“АҲМАДБЕКХОЖИ МЕҲМОНХОНАСИ” МЕЪМОРИЙ ЁДГОРЛИГИ ва АРК ИЧИ МАДРАСАСИ (меъморчилик ёдгорлиги)
“АҲМАДБЕКХОЖИ МЕҲМОНХОНАСИ” МЕЪМОРИЙ ЁДГОРЛИГИ ва АРК ИЧИ МАДРАСАСИ (меъморчилик ёдгорлиги)

“АҲМАДБЕКХОЖИ МЕҲМОНХОНАСИ” МЕЪМОРИЙ ЁДГОРЛИГИ

Алишер Навоий номли Андижон шаҳар маданият ва истироҳат боғининг шарқий томонида жойлашган мазкур меъморий обида 1905-1907 йиллари андижонлик йирик бой, пахта заводининг эгаси Аҳмадбекхожи Темурбек ўғли буюртмаси билан меҳмонхона ва иш юритиш жойи сифатида бунёд этилган.

Қурилишда ўз даврининг таниқли меъморларидан Уста Юсуфали Мусаев (1869 – 1947, Ўзбекистон халқ меъмори, ЎзФА сининг фахрий аъзоси) ҳамда Уста Тошхон ва Уста Яҳё ва уларнинг шогирдлари иштирок этган. Меъморий ёдгорлик халқ амалий безак санъатининг сир наққошлик ва ганч ўймакорлиги турлари билан безатилган. Сир наққошлик санъати устаси Қўқонлик Саидмаҳмуд Норқўзиев (Ўзбекистон халқ рассоми).

Мехмонхонанинг вассажуфт, осма ва босма лампа  услубида ёпилган қўш наво ҳамда ароқи саррофли шифтлари Фарғона водийси наққошлик санъатига хос анъана билан сайқалланган. Уста С.Норқўзиев фаолиятида ўзининг тўлиқ аксини топган, бу анъана нақшлари гулининг хонавор жойлаштирилганлиги ҳамда умумий кўринишда  қизил туснинг тантанаворлиги билан ажралиб туради. Миллий сиркорликда қизил ранг олов, қуёш умуман иссиқлик рамзи ҳисобланган. Усталар  қизил  ранг билан меҳмонхонага иссиқлик олиб киришган.

Умумий қизил тусдаги шифтларга яшил, кўк, зархал, пушти, сариқ, оқ ранглар уйғунлигида, асосан ўсимликсимон ва геометрик бетакрор  нақшлар битилган.  Меъморий ёдгорликнинг  яна бир бадиий қиммати шундаки, болахона шифтидаги сир-нақшлар ўз аслича, жуда яхши сақланиб қолган. Биз хона  безакларидан  фақат  наққош  махоратинигина  эмас, шу билан бирга хона  ички  безакларининг  ўзбек халқ  меъморчилигига  хос  шарқона  намунасининг  ҳам гувоҳи  бўламиз. 

Ароқи сарроб  юзаларига  “сандуқа”, “патниси”, “қўшбанд” навога  “нақши гузаро”, “нақши мутассил”,  тўсинларга  “гулли битта”, “якрафтор  ислимий”, “ дурафтор ислимий”, вассаларга  “пошшойи”, “ғунча”, “мадоҳил” нақшлари  водий  мактабига  хос  руҳиятда  берилган.

Биринчи ва иккинчи  қават  айвони  деворларига  қолпоки ганч услубида  икки  қатор  безакли  ўйма  хошия нақши  ёпиштирилиб унинг  остидан  асоси  кўк  қирма  услубида  хошиясимон  “чоркалит” ва “шобарг” ислимий  нақшлари битилган.

Меҳмонхонанинг пишиқ ғиштдан ҳашамдор қилиб қурилган бир даҳлиз ва катта залдан иборат меҳроб ва токчали хоналари ўша даврга хос эклектика услубида ганчкорлик санъати билан безатилган.

Мехробсимон  дераза атрофидаги  безаклар  ва  хоналар  шифтидаги  қолпоки  медальонлар,  калвак  нақшлари ХIХ аср  охири  Европа  меъморчилиги  руҳиятида, ички  деворларидаги  намоён  бошқа  ўсимликсимон  ганч  ўймакорлиги  ва бошқа  ўсимликсимон  ганч  ўймакорлиги  безаклари  миллий  наққошлик  руҳиятида  бажарилган.  Нақшлар  устидан  яшил,  қизил, пушти, кўк ва зархал  ранглар  уйғунлигида  бўялган.  

Меъморий ёдгорлик “П” шаклида, очиқ томони ғарбга қаратиб қурилган. Шимолий томони икки қаватли бўлиб, биринчи қавати пишиқ ғиштдан, бинони қолган барча хона  деворлари хом ғиштдан синч асосида тикланган. Шимолий қанот чеккасида мўъжазгина хаммом бор. Жами ўн олтита хона бўлиб, уларнинг олди кайвонлик айвон ва болохона шифтлари вассажуфт услубида ёпилиб, сир наққошлиги билан безатилган.

Меъморий ёдгорлик шўролар даврида саводсизликни тугатиш мактаби, қишлоқ совети ҳамда колхоз раислари тайёрлаш курси, II жаҳон уруши йилларида болалар уйи,умумтаълим мактаби, 19-касб-ҳунар билим юртининг ётоқхонаси вазифасини ўтаган. 1960-70 йилларда механизаторлар ва шофёрлар тайёрлаш даргоҳи бўлиб хизмат қилди.

1970 – 74 йиллар таъмирланган. Шу йилларда обида ёнига Андижон эски шахар  худудидаги  масжидлардан  иккитасининг  сир наққошлиги билан  безатилган, айвон қисми  тўлалигича  кўчириб келтирилган. Мазкур нақшлар  ҳам  мехмонхона нақшларига  ҳамоханг  водий  наққошлиги  мактабининг  намунаси  хисобланади.

 1976-1989 йиллар  вилоят Ўлкашунослик музейининг тасвирий ва халқ амалий безак санъати бўлими, 1989 – 1992 йиллари вилоят Адабиёт ва санъат музейи маъмурияти ва Санъат бўлими,1996 – 2008 йилларда “Олтин мерос” жамғармаси, 2008 йиллар  “Хунарманд” уюшмаси маъмурияти фаолият юритган.

АРК ИЧИ МАДРАСАСИ (меъморчилик ёдгорлиги)

Ёдгорликни қурилган даври ҳақида аниқ тарихий маълумот сақланмаган. Шарқшунос олим М.Абдураҳмоновнинг XIV асрда яшаб ўтган олим Ҳамдаллох Казвинийнинг “Нусрат ул-қулуб” асарига асосланиб берган маълумотига кўра, мадраса XIV асрда Хожар Нойиб исмли шаҳар ҳукумдори томонидан қурдирилган. Мадраса Заҳириддин Бобурнинг отаси Умаршайх Мирзо арки ўрамида бўлиб, кейинги 7-8 аср давомида бир неча бор таъмирланган. Мадрасада ёш Заҳириддин Муҳаммад Бобур таҳсил олган ва ғазаллар битган, дейилади.