Кексаларимиз бу қишлоқнинг тарихи ва унда мавжуд бўлган қадимий жойлар, зиёратгоҳлар ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотларни айтиб беришди.
– Қишлоғимиз Қува-Марҳамат йўлида жойлашган бўлиб, қадимда бу ердан Буюк Ипак йўли ўтган. Бу йўл қадимий Мингтепа шаҳрига кириш йўли бўлиб, иккита жойда дарвозаси бўлган. Биринчиси пастки томонда бўлганлиги учун Ровот, иккинчиси юқорида жойлашганлиги учун Юқори Ровот деб аталган. Шунинг учун ҳам дарвозалар жойлашган маҳаллаларнинг ҳозирги кундаги номи ҳам Ровот ва Юқори Ровот деб аталади. Шу жойда қадимий Тўрткўл деган тепалик бор. Қадимда бу ерда, тахминан, 20-30 гектар майдонда қалъа бўлиб, ҳозирги кунда унинг айрим миноралари ўрнида тепаликлар сақланиб қолган.
ЙИҒЛОҚТЕПА
Марҳамат тумани Дукчи Эшон маҳалласи ҳудудида Йиғлоқтепа деб номланган тепалик мавжуд. Бу тепалик ҳам қадимдан маҳаллий аҳоли томонидан эъзозланиб келинмоқда. Шу ерлик Шоирахон Саиджалолова қуйидагиларни айтиб берди. “Онамнинг айтишича, бу тепалик олдин 3 та бўлиб, собиқ мустабид тузум даврида пахта экиш мақсадида бузиб ташланган экан. Тепаликларни бузган инсон, шол бўлиб қолиб, эртасига вафот этган дейишади. Шунда маҳалла нуронийлари тепалардан қолган тупроқларни йиғиб, шу ерга тўплаб қўйишган экан. Бу ерга кўп йиғлайдиган чақалоқларни олиб келишарди”.
Йиғлоқтепа тепалиги ҳам қадимий Мингтепа тепаликларидан биридир.