МУҚАДДИМА
МУҚАДДИМА

Андижон вилоятидан бир гуруҳ кўнгилли нуронийлардан иборат велосипедда ёшларга намуна сифатида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва тарихимиз, маданий меросларимизни ўрганишда амалий ёрдам бериш мақсадида “Юртимиздаги зиёратгоҳ ва қадамжоларни кўпроқ ўрганайлик” шиори остида илмий экспедиция ташкил қилинди. Экспедициянинг мақсади Фарғона водийсидаги ҳамда республикамизнинг бошқа вилоятларидаги моддий маданий мерос объектларини имконият даражасида босқичма-босқич ўрганишдан иборат. Шунингдек, улар ҳақида маълумотлар тўплаб, илмий таҳлил қилиб, қизиқувчиларга, изланувчиларга, халқимизга айниқса, келажак авлодга шунингдек, туристларга тарғиб қилиш мақсадида китоблар ёзиб қолдириш мақсад қилинган. Экспедиция аъзолари фаолиятини велосипедда юриш-саёҳат-сафар тарзида етти босқичда амалга оширишни режалаштирган: - биринчи босқичда Андижон вилояти; - иккинчи босқичда Фарғона вилояти; - учинчи босқичда Наманган вилояти; - тўртинчи босқичда Тошкент ва Сирдарё вилоятлари; - бешинчи босқичда Жиззах ва Самарқанд вилоятлари; - олтинчи босқичда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари; - еттинчи босқичда Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон автоном республикаси маданий мерос объектлари ўрганилади. Экспедиция ўз сафарини 2023 йил май ойидан Андижон вилояти Марҳамат туманидан бошлади. Ортиқали Ҳусанов раҳбарлигидаги экспедиция аъзолари Абдумалик Ўринбоев, Баҳодиржон Сиддиқов, Ҳусанбой Юнусов, Ҳамроали Собиров ҳамда кўнгилли нуронийлардан бир нечтаси велосипедда вилоятнинг барча туманларидаги тарихий жойларда, маданий мерос объектларида бўлиб, шу ерлик қариялар, зиёлилар ва фаоллар билан суҳбатлар олиб бордилар ва улар ҳақидаги қимматли маълумотларни тўпладилар. Ушбу китобда тўпланган маълумотлар асосида кенг китобхонларга вилоятдаги моддий маданий мерослар ҳақида имкон қадар батафсил маълумот беришга ҳаракат қилинди. Экспедиция аъзолари улар фаолиятини қўллаб-қувватлаган моддий ёрдам берган Халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши ҳузуридаги Жамоат фондига,шунингдек Андижон вилоят ва туманлар “Нуронийлар” жамоатчилик Кенгашига, Андижон вилоят туризм ва маданий мерос бошқармасига, “Мингтепа – маданий мерос” жамоат фондига ўз миннатдорчилигини билдиради.