ВАТАНПАРВАРЛИК ВА ЖАСОРАТНИНГ ЧИНАКАМ НАМУНАСИ
(Манноп Эгамбердиевнинг "Сариқ аждар ҳамласи
" асарини ўқиб)
Ҳасанбой Думаров,
Андижон вилояти, Олтинкўл тумани,
Сафаробод маҳалласи
Ҳар сафар ушбу
китобни қўлга олганимда ҳаёлимда у билан боғлиқ гоҳ ёрқин, гоҳ хавотирли
хотиралар жонлана бошлайди. Айни пайтда қалбимда ғурур ва ифтихор туйғусини
сезаман.
Гап шундаки, мен бу романнинг ёзилиш жараёнига, муаллифнинг ўнлаб
монографиялар ёзишдан кўра ортиқроқ меҳнат қилганига, уни чоп этилишида эса
чинакам матонат ва жасорат кўрсатганига озми кўпми даражада гувоҳ бўлганман.
Баъзан ўйлаб қоламан. Республика ва собиқ Иттифоқ миқёсида катта
обрў-эътиборга эга бўлган, бир қатор юқори раҳбарлик лавозимларида ишлаган,
таниқли олим ва профессорнинг ўз жонини хатарга қўйиб, шундай қалтис мавзуга қўл
уриши ҳар бир гапни эхтиёткорлик билан айтиш лозим бўлган замонда миллат
тарихининг ёрқин бир саҳифасини қайта жонлантиришга уриниши шартмиди?! Бунга
уни нима мажбур қилди экан?
Менимча, бунинг сабабини
муаллифнинг маънавий қиёфасидан: феъл-атвори, дунёқараши, иймон-эътиқодидан
излаш керак. Манноп Эгамбердиев маънавияти ғоят юксак, чуқур ва кенг қамровли
билимга эга, эътиқодида собит, чин маънодаги ватанпарвар, миллатпарвар зиёли
инсон эди. У ҳаётда ҳам, илм-фан ва ижодда ҳам тўғриликни, ҳалолликни, аниқлик
ва лўндаликни хуш кўрарди. Иқтисодиётдан ташқари сиёсатни, тарих ва фалсафани,
шарқ шеъриятини теран англарди. У кўхна мозий бағрида туркийзабон миллат ва
элатларнинг буюк тарихи яширинганини, унинг бир қисми ўзи туғилиб ўсган замин -
Андижонда эканини қалбан ҳис этар, уни юзага чиқаришга ҳисса кўшишга ўзини
бурчли деб биларди. Эҳтимол, шу туйғулар уни қулай фурсатдан фойдаланиб, қўлига
қалам олишга, қадимги Довон давлати тарихи, аждодларимизнинг босқинчиларга қарши
мардонавор кураши қиссасини рўёбга чиқаришга ундагандир?
Мана энди, собиқ Шўро тузуми даврида Республикамизнинг манаман деган раҳбарлари
ҳам журъат этолмаган бир шароитда кўрсатилган бу жасоратнинг аҳамияти ва қадри
яққол сезилиб турибди. Бу чинакам ватанпарварлик эмасми?!
Бугунги кунда мустақил диёримизда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида
инқилобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Туркий халқларнинг бир бўлаги бўлган
Ўзбекистонимиз миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил қадам ташламоқда.
Барча жабҳаларда бўлгани каби кўҳна тарихимизни ўрганиш, катта қимматга эга
маданий меросимиз, осори атиқаларимизни асраб-авайлаш, дунё халкларига андоза
бўлгулик урф-одат ва кадриятларимизни тиклаш, мустаҳкамлаш борасида ҳам жиддий ҳаракатлар
бошланди. Шу жиҳатдан қараганда "Сариқ аждар ҳамласи" романини бу
савобли ишга қўшилган муносиб ҳисса, тарихий ҳақикатни тиклашдаги бебахо манба
сифатида баҳолаш керак. У нафақат бугунги кунга, балки келажакка ҳам хизмат қиладиган
асардир.
Ушбу
роман шунчаки кўз югуртириб ўқишга ёзилмаган. Уни тушуниш учун киши маълум
даражада тарихдан, фалсафадан, диншунослиқдан, этнография ва бошқа соҳалардан
хабардор бўлиши керак. Бу кенг қамровли, эпик характерда тарихий-бадиий асарни
тадқиқ этиш, моҳиятини, муаллифнинг бадиий маҳоратини очиб бериш учун эса бутун
бошли китоб ёзиш ҳам камлик қилади...
Манноп Эгамбердиев серқирра,
туғма истеъдод соҳиби эди. Унинг отаси ҳам Навоий, Машраб ғазалларини ёд
биладиган, шоиртабиат киши бўлган. Шоирлик адибнинг қонида бор. Унинг шеърлари,
аруз вазндаги ғазаллари эса бир олам. Аруз вазнининг обрўини тиклаш, унинг
замон талабларига мослаштириш борасидаги ҳаракатлари ҳам таҳсинга лойиқ
жасорат, миллат равнақига қўшилган ҳисса бўлган.
Ҳа, биз чиндан ҳам буюк
ўтмишга эга миллатмиз. Бугун шунга лойиқ келажакни яратишга ҳаракат қиляпмиз.
Ана шундай ота-боболаримизнинг, шу йўлда курашган фидойи инсонларнинг руҳлари
шод бўлгай.
Шу ўринда қолган гапларни ушбу шеърим орқали ифодалаш нияти туғилди:
Алп Эр Тўнга авлодисан - Буюк Турон,
Тулпорлари майдонларда солган сурон,
Алпомишсан, наъра тортган мисли бўрон,
Белни махдам бойламоққа фурсат энди,
Ўзбек элим, ўзбеклигинг кўрсат энди.
Бешик бўлдинг не-не буюк даҳоларга,
Ал-Беруний, ал-Фарғоний;
-Синоларга,
-Соҳибқирон донғи кетди
дунёларга,
Дунёни лол айламоққа фурсат энди,
Ўзбек элим, ўзбеклигинг
кўрсат энди.
Бу ўлканинг шоҳлари ҳам шоир
бўлган,
Навоийнинг навосидан бағри
тўлган,
Улуғбексан, дастин чўзса -
юлдуз қўнган,
Фазоларга шайланмоққа фурсат
энди,
Ўзбек элим, ўзбеклигинг
кўрсат энди.
Ҳақ йўлида улуғ карвон бўлган
яна,
Сарбон эдинг, жасур сарбон
бўлгин яна,
Дунё шифо тилар, дармон
бўлган яна,
Эзгуликни чорламоққа фурсат
энди,
Ўзбек элим, ўзбеклигинг
кўрсат энди.
Дуога қўл очгай бугун аҳли жаҳон,
Нурли-нурли чўкқиларга кўйгин
нарвон,
Мангу обод бўлган озод
Ўзбекистон,
Машъал бўлиб порламоққа
фурсат энди,
Ўзбек элим, ўзбеклигинг
кўрсат энди.