ҲАВУСКОН ОТА ЁДГОРЛИГИ
ҲАВУСКОН ОТА ЁДГОРЛИГИ

ҲАВУСКОН ОТА ЁДГОРЛИГИ

А.Позилжонов,

Андижон вилояти маданий

мерос бошқармаси археолог-мутахассиси.

 

Ҳавускон ота ёдгорликлари мажмуаси Пахтаобод тумани Учкўза қишлоғи Файзобод МФЙ да жойлашган. Ривоятларга қараганда ушбу мажмуа “Миён Рудон”(Икки дарё оралиғи) номи билан машҳур Норин ва Қора дарё оралиғидаги қадимий шаҳарлардан бирининг қолдиғи ҳисобланади. Ҳозирги кунда ушбу жойда бизга етиб келган бир нечта тепаликлар мавжуд бўлиб, ушбу мажмуанинг сақланиб қолган қисми 7.8 гектар майдонга эга. Мажмуанинг марказида жойлашган асосий тепаликда 1973-1976 йилларда Самарқанд Археология институти археолог ходими Б.Абдулгазиева томонидан археологик тадқиқотлар олиб борилган. Мазкур тадқиқотлардаги топилмалар илмий ўрганилганда, мазкур тепалик милодий V-XII асрларга оид бўлиб, муҳофазаланмаган мустаҳкам саройга эга аҳоли манзилгоҳи эканлиги, ёдгорликнинг сарой қисми тўртбурчак шаклда бўлиб, майдони 120х95 м. баландлиги 12 м. аторфлари тик қияликлардан иборат. Сарой уч тарафдан, яъни ғарбий, шарқий ва шимолий томонлардан маҳобатли бино ва иншоотлар билан ўралганлиги маълум бўлган. Ушбу ёдгоргорликдан топилган ассори-атиқалар Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи экспозицияси ва шу билан бирга хазинасидан ҳам жой олган. Жумладан, топилмалар орасидаги турли ўлчамларга эга сопол қувирлар қалъа ичидаги ўша даврга мос сув тармоқлари юксак даражада ривожланганлигидан далолат беради. Шунингдек, обида ҳудудидаги айрим ободонлаштириш ишлари жараёнида топилган тошдан ясалган уй-рўзғор буюмлари, тош тегирмон, ҳар хил даврларга оид сопол буюмлар асосида ёдгорликнинг ўзида ҳам музей ташкил этилган.

Энг баланд тепалик бағридаги сунъий “ғор” ва қорайган девор қолдиқлари бу тепалик ўрнида исломдан аввал оташпарастларнинг муқаддас ибодатхонаси ёки ёнғиндан кучли талофат кўрган қалъа иншоотларидан бири бўлганлигини англатади.

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, қадимшунос олима Б.Абдулгазиева томонидан ушбу мажмуада мавжуд тепаликларнинг фақатгина биттаси ўрганилган. Келажакда ушбу ёдгорлик ҳудудида археологик тадқиқот ишларига янада жиддийроқ эътибор қаратилса, мазкур тепаликлар ўрнидаги қадимий шаҳарсозлик ҳақида тўлиқ маълумотлар олиш имконияти туғилади.

Қалъа деворлари баланд, мустаҳкам бўлиб, ташқи душманлардан жуда яхши ҳимояланган, қишлоқ ҳўжалиги, ҳунармандчилик ва савдо яхши ривожланган. Ўша даврдаги кўплаб қадимий шаҳарлар каби бу маскан ҳам ўрта асрларга келиб, ўзаро урушлар, истилоллар туфайли вайронага, кейинчалик тепаликлар ва айрим қисмлари қабристонларга айланган. Ҳозирда археологик тепаликларнинг асосий қисмини Ҳавускон ота қабристони эгаллаган.

Ёдгорликнинг ҳудудидаги қадимий шифобаҳш булоқлар, бу қадимий шаҳар харобалари орасида муқаддас зиёратгоҳни юзага келишига сабаб бўлган. Мазкур зиёратгоҳ Ховускон ота (Мир Одил ота ҳам дейилади), авлиё чўпон макон қилган, ўз дуво-ю кароматлари билан кишиларни хақ йўлга бошлаб, руҳиятларга тетиклик, танларга даво, мушкулликларга осонлик ато этганлар. Ховускон отанинг қайси даврда яшаб ўтганликлари ҳақида аниқ тарихий манбалар мавжуд эмас. Ул зот ҳақидаги халқ ичида мавжуд ривоятлар ва ҳодисалар таҳлил қилинганда Ховускон ота ботинан чўпонликни касб қилиб, халқ қўйларини боқиб кун кечирган бўлсалар-да, зоҳиран эса сўфилик тариқати соҳибларидан ҳисобланган. Мазкур тариқат талаблари асосида бу юртларга келган ва аҳолини ҳалоллик-поклик, иймон-эътиқод каби исломий талимотга етаклаганлар. Мир Одил ота ҳаётдан ўтганларидан сўнг шу тепаликлар орасига дафн этилган. Шу тариқа авлиё зот яшаб ўтган мазкур маскан шу атрофдаги аҳоли учун муқаддас зиёратгоҳга айланган.

Ушбу муқаддас зиёратгоҳга ихлос ва ният билан турли хожжатталаблар, кўпинча аёллар, бефарзандлар, бахти очилмаган қизлар, полвонлар, дорбозлар ва бошқа эзгу мақсадли кишилар келадилар. Хайри-худойи қилиб Ховускон отани васила қилган ҳолда Аллоҳдан мақсадларини сўрайдилар.

Ховускон ота ёдгорлиги 2006 йилда “Диққатга сазовор жойлар” маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган.

Ҳукуматимизнинг маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ҳақидаги қарорлари асосида мазкур зиёратгоҳ ҳудудида маҳаллий ва хорижий меҳмонлар учун қулай шароитлар яратиш мақсадида ободонлаштириш ва қайта бунёд этиш ишлари олиб борилди. Мазкур ишлар бевосита вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов раҳбарлигида махсус лойиҳа ва давлат сармояси эвазига амалга оширилди. Бугунги кунга келиб барча шарт-шароитлар яратилган ушбу муқаддас зиёратгоҳга ташриф буюрувчилар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати.

1. Абдулгазиева Б. Восточная Фергана в древности и раннем средневековье (система расселения, районирования и типология). Канд. дисс. Самарканд. 1988. Приложение канд. дисс. Т.I. Каталог памятников (материалы к археологической карте Андижанской области).

2. Тадқиқотчи санъатшунос Д.Юсуповнинг шахсий кутубхонаси