фермерлар учун кўмак бўлиши, пайхонгарчиликларга сабаб бўлмаслиги, онгли равишда ватанга ва она табиатга муҳаббат руҳида, экологик тартиб-қоидаларга таянган ҳолда ташкил қилинсагина биз ва Юртбошимиз кутаётган натижани икки баробар миқдорда келтириши мумкин.

Интернет материалларидан, “Бобурнома” китобидан фойдаланилди.



[1] Uzbektourism.UZ AgroTurizm, 1-саҳифа