ХАЛҚ ҚЎЗҒОЛОНИГА НОМ БЕРГАН ЁДГОРЛИК
(ёки Мингтепанинг довруғи ва Марҳамат номи ҳақида)
Боқижон МАТБОБОЕВ ,
Тарих фанлари доктори, профессор,
Мингтепадаги Ўзбек-Хитой халқаро
экспедицияси раҳбари,
Авазбек Мирзаев,
Андижон ДУ катта ўқитувчиси.
Аравон – Марҳамат йўлининг ёнида
район маркази билан деярли туташиб кетган маҳобатли археологик ёдгорлик – “Мингтепа”
асрларга тенгдош бўлиб икки ярим минг йилдан буён салобат тўкиб турибди. У халқимиз
бой тарихининг тилсиз гувоҳидир, бундай ноёб ёдгорликлар Марказий Осиё ҳудудида
камдан кам сақланган.
Хитой манбаларида ёзилишича милоддан
илгариги 125 йили буюк Хань империяси топшириғи билан сайёҳ ва дипломат Чжан Цзянь
Довон- Довон (яъни Фарғона водийси)га келган. У ўз кундалигида ўлкани деҳқончилиги
ривожланган шоли, буғдой, беда кўп экиладиган деб таърифлайди. Узум етиштирган ва
ундан юқори навли вино ишлаб чиқарганлар. Манбаларни хабарича айрим оилалар катта
миқдорда вино сақлаганлар. Унинг асосий пойтахт шаҳри бўлмиш Эрши ҳақида шундай
деб ёзади : “Саройга маълум қилинадики, Эрши шаҳрида ажойиб тулпор отлар бор. Аммо
уларни беркитишиб (бизга) беришни хоҳлашмади”.
Хитой императори У-ди генерал
Ли-Гуан Ли қўмондонлигида Довонга икки марта ҳарбий юриш уюштирган. Биринчи юришга
икки йил сарфланиб, эрамиздан илгариги 104 йилга Ючен шаҳри қўлга киритилган. Иккинчи
юришда эса эрамиздан илгариги 98 (аниғи 101) йилда Эрши 40 кун қамал қилиниб, шаҳарга
кирадиган сув ташқаридан тўсиб қўйилган. Ташқи деворни бузганлар, кўпгина оқсоқоллар
асир олинган. Шундай ҳолатда ҳам хитойликлар шаҳарнинг асосий қисмини, яъни ички
шаҳар ва аркни қўлга ола олмаганлар. Довон давлатининг асосий шаҳри Эрши (Мингтепа)
гарчи ташқи шаҳри бузилса ҳам ёвдан сақлаб қолинган.
Илгариги хариталарда “Мингтепа”
иккита ички ва ташқи девор билан ўраб кўрсатилган, майдони ҳам анча катта бўлган.
Фарғона водийсида соф антик давр(милоддан аввалги IV – милоднинг IV асрлари)га оид
бунчалик маҳобатли ёдгорлик йўқ. Ушбу сатрлар муаллифининг 1986-1987, 2001, 2012-2018
йилларда Мингтепада ўтказилган археологик текширишларда аниқланган кўҳна Эрши шаҳри
қолдиқлари айни пайтда атиге 40 гектар ерда сақланиб қолган, ҳолос. Қолган қисми
ва ички шаҳар майдони бузиб ўзлаштирилган, бу жараён шу кунларгача давом этмоқда.
Ёдгорлик юқоридан қаралса, ички шаҳар паралеллограм шаклга эга. Шаҳарнинг кучли
мудофаа деворлари кузатув миноралари билан биргаликда сақланиб қолган. Миноралар
ҳозир ҳам маҳобатли кўринишга эга. Ана шу миноралардан учтаси қазиб ўрганилганда
улар пахса ва хом ғиштлардан қурилган. Минораларнинг бирининг узунлиги 18 метр,
эни 9 метр баландлиги 6-8 метр экан. Минорага туташ бўлган мудофаа девори остки
қисмининг қалинлиги 7 метр устки қисми эса 4 метрга тенг. Тасаввур қилинг, икки
ярим минг йил муқаддам бу иншоотлар атрофдан қандай кўринган экан-а? Ички шаҳардаги
бундай маҳобатли деворнинг узунлиги 2,6 км.га тенг. Уни бунёд этишда бир неча минг
қурувчи қатнашган.
Бундан ташқари яна Мингтепа ўртасидаги
арк қисми текширилди. Бу тепани маҳаллий
аҳоли Зиндонтепа деб атайди ва баландлиги 15 метрга боради. У кам деганда 4 марта
бузиб қурилган. Деворлари қалин ва баланд, хоналари ҳам катта – катта, 1987 йили
аркда қазиб очилган марказий хонанинг ўлчамлари 10х8 метр тарзида. Марказий бинонинг
жанубий – ғарб томонида арка услубида ёпилган зал деворлари яхши сақланган.
Қурувчи аждодларимиз маҳоратига
тан бермоқ керак. Чунки эни деярли 3 метр баландлиги 2.5 метрдан ортиқ зални гумбазсимон
қилиб устунсиз ёпиш ўша замон усталарининг маҳорати юксаклигидан далолатдир.
Демак, Мингтепа кўплаб белгиларига
кўра йирик шаҳар эди ва у Фарғона водийсида қолаверса стратегик жойлашишига кўра
Марказий Осиёда ўзига хос ва мос аҳамиятга эга бўлган пойтахт шаҳар эди.
Дукчи Эшон бошчилигида 1898 йили
шу ердан бошланган миллий озодлик характеридаги қўзғолон ҳужжатларда “Мингтепали
Эшон қўзғолони” дейилади. “Шарқ Юлдузи” ойномасида (1991-йил 1 сон) Фозилбек Отабек
ўғлининг “Дукчи Эшон воқеаси” асарини эълон қилинди. Асарни ҳамшаҳар олимимиз С.Жалилов
нашрга тайёрлаган. Ушбу китоб бошидаёқ “Дукчи Эшон “Мингтепа” деган қишлоқлик “Мингтепа”
номи бўлса чор хукумати томонидан “Марҳамат” номи билан ўзгартирилган деган сўзлари
бор. Қўзғолон воқеаларининг бошидан охиригача “Мингтепа” номи жаранглаб туради ва
бу ном чор маъмуриятининг ғазабини қўзғатади. Фозилбек Отабек ўғлнинг асарида “Дукчи Эшоннинг қишлоғи бўлган Мингтепани (чор
маъмурияти) гўристонга айлантирганидан кейин... ёлғиз номи қолди холос” дейилган
сўзларини ҳам ўқиймиз.
Ҳа, бундан 120 йил илгари Мингтепани
ер юзидан супуриб ташламоқчи бўлдилар, лекин тарихий ҳақиқатни йўқ қилиб бўлмас
экан. Қаранг, 2,5 минг йил олдин водийнинг йирик шаҳри бўлган Эрши замона зайли
билан тарихнинг тилсиз гувоҳига айланди. Уни халқимиз ўз тарихи билан боғлиқ эканлигини
тўлиқ айтилиб шаҳар харобаси қолдиқларини яна Мингтепа деб атади. Мингтепа остида
ота-боболаримиз тарихи улар руҳи ётибди. Бу ёдгорликни келажак авлодларга етказиш
археологлар, тарихчилар район меҳнаткашларининг бурчидир.
Юқорида айтилганларидан қуйидаги
таклиф келиб чиқади. Ўша 1986-1987 йилларда Мингтепа ёдгорлигида қазишма олиб борганимиз
пайтида райондаги зиёлиларга “Марҳамат” номи
чор маъмурлари томонидан тахқир ва масхара билан қўйилганлигини ҳамда районни “Мингтепа”
номи билан аташ мақсадга мувофиқ эканлигини айтган эдик. Афсуски, бу гапларимиз
қумга сепилган сувдек изсиз қолиб кетган эди.
Бироқ ҳақиқат юзасидан қуйидаги
фактлар ҳам айтилиши керак: Аввало “Марҳамат” номининг тарихи ҳақида туман газетасидаги
(1991 й) муаллифлар мақоласида гуё чор ҳукумати маҳаллий халқнинг гуноҳини кечиб,
“Марҳамат кўрсатгани” шарафига бу ном берилган деб ёзилган. Бу нотўғри фикр. Асли
ҳақиқат шундан иборатки, Дукчи Эшон барчани қўзғолонга чорлаб атроф вилоятларга
хатлар юборган ва ҳар хатнинг охирида “Шу ҳақда маслахатлашиб олиш учун бизнинг
Мингтепамиздаги кулбамизга марҳамат қилсинлар” деган жумлани битган.
Андижонлик Махмудали бой, ўз номига
келган хат орқасига Эшонга жавоб ёзиб юборади ва бу хат қўзғолондан сўнг, Эшон сандиғидан
топилади. Чор маъмурияти хатдаги “Марҳамат” сўзига эътибор бериб қишлоқни тўпга
тутганларида замбаракнинг ҳар бир ўқида “мана сенга Марҳамат” деб отганлар (С.Жалилов
тадқиқодларидан).
Бир гурух марҳаматлик фаоллар
С.Жалилов илтимосига кўра Дукчи Эшоннинг ховли жойи ўрни вайроналарнинг қолдиғини
қидириб топдилар ҳамда 1991 йил бошида вайрона қолдиғини кўздан кечириб мутасадди
раҳбарлар билан уни асраш лозимлиги ҳақида бир фикрга келишди.
Ниҳоят, С.Жалиловнинг таклифи
асосида вайрона қолдиғига “Бу ерда Дукчи Эшон қўзғолонининг 100 йиллиги шарафига
ёдгорлик ўрнатилади” деган лавҳа ўрнатилди. Буларни айтишимиздан мақсад эзгу ниятларни
рўёбга чиқариш учун не -не машаққатлар чекилганини айтиш ва бу йўлда саъи ҳаракат
қилганларнинг номини холислик билан кўрсатиб ўтишдир. Юқорида айтилганларга хулоса
қилиб, ҳамда марҳаматлик зиёлилар таклифларини инобатга олиб қуйидагиларни таклиф
қиламан:
1.Районнинг Марҳамат номи ўрнига
ўз тарихий “Мингтепа” атамаси танланса муддаодек иш бўлади.
2.1898 йил қўзғолони вақтида ҳеч
бир гуноҳсиз қириб ташланган тинч аҳоли хотирасига район марказида бирор ёдгорлик
ўрнатилса.
3.Қўзғолонга бошчилик қилган Дукчи
Эшон уйи тикланиб унга доир ҳужжатлар тўпланса-да музей ташкил қилинса.
Бу таклифларни амалга ошириш учун
ҳеч қандай маблағ керак эмас. Фақат вилоят ва туман депутатларининг журъати керак,
холос. Чунки Дукчи Эшон “Туркистоннинг миллий қаҳрамони” (Тохир Қаххор), қўзғалон
эса миллий озодлик характеридаги инқилоб эди.