ҚАДИМИЙ МИНГТЕПА
БИЗНИНГ ФАХРИМИЗ
Азизбек Абдурахмонов Қобилжон ўғли, Андижон вилояти Марҳамат тумани
4-сонли умумтаълим мактаби тарих фани ўқитувчиси.
Ўзбекистон Республикаси
давлат мустақиллигига эришгандан сўнг тарих фанининг энг муҳим вазифаларидан
бири сифатида ўзбек давлатчилиги тарихини холис, объектив ўрганиш масаласи кун
тартибига қўйилди[1].
Шу асосда юртимизнинг қадимги даври тарихи ва маданиятини ўрганишга кенг йўл
очилди. Ўрганилиши долзарб бўлган ватанимизнинг бундай қадимги йирик
этно-маданий ҳудудлардан бири эса Фарғона водийси бўлиб, унинг археологик
ёдгорликларини янги тадқиқотлар асосида тадқиқ этиш тарих ва археология фани
учун алоҳида аҳамият касб этади. Чунки манзилгоҳлар археология фанида асосий
манбалардан бири бўлиб, ундан жамият тараққиётининг даражаси, этник
хусусиятлари, этник ва маданий алоқалари тўғрисида қимматли ҳамда ишончли маълумотлар
олиш мумкин.
Қадимги Фарғона Туронизаминнинг йирик тарихий маданий
ўчоқларидан бири ҳисобланиб, дунё тамаддунига қўшган муносиб ҳиссаси туфайли,
“Фарғона цивилизацияси” деган ном олган. Антик даврга оид Фарғона водийси ҳақида
малумот берувчи ёзма манба – Хитой йилномаларидир.
Хусусан, Сима Сяннинг ,,Тарихий хотиралар,, асарида
афсонавий даврлардан то милоддан аввалги II аср охиригача бўлган воқеалар ҳақида
ҳикоя қилинади. Шунингдек, Бан Гуннинг милоддан аввалги I асрдан тортиб
тахминан эрамизнинг 25-йилларигача воқеалар қаламга олинган ,,Илк Ханнома,,
китоби ва Фан Енинг милодий 25-йилдан 220-йилгача тарихий жараёнлар тафсилотини
берувчи “Кейинги Ханнома” асарида ,,Ғарбий ўлкалар” яъни, ҳозирги Марказий Осиё
ҳудуди ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган. Булар ичида Сима Сяннинг “Тарихий
хотиралар” асарида Фарғона водийси ҳақида жуда қизиқарли маълумотлар баён қилинган[2].
Хитой тарихчиси Сима Сяннинг маълумотларида
келтирилишича, бир вақтлар Довон ёки Даюан музофотларида деҳқончилик ва ҳунармандчилик
юксак даражада ривожланган бўлиб, ҳозирги Фарғона водийси ҳудудида 70 дан ортиқ
катта-кичик шаҳарлар бўлганлиги ва улар орасида Эрши, Ючен, Гуйшуан (Гуйшан)
марказий шаҳарлар бўлганлиги таъкидланади. Шулар билан бир қаторда водийда
зотдор отлар етиштирилиши ва бу отлар учун Довон ва Хан империялари билан қаттиқ
жанглар бўлганлиги эътироф этилади[3].
Дован давлатининг пойтахти Эршини аниқлаш бўйича
археологик тадқиқотлар олиб бориш ўтган асрнинг 50-йилларида бошланган. Ҳозирги
Андижон вилоятининг Марҳамат шаҳри яқинида жойлашган Мингтепа шаҳар харобаси
ўша қадимги ёзма манбаларда келтирилган Эрши шаҳрининг қолдиғидир. Ушбу
маълумотни йирик археолог олимлар Ю.Заднепровский[4], А.Бернштам, Н.Горбунова[5], Б.Матбобоевлар томонидан олиб борилган тадқиқот
ишлари, қолаверса, бир қатор Хитой манбалари ҳам тасдиқлайди. Хитой ёзма
манбаларида келтирилишича, Эрши ўша даврларда жуда катта ҳудуд ва кучли мудофаа
тизимига эга бўлган. Афсуски, милоддан аввалги II асрда гуллаб-яшнаган Мингтепа
каби улуғвор ёдгорлик ҳозирча водийнинг бошқа бирон еридан топилганича йўқ.
Мингтепа ёдгорлиги антик давр ёдгорликлари орасида
энг йириги ҳисобланади. А.Бернштам томонидан олиб борилган тадқиқотлар
натижасига кўра, ёдгорликнинг умумий майдони 38 гектарни ташкил этади.
Ёдгорликни биринчи марта 1939-йили Катта Фарғона канали қурилиши пайитида
М.Массон раҳбарлик қилган археологик экспедиция қатнашчилари қайд қилишган.
1946-1947-йиллари А.Бернштам раҳбарлигидаги Помир-Олой экспедицияси Мингтепада
кузатув ишларини олиб борган ҳолда, 1950-йили дастлабки қазув ишларини амалга
оширишган. Бу ёдгорликда 1973-йили Ю.Заднепровиский, 1986-1987 ва 2001 йиллари
Б.Матбобоевлар археологик тадқиқотлар олиб боришган.
Ёдгорлик икки қатор маҳобатли мудофаа иншоотлари
билан ўралган. Ўтган асрнинг 50-йилларида А.Бернштам олган тариҳга
асосланадиган бўлсак шаҳар икки қисмдан иборат бўлганлигини такидлаш мумкин. Ҳозирги
ҳисоб-китобларга кўра эса унинг умумий майдони 300 гектардан ортиқ бўлганлиги
маълум бўлди.
1986-1987 йилларда Б.Матбобоев бошчилигидаги олимлар
гуруҳи Мингтепанинг икки жойида-арк ва мудофаа деворида археологик тадқиқотлар
олиб боришган. Бу тадқиқот натижасида аркда маҳобатли бинолар қолдиғи аниқланган.
Ёдгорликнинг бу қисми арк деб аталишига сабаб, аввало унинг тагкурси (баланд
тепалик ) устига қурилганлиги, унга ҳашамдор шакллар бергани ва шаҳарнинг ичида
қурилганлигидир.
Тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатадики, арк тўрт марта
бузилиб қайта қурилган. У хом ғишт, пахса ва лойдан фойдаланиб, жуда мустаҳкам
тагкурси устига бунёд этилган. Ғиштлар устида турли белгилар борлиги ҳам аниқланган.
2001 йили Мингтепада Б.Матбобоев раҳбарлигидаги экспедиция аъзолари томонидан қайтадан
қазишма ишлари олиб борилган ва 1с 0.8 метр қалинликдаги маданий қатламлар ҳамда
5 та босқичдаги қурилиш ишлари қолдиқлари аниқланган. Шунингдек, яқинда олиб
борилган тадқиқотлар Мингтепа ёдгорлиги милоддан аввалги III-II асрлар ёки
милодий IV-V асрларда бунёд этилган деган хулосага келишга асос бўлади.
Қадимги Эршини тадқиқ қилиш эндиликда халқаро миқиёсда
олиб борила бошлади. Буни 2011 йили “Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ
Республикаси ўртасида илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм ва бошқа
йўналишларни қамраб олган 2010-2013 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури”га
асосан Хитой Ижтимоий Фанлар академияси Археология институти билан Ўзбекистон
Республикаси ФА Археология институти ўртасида имзоланган шартномада ҳам кўриш
мумкин. Бу шартнома асосида Мингтепа ёдгорлигида ўзбек ва хитойлик археолог
олимлари томонидан 2012 йилдан бошлаб археологик тадқиқотлар олиб борилиши
йўлга қўйилди ва натижада ёдгорлик бўйича янги маълумотлар қўлга киритилмоқда
ва бундан ташкари халқаро алокалар ҳам янада ривожланмокда.
[1]Каримов И.А. Тарихий хотирасиз
келажак йўқ. – Т.: Шарқ, 1998; Каримов И.А. Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз.
VII том. – Т.: Ўзбекистон, 1999.
[2]N.G. Gorbunova. The culture of ancient Ferghana,BAR International series
281, 1986, p. 365.
[3] N.Qambarov Vodiyning antik yodgorligi, Voris (yoshlar jurnali),
2014-yil 2-son (77). 24 bet.
[4]Заднепровский Ю.А. Древнеземледельческая культура
Ферганы // МИА, №118. – М., Л.: 1962.
[5]Горбунова Н.Г. Итоги исследования археологических
памятников Ферганской области (к истории культуры Ферганы) // СА, №3. – Москва.
Наука, 1979.