АҲМАДБЕК ХОЖИ МЕҲМОНХОНАСИ
Дилшодбек Юсупов,
Андижон вилояти
маданий
мерос бошқармаси
мутахассиси, санъатшунос.
Мазкур меъморий обида 1905-1907 йилларда андижонлик бой ва саҳий инсон,
пахта тозалаш корхонаси раҳбари бўлган Аҳмадбек ҳожи Темурбек ўғли буюртмаси
билан меҳмонхона ва иш юритиш жойи сифатида бунёд этилган. Қурилишда ўз
даврининг таниқли меъморларидан, кейинчалик Ўзбекистон Республикаси Фанлар
Академиясининг фахрий аъзоси, Ўзбекистон халқ меъмори даражасига эга бўлган
Уста Юсуфали Мусаев (1869–1947 йй) ҳамда Уста Тошхон ва Уста Яҳё ва уларнинг
шогирдлари иштирок этган. Меъморий ёдгорлик халқ амалий безак санъатининг сир
наққошлик ва ганч ўймакорлиги турлари билан безатилган. Сир наққошлик санъати
устаси қўқонлик Саидмаҳмуд Норқўзиев (Ўзбекистон халқ рассоми) томонидан амалга
оширилган.
Меҳмонхона ўз даврига ҳос бўлган меъморчилиги анъаналари уйғунлигида
бунёд этилган. Умумий тархи “П” шаклида, шимолий томони икки қаватли бўлиб,
биринчи қавати пишиқ гиштдан,иккинчи қавати синч асосида ҳом ғиштдан қад
ростлаган. Шарқий ва жанубий томонлари бир қаватли хоналардан иборат. Хоналар
миллий анъанавий бир даҳлиз ва катта уй кўринишидаги 14 та, яъни 7 жуфт ҳоналардан
иборат.Барча қават ҳоналарининг олдида марказий қисми бироз кўтарилган,яъни
кайвонли айвон бунёд этилган бўлиб, бу обиданинг кўриниши учун алоҳида маҳобат
касб этади. Иккинчи кават хона ва айвони ҳамда биринчи қават айвонларининг
шифти вассажуфт услубида ёпилган. Меҳмонхонанинг васссажуфт, босма ва осма
услублардаги қўш наво ва арроқи сарроф усулида шакл берилган шифтлари Фарғона
водийси наққошлик санъатига ҳос анъана билан сайқал берилган. Уста Саидмаҳмуд
Норқўзиев фаолиятида ўзининг тўлиқ аксини топган бу анъана нақшлари гулларининг
хоновор жойлаштирилганлиги ҳамда умумий
кўринишда қизил туснинг тантанаворлиги билан ажралиб туради. Миллий сиркорликда
қизил ранг олов, қуёш, умуман исссиқлик ҳисобланган. Усталар қизил ранг билан
меҳмонхонага иссиқлик олиб киришган.
Умумий қизил тусдаги шифтларига яшил, кўк, зархал, пушти, сариқ ва оқ
ранглар уйғунлигида, асосан, ўсимликсимон ва геометрик беътакрор нақшлар
битилган. Ароққи сарроф юзаларига “сандуқа”, “патниси”, “қўшбанд”, навога “нақши
гузаро”, “нақши мутаасил”, тўсинларга “гули битта”, “якрафтор ислимий”,
“дурафтор ислимий”, вассаларга “пошшойи”, “ғунча”, “мадоҳил” нақшлари Фарғона
водийси наққошлик мактабига хос руҳиятда адо этилган. Меъморий ёдгорликнинг яна
бир бадиий қиймати шундаки, болахона шифтидаги сир нақшлар ўз аслида жуда яхши
сақланиб қолган. Биз хона безакларидан фақат наққош маҳоратигина эмас, шу билан
бирга хона ички безакларининг ўзбек халқ меъморлигига хос шарқона руҳият
намунасини гувоҳи бўламиз.
Меҳмонхонанинг шимолий қисмидаги пишиқ ғиштдан хашамдор қилиб қурилган қабулхонасига
алоҳида эътибор берилган бўлиб, ташқи эшик ва дераза атрофлари ҳамда баланд,
кўркам шифтлик, ўзига хос меҳроб ва токчалар гўзаллиги билан уйғунлашган ички
хоналари ўйма, қолпаки ва қирма услубларда битилган ганчкорлик наъмуналарида кўҳна
ва анъанавий ҳусусиятлари билан бирга XIX аср охири ва ХХ аср бошлари
меъморлигига ҳос бўлган “Эклектика”, яъни шарқ ва ғарб санъати уйғунлигини
кузатиш мумкин. Ўймакор нақшларнинг асоси, гули ва бандларига яшил, қизил,
пушти, кўк ва зархал ранглар уйғунлигида сайқал берилган. Биринчи ва иккинчи қават
айвон деворларининг юқори қисмига икки қатор безамин ўйма хошия нақши, унинг
остидан асоси кўк қирма услубда “чор калит” ва “чор барг” ислимий нақшлари ва
пастки изора (панел) қисмларида қирма услубидаги геометрик ганчкорлик нақш
намуналари кўзга ташланади.
Мазкур меҳмонхона Аҳмедбек хожи ҳовлисининг ташқиси бўлиб, кутиш
залининг ғарбий томонидан ичкарига ўтувчи махсус йўл қилинган. Мазкур залнинг ғарбий
томонида миллий услубда қурилиб “шолғоми” ва “чор қирра” гумбазлари билан
ёпилган мўжазгина ҳаммом бунёд этилган. Кичик ҳажмдаги бундай ҳаммомлар қадимдан
карвонсарой ва меҳмонхона каби жамоатчилик биноларининг таркибий қисми
хисобланган. Мазкур ҳаммом гумбазлик бинолар, хусусан ўзбек миллий анъанавий ҳаммомчилиги
бўйича ўзига хос мактаб яратган уста Юсуфали Мусаев ижодидан наъмуна сифатида
сақланмоқда.
Аҳмадбек хожи халқ орасида иймон-эътиқодлик, диёнатлик, инсофлик, халқпарвар
бой сифатида обрў қозонган. У меҳмонхонадан ташқари Андижонда иккита масжид қурдирган.
Хожи ота 90 йилга яқин умр кўриб, инқилобдан кейинги ҳаётини Қашқарда ўз ҳурмати,
обърў ва эътиборини сақлаган ҳолда ўтказган бўлса-да, бир умр Андижонга қайтиш
умиди, чексиз армонга айланиб ўтган. Аҳмадбек хожининг набираси, истеъдодли
ўзбек ёзувчиси Ёқуббек Якбархўжаев “Қайтар дунё” романида ўз бобоси ҳаёти ҳақида
батавсил маълумот беради.
Меҳмонанинг ғарбий томонига Андижон шаҳрининг Хакан ҳамда Жалабек
худудидаги бузилиб кетаётган ва 19 аср охирлари 20 аср бошларига оид икки
масжиднинг нақшинкор шифт қисми кўчириб келиниб, айвон шаклида қайта тикланган.
1920 йилларда обидада ўрта мактаб ва шу билан бирга саводсизликни
тугатиш курслари сифатида фойдаланиб келинган. Уруш йилларида эвакуация қилинган
аҳолига бошпана, кейинчалик қишлоқ хўжалик билим юрти ўқувчилари учун ётоқхона
вазифасини ўтаган.
1970-1975 йилларда Андижон махсус таъмирлаш устахонаси томонидан олиб
борилган таъмирлаш ишларидан сўнг, вилоят ўлкашунослик музейининг тасвирий ва
амалий санъат бўлимлари ташкил этилган.
1983 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қарори билан Республика
миқиёсидаги маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида вилоят Мусулмонлар идораси ҳамда
“Олтин мерос” ҳайрия жамғармаси, 2009 йилдан вилоят ҳунармандлар уюшмаси бошқармасининг
идораси сифатида фойдаланилди.
Ҳозирги кунда обидада мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Халқаро сайёҳлик йўналишига киритилган ушбу меъморий обида вилоятдаги
маданий меросимизнинг беътакрор намуналаридан бўлиб, юртимизга келаётган
хорижий сайёҳларнинг миллий меъморчилик санъати билан амалий таништириш
баробарида, аҳоли ва ёшларни, айниқса, келгуси авлодни она диёримизга, унинг
бебаҳо меросига муҳаббат руҳида тарбиялаш учун хизмат қиладиган мўътабар даргоҳ
сифатида қадирлаб келинмоқда.
Фойдаланилган
адабиётлар:
1. И.Азимов
“Фарғона водийсининг архитектура ёдгорликлари”,
Тошкент.: “Ўзбекистон“ нашриёти, 1986
йил.