ДЕВОНАБОЙ МАСЖИДИ (меъморчилик ёдгорлиги) ва ҲАММОМ (меъморчилик ёдгорлиги)
ДЕВОНАБОЙ МАСЖИДИ (меъморчилик ёдгорлиги) ва ҲАММОМ (меъморчилик ёдгорлиги)

ДЕВОНАБОЙ МАСЖИДИ (меъморчилик ёдгорлиги)

Девонабой масжиди аҳолиси ўта зич жойлашган ислом дини ривожланган Андижон шаҳрида ҳайит ва жума намозлари ўқиладиган марказий масжид ҳисобланган. Ўз даврида қурилган ана шундай марказий намозгоҳ бўлган.

Тарихчи олим Сайфиддин Жалилов маълумотига кўра, масжидни барпо этган Девонабой Қорасувлик катта ер-сув эгаси бўлиб, тақводор, саховатпеша инсонлардан бўлган. Девонабой Андижон ҳокими Насриддинбек розилиги билан шаҳар марказига масжид ва ҳаммом қуришга киришади. Масжид битгач унинг бунёдкори Девонабой номи билан юритилади.

Девонабой масжидининг дастлабки биноси 1870 йилда Қорасувлик саҳоватпеша ва тадбиркор инсон  Девонабой сармоясига миллий услубда қурилган ва унинг номи билан аталган. Илк кўриниши ёпиқ намозгоҳ ва очиқ айвондан ташкил топган бўлиб, васссажуфт услубида ёпилган нақшинкор шифтини тўртта махобатли устунлар кўтариб турган. Масжид Иттифоқ даврида ҳам вилоятдаги марказий ва асосий масжид сифатида намоз ўқиш рухсат этилган йилларда доимий равишда фаолият кўрсатиб келган. 1982 йилда маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган. 1985 йил кучли ёнғинда буткул ёниб кетган ва ўша даврга хос маҳаллий турар жой меъморчилиги анъаналар асосида қайта тикланган. Масжид иккита катта намозхоналардан иборат бўлиб, шифти қўш наволи, осма лампа усулида қурилган.

Мустақиллик йилларида масжид биноси янги лойҳалар асосида қайта бунёд этилди. Масжиднинг бугунги кўриниши икки қисм – кириш ва номозгоҳ қисмларидан иборат. Кириш қисми 2005-2011 йиллар мобайнида “Андижонфуқаролойиҳа” корхона мутахассиси Муҳаммаджон Мирзаев лойихаси асосида бунёд этилган. Намозгоҳ қисми эса 2018-2021 йилларда Республика лойиҳалаш институти лойиҳаси асосида қад кўтарган.

Бош кириш қисмининг тарҳи тўғри тўртбурчак шаклга эга бўлиб, марказий дарвозахона икки томонида уч қаватлик бино, пештоғи билан жануб томонга юзланган ҳамда ўзига ҳос меъморий ечимга ва кўринишга эга. Девор сатхидан бир оз олдинга чиқиб турган мухташам пештоқ ва икки буржидаги саккиз қирралик асосдаги айланасимон шаклда, юқорига томон қисқариб борувчи нақшинкор миноралар ва дарвозаҳона тепасидаги бўйдор гардишли мовий гумбазлар қобирғали услубда ёпилган. Панжарали дераза атрофларига ботиқ меҳробсимон шаклда зеб берилган. Девор юзаси қадимий анъанага асосан изора(панел), марказий қисм ва ҳошиядан ташкил топган.Бинонинг юқори ҳошия ва марказий қисмлари, пештоқ, минора, дарвозахона ва гумбазнинг ташқи ва ички қисмларига гўзал хаттотлик санъати намунасидаги Аллохнинг исмлари, қуръон оятлари битилган. Шунингдек, бетакрор ва нақшинкор бадиий ғишткорлик, мовий ва сирсиз кошинкорлик санъатларининг гувоҳи бўламиз.

Масжид асосий биносининг тархи квадрат шаклида бўлиб, ташқи кўриниши ғарбий ва шарқий томонлардаги қўш  меҳробсимон маҳобатли пештоқ ҳамда текис девор сатҳидан иборат бўлиб, уларнинг  сирли кошинлари ва  кошинлар орасига геометрипк нақшлари-ю хаттотлик ёзувларида Самарқанддаги Регистон меъморий  мажмаси безакларидан андоза олинган ва ўша руҳиятида бажарилган.Ғарбий пештоқ ёпиқ кўринишга эга. Намозгоҳга асосий кириш пештоғи шарқий қанотдан макон топган.Биринчи қаватдаги барча ташқи айвонлари ҳамда ғарбий томон кириш залининг айвон шифтларига миллий,анъанавий, ҳовузакли, вассажуфт, босма ва осма лампа услубларида ишлов берилган бўлиб,  ёгоч ўймакорлик санъатида сайқал берилган. Ўртада мовий,қобирғали маҳобатли гумбаз қад ростлаган. Гумбазни  тўртта нақшинкор залворли устунлар кўтариб туради.

Намозгоҳнинг ички безакларида асосан  андижонлик усталар маҳорат даражаларини намоён этган. Марказдаги маҳобатли гумбаз ости сир наққошлиги ва ганчкорлик услубида сайқал берилган бўлиб,хаттотлик санъатидан ҳам ўринли фойдаланилган. Ғарбий томон-қиблагоҳ улуғвор ва муракаб сумалакли нақшинкор уч қисмли меҳроб ва унга туташ уч томонлари икки қаватли намозхоналар ва иккинчи кавати ички болахоналик(галареялик) заллардан иборат. Гумбаз ости намозгохига тўрт томондаги ўн битта кириш эшиклари орқали қадам босилса,барча ташқи эшикларга ўйма нақш битилган. Иккинчи қават ва тагхоналарга бинонинг тўрт бурчагидаги айвонли зиналар билан кирилади.

Обиданинг ташқи ва ички деворлари миллий анъанавий ҳамда замонавий бадиий дизайн услублари ва талаблари асосида ғишткорлик, кошинкорлик, ганчкорлик, сир наққошлиги, хаттотлик ва ёғоч ўймакорлиги санъатлари билан сайқалланган. Ёғоч ўймакорлик ишлари қисман қўлда, асосан замонавий дастгоҳда бажарилган. Ганчкорлик ишларида ҳам қолпоки усулидан кенг фойдаланилган.

Марказий меҳробга алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, айниқса, меъмор, наққош ва хаттот усталари юксак маҳорати кўзга ташланади. Меҳроб юқорисидаги шифтга ишланган осмон ва юлдузлар рамзи бўлган геометрик гирих усулидаги ҳамда меҳроб ичидаги ўзига ҳос бетакрор сумалак (сталактит) шакллар бағрига сингдирилган ва ён деворларига зеб берган нафис сир наққошлик санъати ва арабий гўзал ёзувлар ўз нафосати билан усталарнинг  Алоҳнинг каломи ва саждагоҳга бўлган олий даражадаги ҳурматини намоён этади.

Бунёдкорлик ва бадиий безак ишларида кошинкор усталардан: хоразмлик уста Турғун Бактурдиев, Самарқандлик уста Абдураҳмон, Андижонлик усталардан меъмор Фарход Усмонов, ганчкор Абдураҳим Султонов, ота-бола хаттотлар Ғанижон ва Минҳожиддин Қосимовлар, ёғоч ўймакори усталардан Ўзбекистон халқ устаси Йўлбарсали ҳамда унинг ўғли Умидулло Ўтагановлар, Тожидин Бекмирзаев, дизайнер ва наққош Расулжон Эсонов ва бошқалар иштирок этдилар. Умумий бунёдкорлик ишларида Девонабой имом ҳатиблари(2005-2011 й.й.), Мифтоҳиддин Рафиддинов (2018-2021 й.й.), қурилиш бўйича Тошпўлат ва Зокиржон Тиллаевлар раҳбарлик қилганлар.

Намозҳонларга қулайлик яратиш мақсадида масжид атрофи ободонлаштирилиб, замонавий икки қаватлик тахоратхона ва кенг автотураргоҳлар барпо этилган.

Масжид ўн мингдан зиёд номозхонларга мўлжалланган. Девонабой масжиди ҳозирда Андижон шаҳар “Бош масжиди” номи билан юритилади.

Анъанавий Фарғона водийси  меъморлигига ҳос руҳият ва замонавий услубда қад ростлаган жанубий ва шимолий томонлардаги айвон ва кириш эшиклари  обидага ўзига ҳос миллийлик бахш этган.

ҲАММОМ (меъморчилик ёдгорлиги)

Мазкур ҳаммом XX аср бошларида миллий услубда қурилган бўлиб, бугунги кунда яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Мазкур объект ҳусусий мулк сифатида фойдаланиб келинмоқда. Ҳозирда таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan