Шундан сўнг, экспедиция ўз сафарини тумандаги Мингтепа археология ёдгорлигидан бошлади.
Кишилик жамиятининг даҳоларидан бири Арнольд Тойнби водийга "Қадимги Фарғона – жаҳон цивилизация-сининг муҳим марказларидан биридир" деб таъриф бериши бежиз эмас. Қадимги Фарғона Бақтрия, Сўғд, Хоразм каби Турон заминнинг йирик тарихий-маданий ўчоқларидан бири ҳисобланиб, умумбашарият мада-ниятига қўшган муносиб ҳиссаси туфайли "Фарғона цивилизацияси" деган ном остида жаҳон тарихига кирган.
Водий ҳудудида, айниқса, унинг шарқий қисмида, яъни, Қорадарёнинг юқори ва ўрта оқимларида илк деҳқончилик ва дастлабки шаҳарсозлик маконлари кўплаб қайд этилган ва археологлар томонидан яхши ўрганилган.
Ёзма манбаларда, хусусан антик давр муаллифларида Фарғона водийси тўғрисида деярли маълумотлар учрамайди. Фақатгина баъзи маълумотлар Хитой йилномаларида қайд этилиб, уларда Фарғона водийсида 70 дан ортиқ катта-кичик шаҳарлар мавжудлиги айтилиб Эрши, Ючен, Гуйшуан (Гуйшан) шаҳри номлари келтирилади.
Хитой йилномаларида Эршига кўп тўхталадилар. Археологлар Андижон вилоятидаги Мингтепани тарихий Эрши билан қиёслайдилар. Бу ёдгорлик таркибий жиҳатдан ички (ўрта шаҳар) ва ташқи шаҳарлардан иборат бўлиб, арк қолдиқлари ички шаҳарда жойлашган ва унинг марказий қисми сақланган, холос. Хитой манбалари хабар берган Эрши – "ўрта шаҳри" қолдиқлари фақат Мингтепада сақланган (майдони 40 гектардан зиёд). "Ўрта шаҳар" икки қатор кучли мудофаа деворлари билан ўралган, улар археологик жиҳатдан қайд этилган. Ички шаҳарнинг мудофаа иншоотлари тўла сақланган: 1952 йилдаги маълумотга асосан ғарбий ва шарқий деворда 20 тадан, жанубда 6 та, шимолда 12 та кузатув миноралари (буржлари) сақланиб, бизгача етиб келган.
2011 йили самодан олинган суратлар таҳлил этилганда, Мингтепа ички шаҳрининг режаси тўғри тўртбурчакли эмас, балки параллеллограмм кўринишдаги эканлиги аён бўлди. Бу нарса нафақат Мингтепа режасига эмас, балки, уни ўрганиш билан боғлиқ муаммоларга ҳам ўзгартириш киритиши шубҳасиз. Чунки, у кўплаб белгиларига кўра илк темир даврининг энг йирик ёдгорлиги Эйлатон қадимги шаҳри режаси билан ўхшашлик томонлари кўзга ташланади. Бу нарса Мингтепани даврий жиҳатдан бир оз қадимги даврга қадимийлашиши мумкинлиги учун янги далил бўлади. Чунки, ҳар икки шаҳар бир даврда бунёд этилган бўлиши мумкин. 2015-2016 йиллари иккинчи ташқи девор ўрами тўрт томонида 500 гектар майдон Хитой махсус асбоби Тань чань (санчқич) ёрдамида ўрганиб чиқилди. Натижада Мингтепанинг ташқи мудофаа деворлари қолдиқлари қайд этилди. Кўҳна шаҳарнинг иккинчи ташқи мудофаа девори ҳимоялаган ҳудудни 300 гектардан зиёд эканлиги аниқланди.
Мингтепани биринчи мудофаа девори тизими бўйича ҳам янги маълумотлар қўлга киритилди. Юқорида таъкидлаганимиздек, ғарбий мудофаа деворининг ўрта қисмидаги (9 ва 10 миноралар оралиғи: қазишмада энг қа-димдаги (милоддан олдинги IV-III асрлар) мудофаа девори тўғрисида маълумотлар олинди. Деворнинг эни қуйида 5,45 м, юқорида 4 м., баландлиги 6 м. Шаҳар ҳимоясининг мудофаа тизимининг таянч бўғинларига катта эътибор қаратилган. Милоддан аввалги IV-III асрларда маданий қатлам устига қурилган энг қадимги мудофаа деворга тиркаб қўшимча девор ва кузатув миноралари тикланган. Миноралар жуда маҳобатли бўлган: қадимги девордаги 10 метр туртиб чиққан, минора узунлиги 18 метр. Икки марта қилинган қайта қурилишлар натижасида мудофаа деворининг умумий қалинлиги (қуйида) 7,3 метрга, юқоридагиси 4 метрга, баландлиги 6 метрга борган. Бундай маҳобатли ҳимоя девори ва тўғри тўрт-бурчакли миноралар водийни бошқа бирор ёдгорлигида ҳали аниқланган эмас. Тўғри тўртбурчакли миноралар водийда илк бор Эйлатон шаҳар харобасида пайдо бўлади ва вақт ўтиши билан мукаммалаша боради. Шаҳар дарвозаларига келсак, бизнингча, Мингтепани камида уч томонида дарвозалар бўлиб, улардан марказий дарвоза 9- ва 10-миноралар оралиғида жойлашган бўлиши керак.
Шундай қилиб ғарбий мудофаа тизимидаги қазишмада икки томондан узунчоқ хоналардан иборат буржлар (миноралар) билан кучайтирилган дарвозахона тизими очилди. Бу тизим Марказий Осиё ва Хитой антик ва ўрта асрлар шаҳарларида қайд қилинган (Лоян, Чанан ва бошқалар).
Ёдгорликни марказий қисмидаги қазишмада узунлиги 30 метрча, эни 140-170 см тошйўлак шимол жануб йўналишида тозалаб очилди. Мазкур кўчада 2-4 суворий отлиқлар ёки "Қўқон араваси" бемалол юрган. Майда тош тўшалган бундай кўча Мингтепа жанубидан ҳам аниқланди. Ушбу қазишмадан асосан йирик ҳажмдаги идишларни парчаларини ва хумларни топилиши мазкур қисм ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлиши мумкин ҳамда улар санаси эрамиз бошларига тўғри келади деган хулосани беради. Ишлаб чиқариш тери ишлаш (кўнчилик) ёки тўқимачилик соҳалари билан боғланган бўлиши мумкин. Чунки, хумлар остки қисми ер остига ковлаб бир тизимда ўрнатилган ва хумлар атрофи махсус лой-қир (турпоқ, қамиш кули ва охак аралашмаси) билан ўралган (гидроизоляция қилинган). Мутахассислар фикрича, мазкур ошхона идишлари эрамиз бошларига тўғри келади. 1946-1952 йиллари текширувлар пайтида Мингтепада баландлиги 2 метргача борган шундай идишлар топилган. Топилмаларга асосан қазишма ўрнида очиқ осмон остидаги ишлаб чиқариш пункти бўлган деган хулосани айтиш мумкин. Мазкур топилмалар Хитой манбалари тилга олган вино ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлиши керак. Яъни, улар хабарича, Фарғона водийсида узум етиштириш ривожланган ва бадавлат оилалар бир неча минг дань (100 литр) вино сақлаганлар. Ҳатто манбаларда тилга олинишича, Хитой императорининг "Путао-гун" (узум саройи) деган машҳур саройида юқори мартабали меҳмонлар қабул қилинган. Айнан мазкур саройда Фарғона водийсидан келтирилган узум кўчатлари парвариш этилгани ҳақида маълумот бор.
Қазишмаларда моддий маданият намуналари кўплаб топилди (кулолчилик, темирчилик, тоштарошлик, тўқимачилик намуналари). Мингтепадан топиб ўрганилган ашёвий топилмалар асосан зироатчилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланиб келган қабилаларига тегишли бўлган. Демак, Мингтепа шаҳар харобасида олиб борилган илмий тадқиқот ишлари қадимги Фарғонанинг Давань давлатидаги шаҳарсозлик маданиятини гуллаб-яшнаганидан дарак беради. Иккинчи қурилиш даврида (мил. авв. II-I асрлар) қадимги деворни янада мустаҳкамаш учун қўшимча девор ва тўғри тўртбурчакли кузатув миноралари бунёд этилади.
Кўчманчи чорвадорлар ҳақидаги археологик ва этнографик материалларни ҳисобга олган ҳолда айтиш мумкинки, атрофдаги кўчманчилар нотинчлик пайтида ташқи шаҳарда вақтинча тўхтаган бўлишлари мумкин. Демак, Мингтепани ички шаҳрида ўтроқ аҳоли уй-жойлари, ташқи шаҳарда кўчманчилар юрталари бўлган. Давань ҳукмдорларидан бири Мугуа сак зодагонларидан бири бўлгани ва давлат бошида кўчманчи аҳоли вакили тургани ҳам қўшимча далил бўлади. Таъкидлаш жоизки, худди Мингтепа шаҳар харобасидаги каби структуравий тузилишга эга ёдгорликлар водийнинг ўзида (Эйлатон ёдгорлиги) ва Қашқадарёда (Калаи Зохаки Марон ёдгорлиги) учрайди.
Мингтепа, бизнинг фикримизча, "катта шаҳар" (Хитойчада "дао чэн") типидаги шаҳарлар қаторига киради. Хитой манбалари хабарича, Довонда икки қатор ҳимояланган шаҳарлар бўлган. Ҳозирда олиб борилган археологик натижалар Мингтепани ана шундай шаҳарлар қаторига киритишга асос бўлади. Мингтепанинг Фарғона тарихидаги мақоми масаласи ҳали узил кесил ҳал бўлгани йўқ. Бу масаланинг манбаларда чигаллашадиган томони бор, сабаби, бирорта Хитой манбасида бошқа бирорта давлатнинг пойтахти деган термин учрамайди. Таъкидлаш жоизки, Хитойликлар Гинши термини билан ўз давлатлари пойтахтларинигина тушунадилар. Бошқа давлатлар пойтахтларини Ду яъни, резиденция дейдилар. Агар юқоридагиларни ҳисобга олсак, Мингтепа кўплаб белгиларига кўра пойтахт мақомига эга бўлган шаҳарлар типига киради. Қадимги шаҳар милоддан олдинги IV-III асрларда шаклланган, милоднинг V-VI асрларидан кейин Мингтепада ҳаёт тўхтаган.
Андижон вилояти, Марҳамат шаҳри яқинидаги Мингтепа ёдгорлигини Эрши шаҳри бўлиши мумкинлиги аксарият фарғонашунослар томонидан тан олинган. Бунга бир неча сабаблар бор:
- Мингтепа археологик комплекси (мудофаа деворлари, ички ва ташқи шаҳар арк сопол буюмлари) даврий жиҳатдан Хитой йилномаларида келтирилган вақт – милоддан авв. 136-115 йилларга тўғри келади ва улар салмоғи ҳам етарлича.
- Хитой манбалари хабар берган Эрши "ўрта шаҳри" қолдиқлари фақат Мингтепада, сақланган (майдони 40 гектар). Ўрта шаҳар икки қатор кучли мудофаа деворлари билан ўралган, улар археологик жиҳатдан қайд этилган.
- Эрши хитойликларнинг водийга кириб келишдаги Ю (Ючен)дан кейинги шаҳар эди. Манбаларни синчиклаб ўрганилса, мавжуд географик ҳолатига кўра, улар Шарқий Фарғонада жойлашган бўлишлари керак. Биз келтириб ўтган далил-асосларни Фарғона водийсида кейинги 70 йилда ўтказилган археологик қазув ишлари ҳам тасдиқлайди. Чунки, айнан водий шарқий томонлари илк деҳқончилик ва дастлабки шаҳарлар пайдо бўлган ҳудуд ҳисобланади. Асрий деҳқончилик билан боғлиқ ёдгорликлар 60-70 фоизи шу ҳудудда эканлиги аниқланган. Қолаверса, танилган фарғонашунос Н.Г. Горбунова ва бошқа олимларнинг Давань давлатини Шарқий Фарғонада жойлашган деган салоҳиятли хулосалари ҳам бор. Хуллас, Давань пойтахти Эрши ўрни ҳозирги археологик
маълумотларга кўра, Мингтепада жойлашган бўлиши керак. Буни кейинги маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Жумладан, узоқ вақтлардан бери ўз мақолаларида Эрши – бу Ахсикент деб ҳисобловчи А. Анарбоев ҳам "Водийнома" журналидаги (2016 йил 1-сон) мақоласида бу фикрнинг тўғрилигини тан олди.
Мингтепа трансконтинентал йўллар тизимида Бақтрия, Уструшона, Чоч каби ҳудудларини Хитой билан боғлаган шаҳар эди. Юз йиллар давомида Ипак йўли бўйидаги ҳунармандчилик савдо маркази сифатида геосиёсий рол ўйнаган. Буни Фарғона водийсидан топилган айрим Хитой танга пуллари, ипак матолари ва жез кўзгулари ҳам исботлайди.
Қадимий Мингтепа ички қалъа деворининг ўша даврдаги кўриниши шундай эътироф этилмоқда.
Мил.авв. IV милодий V асрлар.
Мингтепа топилмалари
(Б.Х.Матбобоев)