ДЕВОНАХОН ОНА ЗИЁРАТГОҲИ
ДЕВОНАХОН ОНА ЗИЁРАТГОҲИ

ДЕВОНАХОН ОНА ЗИЁРАТГОҲИ

Дилшодбек Юсупов, Андижон вилояти маданий 
мерос бошқармаси мутахассиси, санъатшунос.

Зиёратгоҳ Аллоҳ нури билан нурланган, Ўзи азиз қилган ва қиёматгача иҳлос билан бу масканга келган ҳожатманд бандалари қалбига зиё, мушкулларига енгиллик, дардларига шифо ато этгувчи муқаддас маскандир.

Андижон тумани Найман қишлоғи Чўнбоғич маҳалласидаги Девонахон она зиёратгоҳи ҳам ана шундай нурли масканлардан бири саналади. Девонахон онанинг асли исми Қундузхон бўлиб 1892 йил Қирғизистоннинг Ўш вилояти Ўзган шаҳрида туғилган. Аждодлари ота томонидан Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ва авлиёуллоҳ Бурхониддин Қилич, она шажараси бўйича улуғ саҳобаи икром Абу Бакир Сиддиқ р.а. ва Мирконийлар авлодига боради.

Гўдаклигидаёқ ота-онадан етим қолган Қундузхон Олтинкўл тумани Кўмакай қишлоғидаги холаси Роҳилахон она тарбиясида улғаяди. Азизлар авлодидан бўлганлиги боис холаси уни Аллоҳнинг меҳмони, “меҳмон қизим”, “меҳмон буви” дея эркалаб, эъзозлаб, илмли солиҳа қизлардан қилиб тарбиялайди ва кейинчалик бу эҳтиром Меҳмон буви номини олишига сабаб бўлган. Вояга етгач Найман қишлоғи Чўнбоғич маҳалласида яшовчи қариндошларидан, Мирконийлар авлодига мансуб Мирқосим ўғли Мир Умар аминга турмушга узатилади.

Қундуз Меҳмон буви 1917 йил учинчи фарзандига ҳомиладор бўлганида, туғилажак бола она қорнидан овоз берган. Шу кундан бошлаб онада руҳий ўзгариш пайдо бўлади. Аллоҳ қалбини Ўз нури билан мунаввар этиб, пинҳоний девоналик ишқини солади. У қаттиқ ерда кўрпа-тўшаксиз, бошига гувалакни ёстиқ қилиб ётиб роҳатланар, тунларини бедор ибодатда, Аллоҳ зикри билан ўтказар, гоҳ ҳовли ташқарисидаги қўшалоқ булоқлар юзасида сузиб юрувчи чим кўрпали “супа-кемача” устида ибодатларини давом эттириб, то тонггача зикр, тасбеҳ айтиб риёзат қилар, мўъжизакор, шифобахш булоқлар, мусаффо сув тубидаги жаннат балиқлари билан дардлашар эди. Шу даврда Аллоҳ унинг қалбини, руҳиятини булоқ суви ила поклаб, юксак эътиқод, тақводорлик, кароматгўйлик, авлиёлик ва қилган дуолари ижобат бўлиш фазилатларини ато этган бўлса не ажаб. Бу ғайриоддий ҳолатларни ҳис қилган яқинлари Девонаи Машраб каби Аллоҳ ишқида девона бўлган бу аёлни Девонахон она, туғилган қизалоғини Машрабхон, деб атай бошлаганлар. Шу тариқа Қундузхон Меҳмон буви Девонахон она номи билан элга танилган.

Девонахон она ҳовлиси ёнида қадимдан ўзаро бир-бирига туташ битта кичик ва иккита катта булоқлар бўлиб, уларнинг ҳар бири Яратгангагина аён ўзига ҳос шифобахш ҳусусиятларга эга ва бу фазилатлар онахон дуолари билан янада кучлироқ қувватга эга бўлади. Масалан, кичик “Чечак булоқ” суви ўз даврида чечакдан нобуд бўлаётган гўдакларни ҳаётга қайтарган бўлса, “Қиз булоқ” сувини ичиб, чўмилиб, Девонахон она дуосини олган кўплаб бефарзанд аёлларни Аллоҳ оналик бахтига муяссар қилган. “Йигит булоқ”дан эса кўз, бош, қулоқ, томоқ, қўл-оёқ оғриғи ва бошқа шу каби ҳасталиклар билан келган беморлар дам солиниб, сув ичирилиб даволаганлар.

Девонахон она хизмат кўрсатган 1917-1945 йилларда зиёратгоҳ номи  Қирғизистоннинг Ўзганидан Тожикистонннинг Ҳўжандигача довруғи кетган дейилади. Чунки Онахон тақводор, диний билимлар эгаси бўлибгина қолмай, маълум даражада илоҳиёт илмидан боҳабар, кароматлар соҳибаси ҳамда табиблик бўйича нафақат тажрибаси, балки, муҳри, ҳужжати ҳам бўлган эди. Бу масканга келганлар ҳам руҳан, ҳам жисмонан шифо топар, мушкулларига енгиллик, ҳожатларига равонлик ато этилар эди. Ҳатто, руҳий ҳаста беморлар бир неча ой давомида даволаниб кетишарди.

Зиёратгоҳга келган ҳожатмандлар Аллоҳ йўлида қурбонлиқ қилиб ҳар ҳил жонлиқлар: қўй, мол, парранда , ҳатто туя сўйиб, келган мискинларга ва халққа тарқатилар эди. Қимматчилик, қахатчилик ва уруш йилларида бу маскан Девонахон она барокатидан кўп оч-ночор одамлар таомланиб, ҳатто бошпана топиб, ювинтирилиб, кийинтирилиб, моддий ва маънавий озуқа олиб, келиб-кетиб туриладиган макон вазифасини ўтаган экан.

Девонахон она ҳузурига аксарият аёллар даволангани келишар, Она уларга ваъз, насиҳат ва дуолар қилиб, маънавий, диний ва дунёвий сабоқлар бериб, динсизлик ҳукумронлиги даврида осийликдан маърифатга етаклаган.

Зиёратгоҳдаги битта улкан ва бир нечта кичикроқ қайрағочлар бўлиб, бу оромбахш маконга баҳаво сўлимлик, алоҳида файз ва гўзаллик бахш этиб турган. Бу муқаддас масканга нақшбандия тариқатининг авлиёларидан Қаландархоналик Ялонғич тўра ҳазратлари Қўқонқишлоқ ва Чувама сари отланганда, йўл-йўлакай кириб, саддақайрағоч остидаги супада дам олган онларда янада азиз ва ҳосиятли бўларди. Тўрам Онахонни ҳурматини жойига қўяр ва зиёратгоҳга келган бошқа бемору ҳожатмандларни, гўдакларни оғзига туфлаб уларга умр сўраб дуо қилар ва дуолари ижобат бўлар эди. Бу кароматгўй инсон дуосини олиб, урушга кетган йигитлар соғ омон қайтиб келганлари ҳақида ҳанузгача гапиришади.

Девонахон онанинг кароматларидан бири, 1940 йилларда аёлларга ваъз айтганда насиҳат қилиб, “Шукур қилинглар, ношукур бўлманглар, тул қоласизлар”, - дея яқинлашаётган урушдан башорат берган экан. Бу авлиёзотнинг оламдан ўтиши ҳам кароматдир. Онахон Ҳакан қишлоғилик жияни Қорабой аминникига бориб, тунаб қолади ва туш кўради. Булоқ ёнидаги энг катта қайрағоч йиқилган эмиш. У эрталаб яқинлари билан ҳайирлашиш ўрнига видолашиб уйига қайтади. Ҳақиқатан ҳам ҳукумат топшириғи билан қайрағочлар кесилган, бу ишни бошлаб берган бегуноҳ банда қаттиқ бетоб ётар эди. Шунда илоҳият илмидан боҳабар Девонахон она “Сенинг оиланг, ёш болаларинг бор, яшашинг керак”,- дея бемор атрофини етти бор айланиб Аллоҳдан сўраб, ўз жонини у кишига тасадди қилган экан. Ўшанда Арафа куни бўлиб, эртасига Ҳайит намозидан сўнг Пайғамбаримиз (С.А.В.) ёшларига борган ул зотнинг жанозаси ўқилади.

Онахон вафотидан сўнг 1950 йилларгача бу муқаддас масканга зиёратчилар келишиб, дуо фотиҳалар қилиб, она руҳларини шод этишиб турганлар. Мустабид ва динсизлик даврида зиёратгоҳлар таъқиқланди. Қаровсиз қолган булоқнинг жаннат балиқлари портлатгичлар ёрдамида овланди. Булоқ бўйидаги супалар ичкиликбоз ва қиморбозлар жойига айланган. Муқаддас балиқларни овлаб, у жойларда нопок ишлар қилган гуноҳкор бандаларнинг умрлари турли оғир касаллик ва бахтсиз ҳодисалар сабаб ҳазон бўлди. Бу воқеалар келажак авлодларга ибрат бўлмоғи керак. Зеро Яратган Эгам ўз тақводор дўстларининг руҳларини қиёматгача сақлайди. Улар ўзларини эъзозлаганларни қўллаб қувватлайди, ҳурмат этмаганларни жазолайдилар.

Мустақиллик йилларида миллий қадриятларимиз ва маданий меросимизга эътибор кучайди. 1989 йил булоқлар бўйида Дулдул қишлоғилик Мирзамўйдин домла бошчилигида маҳалла учун намозгоҳ биноси қурилди-ю, бироқ бу ишларни қонунлаштиришнинг имконияти бўлмай, тўхтаб қолади. 2019 йил Девонахон она авлодларидан Ўсар ҳожа Мирзакамоловнинг саъйи ҳаракати билан бу муқаддас маскан Маданий мерос объектлари диққатга сазовор жойлар “Девонахон она зиёратгоҳи” сифатида давлат муҳофазасига олинди.

 

Ушбу мақола Ў.Мирзакамолов манбаларидан фойдаланилди.