Мингтепа (Марҳамат)да яна бир хонадон бор. Бу хонадоннинг таърифи ҳозирги кунда юртимизда ва кўплаб хорижий давлатларга тарқалган. Бу даргоҳ республикамиз ва чет эллик сайёҳларнинг қизиқарли масканига айланиб улгурган. Андижон вилоятининг Мингтепасида яшовчи Юнусали Ғозиев бугунги кунда дорбозлик миллий санъатини давом эттириб келаётган, шунингдек, туманда миллий туризмни ривожланишига беминнат ҳиссасини қўшаётган жонкуярлардан биридир. Машҳур дорбоз Тошкенбоевларнинг шогирди бўлган Юнусали тоға Ғозиев ўзининг бетакрор санъати билан дунё кезган инсонлардан биридир. Унинг хонадонига ташриф буюрсангиз, нафақат, дорбозлик санъати намойишларидан, балки, хонадонда яратилган бетакрор боғ манзараларидан ҳам ҳайратга тушасиз. Юнусали тоға ўз фаолиятини қуйидагича баён қилди.

– Мен дорбозлик санъати билан 14 ёшимдан бери шуғулланаман. Дастлаб, ўша машҳур дорбоз Тошкенбоевлар сулоласи билан 23 йил давомида фаолият олиб бордим. Кейинчалик, 1985 йилда ўз юртимга қайтиб келдим. Бу ерда фарзандларим билан оилавий “Андижон самоси” дорбозлик гуруҳини ташкил қилдим. Кўплаб хорижий давлатларда халқаро фестивалларда миллий дорбозлик санъатимиз билан Ўзбекистон номидан қатнашдик ва совринли ўринларни олдик. Масалан, 1987 йили оилавий гуруҳимиз билан Москва шаҳрида бўлдик. 1988 йили Ҳиндистонда икки ойлик сафар ташкил этиб, кўргазмали чиқишлар уюштирдик. Бундан ташқари, Ветьнам, Лаос, Камбоджа, Америка давлатларида ҳам бўлганман.
