ЗОКИРЖОН ХОЛМУҲАММАД ЎҒЛИ ҲАБИБИЙ (1890 – 1980)
ЗОКИРЖОН ХОЛМУҲАММАД ЎҒЛИ ҲАБИБИЙ (1890 – 1980)

Ҳабибий (тахаллуси; асл исми Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Ҳабибий) (1890 йил Пахтаобод тумани, Қўқон қишлоқ - 1980 йил 16 апрель, Тошкент) – Ўзбекистон халқ шоири (1974). Қўқон ва Андижондаги мадрасаларда таҳсил олган.

Ҳабибийнинг адабий мероси мумтоз ўзбек адабиётининг ғазал, мурабба, мухаммас, мусаддас, рубоий, туюқ, қасида ва достон сингари жанрларида ёзилган 40 мингдан зиёд байтдан иборат. Унинг 300 дан зиёд ғазалларига куй басталанган бўлиб, уларнинг аксари ҳозир ҳам ижро этилади. Ўзбекистон радиоси олтин фондида шоир Ҳабибийнинг 200 дан ортиқ қўшиқлари сақланиб келинмоқда. Ушбу шеърларнинг энг машҳурлари: “Диёримсан”, “Фарғона рубоийси”, “Бўлмаса”, “Яхшироқ”, “Нима бўлдинг” ва бошқалардир.

Шеърий тўпламлари: “Меҳнат қўшиқлари” (1948), “Янги яллалар” (1949), “Кўнгил тароналари” (1957), “Замон фарҳодлари” (1959), “Танланган асарлар” (1967), “Девон” (1971), “Наврўзи олам” (1973) кабилардир.