Бу булоқлардан инсонлар турли дардларга шифо топиш мақсадида фойдаланадилар. Шу ерлик аҳоли вакилларидан бири Исмоилова Нишон опанинг айтишича, зиёратгоҳда учта шифобахш булоқ бўлиб, биринчиси қўтир булоқ, яъни қўтир ярасига шифо бўлувчи булоқ бўлиб, қўтир яраси тошган инсонлар шу булоқ сувидан ичса ёки яра жойларни ювса шифо топадилар. Иккинчи булоқ – қулоқ булоқ деб номланиб, қулоғи оғриган бемор ушбу сувда қулоғини ювса, тузалиб кетар экан. Учинчи булоқ ҳақида аҳоли вакиллари шундай фикр билдирадилар. Бу булоқнинг номи фарзанд булоқ бўлиб, фарзанди йўқ инсонлар ушбу зиёратгоҳни зиёрат қилиб, булоқ сувларидан ичиб, юз-қўлларини ювса фарзандлик бўлишган деган фикрларни билдирадилар.