ЗИЛОЛ СУВЛАР БОШИ – БУЛОҚБОШИ
Ривоятларга қараганда, Булоқбоши тарихи ҳақида турлича фикрлар мавжуд. Заҳириддин Муҳаммад Бобур замонасида ҳам қишлоқда ҳаёт гавжум бўлган.
Қадимда “бешкапаликлар” деб аталувчи ушбу ҳудудда деҳқончиликни йўлга солиш мақсадида майда булоқларнинг кўзи очилиб, ариқлар чиқарилган, ерлар аста-секин ўзлаштирилиб борилган. Ҳудуд кенгайиб, аҳолиси кўпайган. Шунинг учун, бу ерликларни булоқлар бошида, кўп булоқлар бўйида яшовчилар деб юритганлар. Шу асосида Булоқбоши атамаси келиб чиққан дейилади.
Қадимда қишлоқ ҳудудида юзлаб булоқлар бўлган ва ҳозир ҳам кўпдир. Унинг зилол сувлари жуда кўп маъданли (минерал) моддаларга бой, тиниқ, ҳарорати қишда илиқ, ёзда муздай совуқ бўлади. Ушбу қишлоқда Навахтепа, Хонтепа ва Узунчоқтепа, Софтепа-1 ва Софтепа-2, Жанубий ва Шимолий учтепалар, «Сассиқ булоқ» каби тарихий масканлар ҳам мавжуд.
КУЛЛАТЕПА ТЕПАЛИГИ
Куллатепа тепалиги Бозорбоши маҳалласида жойлашган бўлиб, эрамиздан олдинги III-I асрларга оид ёдгорлик ҳисобланади.