ХОНТЕПА
Қўқон хонлиги даврида хон Булоқбоши қишлоғига келганида ўзига маъқул бўлган ушбу тепаликда қўним топар ва дам оларди. Шу сабаб ушбу тепалик “Хонтепа” деб юритилади.
РАИШ ҚИШЛОҒИ ТАРИХИДАН
Раиш қишлоғи Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги тупроғи олтинга тенг хушманзара, кўркам, соф ҳаволи қишлоқдир. Ушбу қишлоқ ХIХ асрнинг ўрталарида юзага келган бўлсада қишлоқ ҳудудининг жанубий томонида қадимда одамлар яшагани, карвон йўли ўтгани, кузатув жойлар бўлганлигини исботловчи далиллар бор.

РАИШ ҚИШЛОҒИДАГИ ЗИЁРАТГОҲ ЖОЙЛАР
Адирлик ичида иккита шифобахш булоқ қадимдан мавжуд бўлиб. Булоқлар бир-бирига яқин, ораси 250-300 метрни ташкил қилади. Ҳар иккаласи ҳам қишлоқнинг ўртасида жойлашган. Бири “Сувлиқ ота”, иккинчиси “Исмоил ота” деб номланади. Ривоятларга қараганда улар етти оға-инилар бўлган экан. Яъни Мирпўстин ота, Кўк тўнли ота, Бувасадин ота, Сувлуғ ота, Исмоил ота, Тутлиғ азиз ота, Ўш пирим ота.
Биринчи булоқ сувининг шифобахшлиги шундаки, қулоғи оққан, кўзи оғриган, ички касалликларга, яраларга шифо бўлган.

Қишлоқдаги иккинчи зиёрат жойи Исмоил ота булоғи бўлиб, бу булоқнинг суви ҳам шифобахш бўлган. Булоқ суви қўтир, қичишқоқ касалликларига даво бўлган. Булоқ “қўтир булоқ” ҳам деб аталади.
ҲАМЮРТЛАРГА ЭҲТИРОМ
Булоқбоши – жаннатмакон Андижоннинг табиати энг гўзал, одамлари тенгсиз, бебаҳо гўшалардан бири. Булоқбоши фарзанди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Қорақўзи ҳожи Холқулов томонидан нашр этилган "Мусаффо эътиқодли, нурли диёр" деб номланган китобчада Булоқбошининг ўтмиши, кечаги кунида ёрқин из қолдирган улуғ инсонлар хотираси муҳрланиб қолганига гувоҳ бўласиз. Китобда Булоқбошидан етишиб чиққан нуфузли инсонлар- Муҳаммад Юсуф қори, ул зотнинг фарзанди, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, физика, математика фанлари доктори, профессор Сирожиддин Зайнобиддинов, тиббиёт фанлари доктори Абдуваҳоб Аблазов, Ўзбекистон санъат арбоби Олимжон Холдор, Ўзбекистон халқ артистлари Ғуломжон Хожиқулов, Муножат Йўлчиева, ёзувчи Рустам Раҳмонов, шоир Абдухалил Қорабоев, ёзувчи Сотволди Ражапов, жаҳон чемпиони Ҳасанбой Дўстматовлар ҳақида маълумотлар ўрин олган.
УЧТЕПА
Қадимдан маълумки, Учтепа қишлоғи асосан Чарғалдоқ, Наввоқ, Бўстон каби аҳоли яшайдиган маҳаллалардан иборат бўлган. Қишлоқнинг номи ҳам шу учта тепаликлардан иборат бўлганлиги учун “Учтепа” деб юритилади. Бўстон маҳалласи қадимда ботқоқликдан иборат бўлиб, одамлар тепаликлар ташкил қилиб, аҳоли яшаши учун капалар қурганлар.
Тупроғи унумдор бўлган бу ҳудудда боғдорчилик яхши ривожланган ва шу сабаб "Бўстон" деб атай бошлаганлар.