“Андижон қўзғалони” нинг 125 йиллигига бағишланади ДУКЧИ ЭШОН: ТАРИХ ВА ҲАҚИҚАТ
“Андижон қўзғалони” нинг 125 йиллигига бағишланади ДУКЧИ ЭШОН: ТАРИХ ВА ҲАҚИҚАТ

“Андижон қўзғалони” нинг 125 йиллигига бағишланади

 

ДУКЧИ ЭШОН: ТАРИХ ВА ҲАҚИҚАТ

Обиджон Маҳмуд Довоний,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий

уюшмаси аъзоси, “Антик дунё ” Халқаро илмий

академияси доценти, тарихчи ўлкашунос, публицист.

 

Буюк тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди. У халқларнинг қонида, тарихий хотирасида сақланади ва амалий ишларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам қудратлидир. Тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодлардан авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналишларидан биридир.

Ш.М.Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти.

Ватанни севмоқ иймондандир. Мазкур исломий ҳикмат ушбу илмий, тарихий-публицистик мақоламизнинг қат-қатига сингиб кетгандир, десак адолатдан бўлур. Сабаби, бизлар ўзимиз туғилиб ўсган ва киндик қонимиз тўкилган она масканимиз бўлмиш Мингтепанинг яқин ва узоқ ўтмиши билан боғлиқ ҳамда шу юртдан чиққан, тарихда “Андижон қўзғалони” номини халқ миллий озодлик ҳаракатининг ташкилотчиси ва раҳнамоси Муҳаммадали Эшон, Собир Халфа ўғли-Дукчи Эшон хақида сўз юритмоқ ҳамда бу гўзал диёр ва унинг жасоратли фарзанди бўлмиш истиқлол курашчисининг қолдирган бой тарихий ва маънавий мероси ўйлаймизки, сиз азиз муҳлисларда ватандан фахрланиш, ифтихор туйғусини туйиш, илиқ таассуротларни уйғотади.

Муҳаммадали Эшон вояга етган кўҳна ва боқий юрт-Мингтепа жаҳон цивлизация бешикларидан бири бўлган жон-Андижонимизнинг гавхари бўлганлиги барчамизни эътиборсиз қолдирмайди, албатта.

Мингтепа ҳақида икки оғиз сўз

Тарихдан яхши маълумки, қадимги Хитой ёзма манбалари, Россиялик тарихчи-археологлар ҳамда замонавий Интернет маълумотларига асосланадиган бўлсак, милоддан аввалги V-IV ва милодий V асрларда қад кўтарган, қадимги Довон (Фарғона) давлатининг бош шаҳри дея эътироф этилган Эрши шаҳрининг вайронаси бўлган Мингтепа қалъаси Марҳамат тумани 52 марказидан унча узоқ бўлмаган ҳудудда жойлашган. Қарийб 2-2.5 минг йиллик тарихга эга бўлган ушбу ноёб археологик ёдгорлик олис мозийдан сўз очмоққа қодир бебаҳо осори-атиқадир. Пойтахт шаҳар Эрши “Катта шаҳар”, “Эр шаҳар” деганидир. Шу боис, Эршини “Водий ичдаги водийча” десак, ҳақиқатга яқинроқ бўлади. Қарийб 2-2.5 минг йиллик тарихга эга бўлган ушбу ноёб тарихий-археологик маскан (Ички шаҳристон- 41.2 гектар, ташқи Шаҳристон ҳудуди 320 гектардан зиёд) олис мозийдан сўз очмоққа қодир бўлган очиқ осмон остидаги музей-шаҳардир.

Шу боисда ҳам, мухтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев 2019-йил 16-май кунида Андижон тупроғига ташриф буюрганларида “Мингтепадек буюк тарихимизни ёритувчи, исботловчи масканларимиз бор экан, биз нима учун бошқалар олдида бошимизни кўтариб юролмаслигимиз керак. Албатта, бундай буюк ўтмишимиз ҳақида, аввало, ўзимиз ёшларимиз ичида кенг тарғиб қилишимиз керак”, -деб айтганларида минг бора ҳақ эдилар.

Дор остида кулиб турган элатсан

Маълумки, XIX асрнинг иккинчи ярми тарихимизнинг яна бир аламли ва кулфатли даврини бошлаб берди. Шимолдан ёғилган аёвсиз бало-қазо пароканда бўлган Туркистонни зулм ва истибдод исканжасига солиб қўйди. “Оқ империя” сизу бизнинг аждодларимизга нисбатан мустамлакачилик, улуғ давлатчилик ва шовинистик, геноцид сиёсат олиб борди. Табиийки, бунга қарши маҳаллий аҳоли ўз озодлиги, Россиясига қарши 4922 марта исён қилингани маълум. Ана шу ҳаракатларнинг энг кучлиларидан бири (ҳатто ярим мустамлака ҳисобланмиш Бухоро ва Хива хонликлари халқларига ҳам таъсир ўтказган) 1898 йилги Андижон қўзғолони мустамлака ҳисобланмиш Туркистонни инқилобий ларзага келтирган. Бу қўзғолонга Андижон губернияси, Избоскан кенти маркази бўлган пойтуғлик Эшон Султонхон Тўранинг муриди мингтепалик “Дукчи Эшон” номи билан машҳур бўлган 42 (51) ёшли Муҳаммад Али Эшон уста Собир ўғли бошчилик қилди. Андижон қўзғолонининг асл сабаблари ва аҳамияти, қўзғолон ташкилотчиси ва раҳнамоси Муҳаммад Али Эшон шахси ва унинг фаолияти воқеа содир бўлганидан то ҳозирги кунимизга қадар турлича баҳоланиб келинди. Бир-бирига қарама-қарши фикр-мулоҳазалар айтилди.

Андижон давлат унверситети профессори, тарих фанлари доктори Рустамбек Шамсиддинов шундай ёзади. “Чор Россияси маъмурлари, ҳарбийлар, сиёсатдонлари ўзларининг
кўплаб рапортларида, матбуот (“Мир божий”, “Русский инвалид”, “Правительственный вестник” ва бошқалар) саҳифаларида бу қўзғолон ҳақида кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирганлар. Рисола ва диссертациялар (В.Сальков. Андижон қўзғолони, Қозон, 1901; И.Кузнецов. Марказий Осиёда цивилизация ва тиллар кураши. Париж, 1913), ҳатто Владимир Ульянов (Империализм дафтарлари) ва бошқалар асарларида Андижон воқеаси таҳлил қилинганди, яъни Владимир Ульянов Швецарияда бўлиб турган (1916) вақтида ёзган “Империализм дафтарлари” ва бошқа асарларида бу қўзғолонни ижобий ва салбий баҳоловчилар бўлган”,-дейди Р.Шамсиддинов. Дархақиқат, юқоридаги асарда “Диний ниқоб остида сиёсий норозилик рўй бериши... ўз тараққиётининг маълум босқичида ҳамма халқларга ҳам ҳос бўлган ҳодисадир” -дея талқин қилинган.

Шўролар замонида 1898 йилги Андижон воқеасини тўғри, ҳаққоний ёритишни Андижон фарзанди, жадидчи, публицист ва олим Фозилбек Отабек ўғли бошлаб берди. Унинг “Дукчи Эшон воқеаси” (Самарқанд, 1927) китобида чоризмнинг истибдоди ва унга қарши кўтарилган миллий озодлик ҳаракатлари далиллар асосида ўзининг ёрқин ифодасини топган. Фозилбек Отабек ўғли ўтган асрнинг 20-йиллар тарихшунослигида биринчи бўлиб, 1898 йилги Андижон қўзғолонинг раҳбари Муҳаммад Али Эшон шахси ва унинг фаолиятини бевосита ўша воқеалар гувоҳи сифатида холис баҳолаб, ўз фикрларини замондошлар гувоҳликлари асосида ишонарли тарзда исботлаб берган. Аммо худди ўша вақтда Андижон воқеаси тарихан холисликдан йироқ, хаспўшланган ва бир ёқлама тарзда баҳолангани ҳам маълум. Бу ўринда Сангзоданинг “Революция в Средней Азии” журналида (Тошкент, 1928) эълон этилган “К 30 летию Андижонского восстания 1898 года” мақоласини эслаш мумкин. У Андижон қўзғолонини шундай баҳолаганди: “Объектив олганда бу қўзғолон нимага олиб келар эди? Ҳақиқатан ҳам у чоризм пойдеворига зарба бердими? Ҳа, бу тўғри, лекин шу билан бирга 1898 йилги қўзғолон капиталистик муносабатлар ривожига ҳалақит берарди, бу эса биринчиси каби муҳим аҳамият касб этади”. Баъзи бир ўртоқлар қатор ҳолатларга кўра, уни реакцион қўзғолон, деб баҳолайдилар ва шу заҳотиёқ инқилобий томонларини ҳам қистириб ўтадилар. Баъзилар эса уни инқилобий қўзғолон деб ҳисоблайдилар, чунки унда деҳқонлар ва омма иштирок этган. Яна бошқалар эса, бу қўзғолон объектив равишда чоризм асосларига зарба берганлигини рўкач қиладилар...

Барчамизга ойдек равшанки, қаерда босқинчилик, зулм, истибдот бор экан, у ерда ҳақиқат, адолат, ҳуррият, миллий озодлик учун кураш бўлади, ўз хақ-хуқуқини таниш учун, ўз она тупроғини озод ва ҳур кўриш учун халқ ҳаракати бўлиши табиий ҳол, албатта. Тарих саҳифаларида “Андижон қўзғолони” номи билан машҳур бўлган ушбу қўзғолон жадидчилик ҳаракатининг улкан намоёндаларидан бири бўлган мингтепалик Муҳаммадали Эшон бошчилигида 1998 йили 17 майдан 18 майга ўтар кечаси тунни ёритган чақмоқ мисоли юз беради.

Минг афсус, бобомизнинг орзу-умидлари оч-юпин халқнинг курашдаги тажрибасизлиги, ўқ отар қуролларининг озлиги, ташкилотчиликнинг етарли олиб борилмаганлиги, қолаверса, аҳоли орасидан чиққан баъзи бир сотқин кимсаларнинг “Оқ подшо” малайига айланганлиги боис аёвсиз бостирилади.

“Мана сенга, Марҳамат!”

Шундан сўнг эртасига, 19 май куни кечаси соат 23 лар чамасида Избоскан ноиби Оғабеков ўз йигитлари ва халқ хоини Қодирқул мингбоши ёрдами билан Етти сув вилоятига ўтиб кетиш учун Чорвоқ қишлоғида тошкўприк олдида адашиб қоган Муҳаммадали Эшон, унинг сўписи Хожимат ва энг яқин муриди Субхонқулни тутиб олиб келишади. Андижон хибсхонасида ўрис терговчилари кўплаб гувоҳларга “мана шу киши Эшонми?”,- деб сўраганлари, Асака ноиби Соҳиб Еникеевга “бу киши ҳақиқатан ҳам ўша Муҳаммадали эшонми?”, - деб кўрсатишгани, Тупроқтепадаги дор тагига тўпланган шаҳар аҳолисига “Эшон шуми?”- деб мурожаат қилишганини чуқур таҳлил қилган киши ажабланиши турган гап.

Бундан ташқари, Эшоннинг Мингтепадаги Гаргар қишлоғида яшаб ўтган, яъни Тўрақул эшонга турмушга чиққан синглиси Шакаройимникига 17 май куни ярим тунда ўзининг оқ отида кириб келган акаси Муҳаммадали Эшон ўрисларга кучи етмаганини афсус надомат билан сўзлаб бергани ҳақида Шакаройимнинг чевараси 90 ёшни қоралаган Кимсанбой отанинг 1992 йилда бўлган суҳбатимиздги айтганлари ҳамда Мингтепанинг “Янги қишлоқ” маҳалласида яшаган амакиси Йўлдошбой Абдукарим махсум ўғлининг юқоридани фикрларни тасдиқлаб айтган гаплари ҳаммамизни ўйлантириб қўйганди. Сабаби, ҳар икки отахон сўзларига кўра, Шакаройим хонадонида “Туя сандиқ” орқа тахталарини олиб ташлаб, унинг ичига Муҳаммадали Эшонни кўрпага ўраб беркитиб икки-уч кун сақлашгани ва сўнгра 3-4 отлиқ кишилар келишиб, Эшонни Олай орқали Асалбиби юрти бўлган Қошғорга олиб кетишган. Эшон ўрнига эса Андижонлик муриди, энг яқин мирзоси бўлган ва олдиндан ўрисларни ҳар эҳтимолга қарши чалғитиб, “Мен Муҳаммадали Эшонман”, - деб айтишга тайёрлаб қўйилган қиёфадошининг бўлганлиги ҳар қандай одамни таажжубга солиши аниқ. Хуллас, қўзғолон вахшийларча бостирилгач, ҳаммаси бўлиб, 16 нафар одам дорга осилган, кўплаб одам отиб ташланган, 300 дан зиёд одам ўз юртидан бадарға қилиниб Руссиянинг турли юртларига сургун қилинган. Дукчи Эшоннинг 81 ёшли онаси Асалбиби, хотинлари Тожибиби Мақсудхожи қизи ва унинг икки қизчаси бўлган Неъматпошшо ва Ҳамробиби, Иснорабиби Абдужалил қизи ва унинг ўғли Абдужалил, Руқиябиби Исмоил қизи ва унинг ўғли Абдураҳим, шунингдек, акаси Муҳаммадсоқи ва унинг ўғли Мусурмонқулларни Пенза губерниясига 6 йилга сургун қилинади.

Қутирган чор маъмурлари ва ҳарбийлари ўша йили 13 июнь куни кечки пайт Мингтепага замбарак ва милтиқлар билан қуролланган батальён аскарларини қишлоққа кираверишга ўрнаштириб, эртаси куни тонг саҳарда Мингтепани жануб томондан тўпга тутиб, култепага айлантирадилар. Қишлоқнинг бор иморатлари маҳаллий мардикорлар томонидан буздириб ташланади. Шу алпозда 15 кун одамларни мажбуран ишлатиб, Мингтепа қишлоғи ва унда яшовчи 780 оила уй-жойлари теп-текис қилинади. Дукчи Эшон масжиди, хонақохи ва ҳовлилари бўлса тамоман бузиб ташланади. 

Суратда: Дукчи Эшон хонақосини бузиб ташлаш учун келган ўрис аскарлари ва хонақонинг тархи акс этган.

“Andijon qo’zg’aloni” dan uch kun o’tib, Mingtepa qishlog’ini  to’pga tutish uchun keltirilgan zambaraklar.
                  
                   1898-yil 21-may

Шундан кейин, қисқа муддатда Мингтепа ва Тожик қишлоқлари ўрнида 450 хонадонга мўлжалланган (баъзи манбаларда 200 хонадон) янги ўрисча посёлка қурилиб битказилади ва унга “Марҳамат” деган ном берилади.

Теп-текис қилинган, аҳолиси “қатлиом”га дучор бўлган Мингтепа қишлоғининг майдони Марғилон ва Андижон уездларидан чақирилган муҳандису ер ўлчайдиганлар томонидан 8 кун мобайнида тўлиғича қайтадан режалаштирилиб, янги кўчаларнинг тархи олинади. Унга Руссиянинг Саратов ва Самара ҳамда Украинанинг Харьков шаҳарларида рус мужиклари олиб келиниб ўрнаштирилади.

Азон айтиладиган масжид минораси босиб қолган диний мактаб (тепалик) ўрни унда мударрис ва 24 нафар толиблар тупроқ остида қолиб кетган.

d6

Дукчи Эшон дорга осилмаганми?

1992 йили кеч кузида Мингтепага Душанбе шаҳридан ўша ерда тиббиёт олийгоҳида ўқувчи, асли Сўғд вилояти (Хўжанд) Ашт ноҳияси Қалам қишлоғи Раҳимжон Турсунов кўчаси 2-уйда яшовчи Зокиржон Рўзиев келган эди. Унинг келишидан мақсади Тожикистоннинг Тавилдарасида яшовчи Эшон набираси Карим махсум Мингтепадаги қариндошларини бор-йўқлигини билиб келиш топширилган экан. У Гаргар қишлоғидаги Кимсанбой ота, Янги қиишлоқдаги Йўлдошбой тоға ҳамда Хакка қишлоғидаги Абдураҳим махсум қизи бўлмиш Онархон ая хонадонларида бўлганди. Шунингдек, Онархон ая опаси бўлган Ортиқбуви келин бўлиб тушган Қирғизистон Республикаси, Ўш области, Новқат райони, Кўкжар қишлоғидаги қизи Дилбархонникида ҳам бўлган эди.

1996 йил 30 ноябрь, 2 декабрь кунлари Тожикистоннинг Тавилдарасидан Дукчи Эшоннинг ўртанчи ўғли бўлган Абдурахим махсумнинг ўша юртдан уйланган хотинидан туғилган фарзанди бўлмиш Карим эшон 72 ёшида ўзининг икинчи ўғли Муҳамадулло ва хабар олиб борган Зокиржонни бирга олиб Мингтепага ташриф буюрган эди. Улар аввал Ўшдаги қариндошларини кўриб, сўнгра Марҳаматга келгандилар. Уч кунлик ташрифи давомида Карим Эшон юқорида номлари тилга олинган қариндошлариникида бўлиб, бобоси Дукчи Эшон 1898 йилги ғазовотдан сўнг, яшириниб, 6-7 йил ўтгач онаси Асалбиби ойим юрти бўлган Қошғордан Помир тоғлари оша Жилғатол орқали Тавилдара қишлоғига келиб яшаганини ва 1933 йил 25 ноябрда 78 ёшида вафот этганини айтишган эди. 

Во-ажаб?! Бу қандай янгилик бўлди?

Наҳотки, Дукчи Эшон осилмаган бўлса? Ўрис маъмурлари унинг ўрнига қиёфадош муридини уриб-калтаклаб, “Эшон шуми, Эшон шу” дея бўйнига қўйиб, осиб ташлаган бўлса? Хуллас, бир аср деганда бу гап сўзлар чиқса?!

Эндиги навбат бу ҳақиқатни исботлаш, халқимизга борини етказиш керак эди.

Дукчи эшон изидан...

Бўлиб ўтган бу суҳбатлар бизларга тинчлик бермай қўйди. Чунки бу хушхабар мабода ўз тасдиғини топса борми, чинакамига барча юртдошларимизни ҳайратга солиши табиий-да!

Шуни ҳисобга олиб, 2019 йили 14-16-ноябрь кунлари Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Халқаро жамоат фонди томонидан биринчи экспедиция уюштирилди. Камина ва фонт раиси ўринбосари Рустамжон Мамасолиев йўлга чиқдик. Асосий мақсад Қирғистон ва Тожикистондаги Эшон авлодларининг манзилларини аниқлашдан иборат эди. Экспедиция дастлабки натижаларни муваффақиятли уддалади. Яъни, Эшон авлодларининг Ўратепа, Душанбе, Кулоб вилоятларида яшовчи қариндошлари ҳамда Душанбе шаҳри, Темир йўлчилар райони, Мирзабек посёлкаси, 2-тор кўча, 44-45-46-уйларда ва “Мавлоний гумбази” маҳаллсида яшовчи Карим Эшон ва Саиджон Эшон фарзандлари ҳақида маълумотлар тўпланди. Шунингдек, Сўғд вилояти, Ашт райони, Қалам қишлғидаги Зокиржон Рўзиев хонадонида бўлинди. Ушбу ташрифдан шу нарса маълум бўлдики, Зокиржоннинг онаси Гулшаҳар ая ўғли Душанбеда ўқиб юрган 1991-1997 йилларда ҳақиқатан ҳам Дукчи эшон яшаб ўтган ва набираси Карим Эшон маҳалласида икки марта бўлганини ҳикоя қилиб берган эди.

Ҳақиқат эгилади, букилади, аммо синмагай

Маълумки, COVID-19 деган бало дунё халқларини ташвишга солди. Шу боис ҳамма ерда бўлгани каби бизлар ҳам пандемия юмшашини ва қўшни давлатларга йўл очилишини кутдик.

З.М.Бобур номидаги халқаро жамоат фондининг иккинчи экпедицияси шу йил 14-18-январь кунларига белгиланди. Экспедиция раҳбари, З.М.Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов, адабиётшунос олим Ваҳоб Раҳмон ва камина Андижондан чиқиб, Қўқон, Конибодом, Хўжанд, Астрафшан (Ўратепа), Душанбе йўналиши бўйлаб сафаримиз бошланди. Ўратепага боргач, Зарафшон довони орқали ўтиб, оғир ва ниҳоятда мураккаб довон йўлларини босиб Душанбе шаҳрига кириб бордик. Ниҳоятда чарчаганимиз сабаб, шаҳардаги “Ориё” меҳмонхонасида тунашга қарор қилдик. Эртаси куни эрталаб нонушта қилиб бўлгач, тўғри Темирйўлчилар районидаги юқоридаги манзилларга йўл олдик. Йўл-йўлакай одамлардан сўраб-суриштириб, Мирзабек посёлкасига кириб бордик. У ерда телефон орқали бизлардан хабар топган Эшон авлодлари бениҳоя ҳурсандчилик билан кутиб олдилар. Самимий салом-аликдан сўнг бизларни уйга таклиф қилишди. Қўярда - қўймай дастурхон ёзилди. Дастурхон атрофида Раҳимов Абдуллажон Саиджонович, Раҳимов Саиджалол Саиджонович, Раҳимов Муҳаммаддулло Абдукаримович, Раззоқов Қисматилло Абдуразақович ва уларнинг фарзандлари жам бўлишди. Вақт тиғиз бўлгани боис тезроқ Тавилдара райони томон йўлга чиқишимизни айтганимиз заҳотиёқ улар рози бўлишди ва Мингтепага отаси Карим Эшон билан ташриф буюрган ўғли Муҳаммаддуллони бизга йўл бошловчи қилиб қўшдилар. Бизлар Карим Эшоннинг турмуш ўртоғи, 94 ёшли Моҳинав ая ва унинг тўнғич ўғли Абдусалом махсум яшаётган “Лайрони боло” (“Баланд жой”) маҳалласи томон экспедицияни бошладик. Йўл олис, у ниҳоятда оғир ва мураккаб сафар эди. Тавилдара (Узун дара) денгиз сатҳидан 3-3.5 минг метр баландликдаги қорли тоғ ва бир томони эса ниҳоятда чуқур дарадан иборат “Оби гарм” дарёси бўйлаб биргина машина сиғадиган йўлдан бир амаллаб 15-20 қишлоқни босиб ўтиб кўзланган манзил томон борар эдик. Йўл қалин қор билан қопланган, тор, сирпанчиқ ва ўта хавфли бўлгани учун хизмат автомашинамизни “Арзонқул” маҳалласида йўл четига қодиришга мажбур бўлдик.

Бизни ота уйига бошлаб бораётган Муҳаммаддулло қўшни “Лайла-и поён” маҳалласида яшовчи Назиржон Одинаевнинг телефон орқали чақирди. У бир соатлар чамасида “Муссо” енгил машинасида бизларни олиб кетиш учун етиб келди. Яна 15-20 км йўл босиб ва ниҳоят Дукчи Эшон хужраси ҳамда акаси Абдусалом ва онаси Мохина ая яшайдиган уй чуқур сойнинг ул юзида эди. Биз ўтирган енгил автомашина ана шу сой бўйига етиб тўхтади. У ёғига пиёда ўтиш лозим эди. Бизлар сойдан ўтишга қийналганимиз учун тун қоронғусида фонар ёқиб бизларни кутиб турган Абдусалом ака билан кўришгач, экспедиция аъзоси Ваҳоб Раҳмонни ўз розилигига кўра, қолдириб бизлар ҳайдовчи Назиржон уйига қайтдик. Унинг уй меҳмонхонасида тунагач, эрталабки нонуштадан сўнг тўғри “Лайрони боло” маҳалласида жойлашган “Мавлоний” қабристонига бордик. Абдусалом ака ва укаси Муҳаммаддулло жиянлари билан бир киши юргудак қорли йўлакни очиб қўйишган экан. Шу йўлакдан юриб темир панжаралар билан ўралган қабристоннинг эшигидан кириб бордик. Абдусалом ака қабристоннинг шундоққина тепа қисмига дафн этилган бобоси Дукчи Эшон ва у билан ёнма-ён ётган отаси Карим Эшон қабрлари одига бошлаб борди. Шу ерда ул зотларнинг ҳақига қуръон тиловот қилинди. Ҳар икки қабр оддийгина қилиб пишшиқ ғишт ва шлакаблок билан ўраб қўйилган эди.

 Дукчи Эшон хужраси

Қабристондан қайтар эканмиз, Муҳаммадали Эшон бобомиз ўз қўли билан қурган хужра ва унга яқин жойда Карим Эшоннинг уйи шундоққина кўриниб турар эди. 80-100 метр чамасидаги қор йўлакдан бизлар эшакка миниб, тўғри Дукчи эшон хужраси олдида тўхтадик. Абдусалом ва укаси Муҳаммаддулло жиянлари билан бирга бизларни хужрага таклиф қилдилар. У ерда бизлар учун жой ҳозирланган эди. Бизларнинг ташрифимиздан боши осмонга етган мезбонлар қўй сўйиб, дастурхон ёзиб пешин намозига қадар меҳмон қилдилар. Дукчи Эшон хужраси ҳозирда йўқлаб келганллар учун меҳмонхона, жигарбандлар учун масжид сифатида фойдаланиб келинар экан. Уларнинг гап-сўзларига қараганда, ҳар йили Мохи Рамазон ва Ийд-қурбон кунларида шу маҳаллада яшовчи 15 хонадон аъзолари тўпланиб ўтган аждодлари рухига қуръон тиловот қилишар экан. Суҳбат ниҳоясида, Абдусалом аканинг ҳам дўсти, ҳам қудаси бўлган Мирзараҳмон ака бўлиб ўтган тарихий воқеаларни батафсил сўзлаб берди. Унинг гапига қараганда Муҳаммадали Эшон она юрти Қошғордан Помир тоғлари оша Жилғатол орқали Тавилдарага 1905-1906-йилларда бир ўзи келган экан. Ўшанда бу ердаги “Боршид” қишлоғида яшовчи оқсоқоллар кутиб олган ва шу қишлоқдаги масжиддан жой берган эканлар. Дукчи Эшон бобога уй-жой қуриш учун жой кўрсатишган экан. Уй қуриб бўлингач, Ўратепадаги қариндошларининг қизига уйланиб, бола -чақали бўлиб, шу ерда умрларини охирига қадар яшаб ўтган экан. Шунингдек, маҳалладан 15-16 км узоқликда “Ҳазрати Мавлоний” масжиди жойлашгани ва ундан 5-6 км нарида эса дунёга маълум ва машҳур бўлган “Хазрати Бурғ” зиёратгоҳи борлигини фахр ифтихорга тўлиб сўзлаб берди.

Суратларда: Дукчи Эшон хужраси, Абдусалом махсум ва онаси Мохинав ая.

Хужрадан чиқар эканмиз Абдусалом аканинг катта ўғиллари ва қиз набиралари момоси Мохинав аяни биз билан салом-аликка қўлларида кўтариб, қорли йўлакчага стул қўйиб ўтқазишди. Онахон дуога қўл очиб, қиш чилласида йўқлаб келган андижонликларга миннатдорчилик билдирди. Шундан сўнг бизлар онахон ва унинг фарзандлари билан хайрлашиб Душанбе шаҳрига қайтдик. Йўлда ўз хизмат автомашинамизни ўт олдириб, йўлда давом этдик. Йўл-йўлакай бизларга кўп янгиликларни айтиб келаётган укамиз Муҳаммаддулло бу ердаги аҳоли Тавилдара юртини Тожикистоннинг “Сибири” деб аташади, деди. Ҳа, бу гапда жон борлигига ташрифимиз давомида тўла иқрор бўлдик.

Тавилдара райони марказига етганимизда, Муҳаммаддулло ҳайдовчи Ахмаджон камераси олдида дил сўзларини изҳор этди. Кеч соат 22:30 ларда Темирйўлчилар районидаги Абдуллажон Саиджон ўғли уйига етиб бордик. Оила аъзолари қўярда-қўймай, тайёрлаб қўйган кечки овқатга таклиф этишди. Бир пиёла чой устида дилдан суҳбат қурилди. Манзилларимиз ва телефон рақамларимизни бир-биримизга маълум қилдик. Шундан сўнг дуо фотиҳа қилгач самимий хайрлашдик. Кеч соат бирлар чамасида шаҳардаги “Душанбе” меҳмонхонасида тунаш учун қолдик. Эрталаб нонушта қилиб бўлгач, келган йўлимиздан эмас, аксинча текис ва ровон Душанбе, Зарафшон, Садриддин Айний, Шаҳристон йўналиши бўйлаб, чегара пўстидан Ўзбекистон худудига эсон-омон ўтиб олдик. Денов, Қарши, Самарқанд, Жиззах, Гулистон, Бўка орқали Омалиқ шаҳридан тўғри Қамчиқ довонига кўтарилдик. “Олтин водий” га, унинг гавҳари бўлмиш жон Андижонимизга 18-январь куни кечга яқин кириб келдик. Енгил нафас олдик. Сафаримиз бехатар якунланди.

Шундай қилиб, 125 йилга яқин вақт ўтиб, кутилган орзу ниятлар ўз рўёбини кўрсатганидан барчамиз ҳурсанд эдик. Мингтепалик авлиё, тарихий “Андижон қўзғолони” нинг ташкилотчиси ва раҳнамоси, ватан озодлиги ва ҳуррияти йўлида Чор Россияси босқинчиларига қарши курашга бошлаган улуғ жадидчи бобомиз Дукчи Эшон ҳақидаги тарихий ҳақиқат ва адолат ўз исботини топди.

Хотима

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, севимли адибимиз Тоҳир Малик ҳамюртимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини хотирлаб қуйидаги сатрларни битган эди.

“Яхши одамлар” ҳақида ёзилган хотиранинг хотимаси бўлмайди. Яхши одамлар номи вафотидан кейин ҳам яшаб қолгани каби, хотиралар халқаси ҳам узилмайди...”

Келинг, азизлар!

Биз ҳам ушбу “Дукчи Эшон: Тарих ва ҳақиқат” номли тарихий хронологик қиссамизнинг хотимаси айни чоғда навбатда ўз ниҳоясига етаётган китобнинг дебочаси бўлсин, дея яхши ният қилиб, мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг Андижонга ташрифлари чоғида айтган қуйидаги сўзлари билан якунласак:

“Андижон тупроғи неча асрлик маданият ва тараққиёт намуналарини ўз бағрида асраб келаётган Далварзинтепа ва Эйлатон, Мингтепа ва Шўрабашот каби тарихий жойлар, кўҳна ёдгорликларнинг борлиги бу заминнинг юртимиздаги қадимий цивилизация бешикларидан бири бўлганини эслатади” ёки “Бу заминда мустамлакачиликка қарши кураш, миллий озодлик ва юрт мустақиллигини таъминлаш йўлида жон фидо қилган жасоратли кишилар дунёга келган. Жадидчилик ҳаракатининг улкан фарзандлридан бири Сулаймон Келчикбоев, Дукчи Эшон сингари юзлаб халқ фарзандлари миллий маданият ривожи ва миллий озодлик учун курашдилар.”

Демак, қиссамиз аввалида таъкидлаганимиздек, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Андижон тупроғига ташрифлари чоғида Буюк тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди. У халқларнинг қонида, тарихий хотирасида сақланади ва амалий ишларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам қудратлидир. Тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодлардан авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналишларидан биридир.деб айтган адолатли сўзлари бизлар учун бамисоли маёқ бўлмоғи даркор.

ХУЛОСА

Ушбу маърузамни якунлар эканман, З.М.Бобур номидаги халқаро жамоат фонди томонидан ташкил этилган илмий-тарихий экспедиция, унинг тиниб-тинчимас фидоий раҳбари, устоз Зокиржон хожи Машрабов бошчилигида “Дукчи эшон изидан...” амалга оширилган Тожикистон сафаридан қуйидаги хулосаларни чиқариш мумкин, деб ҳисоблайман.

1.                 1898 йил 17 майдан 18 майга ўтар кечаси Андижон шаҳрида юз берган халк миллий озодлик ҳаракатининг ташкилотчиси ва раҳнамоси Муҳаммадали Эшон Собир Халфа ўғли - Дукчи Эшон бобомиз дорга осилмаган. Аксинча, ул зот 1933 йили ноябрь ойининг 25-санасида 78 ёшларида боқий дунёга риҳлат қилганлар. Аллоҳ бобомизни ўз раҳматига олган бўлсин!

2.                Ўрис боскинчиларига қарши нафрат ва кураш Дукчи Эшон бобомизнинг улуғ ва адолатли мақсади бўлган ҳамда ижтимоий-сиёсий ва муқаддас ислом унсури мингтепалик авлиё отамизнинг онгу шуурида, қалбида, жисму жонида бўлган.

3.                Жадидчилик ҳаракатининг улкан фарзандларидан бири бўлган Муҳаммадали Эшон ҳазратларининг сийрати ва фазилатлари, ул зот яратиб кетган ҳаёт мактаби бизлар ва жондан азиз фарзандларимиз учун ибратлидир.

Яъни, илмий-тарихий экспедиция давомида бир ҳақиқат ўз исботини ва руёбини кўрсатди, у ҳам бўлса, бобомиз ўз умрини Тожикистоннинг Тавилдарасида ўтказган ҳаётлик даврида муқаддас ислом дини қадриятларини, илму маърифатини, аҳлоқию тарбиясини ўша юрт аҳлининг онгу шуурига, қалбига, жисму жонига, лўнда килиб айтганда, “михлаб” кетган эканлар.

“Дил баёру, дас бакор!” деган ғояга асосланган тариқатга асос солган Баховуддин Нақшбанд ҳазратлари илмининг асосий ифодасини Тавилдара ноҳияси аҳолисида кўрдик.

Дарҳақиқат, ҳамманинг қалбида ва зикрида Аллоҳ, қўли эса меҳнатда! Барчалари ҳалол меҳнат билан кун кечирмоқдалар.

Иккинчидан, йўл-йўлакай бу ноҳиянинг барча аҳолиси (20 дан зиёд маҳалла ва қишлоқлар)дан “Лайрони боло” гача, яъни, бобомиз яшаб ўтган маҳаллада етти ёшдан етмиш ёшгача эшик олдини ва йўлакларини қалин қордан тозалаётган ёш болакайлардан тортиб, қўлида ҳасса тутган нуронийларгача бизларга самимий нигоҳ билан бокиб, “Ассалому алайкум, биродарони азиз, хуш омадед!” дея қўлини кўксига қўйиб салом бердилар.

Учинчидан, эшиги яхши одамларга ва меҳмонларга доимо очиқ ҳамда дастурхони шундай одамларга доимо солиғлиқ халқ яшаётганига гувоҳ бўлдик.

4.                     Дукчи Эшон бошчилигидаги “Андижон қўзғолони” Чор Русияси маъмурлари ва ҳарбийлари томонидан ваҳшийларча бостирилиб, Мингтепа бўлиси таг-туги билан яксон қилиниб, халқи қатлом этилиб, зоти шариф бобомизнинг хонақоҳи, масжид-мадрасалари бутунлай бузиб ташланиб, шахсий кутубхонасида мавжуд бўлган 300 га яқин диний ва дунёвий китоблари, шу жумладан, “Ибрат-ул ғофилин” асари ва унга киритилган кўплаб ғазаллари ва байтлари, шунингдек, шахсий мирзоси бўлган “Осий” таҳаллуси билан ижод килган муриди томонидан ёзилган 168 варақдан иборат “Дукчи Эшон Мақомати” асари мусодара қилинган бўлса-да, барчаси бугун бизгача етиб келгандир. Бобомизнинг ушбу маънавий меърослари бугунги кунда Тошкентдаги Шарқнунослик институтининг қўлёзмалар фондида сақланиб келинмоқда.

Демак, Дукчи Эшоннинг бой илмий-ижодий меъросини ўрганиш ва ёш авлодга етказиш биз, зиёлиларнинг ватанпарварлик бурчимиз бўлмоғи даркор.

5.                     Сўзим якунида, шуни таъкидлашни истайманки, тарихда “Андижон қўзғолони” номини олган халқ миллий озодлик ҳаракатининг бошчиси бўлган Муҳаммадали Собир Халфа ўғли-Дукчи Эшон ҳақида 125 йилдан буён айтиб келинган ва ёзилган нохолис фикрлар, Чор Руссияси ва кейинчалик эса ҳукм сурган Шўролар мафкураси ҳамда зўравонликка асосланган ғоялар таъсирида ёзилган китоблар, чала ҳакиқат ва бир ёқлама, турли ҳадиклар билан суғорилган ва бизгача етиб келган маълумотлар энди тарих аҳлатхонасига улоқтирилиши керак. Ўйлайманки, Дукчи Эшон бобомиз ёққан маёқ ўчмагай, иншаоллоҳ! Зеро, Андижон осмонида чақнаган юлдуз мисоли абадиятга даҳлдордир.

6.               Келгуси йили май ойида қўзғолонга 125 йил тўлади. Шу боис, ушбу санани катта тайёргарлик кўрган ҳолда нишонлашга эришмоғимиз керак.

d17