ДОВОН ДАВЛАТИ ВА УНИНГ ПОЙТАХТИ МУАММОСИГА ДОИР
Б.М. Абдуллаев
(ЎзР ФА Археология институти кат.и.х, т.ф.н.)
Ўзбекистон диёри қадим тарихига
бой давлатлар сарасига киради. Бу борада қадимшунос олимлар юртимизни цивилизация
ўчоқларидан бири деб таькидлашган ва айнан шу нуқтаи-назар йилдан-йилга археологларнинг
тадқиқотлари орқали ўз тасдиғини топмоқда. Зеро, шу заминда 3000 минг йил аввал
ўз даврининг улуғвор ва маҳобатли илк шаҳри Далварзин шаклланиб, дунё илм жамияти
тан олган Чуст маданияти (мил.авв. XII-VII асрлар)нинг маркази бўган. Бу маданият
улуғворлиги унинг соҳиблари 5-6 аср мобайнида водий ҳудудининг шарқидан то шимоли-ғарбий
қисмларича ўзлаштириб қадимий деҳқончилик усулларини мукаммалаштириб боришганидадир.
Шу билан бирга улар шаҳарсозлик маданияти ва унга хос бўлган, ҳамда унинг ажралмас
қисми – ҳунармандчилик соҳаларини ҳам такомиллаштиришган.
Қадим аждодларимиз томонидан шундай маданиятимизга
қўйилган тамал тоши ўз камолотини Довон давлати даврида, яъни Хитой солномаларида
қайд қилинган мил.авв. II – мил. V асрларда, топган десак муболаға бўлмайди. Ваҳолангки,
айрим охирги тадқиқот натижаларига кўра бу давлатчиликнинг илк даври мил.авв. IV-III
асрларда бошланганлиги ҳақида хулосалар келтирилиб ўз тасдиғини топмоқда (Абдуллаев,
2017. С. 116). Айнан шу вақт мобайнида шаҳарсозлик водийнинг шарқидан ғарбига қараб
юксак тараққиётга эришиб, ҳунармандчиликнинг барча соҳасида катта ютуқлар қўлга
киритилган.
Бу жараёнлар марказлашган ҳокимият
раҳнамолигида сунъий суғориш иншоотларининг жадал равишда бунёд этилиши билан боғлиқ.
Аждодларимиз махсус тўғонлар воситасида дарё ва сой сувларини ўз иродасига бўйсундириб,
қадимда сувсиз ётган ерларга ҳам уруғ қадаб деҳқончиликдан катта ҳосил олиш баробарида
деярли водийнинг барча ҳудудларини ўзлаштиришнинг уддасидан чиқишган. Шуни такидлаш
зарурки, суғорма деҳқончиликнинг қон томири бўлмиш каналларнинг аксарияти дастлаб
водийнинг шарқий қисмида ва сўнгги антик давридан эса унинг ғарбий қисмида бунёд
этилган (Береналиев, 1975. С. 150-154; Абдуллаев, 2017. С. 116-117).
Фарғона водийсида археологик тадқиқотларнинг
олиб борилаётганига 80 йилдан ортиқроқ бўлсада, ўзини майдони ва иншоотлари маҳобатлилига
кўра бошқа ёдгорликлар орасида Мингтепа шаҳар ҳаробалари алоҳида ажралиб туради.
Гарчи Ахсикет водий қадимиятидаги йирик шаҳарлар сарасига кирсада унинг ҳудудида
бу даврга оид жойлар жуда кам ўрганилган, бироқ унинг тадқиқотчисининг фикрича айнан
шу ёдгорлик қадимги Фарғона пойтахти бўлган (Анарбаев, 2013).
Дарҳақиқат, хитой солномаларида
келтирилишида “ҳукмдор шаҳрида қудуқ
йўқ, ичимлик суви шаҳар ташқарисидаги оқар сувдан тортиб келинган” деб такидланади.
Айнан шу туфайли мил.авв. 99 йили пойтахт қамал қилинганда шаҳарга кирадиган сув
тўхтатилиб, аҳоли қийин аҳволда қолганлиги кўрсатилади ва бу муаллифга Довон давлати
пойтахти Ахсикетда бўлиши мумкин деган хулосани олға суриш имконини беради (Хўжаев,
2013. Б. 134-137).
Ахсикетда
антик даврига оид мудофаа истеҳкомлари ва ўрта асрларга таалуқли, шаҳар ташқарисидан
15-16 км масофадан олиб кирилган пишиқ ғиштлардан бунёд этилган сув қувири аниқланган
(Анорбоев, 2016. Б. 38, 40). Ваҳолангки, Ахсикет сув қувури илк антик давридан бошлаб
мавжуд бўлгандир (Анорбоев, 2001. Б. 14), бу ҳақида ёдгорлик тадқиқотчиси ўз мақолаларида
келтирмайди. Демак, сув қувурлари тўла ўрганилиб, унда антик давр қатламлари топилиши
долзарб бўлиб қолади.
Ваҳолангки, бир қатор археологик
тадқиқот натижалари билвосита Довон давлати пойтахтини водийнинг шарқида жойлашганлигига
ишора қилмоқда. Жумладан, энг қадимги маданият (Чуст, Эйлатон) марказлари, дастлабки
сунъий суғориш иншоотлари ҳамда улар фаолиятини бошқариб турувчи қалъа-қўрғонлари
ва янги ўзлаштирилаётган воҳалар замирида аксарият шаҳарсозлик жараёнларининг жадаллашиши
минтақанинг шу қисмида бўлиб ўтган.
Шу сабабли хитойликларнинг мил.авв.
104-99 йилларда олиб борган ҳарбий сафарлари, агарда пойтахт Ахсикет ёдгорлиги ўрнида
бўлган деб қабул қилинса, жуда мушкул аҳволда қолиши тайин эди. Чунки, хитой қўшинининг
лашкарбошиси Ли Гуанли Фарғона давлати ҳукмдори қароргоҳига қадар довонликларнинг
водий шарқида мавжуд яхлит мудофаа тизимидаги кўплаб шаҳар ва қалъа-қўрғонларни
забт этиши ёки улардаги аскарларнинг қаттиқ қаршилигини енгиб ўтишига тўғри келарди.
Бу мудофаа тизими ёриб ўтилган тақдирда ҳам, хитой қўшинлари пойтахтдаги асосий
ҳарбий қисм ва шарқдаги шаклланган лашкар орасида қолиб, яна мағлуб бўлиши тайин
эди. Ваҳолангки, академик А.А. Асқаров хитой солномаларига асосланган ҳолда Ли Гуанлининг
100 мингли қўшини Довон пойтахтигача Шарқий Туркистондаги кичик бир Бугур давлати
қаршилигини енгиш учун лашкарининг 70 фоиздан ажраб қолганди деб такидлаган (Асқаров,
2010. Б. 148). Шундай экан, бу лашкар водийнинг шимолий-ғарбида жойлашган Ахсикетгача
унинг шарқий чегарасидан 200 кмдан зиёдроқ масофани қанчалик талофатлар эвазига
босиб ўтиши кундай равшан. Эҳтимол айнан шу сабабли
Мингтепа Довон давлатининг пойтахти деб аталиши ҳақиқатга яқиндир. Бироқ, шундай
бўлсада, бу каби мураккаб, лекин ойдинлаштирилиши зарур бўлган муаммоларга кенг
кўламли археологик тадқиқотлар натижасигина тўлиқ жавоб топиб бериши мумкин. Мингтепада
охирги олти йил мобайнида Ўзбек-Хитой қўшма Фарғона экспедицияси фаолият олиб борилиши
таҳсинга сазовор. Зеро, уни натижалари бир неча ўн йиллардан бери олиб борилаётган
илмий баҳсларга якуний хулоса бериши кутилмоқда.
ХХ асрнинг ўрталаридан давом этиб
келинаётган тадқиқотлар натижасида Мингтепа шаҳри мукаммал режа асосида бунёд этилганлиги,
ҳамда уни ўраб турган мудофаа деворлари ва тўртбурчак кузатув миноралари ўз даври
учун маҳобатли қилиб қурилганлигини тасдиқлайди. Олимларнинг таъкидлашича Мингтепа
харобалари фақатгина ички шаҳар қолдиғи сифатида сақланиб қолган, шундай бўлсада
уни майдони катталиги (40 гектардан ортиқ) жихатидан ривожланган ўрта (IX-XII, XIV)
аср давридаги кўплаб йирик ва пойтахт шаҳарлари майдонидан анча катта бўлган. Ўрта
асрлардаги шаҳарлардан фарқли, илк темир ва антик даврларида бунёд этилган шаҳарларнинг
катта бўш қисмлардан иборат бўлганлиги олимлар томонидан қадимдаги ўзаро урушлар
арафасида атрофдаги аҳоли ва уй ҳайвонларини ҳимоя қилишга қаратилган деб таъкидланади
(Семенов, 1996. С. 157-158).
Шундай бўлсада, айрим тадқиқотчиларнинг
Мингтепани пойтахт шаҳар ўрнида қабул қила олмаслигининг асосий сабабларидан бири
уни майдонида аҳоли истиқомат қиладиган уйларнинг жуда камлигида бўлган. Дарҳақиқат,
ўтган асрнинг 40-йиллари бевосита тадқиқот олиб борган А.Н. Бернштамни берган маълумотларига
кўра шаҳар ҳудудида атиге 16 та тепалик бўлган (Бернштам, 1952. С. 228). Ҳа, нафақат
дунёга таралиб тараққий этган шаҳарсозлик маркази бўлмиш Яқин Шарқни, балки Ўрта
Осиё шаҳарлари тарихини ўрганган олимлар учун ҳам дастлабки ёндашувда бу жуда эмас
туюлиши табиий. Аммо масаланинг бошқа томони бор. Бизнингча “ривожланиш” ва “тараққиёт”
ҳар қандай тарихий-маданий ҳудудда ўзига хос йўлдан борган, фақатгина юксак равнақга
эга бўлган қадимги давлатларни қўшни давлатларга таъсири турлича бўлган.
Фарғона водийси ўзига хос тараққиёт
йўлига эга бўлганлиги кўпчилик олимлар томонидан тан олинган ҳақиқат. Гап шундаки,
водий барча томондан тоғ тизмалари билан ўралганлиги сабабли ташқи дунёдан ажратиб
турган табиий “қобиқ” ичида ўз тараққиёт йўлини босиб ўтган. Бу ҳолат қадимий тарих
воқелигида ҳам ўз тасдиғини топган. Маълумки, бундан 2000-2500 йил олдин Ўрта Осиё
ҳудудлари буюк салтанатлар таъсирига тушиб қолган. Дастлаб форс Аҳмонийлар (мил.авв.
VI-IV асрлар), сўнг македониялик юнонлар асос солган (мил.авв. IV-II асрлар) давлатлар
тарих саҳнасига чиқишган ва бу ҳудудларда ўз таъсирларини бевосита ўтказганлар,
жумладан, шаҳарсозлик, давлатчилик ва бошқа соҳаларда.
Бироқ шу кунларгача Фарғона водийси
бу буюк салтанатлар томонидан босиб олинганлиги ёки улар томонидан бирон бир жиддий
таъсир кўрсатганлиги ҳақида, нафақат ёзма манба – солномаларда, ҳаттоки, ўрганилаётган
тепаликларда арзигулик маданий таъсир излари топилмаган. Шу билан биргаликда ҳам
ёзма, ҳам археологик манбалар Довон давлатини дастлаб ярим кўчманчи Қанг ва кейинчали
Кушон давлатлари билан иттифоқда яшаб келганлигидан далолат беради (Литвинский,
1976. С. 55; Кошеленко, 1979. С. 184). Бироқ, бир қатор тадқиқотлар натижаси бу
каби ўтроқ ва кўчманчи қабилаларнинг ўзаро алоқалари сўнги бронза даврида шаклланиб,
то сўнги ўрта асрларгача равнақ топган (Литвинский и др., 1962. С. 231; Кузмина,
1966. С. 93, 94; Салтовская, 1978. С. 96; Горбунова, 1984. С. 101; Аскаров, Альбаум, 1979. С. 72-74, рис. 1; 5-6; 8-9; Аскаров, 2015. С. 185-189). Қайсидир маънода, кўчманчи қабилалар Фарғона водийсига
олиб борадиган ягона йўлни юқорида айтиб ўтилган босқинчи салтанатлардан тўсиб қўйганлар.
Тарихда донг таратган Буюк Искандар ҳам дастлабки қаттиқ жароҳатини айнан водийга
кириш бўсағасида кўчманчи саклардан қабул қилиб олган ва шу ердан ортга қайтиб кетган.
Демак, буюк салтанатлар маданиятидаги асосий таъсирлар аксарият ҳолларда фақат билвосита
иттифоқдош кўчманчи қабилалар орқали водийга кирган бўлиши мумкин.
Шундай бўлсада, тараққиёт тўхтамаган
ва дунё илмий жамоатчилигида қабул қилинганидек, ҳар қандай маданий ривожланиш ғояси
ҳар бир ҳудудда ўзига хос йўл билан ҳаётга тадбиқ этилган. Фарғона водийси бунга
ёрқин мисол. Шу сабабдан водий шаҳарсозлик маданияти Мингтепа ҳаробаларида кўпчилик
тадқиқотчиларнинг фикрлашидан ўзгача кўринишда гавдаланади. Энди шаҳар ҳудудидаги
кам сонли тепаликлар масаласига келсак улар, бизнинг назаримизда, айнан хитой солномаларида
ёзилган давлат бошқарувида мавжуд бўлган “демократик тизимни” акс эттирган. Солномада
берилишича Довон давлати ҳукмдори якка ҳокимиятга эга бўлмаган, балки давлатчилик
билан боғлиқ барча қарорлар оқсоқоллар кенгаши томонидан қабул қилинган (Бичурин,
1950. С. 186; Gorbunova, 1986. р. 181).
Шу сабабли биз Мингтепада аниқланган
16 тепани давлат вилоятлари оқсоқоллари қароргоҳлари тимсоли бўлмиш кўшклар ташкил
қилган деб таҳмин қилмоқдамиз. Зеро, бу тепаликлар майдони ва баландликларига кўра
оддий шаҳар аҳолиси уйларидан бўлганлиги ҳақиқатдан йироқ, ҳамда мантиқга тўғри
келмайди. Тўғри, бу тепаликлардан бири давлат ҳукмдори қароргоҳи ва яна бир тепалик
диний марказ вазифасини бажарган бўлса, у ҳолда мамлакат 14-15 вилоятдан таркиб
топган деб фикр билдириш мумкин. Шаҳардаги катта бўш майдон уруш вақтлари яқин атрофдаги
фуқароларни сиғдириш ҳамда улар кўмагида мудофаа тадбирларини кўришга жуда қулай
бўлган.
Дастлабки тадқиқотчиларнинг фикрича
Мингтепа шаҳрига ўхшаш режага эга ёдгорликлар водийда бир нечта бўлган (Бернштам,
1951. С. 12-13). Ваҳолангки, бу А.Н. Бернштам таъкидлаганидек бу шаҳар тўғри тўртбурчак
эмас, балки паралеллограм шаклида бунёд этилган. Ҳозирги кунда сунъий йўлдошлардан
олинган суратларга кўра бундай режа асосида Эйлатон ва Ахсикет шаҳарлари ҳам қурилган.
Бироқ ички ва ташқи шаҳарларнинг меъморий ечимига (биринчиси иккинчисининг ичида)
кўра фақат Мингтепа ва Эйлатон ёдгорликлари бир-бирига яқин туради. Зеро, Ахсикетнинг
топографик тузилишида шаҳристонлар жануби-ғарбдан шимоли-шарққа қараб кенгайиб борган.
Бу каби шаҳар майдонининг кенгайиши Панжикент ва Пойкенд каби илк ўрта аср ёдгорликларида
аниқланган.
Бундан ташқари ўтган асрнинг 40-йилларигача
ёдгорлик ичида 16 та ва унинг ташқарисида олима Б. Абдулғозиеванинг таъкидлашича
50 яқин тепаликлар сақлангани қайд этилган. Демак, қайсидир маънода Мингтепа ташқарисидаги
тепалик-манзилгоҳлар ҳам хитой солномаларида Довон пойтахти учун кўрсатилган иккинчи
мудофаа девори ҳимоясида бўлган деб тахмин қилиш имконини беради. Ваҳолангки, ёдгорликни
узоқ вақтлардан бери тадқиқ этиб келган олим А.Н. Берштамнинг илмий хулосаларига
таянган ҳамда Ўзбек-Хитой экспедицияси тадқиқот натижаларига асосланган Б.Х. Матбобоев
ташқи шаҳарнинг майдони 300 гектардан зиёд бўлган деб таъкидлайди (Бернштам, 1948.
С. 159-160, рис. 2; Матбобоев, 2016. Б. 6).
2016 йилги тадқиқотларга кўра
хитойлик ҳамкасбларимиз томонидан жанубий деворнинг шарқий қисмида ер сатҳидан 2-2,5
м пастда 6х1 м майдонда баландлиги 1,1-1,2 метрли ва сирти закдан сақлаб турувчи
махсус қир қоришмаси билан қопланган 5 та хум топилди. Топилмалар борасидаги муҳокамада
хитойлик археологлар ўзбек мутахассисларни “бу ерда омборхона бўлган” деган фикрларини
қабул қилиб, бу қазишма атрофини махсус асбоблар билан таҳминан 10х10 м майдонда
ер остида бўшлиқлар борлигини аниқлашди. Ҳозирча бу хумларда нима бўлганлиги ноаниқ,
лекин хум ичидаги тупроқ сувда эритилиб элаклардан ўтказилди ва унинг таркибини
таҳлил қилиш учун Хитойга олиб кетилди. Натижалар қандай бўлишига қарамай, барча
ўзбек олимларини хаёлидан хитой солномаларида – “довонликлар узум етиштириб, май
ишлаб чиқаришади, баъзи зодагонларни омборларида катта ҳажмда май сақланади” деган
маълумот ўтди ва хитойлик ҳамкасбларига буни айтиб ўтишди.
Бундай омборхоналар борлигини,
ушбу сатрлар муаллифи Андижон археологик отряд таркибида 17 йил муқаддам илк бор
Мингтепа мудофаа деворларини ўрганишга келганида, ёдгорлик ичида тирикчилик қилаётган
боғбонларнинг шикояти билвосита тасдиқлагандек. Зеро, уларнинг гапига кўра боғнинг
айрим жойларида суғориш учун очилган сув ер остига кириб ҳеч тўлмас экан. Мана,
шунча вақтдан сўнг, сувни бамисоли тубсиз ер қарига кириб кетиш сабабини шу йили
энди аниқлангандекмиз.
Қўлга киритилган натижалар ҳозирча
фақатгина ишчи эҳтимол ғоялардир, бироқ шундай бўлсада улар Мингтепа нафақат ҳунармандчилик
маркази, балки уруш вақтида асқотадиган улкан заҳира базаси ҳам бўлгандир деган
таҳмин қилиш имконини беради. Бинобарин, ҳар қандай қўрғон ва айниқса шаҳар озиқ-овқат
заҳирасининг мавжуд бўлиши улар мудофасининг асосий мезонларидандир (Семенов, 1996.
С. 158-159).
М.Х. Исомиддинов бошчилигидаги тадқиқот гуруҳи
шаҳарни ғарбий мудофаа иншоотида олиб борган қазишмаси натижасида, дастлаб у 5 м
қалинликдаги пахсадан қурилган мудофаа девори бўлганлиги, кейинги даврларда эса
у кучайтирилиб бир неча бор хом ғиштдан қурилган тиргак деворлар билан мустаҳкамланганлиги
маълум бўлди. Шу билан бирга дастлаб девор 10х5 метрли миноралар билан кучайтирилган
бўлиб унда, 7х3,5 метрли хона ва икки (шимолий, жанубий) томондаги деворларида камончилар
учун шинаклар очилганлиги аниқланди (Матбабаев, Янши и др., 2016б. С. 197, рис.
2; 3). Эҳтимол хитой-довон урушларида ғанимлар тош отар ускуналардан фойдаланиб
шаҳар мудофаасидаги айрим деворларни бузушга эришганликлари туфайли, кейинги даврда
минора хоналари тўлдирилиб шаҳар мудофааси девор тепасига кўчирилган.
Бу минораларнинг очилиши ўзига
яраша кашфиёт эди десак муболаға бўлмайди, зеро, улар 1986-1987 йилларда очилган
миноралардан (Заднепровский, Матбабаев, 1991. С. 62-64) фарқли мудофаа девори чизиғидан
икки баробар туртиб чиққан. Тарихан минораларнинг бундай кучайтирилиши одатда дарвоза
олдида учрайди ва шу сабабли 70 йилдан бери ноаниқликда қолиб кетаётган шаҳар дарвозалари
тўғрисидаги фикр аста-секин ўз тасдиғини топмоқда. Бу борада хитойлик ҳамкасбларимиз
махсус асбоблар воситасида шаҳарни ғарб ва жануб томонга олиб борувчи марказий йўлларини
аниқлашди, бироқ ҳозирча у билан боғлиқ жанубий дарвоза топилмади.
Ушбу сатрлар муаллифи томонидан
2014-2016 йиллари баландлигига (замонавий ер сатҳидан 12 м) кўра энг катта жанубий-ғарбий
минорада қазув ишлари олиб борилди. Бироқ қазув ишларини дасстлабки натижаларига
кўра минорани тепа қисмида деярли шаҳар мудофаасига таълуқли бино қолдиқлари топилмади.
Аммо тадқиқотлар жараёни шаҳардаги ҳаёт тугагандан сўнг ҳам бу жойда III-V асрларда
4-5 қуриш даври мавжуд бўлганлигидан далолат берди. Шу даврларга оид очилган хоналар
ва улар билан боғлиқ айланма йўлаклар қолдиқлари тахминан 3 м баландликни эгаллаган.
Бу ҳолат ёдгорликнинг бошқа ўрганилган тепаликларида учрамаган. Демак, айнан шу
жой шаҳар ҳаёти тўхтагач ҳам маҳаллий кулол ҳунармандлари томонидан узоқ вақт фойдаланилган.
Бироқ, юқорида келтирилган хоналарни айрим деворлари айнан шаҳар мудофаа иншоотлари
мағрур савлат тўкиб турган даврига оид минора деворлари қолдиқлари устига қурилганлиги
аниқланмоқда.
2016 йили жанубий-ғарбий минорадаги
тадқиқолар натижасида Мингтепа мудофаа иншоотлари ўз вазифасини бажаришидаги охирги
қуриш горизонтига оид меъморий қолдиқлар очила бошлади. Бу даврга келиб кузатув
минораси икки поғанали кўринишда бўлиб, замонавий ер сатхидан 8-9 м баландликда
сақланган. Минора юқорисидаги хоналар комплекси тўла очилмаган, бироқ уларнинг атрофи,
айнан шимолий ва ғарбий томонларида, 4 м энликда очиқ айвон-йўлак билан ўралган.
Эҳтимол, айвон-йўлак четлари устунлар ва одам бўйини тўсиб турувчи парапетлар билан
таъминлангандир. Айвон поли сувалган бўлиб, шимолий девор қарига икки истиқомат
даврида иккита камин-ўчоқлари қурилган. Ҳозирча камсонли топилмалар таҳлилига кўра
милодий эра чегараси, яъни мил.авв. I – мил. I асрлар билан белгиланмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, юқорида
келтирилган маълумотлар, дастлабки ёндашувда Мингтепа шаҳрининг фаол даврини 4-3
аср билан белгиланишини кўрсатмоқда. Мил.авв. I минг йиллик охирида кўчманчи қабилалар
миграцияси ва сиёсий ўзгаришлар (Бернштам, 1951. С. 16; Анарбаев, 2013. С. 22) таъсирида
Мингтепа тушкунликка юз тутади. Айнан шу вақтга келиб давлат бошқаруви кўчманчилар
қўлига ўтади ва Довон пойтахти Косонга (Гуйшуан) кўчирилади (Бернштам, 1951. С.
16; Pulleyblank, 1966. P. 25-26; Gorbunova, 1986. P. 67; Анарбаев, 2013. С. 22,
488). Бу тарихий воқеалар таҳлилига кўра Мингтепа шаҳри мил.авв. I аср ўрталаридаги
бўхронлар таъсирида вайрон бўлган, шимоли-ғарбий минорада очилган кулолларнинг устахонаси
эса шу даврларда барпо қилинган.
Юқорида Довон давлатининг пойтахти
сифатида ҳозирча иккита ёдгорлик – Ахсикет ва Мингтепа – ўз тадқиқотчилари томонидан
келтирилмоқда. Бундай талқин тарихий ҳақиқатни ойдинлаштириш учун ўта муҳим меъзондир,
чунки бу ҳолат ўзига хос рақобат муҳитини келтиради ва зарур материалларнинг тўпланиши
ҳамда уларнинг таҳлили асосида антик давр тарихий воқелигини тиклайди. Гарчи мақолада
бир қатор билвосита археологик изланиш натижалари Мингтепани пойтахт мақомига яқинроқ
деб кўрсатсада, бевосита фактлар хануз тўла топилганича йўқ. Жумладан, Хитой-Довон
урушига таалуқли топилмалар, яъни хитой аскарларига тегишли ҳарбий анжомлар – камон
ўқлари, қилич, ханжар, совут, дубилға ва ҳакозолар, ҳамда хитой идиш-товоқлари аниқланмаган.
Зеро, бу каби моддий маданият намуналари ҳар қандай тарихий воқеликка дахлдор ёдгорлик
тадқиқоти натижасида намоён бўлади. Демак, тадқиқотчилар олдида турган бу вазифа
адо этилиши зарур. Бироқ, тадқиқотлар давом этмоқда ва аминмизки дала қазуви мавсумларида
кўплаб топишмоғу-жумбоқларни археологларга тақдим этаётган Ахсикет ва Мингтепа ёдгорликлари
аста-секинлик билан ўз сирларини ошкор қилади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйҳати:
1.
Абдуллаев Б.М. Об
элементах кочевой культуры в фортификационных сооружениях Ферганы // Цивилизации
и культуры Центральной Азии в единстве и многообразие. Самарканд-Ташкент, 2010.
2.
Абдуллаев Б.М. Урбанизационные
процессы античной Ферганы // История и археология Турана. Самарканд, 2017. № 3.
3.
Анарбаев А.А. Ахсикет
– столица древней Ферганы. Ташкент, 2013.
4.
Анорбоев А.А. Ўзбек
давалтчилиги тарихида қадимги Фарғона ва Ахсикет // Ўзбек давлатчилиги тарихида
қадимги Фарғона. Я. Ғуломов номидаги “Ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи” Республика
илмий семинар материаллари Наманган, 2001.
5.
Анорбоев А.А. Қадимги Фарғона давлати ва унинг пойтахти тарихидан
лавҳалар // Водийнома. Андижон, 2016. № 1.
6.
Аскаров А.А., Альбаум
Л.И. Поселение Кучуктепа. Ташкент, 1979.
7.
Асқаров А. Марҳаматга сафар таассуротим //
«Турон тарихи». Тошкент, 2010. № 4.
8.
Асқаров А.А. Ўзбек
халқининг келиб чиқиш тарихи. Тошкент, 2015.
9.
Береналиев Б.О. Следы древней ирригации Киргизии // Страницы истории и материальной
культуры Киргизстана. Фрунзе, 1975.
10. Бернштам А.Н. Араванские наскальнке изображения и
Довонская (Ферганская) столица Эрши // СЭ. 1948. № 4.
11.
Бернштам А.Н. Древняя Фергана (научно-популярный очерк). Ташкент, 1951.
12.
Бернштам А.Н. Историко-археологические очерки Центрального
Тянь-Шаня и Памиро-Алая // МИА. М., 1952. № 26.
13. Бичурин Н.Я. Собрание сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние
времена. М.-Л.,
1950.
14.
Горбунова Н.Г. Некоторые
особенности формирования древних культур Ферганы // АСГЭ. Вып. 25. Л., 1984.
15.
Заднепровский Ю.А.,
Матбабаев Б.Х. Городище Марҳамат (некоторые итоги изучения) // ИМКУ. Вып. 25. 1991.
16. Кошеленко Г.А. Греческий полис на эллинистическом Востоке.
М., 1979.
17. Кузмина Е.Е. Металлические изделия энеолита и бронзового
века в Средней Азии // САИ. Вып. 4-9. М., 1966.
18. Литвинский Б.А., Окладников А.П., Ранов В.А. Древности
Кайрак-Кумов (древнейшая история Северного Таджикистана). Душанбе,
1962.
19. Литвинский Б.А. Проблемы этнической истории древней и
раннесредневековой Ферганы // История и культура народов Средней Азии (древность
и средние века). М., 1976.
20. Матбабаев Б.Х., Янши Ж., Исамиддинов М.Х., Абдуллаев Б.М.,
Хошимов Х., Рахмонов З., Алохунов А. Археологические исследования на городище Мингтепа
в 2013 году // Археологические исследования в Узбекистане 2013-2014 годы. Самарканд,
2016а.
21. Матбабаев Б.Х., Янши Ж., Исамиддинов М.Х., Алижан Аиша,
Тао Лю, Хе Сули, Абдуллаев Б.М., Хошимов Х., Рахмонов З., Алохунов А. Археологические
исследования Узбекско-Китайской экспедиции на городище Мингтепа в 2014 году // Археологические
исследования в Узбекистане 2013-2014 годы. Самарканд, 2016б.
22. Матбобоев Б.Х. Мингтепа – қадимги Фарғона пойтахти //
vvvvvv.mingtepa.uz 2016.
23. Салтовская Е.Д. О погребениях скотоводов в северо-западной
Фергане // КСИА. Вып. 154. М. 1978.
24.
Семенов Г.Л. Согдиская
фортификация V-VIII веков. Санкт-Петербург, 1996.
25.
Хўжаев А. Фарғона тарихига оид маълумотлар (қадимий ва илк ўрта аср Хитой манбаларидан
таржималар ва уларга шарҳлар). “Фарғона” нашриёти, 2013.
26.
Gorbunova N.G. The culture of ancient Ferghana
(VI century BC – VI century AD). Oxford, 1986.
Pulleyblank E.G. Early contacts betvveen Indo-Europeins
and Chiness // Internationale revievv of Chiness linguistics. Amstedam, 1966.