Жингиртепа тепалиги Буюк Ипак йўли тарихига гувоҳлик берувчи Мингтепа археология ёдгорлиги сирасига кирувчи тепаликлардан бири бўлиб, ушбу тепалик тўғрисида халқ орасида турли ривоятлар, афсоналар мавжуд. Жингиртепа тепалиги Марҳамат туманининг Чилон маҳалласи ҳудудида жойлашган. Ушбу тарихий маскан археологлар М.Э.Массон, А.Н.Бернштам, Ю.А.Заднепровский, Н.Г.Горбуновалар томонидан ҳам ўрганилган ва Мингтепа тарихи учун қимматли маълумотларга эга бўлганлар. Марҳаматлик ижодкор Абдусалом Исақов тепалик ҳақида қуйидагиларни таъкидлаб ўтади.
– Марҳамат марказидан беш-олти чақирим нарида адирликлар бошланган жойда бир тепалик бор. Ёшлигимизда бу тепанинг устига чиқиб тепганимизда жиринглаган овоз келиб, ҳаммамизни ҳайратга соларди. Бугунги кунда ҳам бу тепадаги мўъжизали овоз бор. Тепанинг устига чиқиб қаралса, Мингтепа харобалари ҳам, туман маркази ҳам кафтдек кўриниб туради. Ривоятларга қараганда Чин (Хитой)дан келган босқинчилар шу тепагача етиб келган эканлар. Бу ердан туриб «Эрши» қалъасини кузатишган экан.
Бир неча вақт бу тепа жунғорлар келган тепа номи билан ҳам юритилган экан. Бу тўғрисида Манноп Эгамбердиевнинг “Сариқ аждар хамласи» номли тарихий романида ҳам маълумотлар берилган.
Жингиртепа ҳақида Марҳаматлик Обиджон Маҳмудов ҳам ўз фикрларини баён этган.
“Жунғор” сўзи аслида туркий – мўғул тилида “сўл”, “чап” деган маънони англатади. Шу боис, “Жунғортепа” сўзининг маъноси Эрши (Мингтепа)га нисбатан жанубий – шарқда бўлганлиги боис, “Сўлтепа” ёки “Чап томондаги тепалик”дир. Сабаби туманимизнинг Қорабоғиш, Чилон махаллалари ҳудудида жойлашган ва маҳаллий аҳоли тилида Жингиртепа дея аталиб келинган ушбу табиий-археологик ёдгорлик Мингтепа ташқи шаҳристони (300 гектардан зиёд)нинг юқори жанубий қисмидан ўтган “Ипак йўлининг” шундоққина “елкаси”да турган бўлиб, у денгиз сатҳидан қарийб 500 метр баландликда, яъни Улуғтоғ ён бағридаги “Ёмонқия” адирлигининг этагида жойлашган. Қадим Эрши хабарчи тепаликларининг энг муҳим объекти бўлиб, у Қоровултепа, Бандитепа, Қўйчи Халфа, Чилон тепа, Тоштепа, Мунчоқтепа ва Дадабойтепа адирлик тизмасида жойлашгандир. Юқорида тилга олинган манбалар ва шунингдек, ҳамюртимиз, таниқли адиб, иқтисод фанлари доктори Манноп (Абдуманноб) Эгамбердиевнинг “Сариқ аждар ҳамласи” (“Москва”, 1984 й) тарихий романида ёзилганидек, ушбу тепалик қадимда Эрши қўмондонининг қароргоҳи (кузатиш минораси бўлиб, милоддан аввалги IV-III ва милодий IV асрлар) бўлган. Сабаби, Жунғортепада турган қоровулбоши Улуғтоғдан берилган огоҳлантирувчи қора тутундан Ўш-Селат йўли орқали келаётган карвон ёки душмандан шундоққина 500-600 метр масофада жойлашган Эрши ташқи мудофаа девори қўриқчиларини хабардор қилиб турган. Жунғортепадан туриб атрофни кузатган одамга шарқдан Чилустунтоғи, жанубдан Улуғ тоғ, шимолдан Кулла-Андижон ва ғарбдан Полвонтош-Қува адирликлари билан ўралган, “Водий ичидаги водийча” бўлмиш Мингтепа кенгликлари кафтдек кўзга ташланади. Яна бир муҳим томони шундаки, пастдан туриб кузатган одам Тоштепа ва Жунғортепани бамисоли икки ўркачли туя кўринишида эканига ишонч ҳосил қилади”.[1]
Жингиртепа тарихий археология маскани сифатида Мингтепанинг бир бўлаги бўлиб, унинг тарихини ёритишга хизмат қилувчи, олимларимиз томонидан ўрганилишини кутаётган қадимий ёдгорликлардан биридир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 2018 йил 29 декабр кунги "Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги “Мингтепа” археология мероси объектини муҳофаза қилиш, тадқиқ этиш ва ундан оқилона фойдаланиш тўғрисида"ги 1059-сонли қарорига Жингиртепа ва Тоштепа тепаликларини тадқиқ этиш ва ободонлаштириш ҳамда уларнинг базасида туризмни ривожлантириш масалалари киритилган. Келгусида бу тепаликлар ҳам муқаддас қадамжойлардан бўлиб, ўзининг тарихий аҳамияти билан махаллий ва хорижий сайёҳларнинг эътиборини торта оладиган масканга айланади.
[1] “Жунғортепа”, Обиджон Маҳмуд Довоний, “Оқ олтин” газетаси, 2016 йил 17 сентябр.