ЯЛАНҒОЧ ТЎРА (диққатга сазовор жой) ва ЁРКЕНТЛИ ШАЙХ (диққатга сазовор жой)
ЯЛАНҒОЧ ТЎРА (диққатга сазовор жой) ва ЁРКЕНТЛИ ШАЙХ (диққатга сазовор жой)

ЯЛАНҒОЧ ТЎРА (диққатга сазовор жой)

Мазкур зиёратгоҳга халқ ўртасида “Яланғоч тўра” ёҳуд “Шапалоқ тўрам” номи билан машхур бўлган Мозолхон Қорахон тўра ўғли (1881-1954 й.) дафн этилган.

Ул зот уст-бош киймай, доимо яланғоч, ялангбош (фақат оқ иштон) билан юрган экан. Уларнинг авлодлари ота томонидан Хазрати Бахоуддин Нақшбандга, она томонидан Имоми Хусайний шажарасига мансуб Хидоятулло Офоқ хожа насабларига бориб қадалади.

БОБО ТАВАККАЛ (диққатга сазовор жой)

Бобо Таваккал зиёратгоҳи X асрларга оид моддий маданий мерос объекти бўлиб, халқ орасида турли ривоятлар мавжуд. Яъни Бобо Таваккал узун бўйлик, юзидан нур ёғилиб турадиган инсон бўлиб, шаҳарга душманлар ҳужум қилганда унинг ҳайбати босиб, урушлар ҳам тўхтаб қолар экан.

МИРЖАЛОЛ МАҚБАРАСИ (диққатга сазовор жой)

Миржалол ота тўғрисида расмий манбалар мавжуд эмас. Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишига кўра, саҳий, илмли ва комилликка етишган инсон бўлган. Ушбу жойга фарзанд талаб, иши юришмаган, дардман ва сафарга отланганлар келишиб зиёрат қиладилар.

ЁРКЕНТЛИ ШАЙХ (диққатга сазовор жой)

Ёркентли шайх XVII асрда яшаб ўтган уламо бўлиб, айтишларича, Оффоқ ҳожанинг авлодларидан бўлган. 1866 йилда Худоёрхон томонидан мазкур мозор номига иноятнома берилган.

Шайҳ Шамсиддин Ёркандий ХVII асрнинг 2-ярми ва ХVIII асрнинг 1-ярмида Андижонда яшаб ўтган ва пиру-муршид, диний уламо, тариқат соҳиби, беназир устоз сифатида эл меҳрига мушарраф бўлган. Ул зотнинг ота юрти, таваллуд ва охиратга сафар кунлари ҳақидаги ёзма манбалар бизга маълум эмас. Тарихчи олим Б.Матбобоев бу маскан ҳақида шундай ёзади.”Якан (Ёрканд шайх) шайх мозори Қорабура маҳалласи теграсида жойлашган.Шарқий туркистонлик сўфий уломолар фаолияти билан боғлиқ ҳолда юзага келган. Улардан бири Шамсиддин Ёркандий, Андижонга келган ва шу ерда яшаган.”(*1) Шу маҳаллада яшаган Низомхон Нажмиддиновдан (1894-1992) ёзиб олинган маълумотларга қараганда (2) Шамсиддин Ёркандий Қашқар вилоятининг Ёркент шаҳрида қутбул авлиё Ҳидоятуллоҳ Офоқ хожадан (1625-1694) шариат ва тариқат илмларини тўлиқ эгаллагандан сўнг, устозининг топшириғи ва сўфийлик талаблари бўйича зимасидаги амалларни адо этиш, кўп йиллар давомида олган исломий билмларини халққа етказиш мақсадида тахминан 1680-1681 йилларда сафарга отланади.Устод туя ихтиёрий чўккан жойни ўзи учун макон қилишини башорат қилиб, муридига дуо беради. Бас, туя ўша даврда ҳам муқаддас саналган Бобо Таваккул Лангарий мозори яқинидаги жойга ихтиёрий чўкади ва мурид шу масканни ўзига макон қилади.

Ёркентдан ташриф буюрган Шамсиддин  Қуръони Карим, Ҳадис, тасаввуф ва тариқат илмлари бўйича мактаб ташкил қилади ва  юксак эътиқоди, чуқур билми, мазмунли сабоқлари билан тез орада аҳоли ичида алоҳида ҳурмат ва катта обрўга эга бўлади. У Аллоҳнинг каломини, Пайғамбаримиз Муҳаммад С.А.В ҳадисларини ўз ҳаётини мазмуни деб билди, ўзи шунга амал қилди, муридлари ва аҳолини тариқат руҳиятида тарбиялаб, ўз даврининг азизларидан, пешволаридан бири сифатида эл орасида “Шайх ота”, “Ёркентлик шайҳ” номи билан улуғланди. Шайх отага Яратан Эгам узоқ умр берди.Бутун ҳаёти давомида эътиборини иймон, эътиқод, ибодат, намоз, ҳалоллик, тўғрилик амалларини моҳиятига қаратди. Зеро Қуръони Каримда: “Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган,бир-бирларига Ҳақ (йўли) ни кўрсатган ва бир-бирларига (мана шу Хақ йўлида) сабр тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчилардир)”,- дейилади.(Бақара...) 

Шайх Шамсиддин Ёркандий оламдан ўтгач ўз ҳужрасига дафн қилинган.Кейинчалик  шайх муридлари, унга эргашган ва иҳлос қилган давомчилари ҳамда аҳоли вакиллари Шайх ота мозорини зиёратгоҳга айлантиришди, ҳужра атрофига уларнингг ҳамда маҳаллий аҳоли қабрлари қўйилиб,”Ёркентлик шайх” (маҳаллий тилда” Якан шайх” мозори)зиёратгоҳи ва қабристони юзага келди.

Мустақиллик йилларида бу муқаддас маскан ва шайх ҳазратларининг номи улуғланди, доимо зиёрат қилиниб, ободончилик ишлари олиб борилди. 2006 йил “Ёркентли шайх” зиёратгоҳи “Диққатга сазовар жойлар” маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинди. Шайх қабри узра умумҳашар йўли билан миллий меъморчилик анъаналари асосида нақшинкор ва маҳобатли мақбара бунёд этилди. Бадиий безак ишлари уста-кулол Қутбиддин Турдиев томонидан амалга оширилди. Бугунги кунда зиёратгоҳ Андижон шаҳрининг энг азиз масканларидан бирига айланган.