КАМОЛТЕПА АРХЕОЛОГИЯ ЁДГОРЛИГИ ва ЭШМУҲАММАД ХАЛИФА ЗИЁРАТГОҲИ
КАМОЛТЕПА АРХЕОЛОГИЯ ЁДГОРЛИГИ ва ЭШМУҲАММАД ХАЛИФА ЗИЁРАТГОҲИ

КАМОЛТЕПА АРХЕОЛОГИЯ ЁДГОРЛИГИ

Шаҳрихон туманидаги Байроқ МФЙ ҳудудида жойлашган III-V асрларга тааллуқли Камолтепа археология ёдгорлиги.

Шаҳрихонинг ғарбида жойлашган Камолтепа, шарқидаги Гўртепа (аслида Гургтепа - Бўритепа), шимолидаги Тўнғиз тепа, Қўштепа ва Оқтепа, жанубида Маслаҳат ота, Тусқовул ота деб аталган кўҳна ёдгорликлар одамлар қадим замонлардан буён яшаб, меҳнат қилиб ҳаёт кечирганлигидан дарак беради. Буни ўша ҳудудлардан топилган ва топилаётган ашёвий далиллар, археологик топилмалар ҳам исботлаб турибди.

Тепалик атрофидаги 4 гектар майдонда археологик қазиш жараёнида сопол пишириш учун мўжалланган бир нечта хумдон қолдиғи, сопол идишлар, сопол парчалари, тошдан ясалган олма нусхаси, канализация сопол қувурлари, тош ёрғучоқ ва бошқа осори атиқалар ҳам топилди. Бу топилмалар Камолтепада эрамизнинг I-IV асрларида кулолчилик гуркираб ривожланганидан дарак беради.

Минг афсуски Шаҳрихон тумани ҳудудида жойлашган тепаликларнинг айримлари ҳам собиқ мустамлака даврида текислаб ташланган.

ЭШМУҲАММАД ХАЛИФА ЗИЁРАТГОҲИ

Мазкур зиёратгоҳ Шаҳрихон тумани Сарой қишлоғида жойлашган.

Халқ орасида обрў-эътибор қозонган Эшмуҳаммад халифанинг довруғи Қўқон хони Худоёрхоннинг ҳам қулоғига бориб етади. Хон соҳибкаромат Эшмуҳаммад халифани қобилиятига шубҳаланиб, синовдан ўтказади. Хон ўзининг қилган ишидан пушаймон бўлиб, унга атаб Чорбоғ туронғи қишлоғида масжид қурдиради. Ҳозирга қадар ушбу масжид сақланиб қолган.

Эшмуҳаммад ҳалифа асос солган ва ул зотнинг шарофатлари билан ушбу зиёратгоҳ бугунги кунда янада обод бўлиб бормоқда. 2014-2017 йилларда ҳашар йўли билан мақбара ёнида бунёд этилган Сарой жомеъ масжиди авлиё зотнинг шарофатлари билан замонавий, кўркам масканга айланиб бормоқда. Бу ишларда маҳалла аҳлини бирлаштирган масжид имоми Жаъбарали домла Умаровнинг ҳам хизматлари катта.