ТИЛСИМЛИ МИНГТЕПА
ТИЛСИМЛИ МИНГТЕПА

ТИЛСИМЛИ МИНГТЕПА

Мовлудабону Имомназарова,

Тошкент шаҳар, "Олмазор" тумани

"Янги Себзор" маҳалласи 1-уй,

51-хонадон.

 

Андижоннинг Мингтепаси улкан мерос,

Илдизлари тақалгайдир асрларга.

Марҳаматга туташган бу кўҳна минор,

Шоҳид бўлган не-не воқеа, кўп сирларга.

Ички ҳамда ташқи шаҳар тузилмаси,

Мудофаа деворлари чиндан мустаҳкам.

Эллик икки минорани қамраб олиб,

Кўп сирларни юрагида сақлар маҳкам.

Тепаликда тагкурсили иншоот бор,

Тахминларча бу шаҳарнинг арки бўлган.

Кўп кузатув миноралар ундадир жам,

Ўртасига кўп шинакли уйлар қурган.

ШИНАК-асли соқчиларнинг туйнугидур,

У орқали кузатилган бутун атроф.

Шинакли уй соқчиларга ётоқ бўлиб,

Эътиборда турган ҳатто нури офтоб.

Буржларни зич туташтирган қалин девор,

Пахса ҳамда хом ғиштлардан тиклангандир.

Деворларнинг остига ҳам хавфсизлик-чун,

Қатор-қатор хандақлар ҳам кавлангандир.

ЭРШИ- ДОВОН давлатига пойтахт бўлиб,

"Буюк ипак йўли"да у жойлашганди.

Бу шаҳарда қўним топган ЭРШИ халқи,

Ҳунармандлик, деҳқончилик қилишганди.

"Самовий тулпорлар" ҳам таратганди донг,

Чопқирликда шамолни ҳам қувиб ўтган.

Суворийлар минган бундай зотдор отлар,

Довруғи кўп давлатларга бориб етган.

Бу отлар кўп жангларга ҳам сабаб бўлиб,

Хатто Хитой Довонга ҳам юриш қилган.

Эршида ҳам мавжуд бу от тасвирлари,

Охра ила деворларга маҳкам ботган.

Бу тулпорлар таом учун сўйилмасди,

Пойгаларда ундан термас оқганмуш қон.

Гар чавандоз жангда ногоҳ нобуд бўлса,

От ҳам бирга парвоз қилган кўкка шу он.

"Самовий от" деган ном ҳам шундан дарак,

Бу афсона ёки чинми билгувчи Ҳақ.

Олтмиш мингта қўшин бўлган лашкар билан

Хитойликлар тузмоқ бўлди янги давлат.

Турклар келгач Эрши номи унут бўлди,

Мингтепа деб ном қозонди эски шаҳар.

Кўп урушлар сабаб учраб таназзулга,

Вақтлар ўтиб янгиланиб, қучди зафар.

Эршидан сўнг Мингтепа ҳам йўқолиб,

Андижон деб номланди бу гўзал замин.

Етмишдан ҳам ортиқ қадим қадамжолар,

Ўз бағрида сақлаб яшар мозий сирин.

Андижоннинг шарқий қисми Марҳаматда,

Ҳамон савлат тўкиб турар, ушбу маскан.

Маҳобат-ла осмон билан сирлашади,

Довруғи кўп юртларгача бориб етган.

Тоштарошлар, ҳунарманд-у, кулоллар ҳам,

Тўқувчи-ю, тикувчилар яшаб ўтган.

Сополлар ва юксак дидли топилмалар,

То бизгача ким-кимларнинг қўлин тутган.

Ташқи ҳамда ички шаҳар, қалъаси бор,

Монолитли девор билан ўралгандур.

Тўртбурчакли миноралар пахса, ғиштдан,

Сал кейинроқ турар-жойлар қурилгандир.

Деворлари анчагина энли бўлиб,

Уч тўрт отлиқ суворийлар юра олган.

Сиғиб кетган улкан Қўқон арава ҳам,

Бу ҳам кўплаб битиклардан ўрин олган.

Ҳали кўпдир Мингтепанинг жумбоқлари,

Айтаверсам сўзим етмас таърифига

Не бўлса ҳам, у миллатим бойлигидир,

Илдизлари туташ юртим тарихига.

Мингтепада очилмаган сирлар кўпдир,

Ким-кимларнинг хоки ётар тупроғида.

Андижон-у, Фарғонани боғлаб турар,

Мустақил ва озод элнинг қучоғида.

 

ПАРКАНА-ШАРҚ ЖАВОҲИРИ

 

Гўзал ҳамда навқирон, дилбар элдир у,

О, мадҳига ким-кимлар айтмади достон.

Соҳиби ҳидоятдир, дилтортар ўлка,

Шоирлар қалами-ла унга гулистон.

Фарғонадир "МАРКАЗИЙ ОСИЁ ГАВҲАРИ",

Она "ШАРҚ ЖАВОҲИРИ", муқаддас замин.

Ҳувайдо-ю, Увайсий, Биби Увайда,

Не Буюклар яратмиш гўзал тасвирин.

Қадимий Довон ёки Дай-Юан, Довон,

Паркана сирлари ҳам эмиш бир тилсим.

Қадимий Фарғонанинг турфа номлари,

Бу элнинг тарихини қилади тақсим.

Ҳатто, Хитой манбасига мансуб ёзувлар,

Довоннинг тарихини этармиш баён.

Юз минг йиллик мозийни ортида қолган,

Кунларни ҳам қаршингда этар намоён.

Ўрта Осиё давлатчилик тарихи ҳам,

Довон давлат тарихи-ла боғлангандир.

Паркана ҳам асли шунга кўп дахлдор,

Бу ҳам талай битикларда сақлангандир.

Эрамиздан аввалларга бориб етар,

Довон ёки Паркананинг гуллаш даври.

У учинчи асрларда кўзин очмуш,

Милодийнинг иккисимуш қулаш вақти.

ПАРКАНАнинг маъноси ҳам хўп ажойиб,

 

Геродот ҳам бу хусусда ёзиб кетган.

"ПАРИКАН" деб номланган бир қабилани,

Паркананинг асоси деб айтиб ўтган.

"Кичкина бир вилоят"муш бир маъноси,

Бу сўз Санскрит тилига ҳам даҳлдормуш.

"Гўзалларнинг юрти" дея таржимасин,

Бутун дунё юрагига ҳайрат солмуш.

Форслар дебди бу маконни "ИПАКХОНА",

Тожикларнинг тахмини ҳам бир ўзгача.

"Тоғлар ўраб олган гўзал водий" деган,

Яна талай тахминлар бор ҳанузгача.

Бу хусусда яна талай битиклар кўп,

Ҳатто, Бобур бу хусусда сўзин айтмуш.

"Ҳар тараф тоғ, очиқ фақат бир томони,

Дея "Бобурнома"да ҳам ёзиб ўтмиш.

Антик дунё тарихида бошқа фикр,

"Бу қувилган кишиларнинг макони" муш.

Скиф ҳамда Парфияликлар тахминича,

Фарғона бу Парфиёна сўздан қолмиш.

Изоҳлар кўп излайверсак турли туман.

Айримлари ҳақиқатдан жуда йироқ,

Бир хиллари ҳатто мавҳум афсонадир,

Бошқасини тинглаб қалбда турар титроқ.

Не бўлса ҳам, у юртимнинг бир бўлаги,

Қанд-у, новвот анорлари тилим ёрар.

Бу водийнинг тупроғида Фарғоний-ю,

Бурҳониддин Марғиноний хоки ётар.