МИНГТЕПА – ҚАДИМ ТАРИХ ДУРДОНАСИ
МИНГТЕПА – ҚАДИМ ТАРИХ ДУРДОНАСИ

МИНГТЕПА ҚАДИМ ТАРИХ ДУРДОНАСИ

А.Позилжонов,

 Андижон вилоят тарихи ва

Маданияти давлат музейи тарих бўлими мудири.

 

Маълумки, Фарғона водийси Ўрта Осиёнинг энг унумдор тупроққа эга, атрофи табиий тоғлар билан ўралган, оқ ва қора сувлари мавжуд жаннатмакон диёрдир. Бежиз уни олтин водий деб атамаганлар. Бу ердаги ер ости ва ер усти бойликлари тўғрисида кўплаб афсона ва ривоятлар мавжуд. X-XII асрлар Фарғона водийси шаҳар маданиятининг энг ривожланган даври бўлган. X асрда яшаган араб географлари ал-Истаҳрий ва Ибн Ҳавқалнинг ёзишича, Мовароуннаҳрда катталиги жиҳатидан Фарғона (қадимда Фарғона водийсидаги мавжуд давлатлар Фарғона деб юритилган) қишлоқларига етадигани бўлмаган. Баъзан аҳолининг зичлиги, шунингдек, чорва ва яйловларнинг кўплигидан қишлоқларнинг ҳудудлари 1 кунлик йўлни ташкил этган. Демак, Фарғона ўрта асрларда ҳар жиҳатдан гуллаб яшнаган. Бироқ, тарихан маълумки, давлатларнинг шу даражада ривожланиши учун узоқ минг йилликлар керак бўлган.

Фарғона водийсида энг қадимги шаҳар – бу Андижон вилояти, Жалақудуқ туманида жойлашган, миллоддан аввалги II-I минг йилликларга оид 25 гектардан иборат Далварзинтепа шаҳри харобаларидир. Ушбу шаҳар бронза даврига оид бўлиб, бир қатор қадимшунослар томонидан тадқиқ этилган бўлса-да, ҳозирга қадар ўз қаърида кўплаб сир-синоатларни яшириб келмоқда.

Милоддан аввалги II асрга келиб бутун Фарғона водийси бўйлаб, кўплаб шаҳар давлатлар ривожланганлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, миллоддан аввалги 128 йилда Хитой императори У-Ди топшириғи билан Хитой сарҳадларининг ғарбига ҳарбий жосус Чжан Цянь атроф ўлкалар тўғрисида маълумот йиғиб келишлик учун юборилади. Чжан Цянь тоғ ошиб кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ва ақл бовар қилмас диёрга келиб қолади. Бу ерда 70 та катта ва кичик шаҳар давлатлар мавжуд бўлиб, қишлоқ хўжалиги, жумладан, чорвачилик, деҳқончилик, боғдорчилик, айниқса, узумдан тайёрланувчи мусаллас унда катта таассурот қолдиради. Шунинг учун ҳам у узум етиштиришни икки йил давомида пухта ўрганганлиги тўғрисида ўз кундалигида баён этган. Лекин Хитой жосусини энг ҳайратга солган мўъжиза – бу Фарғона “Арғумоқ” отлари бўлиб, ушбу отлар замонавий отларга қараганда бир неча баробар катталиги, бақувватлиги ва чопқирлиги билан бирга, бу отлар қон терлаши билан уни лол қолдирган. Умумий сафари 10 йилга чўзилган Чжан Цянь Хитой императорига ўз кечинмаларини тўлиқ ва батафсил айтиб беради ва унга қилган саёҳати юзасидан ёзма хисобот топширади. Унинг ривоятларидан Хитой аҳолиси ўртасида қон терловчи отлар ҳақида кўплаб афсона ва шеърлар ёзилган. Чжан Цянь бу отларни “Самовий отлар” деб таърифлаган. Чунки Хитой ўзини “Осмон ости” давлати деб билар, император эса осмон фарзанди ҳисобланар эди. Шунинг учун ҳам Чжан Цянь ушбу отлар фақат императорга хизмат қилиши керак деган фикрни илгари сурди. Ҳамда ушбу самовий отлар яшовчи диёрни “Дай Юан”, яъни қадимги Хитой тилидан таржима қилинганда Дай-буюк, Юан-тоғ орти, тоғ билан ўралган деган маъноларни англатиб, қадимшуносларнинг фикрига кўра “Дай Юан” ёки бошқача қилиб айтганда “Довон” Фарғона сўзининг хитойча аталишидир. Чжан Цяннинг хотираларида берилишича 70 та шаҳар давлат марказий шаҳар давлатга бўйсунган. Бироқ, ҳар бир шаҳардан келган вакил, яъни оқсоқоллар кенгаши ҳар бир масалада ўз қарашларини билдирганлар, замонавий тил билан айтганда, давлатда гарчанд ҳукмдор бўлса-да, бошқарув парламент қўлида бўлган. Бу марказий шаҳар Андижон вилояти Марҳамат туманидаги 40 гектар майдонга эга ички ва ташқи деворлар билан мустаҳкамланган оқова сувлари ҳамда тош йўллари мавжуд “Мингтепа” харобаси эканлиги тарихчи олимлар томонидан таъкидлаб келинмоқда. 

Чжан Цяннинг хотиралари шуниси билан муҳимки, у оддий сайёх сифатида эмас, ҳарбий зобит сифатида ҳар бир шаҳарни кўздан кечирар экан, қайси шаҳарнинг деворлари қай даражада мустаҳкам, омборхонаси қаерда жойлашган, аҳоли сони, чорва ҳолати, мудофаа иншоотлари улар орасидаги масофаларга қадар маълумот берган. Ушбу маълумотлар ҳозирги кунда археологлар ва шу билан бирга тарихга қизиқувчи ҳар бир инсонга қимматли манбадир. Бироқ, Чжан Цяннинг асл қўлёзмалари бизниинг кунларимизга қадар етиб келмаган. Аммо унинг ёзмалари милоддан аввалги I аср охирларида битилган сарой тарихчиси Сима Чян қаламига мансуб “Шижи” (“Тарихий хотиралар”)да сақланиб қолган. Ушбу асар “24 тарих” ёки “24 та сулола тарихи” (“Эрши си ши”)нинг биринчи жилди ҳисобланади.

Чжан Цяндан кейин ҳам бир қанча махсус сайёҳлар Фарғонага ташриф буюрадилар бироқ, уларнинг ёзма ҳисоботлари бизгача етиб келмаган.

Милоддан аввалги 104-99 йилларга келиб Хитой империяси водийга ҳужум қилади. Ҳужумнинг асосий сабаби, Хитой императори томонидан водийга элчи юборилиб, унинг асосий мақсади қандай бўлмасин самовий отларни Хитойга император хузурига олиб бориш эди. Бунинг учун элчи Довон ҳукмдорига олтиндан ясалган от ҳайкалини инъом қилади. Қимматбаҳо совғадан руҳланган ҳукмдор самовий отларни беришга ваъда беради. Бундан хабар топган оқсоқоллар кенгаши мажлис тўплайди ва ҳукмдорни хоин сифатида баҳолаб уни қатл қиладилар. Бунинг оқибатида эса юқорида таъкидланганидек уруш бошланади. Хитойликлар пойтахтни қамал қиладилар ва ташқи деворни ёриб кирадилар, аммо ички деворга якинлаша олмайдилар (Ҳозир ҳам Марҳамат туманида Хитой қўмондони тахминий тўхаган жой мавжуд). Жанглар давомида шаҳарда истиқомат қилувчи кўплаб эркаклар ҳалок бўлганлар, оқибатда уруш майдонига эрксевар аёллар чиқа бошлаганлар. Маълумотларнинг гувоҳлик беришича, пойтахтнинг ички деворлари 14-18 метр бўлиб деворнинг ички йўллари ҳам мавжуд бўлган. Ушбу деворлардан отилиб турган камон ўқлари ҳимоясида икки аёл бир арғумоқ отига қарама-қарши ўтириб олган, бири отни бошқарса, иккинчиси эса камондан душманларга зарба берган. Ваҳолангки, у даврларда Хитойда чавандоз аёл деган тушунчанинг ўзи бўлмаган. Уруш аёвсиз ва тинимсиз давом этган. Натижада оқсоқоллар кенгаши Хитой қўмондони билан 2000 та от беришга, бироқ, бу отларнинг оз қисми арғумоқ, қолганлари эса оддий отлар бўлишига келишиб оладилар. Хитой қўмондони отларни олиб йўлга отланади. Бу келишувдан хабар топган чавандоз аёллар оқсоқоллар кенгашига билдирмасдан хитойликларни қувиб етадилар ва ҳозирги Ўзган атрофларига етганда, самовий отларни душманга топширишни ўзига ор деб билиб, барча отларни сўйиб ташлайдилар (Ҳозирга қадар Ўзган шаҳрининг яқинида “От сўйилган” деб номланувчи қишлоқ мавжуд). Натижада бирор дона от ҳам хитойликларнинг қўлида тирик ҳолда қолмайди. Хитой манбаларининг гувоҳлик беришича, Довон давлатига шимолдан ёрдамга келган Кангуйлар (Қанғ давлати ҳозирги Тошкент, Чимкент, Сирдарё ҳудудларида мавжуд бўлган қудратли давлат) Хитой армиясига ҳужум қилади ва катта талофат келтиради. Боз устига ушбу жангда хитойнинг энг забардаст генерали вафот этади, бу эса армиянинг пароканда бўлишига сабаб бўлади. Энди урушда Довон ва Кангуй давлатлари қўли баланд кела бошлайди. Довон ва Кангуй армияси Хитойнинг катта ҳудудларига қадар кириб борадилар, натижада Хитой Кушон давлатидан ёрдам сўрашга мажбур бўлади. Кушон давлати ўша даврда Ўзбекистоннинг жанубий вилоятлари, қисман Афғонистон, Туркманистон худудларига тўғри келувчи ўз даврининг жаҳон миқёсидаги қудратли ўлкаси саналган. Хуллас, Кушонларнинг аралашуви натижасида уруш якунига етади.

Оқибатда Хитойнинг 5000 йиллик тарихида ягона ташқи ҳужуми муваффақиятсизлик билан якунланади.

Арғумоқлар, яъни самовий отлар бизнинг кунларимизга қадар етиб келмаган. Фақатгина Қирғизистон Республикасининг Аравон тоғларида қоятош суратлари, афсона ва ривоятларгина мавжуд холос. Хўш, нега шундай учқур, бақувват ва ҳайбатли отлар бизнинг кунларимизга қадар етиб келмади? Эътибор беринг, Довон давлатида олтин, кумуш, қимматбаҳо тошлар, ҳар хил мато ва мўйналар мавжуд бўлган. Аммо Хитой Самовий отлар учун ҳужум қилган. Чунки гарчанд Довон давлатида бойликлар етарлича бўлган бўлса-да, бу бойликлар Хитойни қизиқтирмас эди. Унинг эътибори Довон давлатининг энг қимматбаҳо гавҳари – ўша самовий отларга қаратилган эди. Аммо бу гавҳар Довон халқига жуда қимматга тушганди. Қанчадан-қанча фарзандсиз қолган ота-оналар ва отасиз, онасиз қолган етим- есирлар, қанчадан-қанча бегуноҳ тўкилган қонлар... Баъзи қадимшуносларнинг фикрига кўра урушнинг асосий сабабчиси бўлган самовий отларни довонликлар ўзлари қирғинбаротларни такрорланмаслиги учун йўқ қилганлар.

Яна бир тарихий маълумот. Хитой элчиси олиб келган олтин от тақдири ҳанузга қадар очилмаган. Шуниси қизиқки, Мингтепада олиб борилган археологик қазишмалар натижасида олтин от тасвири топилган, бу эса олтин от афсона эмас, ҳақиқатлигини исботлайди. Унинг аниқ қаерда эканлиги маълум эмас, бироқ, ички шаҳар 40 гектар, жами 300 гектардан зиёдроқ бўлган Мингтепа харобаси остидалиги аниқ.

Мингтепа харобалари 1930 йиллардан бери тадқиқ этилмоқда. Бироқ, мустақилликдан сўнг ушбу ишлар янада жадаллашди. Бу ерда Ўзбекистоннинг етук олимлари Боқижон Матбобоев, Бахтиёр Абдуллаев каби маҳаллий археологлари билан бир қаторда, Германия, Япония, Франция давлатларидан ташриф буюрган қадимшунослар кўплаб тадқиқотлар олиб бордилар. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, 2012 йилдан шу кунга қадар Мингтепа харобаларида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси археология институти ва Хитой ижтимоий фанлар Академияси археология институти ҳамкорлигида қўшма археологик экспедиция ташкил этилган бўлиб, бунинг натижасида ҳар хил даврларга оид минглаб асори атиқалар топилди ва ўрганилмоқда. Ушбу хайрли ишлар натижаси сифатида 2018 йилда Тошкент шаҳрида жойлашган, Фанлар Академияси тасарруфидаги “Ўзбекистон тарихи” Давлат музейида катта кўргазма ташкил этилиб, маҳаллий аҳоли ва меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Ушбу кўргазма жорий йилнинг сентябрь ойида Андижон вилоят тарихи ва маданияти Давлат музейида ҳам ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Мингтепа кўп йиллар давомида ўрганилган бўлишига қарамасдан унинг остида ҳали ўз ечимини кутиб турган жумбоқлар бисёр. Олтин от эса уларнинг бири холос. Яна бир жумбоқ шундан иборатки, Мингтепада ҳаёт тахминан милоддан аввалги V асрдан, мелодий V асрига қадар гуллаб, яшнаган. Яъни бу жойда тахминан минг йил давомида қудратли шаҳар барпо этилган. Бу шаҳарда сунъий суғориш иншоотлари, баланд ва қалин деворлар, тош йўллари, деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик ривож топган. Бироқ, V асрга келиб ҳаёт излари буткул йўқ бўлиб кетган. Қазишма ишлари давомида топилаётган хумлар, кўзалар ва бошқа уй-рўзғор буюмлари бутун ҳолда, баъзиларида эса озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам сақланиб қолган. Бошқача сўз билан айтганда уруш ва вайронкорлик излари йўқ.

Баъзи қадимшуносларнинг фикрича ер коррозияга учраган ва асосий тирикчилик манбаи деҳқончилик бўлган аҳоли бу ердан шунчаки кўчиб кетган. Бошқа мутахассисларнинг фикрига қараганда шаҳарда қандайдир эпидепия тарқаган ва шаҳар аҳолиси буткул қирилиб кетган. Нима бўлган тақдирда ҳам Мингтепа ҳали бизни кўплаб кашфиётлар билан ҳайратга солишига шубҳа йўқ.

Кейинги йилларда юртимизда туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу ишларнинг бири “Мингтепа” шаҳарчасини туристик манзилгоҳга айлантирилиши режалаштирилмоқда.