МАННОП ЭГАМБЕРДИЕВНИНГ «САРИҚ АЖДАР ХАМЛАСИ» (Т.2013 Й) ТАРИХИЙ РОМАНИНИ ЎҚИБ…
МАННОП ЭГАМБЕРДИЕВНИНГ «САРИҚ АЖДАР ХАМЛАСИ» (Т.2013 Й) ТАРИХИЙ РОМАНИНИ ЎҚИБ…

МАННОП ЭГАМБЕРДИЕВНИНГ «САРИҚ АЖДАР ХАМЛАСИ» (Т.2013 Й) ТАРИХИЙ РОМАНИНИ ЎҚИБ...

Темур Ширинов,

тарих фанлари доктори, профессор.


Роман тарихий воқеаларга, фактлара асосланган. Воқеаликлар христиан эраси арафасида, милоддан аввалги II асрнинг сўнглари - I асрларда юз берган. Милодий эра бошларига ҳам таалуқли.

Худди мана шу даврда дунёнинг манзараси қандай эди?.

Қадимги дунё харитасига назар солсак ғарбда Гибралтар бўғозидан бошланган шарқда то Сариқ денгизгача чўзилган, эни унча кенг бўлмаган белбоғдангина асосий цивилизация маконлари ўрин олган. Булар Рим, Греция, Миср, Месопотамия, Эрон, Турон, Х инд, Хуанхелардан иборат эди. Ҳали Америка, Африканинг асосий қисмлари, Австралия кашф қилинмаган эди. Бор дунё шу эди.

Мана шу бор дунё тўртта - Рим, Парфия, Кушон ва Хан империяларига бўлинган эди, қолган майда мамлакат ва элатлар уларнинг таъсирида эди. Милодий эрамизнинг I асрларидаги тарихий аҳвол шундай эди. Дунё бу манзарага келгунга кадар асрлар давомида, узоқ ва қаттиқ қарама-қаршиликларга, тўқнашув ва жангларга дучор бўлди, чуқур ижтимоий жараёнларни бошидан кечирди.

Ҳар тўрттала империя қудратли, ҳарбийлашган, қулдорлик давлатлари эди. Улар жангари бўлиб, ўз ҳудудларини тинимсиз кенгайтириб борар эдилар. Рим Британ оролларигача, Парфия Хормуздгача, Кушонлар Ҳиндгача, Ханлар Давангача ҳамла қилиб турар эдилар.

Манноп Эгамбердиевнинг ўз романида айнан шу даврни таъсниф қилган, Хан империясининг ҳаёти, император У-дининг сиёсати қаламга олинган. Асарда кўплаб қаҳрамонлар акс этган: У-ди, Моде, элчи Чжан Цзян, Генерал Ли, "Ярамаслар", Хунлар, Довон, Ишхид, "Оқсоқоллар кенгаши", Кушонлар, хитой ва туркий халқлар, булар барчаси тарихий персонажлар ва яна кўплаб бадиий тўқима образлар ҳам бор.

Асарда Хан давлати сиёсатининг моҳияти, фалсафаси, мақсади аниқ ва тиниқ ифодаланган.

Хитой фалсафасига кўра, уларнинг давлати "жунго" - "ўрта", яъни марказдаги давлат деб тушунилар эди. Чекка ўжалар, атрофдагилар марказга бўйин синиши табиий бир ҳолат деган тушунча ҳукмрон эди.

Ахир, ушбу ғоя милоддан аввалги VI-V асрларда яшаб ижод қилган Конфуций фалсафасида ҳам бор эди-да.

Унга кўра, дунёнинг асоси "мутоносиблик ва номутоносиблик" лардан иборатдир. Мутоносиблик бу Хунхе ва Янцзи дарёлари ҳавзаларидаги унумдор ерларда яшайдиган ўтроқ деҳқонлар, номутоносиблик эса воҳанинг шимолий ва ғарбий чегараларидан ташқаридаги саҳро ва даштларда умргузоронлик қиладиган кўчманчи чорвадорлар эди. Бу икки дунё бир бирига қарама-қарши қўйилган эди ва шу сабабдан ҳам уларнинг ўзаро муносабатлари аксарият даврларда тинимсиз жанглар тарихидан иборат бўлди.

Ва, яна давлатни хон-император илоҳий, кўк тангрининг боласи, худозода, "Осмон ўғли" бошқарарди, унга тил тегизиб бўлмайди, деган фалсафий асос билан мустаҳкамлаб ҳам қўйилган эди. Шу сабабдан ҳам Хитойга "Осмон таги" мамлакати ибораси кўшиб улуғланадиган бўлди. Ва бу ҳозиргача шундай.

Шулардан келиб чиқиб, Хан империяси қўни-қўшниларга ўта тажав-вузкор сиёсат юргизди. Бу сиёсатнинг ижрочиси император У-ди эди.

Атрофдагилар кимлар эдилар ?

Империянинг пшмолий, ғарбий ва жанубий-ғарбий томонлари кўчманчи туркий қабилаларнинг юрти, ватани эди. Булар Хунлар, Усунлар, Кушонлар, нисбатан ғарброқда довонликлар ва Қанғлар, жанубий ва шарқий томонларда яна бошқа қабилалар жой олганди. Тақдир тақозосига кўра буларнинг барчаси туркийлар эди.

Романда кўрсатилган асосий мотивлардан бири - бу ҳанликларнинг туркий дунё билан муносабатларидир. Туркийлар ичида Хунлар қудратли, ўта жангари эдилар. Уларда ҳам давлатчилик бор эди, уларнинг ҳам пойтахти - ўрдаси бор эди. Лекин кўчиб юрар эди, ўзлари кўчманчи эди. Биринчи навбатда хунларни ва бошқа тобе бўлмаган юртларни синдириш учун император У-ди ўз армиясини тайёрлай бошлади. Узоқ-яқинларга жосуслар, элчилар юборди. Элчилардан бири, машҳури, тарихда қолгани Чжан Цзян бўлиб, у тарихий шахсдир. Манноп Эгамбердиев тарихийликдан чекинмаган ҳолда, жуда катта маҳорат билан Чжан Цзян бадиий образини яратган. Асарни ўқиб Чжан Цзян нафақат элчи балки, бир даврда жосус, ўткир зеҳн эгаси, синчков кузатувчи охир оқибат буюк бир шахс бўлганлигига ишонасиз. Император У-дининг фикрини, сиёсатини ўзгартириб юбора олган бир шахс эди.

Шу борада Хан император саройида ўша кезлари бўлган бир воқеалик ёдимга тушди. Саройда элчи Чжан Цзян 13 йиллик сафаридан сўнг ғарбий ўлкалар, Довон, "қон билан терлагувчи самовий отлар" ва бошқалар тўғрисида ахборот бериб турган, кунлари тангри-таола яна бир "мўъжизани" буларга эш килиб берди. Бу ҳам бўлса, ғарбий чегаралардан ёввойи бир отни тутиб келган эдилар. Унинг кўриги бўлди. У-дига жуда баҳайбат, хитой отларидан икки марта баланд ва катта, бақувват, асов бир дул-дулни кўрсатишди. Уюридан адашиб қолган, ёввойилашиб кетган, осмонга сапчиб, турган отни уч-тўрт киши зўрға ушлаб туришар эди. Бу Фарғона оти эди, ажабмаским зоти "Қорабайир" бўлган бўлса. Император ҳайратга тушди, "Хитой армиясига айнан шундай отлар керак"- хулоса қилди У-ди.

Ва, зудлик билан генерал Ли қўмондонлигида Довонга қарши Фарғона отларини қўлга киритиш учун ҳарбий юриш бошлашни буюрди ва яна изма-из савдо карвонлари юбориб турди.

Бу воқеалик милоддан олдинги II асрнинг сўнгги чорагида юз берди. Шу тариқа "Узун йўл" га асос солинди, сўнгроқ бунга географлар "Буюк ипак йўли" деб ном беришди.

Ушбу воқеаликлар романда ниҳоятда моҳирлик билан, ишонарли қилиб тасвирланган. Демакки, "Буюк ипак йўли" шаклланишида император У-ди ва Чжан-Цзянинг хизматлари қанча бўлган бўлса, хитой ипаклари билан Фарғона отларининг ҳам ўрни шунчадир.

Сўзсиз, асарда ёшлар образлари ҳам бор, севги-муҳаббат туйғулари ниҳоятда эҳтиёткорлик билан очиб берилган. Лекин қулдорлик ҳукм сураётган жамият, адолат ўрнатилиши қийин бўлган бир замон эди. Демакким адолат, тенглик йўқ жойда севги-муҳаббат ҳам бахтиёрликка олиб келмайди. У ҳам ёшлар бошига фожеа, азоб-уқубат олиб келади. Бу ҳолатни муаллиф романда хитойлик, довонлик ёшлар тақдири орқали кўрсатиб берган.

М.Эгамбердиевнинг романини ўқиб ўзимга бир неча хулосалар қилдим ва у бугунги кун жамиятимиз такдирида ҳам муҳим рол ўйнайди, деб ўйлайман.

Сариқ аждар - қудратли империяларнинг бугун ҳам ўзидан кичик, майда халқларни ютуб юбориш хавфи бор. Бу тилимиз, урф-одатларимиз, динимиз демакким миллийлигимиз. Муаллиф бу ҳақда ўз китобида 1970 йилларда бонг урган. Бу ҳақда биз ҳамиша огоҳ бўлишимиз керак.

Романни ўқиб ўзбек-туркий бўлганлигимдан ғурурландим. Хунларнинг эрксеварлиги, ҳарбий қудрати, уруш тактикасининг устунлиги билан Ханлар империясини ҳамиша тахликага солиб турган. Ҳатто "узун мудофаа деворлари" ни қурушга мажбур қилган. Хитойликлар ҳимояланиш учун эмас, балким Хунлар билан қандай қилиб урушишни билмаганликларидан девор қурушди. Романда бу жараён аниқ тасвирланган.

Яна бир ғурур - Довон-Фарғона подшолиги Хан империяси билан тенгма-тенг муносабатларда бўлди, жанг қилди ва ҳатто биринчи тўқнашувда ғолиб чиқди. Довон давлатчилигининг устунлиги ҳам бор эди. Бу "Оқсоқоллар кенгаши", Хитойда эса йўқ эди. Ушбу. факт бизнинг давлатчилик маданиятимиз хитойникидан илғорроқ эканлигидан далолат беради.

Биз, тарихимизда ғурурланадиган Кушонлар, бундан икки минг йил муқаддам, балким тарихда илк бора, "биз беъмани урушга қўшилмаймиз" деб элчига, Чжан Цзян таклифига рад жавобини беришди. Халқини, юртини тинчлигини ўйлаб Ябғу Кудзула шундай қарор қялди. Бу муаммо бугун ҳам долзарбдир.

Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки. М.Эгамбердиев романини ўқиб бошлашингиз биланоқ у ўзига ром қилади. Икки минг йил аввалги тарихга, ҳаётга кириб колганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз. Ҳаммага тушунарли тилда ўша давр муҳити, жойлар, шаҳарлар топоними, одамларнинг исмлари, ҳарбий-ижтимоий терминлар, суҳбатдаги ҳар хил лаҳжалар, барча-барчаси жуда усталик билан уйғунликда берилган. Бу ўз навбатида асарнинг бадиий қимматини, ишончлилигини таъминлаган.

Романни ўқиб шундай қарорга келдим, унда кўтарилган барча муаммолар ҳозир ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган. Тилимиз, динимиз, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш йўлида тинмай курашмоғимиз лозим. Модомики жипс бўлмас эканмиз тарихимиз, тақдиримиз учун курашмасак сариқ аждарнинг ҳамласи ҳамиша ҳавф солиб тураверади. Манноп Эгамбердиевнинг "Сариқ аждар ҳамласи" романи мана шундай хавфлардан бугун ҳам бизни огоҳ қилиб турубди.