Марҳамат тумани маркази Ипак йўли кўчасида жойлашган “Мингтепа” музейи бугунги кунда сайёҳлар ва зиёратчиларнинг қизиқарли масканига айланиб улгурган. Бутун Республикамизнинг турли масканларидан ва хориждан келган кўплаб зиёратчилар, сайёҳлар, айниқса, ёшлар бу музейдаги экспонатларни кўриб, ҳайратлари ошади. Ўзларини худди бундан, тахминан, 2500 йил олдин мавжуд бўлган қадимий Довон давлатининг пойтахти Эрши-Мингтепага бориб қолгандек ҳис қиладилар. Бу музей шу ерлик фуқаро Ортиқали Ҳусанов томонидан барпо этилган. Бу мажмуа бўлиб, ўз ичига Мингтепа очиқ ва ёпиқ музейлари, Хотира ёдгорлиги, маънавият боғи, тарихий-тематик парк, «Мингтепа гумбазлари», китоб мутолаа қилиш жойлари ва кутубхоналарни ўз ичига олади. Бу ердаги барча хизматлар мана ўн икки йилдан буён ахолига эзгулик йўлида бепул амалга ошириб келинмоқда.
– Бугунги кунда бу музейга қўйилган экспонатлар сони ва мазмуни янада кенгайтирилган. Ички қалъанинг илмий хулосаларга асосланган уникал макетлари яратилди ва бу жой ўқувчилар, талабалар ҳамда аҳолининг билим олиш масканига айланиб улгурди. Бу ерда деярли ҳар ойда ахолини билимини ошириш мақсадида тарихга, адабиётга, китобхонликка, туризмни ривожлантиришга бағишланган тадбирлар ўтказиш йўлга қўйилган. Ҳар йили “18 апрель –Ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш ҳалқаро куни”га бағишлаб Мингтепа тарихи бўйича танлов ва музейлар кўргазмалари, шунингдек, 26 апрелm Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг таваллуд айёмига бағишланган халқ сайиллари анъанавий ўтказиб борилади. Уларда оддий ўқувчидан тортиб то етук олимларгача илмий ва ижодий ишлари билан қатнашиб келмоқдалар. Булар қаторида дунё мамлакатларидан келган мартабали меҳмонлар ҳам учраб туради. Ўнлаб илмий, оммабоп мақолалар, телекўрсатувлар аҳоли эътиборига ҳавола қилинмоқда. Ёдгорлик ҳақида махсус видео кўрсатувлар, мақолалар, буклетлар, флаерлар, паннолар тайёрланди. Мингтепа ҳақида хитойлик олимлар 2 та китоб яратишган бўлса, биз эътиборга молик китоб-альбом ва “Мингтепа” илмий-оммабоп тўпламини яратдик. Бундан ташқари, фуқароларимиз ёдгорлик ҳақида тўлароқ маълумот олишлари учун маънавият боғида Мингтепа ёдгорлигини ёритувчи ва бу заминда яшаб ижод қилган улуғ шахслар ҳақидаги материалларни ва фотосуратларни ўзида акс этган 22 метрлик пано ўрнатилган, -дейди Ортиқали Ҳусанов.
«Мингтепа» музейига келсангиз, музей ташқари қисмида қадимий Довон давлатининг довруғини дунёга таратган самовий отлардан 3 тасининг каттагина ҳайкалини кўришингиз мумкин. Қадимда Довон давлатининг бош шаҳри дея эътироф этилаётган Мингтепа, тарихдан маълумки, Буюк Ипак йўлининг асосий карвон йўллари ўтувчи марказий шаҳарлардан бири бўлган. Мана шу карвон йўлининг мазмунини берувчи кичик ва катта ҳажмдаги карвонбоши етаклаган туялар карвони ҳайкаллари ҳам келувчиларда катта таассурот қолдирмоқда. Айниқса, қадимий тарихий асарларда, жумладан, Хитой тарихининг отаси деб аталувчи Сима Цяннинг “Ши Жи” (“Тарихий хотиралар”) асарида ҳам, ёки рус синолог олими Н.Я.Бичуриннинг “Собрание сведений о народах, обитавших в Средней азии в древние времена” китобида ёки Манноп Эгамбердиевнинг “Сариқ аждар ҳамласи” тарихий романида баён этилган уруш пайтида фойдаланилган “Ўзиюрар ёғоч уйлари” (Уруш араваси), “Қиз-қувди”, “Улоқ” каби қадимий миллий урф-одатларимиз акс этган макетлар ташриф буюрувчиларнинг тарихий билим ва тафаккурларини бойитишга хизмат қилиб келмоқда. Буларнинг барчаси сайёҳлар тасаввурида қадимий Буюк Ипак йўлидаги Мингтепада қайноқ ҳаётни акс эттиришга хизмат қилувчи тарихий тематик парк таркибига киради.
– Биз томонимиздан туманимизга ташриф буюрувчилар қизиқишини ортириш, уларга қулай шароитлар яратиш учун қадимий Довон даврига хос тарзда этно мухитни яратиш мақсадида Асака – Марҳамат йўлининг туман худудидан ўтувчи қисмининг қирғоқларига ва Буюк Ипак йўли бўлган Қува – Марҳамат йўлининг туман худудидан ўтувчи қисмининг қирғоқларига ҳар бири самовий отлар ва карвонларни акс эттирувчи туялар хайкаллари, сайёҳлар учун санитар-гигиеник шахобча (жамоат хожатхонаси), хунармандчилик махсулотлари ва сувенирлар шахобчаси ҳамда Wi-Fi худудини ўз ичига олувчи “Кичик туристик маскан”ларни барпо этиш режалаштирилган. Ҳозирги кунда улардан учтаси сайёҳларга хизмат кўрсатяпти,- деб изоҳ берди О.Ҳусанов.
Мингтепалик олим тарих фанлари доктори Маҳмуд Ҳасаний “Мингтепа” музейи ҳақида шеър битган.
Икки мингу яна беш юз йил,
Аввал нима бўлганини бил.
Гуллаб турган пойтахт Эрши,
Курашибдир кимларга қарши?
Оқибатда не бўлди шаҳар,
Халқи ютди не учун заҳар?
Учар отлар қайга йўқолди,
Халқи қандай қайғуга қолди?
Билай десанг буни ҳар онда,
Эртами-кеч, хоҳлаган онда,
“Турон”га кел![1]
[1] М.Ҳасаний. Ишқ девони. “Наврўз” нашриёти, Тошкент, 2017 й. 435-бет.
«Мингтепа» музейи бугунги кунда, нафақат, республикамизнинг, балки, дунёнинг кўплаб сайёҳларининг эътиборини тортаётган масканга айлана олди. Музейга Америка қўшма штатлари ва Канада элчилари, ёш олимлари, Италия давлатидан, Япония давлатидан, Жанубий Кореядан, Россия Федерациясидан, Хитой Республикасидан, Таиланд давлатидан ҳам сайёҳлар ва олимлар ташриф буюрганлар. Улар “Меҳмонлар китобига” ўзларининг илиқ фикрларини билдириб қолдиришган.