ЭКСПЕДИЦИЯНИНГ АНДИЖОН ШАҲРИ БЎЙЛАБ САФАРИ
Андижон шаҳри вилоятнинг жанубий шарқида жойлашган. Майдони 0.07 минг квадрат километр, аҳолиси 480.4 минг киши(2024 йил).
Андижон шаҳрида 53 та Маданий мерос объектлари, яъни, Археология ёдгорликлари – 4 та, Архитектура ёдгорликлари – 32 та, Монументал санъат ёдгорликлари - 6 та ва Диққатга сазовор жойлари - 11 та объектлари рўйхатга олинган.
Экспедиция аъзолари шаҳрихонлик Абдумалик Ўринбоев, Баҳодиржон Сидиқов, асакалик Анваржон Абдулазизов, марҳаматлик Ҳамроали Собиров ва Хусанбой Юнусовлар эрта тонгдан, Андижон шахридаги Алишер Навоий номидаги боғ олдида жойлашган вилоят нуронийлар уйи ёнида бизни шаҳар Нуронийлар Кенгаши раиси Содиқжон Юсупов, ёрдамчиси Махмуджон Исроилов ва Султонбек Бахромжоновлар каби бир гуруҳ нуронийлар кутиб олишди. Экспедиция аъзолари Андижон шаҳридаги маданий мерос объектлари ҳақида атрофлича маълумотлар тўплашда яқиндан ёрдам берган Андижон вилоят маданий мерос бошқармаси мутахассиси, санъатшунос Дилшодбек Юсуповга ўз миннатдорчилигини билдиради.
Экспедиция ўз сафарини Алишер Навоий боғидан бошлади.
АЛИШЕР НАВОИЙ БОҒИ
(меъморчилик ёдгорлиги)
Мазкур боғ вилоятдаги энг қадимий боғлардан бири ҳисобланади. Боғнинг бош режаси биринчи жаҳон уруши пайтида Германия давлатидан асрга тушган немис инженерлари томонидан яратилган. Ҳозирги кунда аҳоли дам олиш масканларидан биридир.
АЛИШЕР НАВОИЙ
(маҳобатли санъат ёдгорлиги)
Буюк мутафаккиримиз Алишер Навоий хотирасига бағишлаб ўрнатилган мазкур ҳайкал Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғига кириш қисмида жойлашган.
Ушбу майдонда мунтазам вилоятнинг катта тадбирлари ўтказиб келинади.
БУРГУТ
(маҳобатли санъат ёдгорлиги)
Ушбу ёдгорлик Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида жойлашган бўлиб, Германия давлатидан асрга олинган инженерлар томонидан бунёд этилган. Худди шундай ёдгорлик Украина Республикасининг Одесса шаҳрида ҳам мавжуд.
Бургут 1932 йили ёғоч ва қалин фанерадан, қаноти ва бўйин остига харсанг тош майдалари билан цементли устун қўйилган. Бургут куч-қудрат, эркинлик, ғолиблик рамзи.
Истироҳат боғи ва ҳовуз 1930 йил қурилган. 1941йилда А.Навоий номи берилган.