ИСТИҚЛОЛ ШОИРИ
(Эссе)
Оллоёр Бегалиев,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
Эй яхшилар, дунёда ортда қолган из яхши...
Муҳаммад Юсуф
...1982 йил. Ғафур Ғулом
номидаги адабиёт ва санъат нашриётининг шеърият бўлими. Каминалари ҳарбий
хизматдан қайтган йигирма ёшли йигит бирор ойлар бурун ташлаб кетган қирқтача
шеърдан иборат жилднинг тақдирини кутиб, бўлим муҳаррири, адабиётшунос ва
фантаст ёзувчи Маҳкам Маҳмудов (у пайтларда ҳали “Андижоний” тахаллусисиз)нинг
оғзига термулиб ўтирибман.
“Ука, сиз қаердансиз?!”- Маҳкам аканинг
саволини шеърларимга қанчалар алоқадорлигига ҳайронлигимни аранг босганча,
жавоб қайтаракан, охирини саволга улаб юбордим: “Нимайди?”
“Йўқ, ўзим шунчаки... - Маҳкам
ака дераза оша олисларга тикилди.-Андижон тарафлардан кейинги пайтларда яхши
шоир чиқмаётганига хавотирдаман. Ё яхши шоир йўқ, ё тирикчиликка берилиб
кетишган. Шеър оғир юмуш-да, ука...”
Мана шу суҳбатдан бор йўғи
бир йилча ўтиб-ўтмай... 1984 йилнинг феврали. Дўрмондаги Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмасининг Ҳамид Олимжон номидаги ижод уйида Ёш ижодкорларнинг Тўртинчи
Республика семинар-кенгаши бошланган кунлар. Республиканинг турли чеккалари ва
Тошкент шаҳридан иштирок этаётган юз элликдан ошиқ ёш ижодкорларнинг юзтаси
шоирликка, йигирматачаси ёзувчиликка, яна шунчаси болалар адабиётига,
бешта-бештадани адабий-танқидий, бадиий таржимага қизиқади. Навоийю Биноийнинг
аскияси сингари, оёғингни узатсангам, йиғиб ўтирсангам шоирнинг кетига
тегадиган кунлар. Ижод уйининг энг катта йиғинлар зали шунинг учун ҳам ёш
шоирларнинг муҳокамаси учун ажратилган. Залдаги мавжуд ўриндиқлар етмаслиги
туфайли бошқа хоналардаги бўш курсиларниям ташиб келишган. Ўтиришга жой
ололмаганлар залнинг охридаги бўш жойда, коридордаги эшикдан тик турганча
мўралаб семинар-кенгашнинг очилишига муштоқ туришибди.
Ҳайъатдан адабиётимизнинг ўша
пайтдаги ўндан ошиқ казо-казо намоёндалари устоз шоир Эркин Воҳидов бошчилигида
жой олишгач, қисқача қутловлардан сўнг, залда фақат шеърият аҳли қолиб, қолганлар
ўз секцияларида машғулоту муҳокамаларни давом эттиргани тарқалиб кетганларидан
сўнггина катта зал анчагина бўшаган бўлса-да, юздан ошиқ одам бор эди. Машварат
котиби – шоир Мирпўлат Мирзо Эркин Воҳидов бошчилигида бугунги кунда ҳакамлик қиладиган
Усмон Азим, Хуршид Даврон, Қутлибека Раҳимбоева, Азим Суюн, Мирзо Кенжабек, Маҳкам
Маҳмудовдан иборат шеърият экспертлари эътиборига бугунги кун муҳокамаси учун
ажратилган ўн нафар ёш шоирни навбати билан тақдим қила бошлади. Бу имтиҳонга
биринчи бўлиб Муҳаммад Юсуфни ташлашди. У бошида беш-олтитача шеърларидан ўқиб
берди. Қарсаклар янгради. Ҳайъат аъзоларининг мақтовлари янгради. Айниқса,
бундан икки йилча муқаддам Андижондан арзирли шоир чиқмаётганидан хавотирланган
Маҳкам Махмудов тўлиб-тошиб сўзларкан, ҳамюрт шоир укасининг ютуқларидан
терисига сиғмай қувонаётгани шундоққина кўриниб турарди...
...Ўша йили ўзбек шеъриятида
нашрдан чиққан ўнлаб шеърий тўпламлар орасидан иккитасини ҳамиша айрича меҳр-муҳаббат
билан қўлга оламан. Бири, Абдулла Ориповнинг “Йиллар армони” деб аталган,
йигирма йиллик ижод ҳисоботи бўлмиш, қалингина ва Муҳаммад Юсуфнинг илк “Таниш
тераклар”деб аталган, “булбулнинг патидек” деб таърифланадиган юпқагина китоб.
“таниш тераклар” ундан йигирма йил муқаддам , йигирма уч ёшли Абдулла Ориповнинг
1964 йилда нашр қилинган “Митти юлдуз”тўпламига тақдирдошдек эди.
Муҳаммад Юсуф ўша пайтларда
ўттиз ёшда эди. У на саксонинчи йиллар бошида мустаҳкам оёққа туриб олган
шоирлар – Усмон Азим, Азим Суюн, Муҳаммад Раҳмон, Шавкат Раҳмон каби эллигинчи
йиллар бошида туғилганлар, на биз – Эшқобил, Абдували, Равшандек шеъриятда
атак-чечак қилаётган олтмишинчи йилларда туғилганларга мансуб эди. У ва
Сирожиддин Саййид “ёлғиз юрадиган бўри”ларга ўхшардилар. Доимо икковлон бирга
юришар, бир жойда (“Тошкент оқшоми” газетаси тахририяти) ишлашар, бирини
эсласак, иккинчиси ёдга тушар, турли йиғинларга ҳам бирга келиб, ёнма-ён
ўтиришарди...
Муҳаммад Юсуфнинг
биографиясида ажойиб бир нуқталардан бири унинг олий таҳсилни пойтаҳтимиздаги
Пушкин номидаги рус тили ва адабиёти институтида олганлигидир. Шу сабабли бўлса
керак, Муҳаммад ака рус шеъриятидан яхши хабардор, айниқса , Есенин шеъриятига
ихлоси баланд эди.
Ўттиз ёшида илк тўпламини
нашр этган шоирмиз ижодини рус халкининг миллий шоири Сергей Есенин билан қиёслаш,
иккисининг тақдиридаги ўхшаш ва фарқли томонларини санаб ўтиш жуда мароқли.
Биринчидан, иккиси ҳам даврлар, тузумлар алмашган
пайтда яшаб, ижод қилиб ўтишди.
Есенин чор Россиясининг
сўнгги йилларида шеъриятга кириб келди ва тезда машҳурликка эришиб, Санкт-Петербургда,
Рязандан чиққан ўн саккиз ёшли тилла сочли қишлоқи йигитча ҳарбий хизматни
Царское село(Хончарбоғ)да ўтаётган пайти шахсан император Николай 11 оиласи
даврасида шеър ўқиш шарафига эришди. Орадан уч йил ўтмай, император тахтдан воз
кечиб, ҳокимият Ленин бошчилигидаги большевиклар қўлига ўтган пайти Есенин
мамлакат миқёсида номдор шоирга айланиб улгурганди. Олдинда уни ё “қизил
террор” тарафдорлари бўлган коммунистлар билан ҳамкорлик қилиш, ёки муҳолифатда
бўлмаса-да, уларга йўлдош (“попутчик”) ҳолда ўз ижодини ўз билганича, ўз
ихтиёрича давом эттириш ёҳуд умуман мамлакатдан бош олиб, эмиграцияга кетиш
йўли қолган эди. Есенин “олтин оралиқ”ни танлаб, ижодий рақобатчиси
Маяковскийдан фарқли ўлароқ, шўролар билан ҳамкорлик қилишни эмас, ўз эркида
юриш, кўнглига келганини ёзишни танлади:
Мен шоирман, тўтиқуш
эмас,
Демъянларнинг
тенги эмасман!
Мен
юртимга ошиқман, ундан
Ўзга ишқни
севги демасман!
Муҳаммад Юсуф шоир сифатида
кечроқ, ўттизга яқинлашган бўлса-да, пойтахтдаги талабалик йилларида рус тилини
яхши билган таржимон сифатида республикани узоқ йиллардан бери бошқариб
келаётган Шароф Рашидовнинг болаликдан дўсти ва маслакдоши, ўзбек
журналистикасининг патриархи, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Назир Сафаров
хонадонидан қўним топади. Ўша йилларнинг одатига кўра, “дўстлик ўз йўлига,
хизмат ўз йўлига” деганларидек, (бу давр атмосферасини янада яхшироқ ва теранроқ
англаш учун ёш китобхонларга ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўстнинг “Лолазор” романини
ўқиб чиқишларини тавсия қилган бўлардим.) бундай таниқли ва “айтганини қилдира
оладиган” зотнинг пушти-паноҳлигидан фойдаланиб, ўттиз-қирқта хом-хатала
шеърлардан иборат “шеърий тўпламча”ларни кетма-кет чиқариб, шоирлик унвонини
олиб қолишдан осони йўқ эди. Аммо, бунга Муҳаммад Юсуфнинг виждони йўл
бермасди.Ҳам бунинг устига, у ҳали шоирлик маҳоратини топиш йўлида изланишда
эди. Унинг илк тўплами “Таниш тераклар”даги шеърлар ўз давридаги бошқа шеърий
китоблар орасида ярқиллаб кўзга ташланса-да, бу нарса пойтаҳт адабий муҳити
учунгина аҳамиятли, бутун республика, замонавий ўзбек шеъриятида юз берган воқеага
айланмай қолганди, маҳорат етишмас эди.
Орадан тўрт-беш йил ўтиб ҳам
кетди. Саксонинчи йилларнинг охири. шўролар салтанати ички низолардан, иқтисодий
бухронлардан ларзага кела бошлади. “Йиғлаб борсам, ҳўнграб чиқди”деганларидек,одамлар
дардини кимга айтишни билмай турган пайти Муҳаммад Юсуфнинг “Улуғбек” шеъри
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида босилиб чиқди:
Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўриб қайтаман.
У зор йиғлаб турар ҳар сафар:
“Мен дардимни
кимга айтаман...”
Бир кекса шоир: “Бунчалар кеч
келдинг маҳорат?!” дея афсус билан ёзган экан. Бошқа бир машҳур санъаткор: “Мен
истеъдоднинг эмас, касб маҳоратининг олдида таъзим қиламан”, деб эътироф қилади.
Истеъдод кўпчиликда бор, аммо уни такомилга етказиш ҳаммага ҳам насиб
этавермайди. Бунинг учун бутун бир умр камлик қилиши ҳам мумкин. Муҳаммад
Юсуфга ҳам шоирлик маҳорати деб аталган асов отни жиловлаб олиш ниҳоят насиб
этди. Бирин-кетин “Кўнглимда бир ёр”, “Бевафо кўп экан дунёда”, “Бободеҳқоним”
каби шеърлари эълон қилинди. Бу шеърлар Охунжон Мадалиев, Муҳриддин Ҳолиқов,
Нуриддин Ҳайдаров, Ғиёс Бойтоев , Юлдуз Усмонова, Юлдуз Абдуллаева, Озода
Нурсаидова , Тошпўлат Маткаримов каби ёш хонандалар томонидан ижро этилиб,
шоирга ва ёш хонандаларга республика миқёсида обрў-эътибор келтирди. Унинг
шеърларига басталанган қўшиқларни Фаҳриддин Умаров, Ўринбой Нуралиев каби устоз
хофизлар томонидан ҳам севиб ижро этилиши умумхалқ эътирофининг исботи бўлди.
Республика радиоси ва телекўрсатувларида шоир шеъри билан айтиладиган қўшиқлар
берилмаган куннинг ўзи бўлмай қолди. Шоир дўстим Равшан Файз ўша кунларда:
”Эртаклардагийиғласа- дур, кулса – гул сочиладиган паридек, Муҳаммад аканинг оғзидан
чиққан гапни бари ашула бўлиб кетаяпти!” – дея лутф қилганди.
Ўтган асрнинг тўқсонинчи
йиллари бошидаёқ Муҳаммад Юсуфнинг шеърларидаги айрим қуйма сатрлар ўз-ўзларича
алоҳида яшаб, оғиздан-оғизга ўтиб, “қанотли иборалар”га айланиб ҳам
кетганди.Ўша пайтларда бир-биримизга мурожаат қилаётганда беихтиёр Муҳаммад
аканинг сатрларидан фойдаланиб қолардик. Қишлоғига анчадан бери бора
олмаётганлар : “Марҳаматга қачон бораман?!” деб, дўстидан қарз олмоқчилар:
“Кўк”ингдан бер бир чимдим” деб ҳазил-чин аралаш бундай “қанотли сўзлар”ни
ишлатиб юрардик. Буюк шоирларни кўпинча машҳур мисралари, байтлари билан
эслашади. Ҳайёмни: “Май ичсанг, оқилу
доно билан ич!”, Навоийни: “Меҳр кўп
кўргиздим, аммо...”си билан, Ғафур Ғуломни: “Сен етим эмассан, тинчлан жигарим!”сатри билан... Шеъриятимизда
бундай мисоллар жуда кўп. Бу улкан хирмондан Муҳаммад Юсуфнинг ҳам анча-мунча
мисралари ўрин олганлиги шубҳасиз. Мана улардан бир қанчаси:
...Мен дардимни кимга айтаман?!
...Математикани ёмон кўраман!
...Дўстим мени алдади.
...Далаларда танклар пахта теради!
...Туркман қизга уйланаман!
...Юр муҳаббат, кетдик бу ердан!
...”Кет!” деб айтолмасам нетаман?!
...Биз бахтли бўламиз, худо хоҳласа ва ҳокозолар...
Мана шу ерда Есенин ва Муҳаммад
Юсуф ижодининг ўхшаш қирраларидан бири – шеърларининг халқ қўшиқларига айланиб
кетишидаги ўхшашликни кўрамиз. Иккиси ҳам ўз даври ва давраларининг эркатойига
айланиб қолишди. Машҳурлик яхши нарса, аммо унинг ўзига яраша юки бўлади. Бу
машҳурлик кимларгадир ёқмаслиги, кимларнингдир ғашини келтира бошлаши ҳам
мумкин. Унинг ижоди боши берк кўчага кириб қолганлиги, бундан буёғига
хонандаларга шеър ёзиб беришдан бошқасига ярамаслигини башорат қиладиганлар чиқди.
Есенин: “Авваллари юзимга тош отишса, энди юрагимни нишонга олишмоқда”, деб
ёзганидек, Муҳаммад Юсуф ўзи ва ижодига доир бундай “башорат”ларни сезиб,
уларнинг адашаётганлигини кўрсатиб қўйиш учун тинмай ижод қиларди: “Биз ҳали ҳаммадан ўтамиз, қизим!”
Шоирнинг “Қора қуёш” достони,
Усмон Носир, Абдулла Қодирий, Чўлпон каби миллий қадриятларимиз тимсолларига бағишланган
шеърлари шоирнинг ижод уфқлари кенглигини намоён қилиб берди. Унинг, айниқса, “Қодирий
музейида” шеъри ҳамма замонлар учун долзарблигича қолади. Музейдаги экспонат –
дўлона дастали қамчи шоирнинг диққатини тортади. Қани энди, мана шу қамчини қўлимга
олиб, димоғини қурт босган, кибрга берилган “сўз савдогарлари”ни савалаб, оёқлари
остидаги ерни кўрсатиб қўйсам, дейди шоир. Устоз Абдулла Қаҳҳор тириклик
пайтлари кўплаб ёш ёзувчилар матбуотда эълон қилдириб қўйган хом-хатала асарини
ишқилиб, оқсосол ўқимаган бўлсин-да, деб ҳадиксираб юришаркан.Муҳаммад Юсуфнинг
ҳам тириклик пайтлари бошқаларни билмадиму, ўзимнинг шеърларим эълон қилинса у
кишидан ҳайиқиб турардим. Тўқсонинчи йилларнинг охирроғи, Муҳаммад аканинг
Дўрмондаги дала ҳовлисида яшаб юрганимда: “Ҳовлини ўт босиб кетибди-ю, ҳадеб
шеър ёзовурмай кетмонни олиб, тарашлаб чиққин!” дедилару, кетмонни қўлга
олганимни кўриб: ”Тўхта, кетганимдан кейин қиларсан, аввал менга ижодий ҳисобот
бер, шу кунларда ёзганларингдан ўқи!” дея амр қилди. Мен ўша пайтлари арузда ғазаллар
ёзиб юрганим учун, улардан ўқишни бошлаганимда, охиригача эшитмай: ”Соддароқ
ёзсанг бўлмайдими! Халқона ёз!” Ҳаммага тушунарли бўлсин!” дея танбеҳ берди.
“Арузда ҳаммаям ёзавермайди!” – дея ўзимни оқладим. “Шунақами?!” деди Муҳаммад
ака ва кейиги дам олиш куни Назира опаю, қизлари билан далаҳовлига келганида,
янги ёзган ғазалини ўқиб берди:
Боғда бир гулзодага кўнгилни бердим, дўстларим.
Мен ғариб хонзодага кўнгилни бердим, дўстларим...
Муҳаммад ака интизому
тартибга, ички маданиятга ҳамма тарафлама амал қиларди. Шеъларида ташқигина
эмас, ички қофиялар кетма-кет келаверарди. Сўзлар ҳам, худди ривоятларда ибн
Синога гулу-гиёҳларнинг ўзи: “Мен фалон дардга давоман!” дея пешвоз чиққанидек,
ўз шоирига пешвоз чиқишарди. Русларнинг “Всякий зверь бежит на своего ловца” (“Ҳар
ўлжа ўз овчисининг олдидан чиқади”) деганларидек, шоирлик маҳоратини
эгаллаганга шеър ёзиш “устасига қийинмас” бўлиб қолади. Унинг “Апрел,
айланайин ялпизларингдан” сатридаги“ап”,
“ел”, “айл”ва “ялп”
товушларинингуйғунлигидан мусиқийлик пайдо бўлади. Буни шоир атайлаб қилганми?!
Йўқ, бу унинг табиатидан, маҳоратининг табиатидан келиб чиққан.
Йўқ, шоир деб қарама атай,
Ҳукм этмакка шошилма бир оз.
Мен куйиниб севаман, нетай?
Мен куйиниб сўзлайман, холос.
(Рауф Парфи)
Муҳаммад Юсуфнинг
шеърларидаги ана шу маҳоратни – сўзларни танлаш, сўзни ўйнатиш маҳоратини
ўрганишни ёш шоирларга маслаҳат берган бўлардим. Устоз шоир Асқад Мухтор
айтганидек:
Сўзни қайлиқ сайлагандек севиб сайла,
То қўл урса, муҳаррирга рашк айла!
Бошқа бир сўз фидоси Шавкат
Раҳмоннинг: “Сўзларни қайрайлик, обдон қайрайлик!” дея қилган хитобини ёш
шоирларимиз дастуриламал қилиб олишлари керак.
Муҳаммад Юсуф эса Эркин ака
бошлаб берган ишни бошқачароқ, яъни ўзбек Есенини бўлиб давом эттирди. Унинг
“Онамга хат”, “Қишлоқдан хат”, “Синглимга мактуб” ва шу каби шеърлари замонавий
шеъриятимизда унут бўлиб бораётган “мактубот” жанрини жонлантириб, унга янги руҳ
бағишлади. Устоз Абдулла Орипов онасига бағишланган бир шеърида: “ Мен бечора бўлиб оввора, авлодларга
ёзаман мактуб” дея ўкинган жойи бор. Муҳаммад Юсуф ана шу ўкинчдан тегишли
хулоса чиқариб, мактуб ёзишни ўз яқинларидан бошлади. Ахир, садақанинг ҳам энг
яхшиси энг аввало ўз яқинларингизга қилинган садақадир, дейилади ҳадиси-саҳиҳларимизда.
Муҳаммад Юсуф Президент академиясини
битирганидан сўнг Ёзувчилар Уюшмаси Раиси муовини этиб тайинланган кунлари(1997
йил, сентябрь) Дўрмонда Абдулла ака билан айланиб юрганимизда ўз-ўзларидан
айтиб қолдилар: “Оллоёр, нимага айнан Муҳаммаджонни ўринбосарликка сайладим,
биласанми?! Ўн беш йиллар бурун:“Укажон,
навбатинг етди чамаси, мен энди сафларга қандай ярайман” деб ёзгандим. Шу
йиллар мобайнида кўп ёшларнинг ижодини, иш юритишини кузатиб келдим, бугунга
келиб, Муҳаммаджонни ижодиям, иш тутишлариям менга ёшлик йилларимни эслатди.
Худо хоҳласа, ундан зўр шоиру, уюшманинг яхши раҳбари чиқади...”
Устознинг башоратлари ҳақ
бўлиб чиқди. Муҳаммад Юсуфнинг ватанимиз ва заҳматкаш халқимизга аталган
шеърлари мустақиллик байрамларида мадҳиядек янгради:
...Фидойинг бўлгаймиз сенинг, Ўзбекистон!
...Ўзингдан қўймасин, халқим, ўзингдан-а!
Муҳаммад Юсуфнинг номи
тириклигидаёқ афсонага айланиб улгурганди. Бир пайтлар, Абдулла аканинг номи
шеъриятнинг синонимига айланган етмишинчи-саксонинчи йилларда шоирликка қизиқадиганларни
“У Абдулла бўлмоқчи!” тарзида гапиришарди. Ҳозир эса боласини шоирликка қизиқишидан
хабар топган ота-оналар унга Муҳаммад Юсуфнинг китобини топиб беришга ҳаракат қилишади.
Бунинг яхши томони бор, аммо шеърият фақат Муҳаммад Юсуфнинг шеърларидангина
иборат эмас. Муҳаммад аканинг қўшиқлари урфга кирган йиллари кўпчилик
хонандалар бўшгина шеърдан юмолоқ-ёстиқ қилиб яратган хонишларини тегишли
бадиий кенгашлардан ўтказиб олиш учун уларни “Муҳаммад Юсуфнинг шеъри”дея тақдим
этишлари учраб турарди. Шоирнинг ўзи бундан бехабар қолса, эфирга чиқиб кетган қўшиқни
бекор қилдиришга ҳамма вақт ҳам эриша олмасди. Ўзига тиркалган “қўшиқчи-шоир”
тамғасидан нафратланиб юрарди. Бир куни телевидениеда “Назм ва наво”
кўрсатувида чиқаётганлигим ва унинг қўшиқ бўлган шеърлари ҳақида ҳам гапирмоқчи
эканлигимни айтдиму, Муҳаммад акадан яхшилаб гап эшитиб олдим: ”Илтимос, мен ҳақимда,
ўша қўшиқ бўлган шеърларим ҳақида иложи борича гапирма. Бошқаларни гапир. Иқболни
гапир. Мендан кам шоирмас у. Мени тинч қўйинглар. Ёмон чарчадим...” Ҳа, шуҳрат
юки, шоирлик номи оғир бўлади. Ахир Абдулла ака ҳам бежиз ёзмаган:
Бир зум ўз ҳолимга қўй, сен ҳам болам,
Менга ҳам аён-ку инсон матлаби.
Бир зум бошқалардек яшайин мен ҳам,
Мен ҳам яшай бир зум бир одам каби...
Муҳаммад Юсуф ўзи куйлаган
“Эрка кийик”нинг аҳволига тушиб қолганди. Эрка кийикка сайёдлардан, унинг ўзига
эса ўз шуҳратидан тинч кун йўқдай эди. “Барча
ташвишлардан қутилиб шодон” (А. Орипов) онасининг ҳузурига боргиси,
тиззасига ёш боладек бош қўйиб ором олгиси келарди (Мен машҳур шоирмас, машҳур бешавқат...):
Ўзи ёмон, юзи қораман,
Марҳаматга қачон бораман?!
Муҳаммад Юсуфни яхши
кўрадиган, у каби шоир бўлишга ҳавас қиладиган укаларимга насиҳатим, шоирни
севсангиз ҳам унга тақлид қилманг. Унинг йўлида шеър ёзишни ўрганиш асосий ижод
йўлингизни белгилаб бермасин. Есенинда шундай мисра бор: “Куйла фақат ўз созинг билан, қурбақадек бўлса ҳам ҳатто!” Мен
матбуотда эълон қилинган айрим ёш шоирларнинг шеърлари орасида Муҳаммад
Юсуфнинг шеърларидан олинган бутун-бутун тўртликларни учратиб қолганимда ҳайратдан
ўзимни йўқотиб қўяман. Тақлид қилганингиз майли, бировнинг шеърини ўзингизники
сифатида эълон қилдиришга қандай виждонингиз чидайди?! Бу нарсани мен ўша ёш
ижодкорнинг айбигина деб билмайман.Адабий-танқидчилигимиз ўз-ўзи билан овора
бўлиб қолганлигида деб ўйлайман. Қандай шеър ёзишни ўргатишдан кўра, шеърни қандай
ёзмасликни ўргатиш яхшироқ. Дардни даволашдан кўра олдини олиш осонроқ-да.
Шеърият, адабиёт тарғиботи учун ҳозир жуда яхши шароитлар яратилган. Адабий
журналларимиз нашр этилиб турибди. Бутун бошли “Маданият ва маърифат” телеканали
ва бошқа оммавий ахборот воситалари ижодкорлар ихтиёрида. Ҳар йили ёш
ижодкорларнинг семинар-кенгашлари Дўрмон Ижод уйи ёки Зоминда мунтазам ўтказиб
келинмоқда. Ёшлардан эса мумтоз ва замонавий адабиётимиз, жаҳон адабиёти ва халқ
оғзаки адабиётини чуқур ўрганиб, ундан ўз ижод булоқлари учун тоза сув топа
олишлари учун тинмай изланиш талаб қилинади. Нафақат ёш ижодкорларга, шу билан
бирга бадиий ижодни иш фаолиятнинг асосий қисмига, қисматига айлантирган ижод аҳлига
ҳам давлатимиз, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг эътибори аввалгилардан кўра
анча юқори.
Муҳаммад ака ўзининг шоирлик
шуҳратига кўника олмай, унга унчалик ишонқирамай юрарди. Ҳайёмларнинг, Навоий
боболаримизнинг олдида мени ижодим ҳеч нарсамас дерди. Бир куни, тўқсон еттинчи
йили эди, Пушкин-Салордаги Ёзувчиларга берилган тўққиз қаватли уйдаги
квартирасини таъмирлаган икки уста йигитларга қўл ҳақидан ташқари, кастим-шим ҳам
совға қилай дея уларни Олой бозорига олиб тушган экан. Дўкондор киши иккисига
мос кастим-шимларни кийдириб, маъқуллатиб олгач, Муҳаммад ака чўнтак
ковлаётганларини кўриб-да, қўлини кўксига қўйганча: ”Номингизни эшитганман,
ижодингизни ҳурмат қиламан, ўзингиз билан биринчи маротаба юзма-юз бўлишим!
Дўконимга қадам босиб, кирганинингизни ўзи катта давлат мен учун, шунинг учун
бу сарполарни бу йигитларга мендан совға ўрнида кўрасиз!” деган экан. Муҳаммад
ака бу гапларни ҳикоя қиларкан, ўзининг обрўсига эмас, ўша дўкондор йигитнинг ҳимматига,
шеъриятга бўлган ихлосига қойил қоларди. Ахир, яхшилик қилиш ҳам, унинг қадрига
етиш ҳам бирдек савоблидир, дейишади-ку!
Муҳаммад Юсуфнинг юбилейига
бўлган ҳурматимиз ҳукуматимиз ва шахсан Президентимизнинг адабиётга, маданиятга
бўлган олий эътиборига ҳам ҳурматимиз, таъзимимиздир.
Юлдуз сўнса нури қолар
самода,
Гулнинг атри қолар
боди сабода.
Кўзда – меҳр,
сўзда –сеҳр бўларми
Ишқ бўлмаса юрак
–оханрабода.
Ижодингиз,
сўзингизга эхтиром,
Бу аввало
ўзингизга эхтиром!
Чақмоқпеша бўлгай
баланд қоялар,
Оромгўша чинор
солган соялар.
Халқ меҳрига тўғон
ташлаб бўлмагай,
Ҳақ севгиси
билмагай ниҳоялар.
Ижодингиз
йиллардадир имтиҳон,
Ёдингизга
диллардадир эҳтиром!..
Муҳаммад Юсуфни том маънода
истиқлол шоири дея оламиз. Унга қаратилган эътиборни адабиётимизга бўлган диққат-марҳамат
ўрнида қабул қиламиз. Шеъриятимиз карвонбошиси Абдулла аканинг сўзидан ортириб
бир гап айтишдан истиҳола қиламиз:
Бизни писанд қилганларга минг бора қуллуқ !