ДЎСТЛИК ҚАДРИ
Маҳмуд ҲАСАНИЙ,
тарих фанлари доктори.
Дўстлик одамзот ҳаётида энг буюк фазилатлардан биридир.
Дўстлик туфайли олам тинч, оилалар фаровон бўлади. Дўстликка дарз кетдими, ҳеч кимда
ҳаловат қолмайди, барча орзу истаклар пароканда бўлади, асаб издан чиқади, фитна-фасодлар
пайдо бўлади. Шунинг учун барча миллат вакиллари дўстликни қадрлайдилар, у ҳақда
китоблар, шеърлар ёзадилар, куй басталайдилар. Ўтмишда ёзилган одоб-аҳлоққа оид
асарларда дўстликка алоҳида боб ажратганлар, шоирлар ўз достонларида дўстликни тараннум
этганлар. Ёзувчи ва шоир Абдуманноп Эгамбердиевнинг ижоди ҳам бундан мустасно эмас.
Абдуманноп Эгамбердиев ҳаёти давомида масъул ишларда фаолият
кўрсатди. Аммо, у ижоддан бир лаҳза тўхтамади. Бўш пайтларида ғазаллар ёзиш билан
шуғулланди. Ўша даврларда ғазалга нисбатан “ҳужум” кучайишига қарамасдан у арузни
жони билан ҳимоя қилди. Арузда ғазаллар битишни тарк қилмади. У қаламини насрда
ҳам синаб кўрди. Хитойларнинг қадимги Довон давлатининг пойтахти - Эршига қилган
ҳужумлари ҳақида “Сариқ аждар ҳамласи” номли тарихий асар ёзди. Бу асар ўзбек ва
рус тилларида босилиб чиқди. 2002 йилда унинг ғазал, рубоий, фард, муҳаммас, қитъа,
қасида ва маснавийлардан иборат шеърлари “Фан” нашриёти томонидан чоп этилди.
Шоир ижодида ватанга муҳаббат, соф ишқ, одоб-ахлоқ ва
чин дўстлик ҳислатлари тараннум этилади. “Бешистоним” номли шеърида тарихий воқеалар
ва шаҳарлар номи ўз аксини топган. “Андижонийлар” номли шеърида эса Андижонда ўтмишда
яшаган шоирлар қатори ўзи билан тенгдош бўлган шоирлар ва дўстлари ҳақида ҳикоя
қилинган. Унда Юсуф Андижоний, Мирзо Бобур, Машраб, Зебуннисо, Нодирбегим, Ҳабибий,
Ҳайратий, Восит Абдулла, Улфат, Боқир, Саида Зуннунова каби кўплаб шоирларга берилган
баҳоларни кўриш мумкин. Бу шеър шоирнинг ўз ватани Андижонга бўлган муҳаббатининг
ёрқин далилидир.
Шоирнинг дўстлик ҳақидаги дурдона фикрлари “Бўлган билан”
радифли ғазалида тўла акс этган. Шоирнинг фикрича, ҳар қандай улфат дўст бўлавермайди.
Ўзини ошно қилиб кўрсатгани бу дўстлик эмас, оғизда дўстман деган киши ўзининг дўстлигини
ҳаётда исботлаши керак. Шоир ёзади:
Ҳарки улфат дўст эмас, бил, ошно бўлган билан,
Ўз-ўзича бўлмагай иш, муддао бўлган билан.
Одамлар орасида бир-бирига дўстман деган гаплар кўп, аммо
ҳақиқатда дўст бўлиш бу оғир нарса. Шоир бундай муомалани куйга ўхшатади, куйда
турли садолар ва овозлар бўлиши мумкин, бироқ бу садолар одамни ўзига мафтун этадиган
ва руҳга қувват берадиган куй эмас. Демак, оғизда дўстман деган одамнинг овози ёқимсиз
куйга ўхшайди, ёқимсиз куйдан фойда бўлмагани каби, соҳта дўстликдан ҳам фойда йўқ:
Дўсту ёронлик ҳақинда ваъдаю лафз оз эмас,
Улки дилбар куй эмас, турли садо бўлган билан.
Шоир айтган соҳта дўст мана бу ҳикоядаги дўстларга ўхшаб
кетади. Кўчада икки киши суҳбатлашиб турар, бири башанг кийинган ва унинг бадавлат
киши экани кўриниб турарди. Иккиинчиси эски, ямоқ солинган чопонда экан. Аммо, улар
жуда қадрдон дўтлардек сўзлашар эканлар. Шу пайт бир доно қария ёнидан ўтиб қолибди
ва уларнинг апоқ-чапоқлиги диққатини тортибди. Доно қария уларнинг ёнига келиб,
сизлар бир-бировингизга ким бўласизлар, деб сўрабди. Улар, биз ёшликдан бирга ўсган,
бир-биримизни кўрмасак туролмайдиган дўстлармиз, дейишибди. Қария, бундай бўлиши
мумкин эмас, агар сизлар шундай яқин дўст бўлсаларингиз, ё икковингиз ҳам бадавлат
бой бўлардингиз ёки иковингиз ҳам камбағал бўлардингиз, деб йўлида давом этибди.
Шоирнинг фикрича, баъзилар меҳмоннавозлик қиладилар, гўё
меҳмонни иззат-икром қилиб, қўли кўксида бўлади, яъни ўзини ҳақиқий дўст қилиб кўрсатади.
Бироқ, меҳмоннни иззат- ҳурмат қилиш бу ҳақиқий дўстлик эмас. Чунончи, шоир ёзади:
Бебеҳо меҳмоннавозлик ҳам тавозе айламак,
Дўст бўлиш осон эмас иззат бажо қилган билан.
Шоир дўстликни дил қушига ўхшатади, дил қуши жуда нозик
бўлади, уни қўлга киритиш жуда қийин, унинг ўз сиру асрорлари бор, шу сирларни эгаллаган
одамгина дил қушини сайд эта олади, яъни дўстлик қоидаларини жойига қўя олади:
Сирли, нозик бўлғуси дўстлик аталмиш дил қуши,
Сайд этиш мушкил уни, зўрдан фидо бўлган билан.
Ҳикматларда, дўстнинг юзи хастанинг шифоси, дейилади.
Демак, дўст дўстни кўриш билан кўнглида қувонч ва шодлик пайдо бўлади, бу эса унинг
кўнглини кўтаради, асабини тинчитади. Шоирнинг чин дўстлик ҳақидаги гаплари, беихтиёр,
қуйидаги ҳикояни эсга солади.
Икки қадрдон дўст бўлган экан. Биринчи дўст иккинчи дўстнинг
уйига келибди. Дўстнинг канизаги хожасининг уйда йўқлигини айтибди. Келган дўст
канизакнинг йўл бермаслигига қарамай, дўстнинг уйига кириб, сандиқдаги пулидан кераклигини
олиб чиқиб кетибди. Канизак жуда изтиробда қолибди. Ҳозир хожам келиб, мени калтаклайди,
нега уни уйга қўйдинг, деб уришади, деб ўйлабди. Шу пайт хожаси келиб қолибди. Канизак
йиғламсираб, воқеани айтибди. Хожаси, дўстим ўзини менга шу қадар яқин олгани, менинг
уйимни ўз уйидек кўргани учун сени қулликдан озод қилдим, депти.
Бу ҳикоя ҳақиқий дўстликнинг тимсолидир. Шоир Абдуманноп
ҳам ҳаётида шундай дўстлик бўлишини хоҳлайди.
Шоир дўстликнинг асл моҳияти ва сири дўстга нисбатан бўлган
муҳаббатда деб билади, муҳаббат дўстликнинг ҳақиқий ипини боғлашда катта қимматга
эга, ҳақиқий дўстлик шундайки, дўстинг оламдан ўтганда ҳам бу дўсту ёрлик йўқ бўлмайди,
дўст дўстнинг қалбида яшайди, дўстга бўлган муҳаббат боқий қолади:
Кам эмас, билгил, муҳаббатдан бу дўстлик туйғуси,
Умри битмас ишқни ҳеч, ёрдан жудо бўлган билан.
Ҳикматда айтилишича, дўстларнинг танаси иккита, аммо жони
битта бўлади. Дўст ўнг қўлга ўхшайди, ўнг қўлинг бўлмаса, ишларининг мақсадга мувофиқ
натижага эга бўлмайди. Дўстлик ипи мустаҳкам ва беғараз бўлгандагина дўстлик боқий
бўлади. Чунончи, шоир ўзига қарата дейди:
Сидқидил дўстлик
ипини, Абдуманноп, тут мудом,
Дўст бу ипни узмагай, умринг адо бўлган билан.
Ҳадиси шарифларда дўстлар Худо йўлида беғарарз бўлиши
уқтирилган. Чунончи, Пайғамбар а.с. айтадилар: یا بنی اتخذ الف صدیق و الف قلیل ولا تتخذ عدوا واحدا
الواحد کثیر (Эй ўғлим, мингта содиқ дўстинг бўлса, мингтанг ҳам камдир,
битта душманинг бўлса, биттаси ҳам кўпдир). Яна айтилади, яхши дўст неъматдир, ёмон
дўст кулфатдир. Шоирнинг дўст ҳақидаги мазкур ғазали ёшларни ҳақиқий дўстлик йўлида
тарбиялашда ибрат вазифасини бажариши шубҳасиздир.