Мингтепа
шаҳар харобасида 2020 йилда ЎТКАЗИЛГАН археологик тадқиқотлар
Ҳ.Б. Ҳошимов ,
Миллий археология маркази
катта илмий ходими
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018
йил 29 декабрь №1059 қароридаги Андижон вилояти Марҳамат туманидаги “Мингтепа”
археология объектини муҳофаза қилиш, тадқиқ этиш ва ундан оқилона фойдаланиш
чора-тадбирларини бажариш мақсадида Андижон вилояти Марҳамат туманидаги
Мингтепа археологик ёдгорлигида ЎзР ФА Миллий археология маркази Самарқанд
археология институти ходимлари томонидан археологик тадқиқот ишлари олиб
борилди.
Қазишма ишлари 2020 йилнинг август ва сентябрь
ойларида амалга оширилди. Археологик тадқиқотлар ёдгорлик марказидаги
Зиндонтепа яъни аркнинг жануби-ғарбий (Минг-2020, Р1 [10x5 м ўлчамда])
Матбобоев Б., Хошимов Х., Рахмонов З.) ва жануби-шарқий (Минг-2020, Р2 [12х4
м ўлчамда]) (Хошимов Х.Б., Алохунов А.) қисмларида олиб борилди (1-расм).
Қазишмалардан асосий мақсад кўҳна шаҳарнинг маданий қатламлар
стратиграфияси, мудофаа тизими, ҳунармандчилиги, санъати тўғрисида
маълумотларни қўлга киритишдан иборат. Шунингдек, водий аҳолисининг антик
даврга оид хўжалик фаолиятини тиклаш учун янги маълумотларни олиш асосий вазифа
қилиб белгиланган. Тадқиқотлар мамлакатимиздаги пандемия муносабати билан
санитар-гигиеник қоидаларга риоя қилган ҳолда олиб борилди.
Минг-2020, Р1 қазишмада олиб борилган ишлар.
Кўҳна Мингтепа харобалари ҳозирги Марҳамат шаҳрининг
шарқий теграсида ўрнашган (Заднепровский, Матбабаев, 1991). Арк ёдгорликнинг
шимолий ғарбий қисмида жойлашган. Қазишмалар беда ва маккажўхори экилган жойдан
олиб борилди.
Қазишма жойининг устки қатламидан (L-1, 50 см) маҳаллий
аҳолининг экин майдони сифатида ўзлаштирилиши натижасида энг юқори маданий қатламидан
дарахт, беда ва дуккакли ўсимликлар (маккажўхори) томирлари учрайди. Қатлам
топилмаларга бой бўлиб, сопол парчалари, суяк ва тош наъмуналари учрайди.
Топилмалар аралаш характерга эгалиги сабабли уни даврини аниқлаш мушкул,
меъморий қолдиқлари бўлак ҳолида учрайди.
Қазишманинг планиграфик жиҳатидан шимоли-шарқий қисмида
супа кўринишда (240х270 см) оқ тусдаги қурилма кузатилди. Супа лойдан ясалган
бўлиб, пахсадан фойдаланилиб тикланган, жуда қаттиқ оқ тусда, (2-расм) қалинлиги
(L-2, 50-100 cм) 40 см, унинг шимолий қисмида тухумсимон шаклдаги қизғиш
пиширилган 5 та қурилма систематик равишда бир қатламда яъни пол устида
кузатилди. Булар ўчоқлар бўлиши мумкин, лекин қурилмаларнинг ичида кул қолдиқлари
кузатилмади.
Биринчи ўчоқ 30х25 см ўлчамдаги чўзинчоқ шаклда, пиширилган
лой ёрдамида тикланган, қизғиш тусда. Сақланиши ёмон, устки қисмида сопол
парчалари учради.
Иккинчи ўчоқ 70х45 см ўлчамдаги овал шаклда, қизғиш-пиширилган
лой ўртаси юмалоқ қурилма, устки қисмида 2 та ёрғучоқ устма-уст қўйилган
(27х22х10 см), ярми синиқ ва ишлов берилган, ярим думалоқ (25х14х13 см) тош
намуналари қайд этилди (3-расм).
Кейинги ўчоқ 80х5х10 см ярим овал шаклда, пишган
лойдан ясалган. Оғиз қисмда ёрғучоқлар учради 30х20х10 см ва 20х7х5 см
ўлчамларда ва унинг пастки қисмида 45х25х10 см, 25х10х7 см, 30х22х5 см
ўлчамларда ёрғучоқлар топилди (4-расм).
Айлана тусдаги сақланиши
жуда ёмон 40 см диаметрдаги қурилма устида сопол парчасининг таг қисми топилди.
Ўчоқ қолдиқлари ёмон сақланган.
Юқорида келтирилган 5 та қурилманинг жанубий қисмида 4
та топилма (3 та тош ва 1 та йирик сопол парчаси) тартибли равишда бир чизиқда
пол устида жойлашган. Унинг жанубий қисмида ярим ой шаклда терилган тош (ёрғучоқлар)
ва сопол парчалари учради. Қурилманинг ички ва ташқи қисмида 15-20 см қалинликдаги
кул ранг қатлам қоришма кузатилади. Ҳовли фаолиятининг энг сўнгги даврида ёнғин
содир бўлган. Бундан бутун идишларнинг кўплиги ва ташлаб кетилганлигидан
далолат беради.
Қазишманинг жанубий қисмида яна (олов натижасида) 2
метр радиусда қизғиш полда сақланиши жиҳатидан жуда ёмон ўчоқ (50-60 см
диаметрдаги) қайд этилди. Қазишманинг жанубий чегара қисмида тартибсиз лой
(пахса) бўлаклари учраб, девор деб тахмин қилинди ва унинг шарқий қисмида
траншея солинди. Траншеянинг жануби-шарқий кесмасида ўчоқ кузатилди (4-расм).
Қазишма сопол идишлар комплексига бой бўлиб, у асосан
ошхона идишлари - қозон, коса, пиёла ва кўзалардан иборат.
Қазишманинг жанубий қисмида деярли бутун ҳолатда
сувдон (фляга, ўрта асрларда михтар ҳам
дейилган) топилди (5-расм). Ўчоқларнинг ва қозон парчаларининг кўплигига қараганда,
ошхона жойлашганлигини айтиш мумкин.
Mинг-2020, Р2 қазишмада олиб борилган ишлар.
Қазишма арк тепалигининг жануби-ғарбий қисмида
жойлашган. Қазишма жойининг устки қатламида (L-1, 50 см) аҳоли томонидан экин
майдони сифатида ўзлаштирилиши натижасида дарахт ва дуккакли ўсимликлар
(маккажўхори) томирлари учрайди. Қатлам топилмаларга бой бўлиб, сопол
парчалари, суяк ва тош намуналари учрайди. Топилмалар асосан, хумлар, кўзалар
парчаларидан ташкил топган бўлиб, даврий жиҳатдан Ю. А. Заднепровский
хронологик шкаласининг Марҳамат даврига (I-IV асрлар) тўғри келади ва бу ҳолат
Мингтепа ёдгорлиги учун хосдир. Топилмалар сони кўп бўлишига қарамай
архитектура белгилари деярли сақланмаган. Ер сатҳидан 30-40 см чуқурликда қазишманинг
жануби-шарқий томонида куйган қатлам аниқланди. Куйган қатлам қазишма ғарбида
аниқланган хумнинг юқори қисмида, яъни оғиз баландлигида қайд этилган.
Аниқланган хумнинг жануб томонидан тўғри тўртбурчак
шаклдаги тош уюми бир чизиқда терилган бўлиб, у хум қўйилгандан кейинги даврга
тааллуқли кўринади. Хумнинг гардиш диаметри 70 см ни ташкил этади. Хумнинг
шимол томонидаги худди шу қатламдан яна шу ўлчамдаги 2 та хум топилди. Иккаласи
ҳам ўлчамлари (диаметри 70 см бўйи 140 см) ва шакли жиҳатдан бир-бирига ўхшаш
ва кўп миқдорда дон маҳсулотларини сақлаш учун мўлжалланган. Хум атрофи “қир”
(кул ранг лой қоришма, таркиби тупроқ, қамиш кули ва оҳакдан иборат) билан
махсус сувалганлиги буни исботлайди. Бу ҳолат Р-20 қазишмада ҳам қайд этилган.
Иккала хумнинг ҳам сақланиши яхши бўлмасада, барча қисмлари мавжудлиги (оғиз қисми,
деворлари, таг қисми) уларни археологик жиҳатдан бутунлигини ифодалайди.
Хумларни бузилиб кетишининг олдини олиш мақсадида уларни жойидан қўзғатмай
ўлчамлари олинди ва яна қайта консервация қилинди. 1-хумнинг жануб ва шарқ
томонида қандайдир хонанинг девор қолдиқлари кузатилди (6-расм). Лекин
деворнинг шарқий қисмида 2 м дан сўнг узилиш ҳосил бўлиб, унинг давоми аниқ
эмас.
Хумларнинг шимолий қисмида доира кўринишдаги навбатдаги
ўра (чуқурлиги 60 см) қайд этилди, унинг ичида девор парчалари учрайди. Кўза ва
доираларга параллел равишда йўлакчага (коридор) ўхшаш, атрофи қаттиқ девор
билан ўралган, ўлчамлари 250х100 см архитектура қолдиғи кузатилди, лекин унинг қалинлиги
баъзи жойда 40, баъзи жойда 60 см ни ташкил қилади.
Бундан ташқари қазишманинг шимолий ва жанубий
бурчакларида ўчоқ қолдиқлари (7-расм), уларга яқин бўлган жойдан яна 2 та ўра
очилди. Ўралар ўлчамлари жиҳатидан бир-бирига яқин, яъни чуқурлиги 1 м ва
диаметри 2 м ни ташкил қилади. Мазкур ўралар топилмаларга бой бўлиб, унда
сопол, тош ва суяк буюмлари намуналарга жуда кўп учрайди (8-расм). Шимолий қисмдаги
ўра ёнидан қозон таглиги учун мўлжалланган сополдан ясалган қозон тиркагичлар
топилди. Ю.А. Заднепровский ва Б.Х. Матбобоевлар уларни “очажные подставки” деб талқин қилишган (9-расм).
Статистик маълумотларга кўра, 2020 йилда олиб
борилган тадқиқотлар давомида Мингтепа ёдгорлигидан 20 та стратиграфик қатламдан
2010 та сопол идиш парчалари аниқланди. Қазишмалар кесимида ҳисоблайдиган
бўлсак, 1 қазишмадан 1497 та, 2 қазишмадан 513 та сопол парчаси топилди. Улар
ясалиш жиҳатдан уч хил технологик услубда: кулол чархида, қўлда, (лепной) ҳамда
мато шаблон (худди Чуст комплексида каби) усулида ясалган.
Идишлар сиртига ангобда ёки тирнаб чизиш услубида гул
солинган. Кулоллик идишлари ичида қизил ва қора ангобли сопол буюмларга тўхтаб
ўтиш керак. Қизил ангобли идишларларнинг Чуст маданияти кулоллари маҳсулотлари
ичида салмоғи етарли. Қизил (Заднепровскийда “красной облицовкой”), қора (черной облицовкой) ва оқ (белой облицовкой)
ангобли сополлар кулоллик маҳсулотлари ичида ажралиб туради. Ҳар учала гуруҳ сополлари Чуст
маданияти таркибида пайдо бўлади ва бу анъана илк ўрта асрларгача давом этади.
Мингтепада ана шу гуруҳ сопол идишлари ичида қора ангобли намуналар милоднинг
III-IV асрларидан сўнг қайд этилмайди.
2020 йили Мингтепа шаҳар харобасида олиб борилган
археологик қазишмалар натижалари ёдгорликнинг Фарғона водийси қадим тарихидаги
аҳамиятини кўрсатади. Яъни, ушбу объект водийнинг антик давр шаҳарсозлик
маданиятининг гуллаб яшнаган давридаги тарихий жараёнларни янги моддий маданият
намуналари орқали яна бир бор тасдиқлайди, баъзи фикр ва хулосаларга аниқлик ва
тузатишлар киритади. Хусусан, 1946, 1947, 1950 йилларда археологик қазишмалар
ўтказган А.Н. Бернштам Мингтепани ички шаҳрида маданий қатламлар кўлами кам,
ташқи (?) ва ички шаҳарда одамлар яшаши билан бирга ҳарбий хавф туғилганда
мазкур қисмда чорва моллари ҳам сақланган, деган хулосага келган (Бернштам,
1952. С. 228-230). Бироқ, бизнинг археологик кузатувларимизга кўра, бу хулоса
тасдиқланмаяпти: ички шаҳарнинг кейинги 50-60 йил давомидаги қишлоқ хўжалик
ишлари натижасида бир метрга яқин юқори қатламлари бузилган ва 1 м. гача қуйи қатламлар
сақланган, бироқ кейинги қатламлар сақланиши ҳам яхши эмас. Бундай қатламлар
ички шаҳарнинг бошқа қисмларида, унинг жанубий-шарқий бурчагидаги 16-қазишмада ҳам
очилган. Ҳар икки қазишма учун ҳам йирик ҳажмли идишлар (хум, катта хурма в.б.)
ва унча катта бўлмаган ўчоқлар хусусиятлидир. Мазкур қатламлар ишлаб чиқариш
билан боғланган бўлиши мумкин. Бизнингча аҳоли тери ишлаш (кўнчилик), матоларни
ранглаш, мусаллас ишлаб чиқариш билан шуғулланган бўлишлари мумкин (Матбобоев,
2002).
Демак, Мингтепа Довон подшолиги даврида ҳунармандчилик
соҳалари гуллаб-яшнаган, савдо-сотиқ ривожланган, карвонлар тўхтайдиган йирик пойтахт шаҳар сифатида фаолият
кўрсатган.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:
1.
Бернштам А.Н.
Историко-археологические очерки Центрального Тянь-Шаня и Памиро-Алая. М.-Л., 1952.
2.
Заднепровский
Ю.А., Матбабаев Б.Х. Городище Марҳамат (некоторые итоги изучения) // ИМКУ. Вып.
25. Ташкент, 1991.
3.
Матбобоев Б.Х.
Отчет об археологических работах на памятнике Мингтепа (2001). Рукопись. 2002.
4. Матбобоев Б. ва бошқалар. 2018 йил Андижон вилояти Марҳамат тумани Мингтепа ёдгорлигида ўтказилган археологик тадқиқотлар юзасидан ҳисобот. Ўзбекистон Республикаси ФА Миллий археология маркази Самарқанд филиали архиви. Ф.8, О.1, Д. 215.
5. Матбобоев Б. Мингтепа: археологик қазишмалар ва уларнинг таҳлили // Водийнома. №3. Андижон, 2019.