“ОҚ ЭЧКИ ТЕПА” ЗИЁРАТГОҲИ

“Оқ эчки тепа” ҳақидаги ривоятга кўра, ушбу қишлоқликлар оқ эчкиларни боқиб кўпайтиришган ва уларни сутларини тановул қилишган, ҳаттоки қўшни қишлоқликлар ҳам олиб кетишган. Оқ эчкини сутларини ичган хасталар касалликларидан фориғ бўлганлар. Ривоятларга қараганда, Бобур ҳам оқ эчкиларни сутларидан аскарларини боқишда ва яраланган аскарларини даволашда фойдаланган.
ДАЛВАРЗИН ТЕПА
Далварзинтепа. Дардоқ ва Ойим қишлоқлари оралиғида Далварзинтепа ва Ашқолтепа каби қадимий аҳоли манзилгоҳлари аждодларимиз ўз даврига нисбатан юксак маданий ҳаёт эгалари бўлганликларидан далолатдир. Қадимги Дардоқда бундан 4 минг йил аввал – бронза даврида яшаб ўтган аждодларимиз шаҳар барпо этганлар. Ҳатто шаҳар аҳлини ичимлик суви билан таъминлаш учун сопол қувурлардан фойдаланганлар. Далварзинтепа ёдгорлигида 1954, 1970-1972 йиллар археологик қазишма ишлари олиб борилган. Бу ердаги қазиш ишлари натижасида ер остида бутун бир қадимги бронза даврига оид, водий тарихида илк шаҳар борлиги аниқланди. Шаҳар ўша давр учун анъанавий бўлган уч қисмдан иборат бўлган. Ҳамон сирлари очилмай қолаётган Ашқолтепа, Дардоқтепа, Қўштепа, Улуғқозон каби тепаликлар қаърида не-не сир-синоатлар яшириниб ётибди.