МАХДУМ ВОСИЛИЙ ФОНДИ ВА УНДАГИ ИККИ НОЁБ ҚЎЛЁЗМА ҲАҚИДА
МАХДУМ ВОСИЛИЙ ФОНДИ ВА УНДАГИ ИККИ НОЁБ ҚЎЛЁЗМА ҲАҚИДА

МАХДУМ ВОСИЛИЙ ФОНДИ ВА УНДАГИ ИККИ

НОЁБ ҚЎЛЁЗМА ҲАҚИДА

Маҳмуд ҲАСАНИЙ,

тарих фанлари доктори, ЎзР ФА шарқшунослик

институтининг етакчи илмий ходими.

 

Қадимда Мингтепа деб аталган ҳозирги Марҳамат тумани ҳудуди қадимдан қолган ёдгорликрларнинг кўплиги билан ажралиб туради. Бундан 2500 йил аввал Фарғона водийсида Довон деб аталган давлат бўлиб, унинг пойтахти Эрши шаҳари ҳозирги Марҳамат ўрнида бўлган.  Эршининг қоллдиқлари дунё олимларнинг диққат марказида турибди. Марҳаматдаги зиёратгоҳлар, тепаликлар ва бу ерда қалам тебратган олим ва шоирлар ҳам Марҳаматнинг фахрлари ҳисобланади. Марҳамат ҳудудида қадимдан қолган ёзма манбалар ҳам Марҳамат халқида фахр туйғусини уйғотади.[1]

Шоира Увайсийнинг номи бутун Ўзбекистонга маълум. Унинг шоира яшаган даврга мансуб бўлган ғазаллар девони Марҳамат қишлоғининг Махдум Восилий кўчасида яшовчи авлодлари қўлида сақланмоқда. Қадимда ёзилган сакизта рисолани ўз ичига олувчи қўлёзма манба эса Ровот қишлоғида яшаган марҳум Ҳусанбой авлодлари қўлида сақланмоқда. Бу қўлёзмада  Ўшнинг қадимий тарихига бағишланган “Хайрул билод Ўш” номли рисола мавжуд. Машҳур шоир Ҳувайдо авлодларига мансуб бўлган Самарбонунинг девони ҳам Ўқчи қишлоғида сақланар эди, афсуски, бу девон адабиётчи олим Тўхтасин Жалолов томонидан вақтинчалик Тошкентга олиб кетилган бўлиб, ҳозиргача тақдири номаълум бўлиб қолмоқда. Шомат қишлоғида яшаб, Марҳамат ва Аравонда қозилик қилган Мулла Жалол қози Шоматийнинг тўртта рисоласини ўз ичига олган қўлёзмаси Махдум Восилий фондида сақланмоқда. Мазакур қўлёзмалар ҳам Мингтепа тарихини ўрганишда манба вазифасини бажаради ҳамда Мраҳамат халқининг фахри бўла олади.

1917 йилгача Мингтепада ўнлаб олимлар яшаган бўлиб, уларнинг кўпчилиги Бухорога бориб, Мирараб мадрасасида таҳсил кўрганлар. Шулардан бири Махдум Восилий номи билан ижод қилган Мулла Ҳасанжон Махдум ибн Мулла Муҳаммад Иброҳим (1898-1970) эди. Махдум Восилий Мирарабни тугатиб, она ватани Мингтепа келган ва Марҳамат қишлоғининг олтинчи кўчасида яшаб, ижод билан шуғулланган ва ўзидан 44 та асар ёзиб қолдирган. Бироқ, унинг ҳаёти осон кечмаган, доимо КГБ таъқиби остида яшаган. Ҳозирда у ҳақда иккита магистрлик диссертацияси ёқланган. Ғазаллар девони нашр этилган.[2] У яшаган ҳовлида Маънавий Мерос Маркази ишлаб турибди. Марказда мингга яқин араб, форс ва туркий тиллардаги асарлар сақланмоқда. У яшаган кўча олимнинг номига қўйилган. Унга ҳозирда Марҳамат туман ҳокимияти томонидан мақбара тикланмоқда. Восилий айни пайтда валиюллоҳ эди, унинг кароматлари ҳақида китоб нашр қилинган.[3]

Юқорида айтганимиздек, Восилий номидаги Марказда сақланаётган ноёб қўлёзмалар ҳам Марҳаматнинг фахридир. Бу қўлёзма ва тошбосма жилдларда уч мингга яқин рисолалар мавжуд. Бу фонднинг номи нафақат ўзбек олимлари, балки чет эл шарқшунос олимларига ҳам таниш. Кўплаб олимлар зиёратгоҳга келиб, фонд бойлиги билан танишиб кетадилар. Айниқса, фонда иккита ноёб қўлёзма бўлиб, зиёратга келган олимларнинг диққат марказида бўлиб келади. Улардан бири Алишер Навоийнинг “Ҳамса”[4]си бўлса, иккинчиси “Мулҳақот ас-Суроҳ”[5] деб аталади.

ЎзР ФА Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар хазинасида Навоий “Ҳамса”сининг ўнлаб нусхалари сақланмоқда. Ҳатто, уларнинг ичида Навоийнинг ўз қўлида турган ва даврининг машҳур хаттотлари кўчирган “Ҳамса”си ва бошқа асарлари ҳам мавжуд. Аммо, Восилий фондида инв. № 41 рақами остида сақланаётган  қўлёзма нусха ҳам ўз қимматига эга. Бу “Ҳамса” дастлаб Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида яшовчи бир кишининг қўлида бўлган. Кейинчалик у киши томонидан Маҳмуд Ҳасанийга туҳфа қилинган. Хаттотлик усули билан кўчирилган бу нусхананинг аввалида Навоийнинг “Тарихи мулуки ажам” асари ҳам илова қилинган.

 Қўлёзмадаги сарлавҳалар қизил сиёҳда, матни эса қора тушда кўчирилган. Ҳамсанинг ўлчови  36/23 см.дан иборат. 296 варақ (580 бет). Кўчириш йили ҳижрий 1229 (мелодий 1813 й.). Қўқон қоғозига ёзилган, Муқоваси қалин картондан. Муқовада котибнинг номи “Амали Абдуррашид Қодирий” (Абдуррашид Қодирийнинг иши) деб кўрсатилган. Котибнинг номи тагида ҳижрий 1274 (мелодий 1857 ) йил санасини кўриш мумкин. Бундан маълум бўладки, Ҳамса қайта муқоваланган.

Мазкур Ҳамса иккита котибнинг қўли билан кўчирилган. Одатда катта ҳажмдаги асарлардан нусха олишда подшо ёки ҳокимлар ўз давридаги котибларга тақсим қилиб берган. Котиблардан бири ўзини Мулла Қўлдош деб кўрсатади. “Ҳайрат ул-аброр” достони Мулла Қўлдошнинг қўли билан кўчирилган бўлиб, унинг ўзи бу ҳақда шундай дейди:

 

Ёзди авроқға хати беанжом,

Мулла Қўлдош хаста заҳрошом.[6]

 

 “Фарҳод ва Ширин” достони охирида “Ин китоб дар тумани Оҳугир ба итмом расид” (Бу китоб Оҳугир туманида тамомига етди) деган маълумот бор.[7] Аммо, котиб ўз номини кўрсатмаган. Хатига қараганда, бу достонни ҳам Мулла Қўлдош кўчирганга ўхшайди. Шундан сўнг котиб Навоийнинг 10 та ғазали ва битта муҳаммасини илова қилган.

“Лайли ва Мажнун” достони Мирзо Саййид Маъсум томонидан кўчирилган бўлиб, буни қуйидаги байтдан билиш мумкин:

Ёзди авроқға хати беанжом,

Мирзо Маъсум хаста заҳрошом. [8]

 

           Котиб бу ерда бшқа бирор маъулмот келтирмаган. Аммо, “Сабъаи сайёр” достони охирида Мирзо Маъсум керакли маълумотларни илова қилган. Маълум бўлишича, котиб яхшигина шоир бўлган. Навоийнинг фазилатлари ва Ҳамса ҳақида 60 мисрадан иборат шеър ёзган. Кўчириш қайси даврда юз берганини қуйидагича баён қилади:

 

Бўлди бу нусхаи шариф тамом,

Явми якшанба эрди бул итмом.

Сана минг икки юз йигирма тўққуз,

Ражаб ойининг ахийрида бу кунуз.[9]

 

Бу байтлардан достон 1229 ҳижрий (мелодий 1813) йили, ражаб ойининг охирида, якшанба кунида китобат қилингани маълум бўлади. Котиб ўзи яшаган давр ҳақида ҳам маълумот келтириб, қуйидагича ёзади:

 

Асри султон Амир Ҳайдар шоҳ,

Эрди ул вақт бир йўл огоҳ.

Эрди султон бо адолату дод,

Ким, Бухор вилоятиға имод.

 

Кўриниб турганидек, Ҳамса Бухоро амири Амир Ҳайдар даврида кўчирилган экан. Амир Ҳайдарнинг ҳукмдорлик йиллари 1800-1826 йилларга тўғри келади. У Амир Шоҳмуроднинг( ҳукмронлик йиллари 1785 - 1800) ўғли бўлиб, унинг отаси дврида Бухоро бир мунча тинч ва ҳар томонлама ривожланиш бўлса-да, бироқ Амир Ҳайдар даврида урушлар ва қўзғолонлар кўп бўлган. Бу котибнинг ҳаётига ҳам таъсир қилмай қолмаган. Шунинг учун у ёзади:

Қориё, агар кўрунса саҳви қалам,

Афу ниши бирла кўторғил ҳам.

Хотирим асру бесаришта эрди,

Жигари қон, бағри пора эрди.

 

Охирги “Садди Искандарий” достони охирида котибнинг номи келтирилмаган, аммо Ҳамса 1229 (1813) йили кўчирилгани қайд этилган.

Ёзилганлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, Ҳамса Амир Ҳайдар ёки унинг саройи китобдорлари томонидан кўчиртирилган бўлиб, замонадаги алғов-далғовлар сабабли мукаммал бадиий зийнатларга эга бўлмаган. Ҳар бир достоннинг аввалида унвонга жой қолдирилган бўлса-да, бироқ нақш ишланмай қолган. Шундай бўлса-да, мазкур Ҳамса ўтмиш маданий ҳаётини ва китобат санъатини ўрганишда ўз қадру қимматига эга. Айниқса, униннг Марҳамат туманида, балки водийда ягона ҳолда эканлиги ҳам Марҳамат тумани халқининг фахридир. 

Тилга олинган иккинчи асарнинг номи “Мулҳақот ас-суроҳ” (“Ас-суроҳ”га илова”)дир. Муаллифнинг номи Абулфазл Муҳаммад ибн Умар ибн Холид бўлиб, у қисқача Жамол Қарший номи билан машҳур. У  мелодий 1230 йилда туғилган.

 Маълумотларга қараганда, у бир неча шаҳарларда бўлган. Кошғарда  Камолуддин Абу Абдуллоҳ ибн Ҳусайн ва Саъдуддин ҳомийлигида фаолият кўрсатади. Бу ерда у асосан шеър ёзиш билан машғул бўлди ва садр Саъдуддиннинг таклифи билан 1302 йили ўзининг “Ас-суроҳ мин ас-Саҳоҳ” (“Фойдали (мулоҳаза)дан келиб чиққан очиқ гап”) номли асарини ёзди. Жамол Қарший 1269-1294 йиллар орасида Ўрта Осиёнинг кўпгина вилоятлари бўйлаб саёҳат қилган.[10]

Жамол Қаршийнинг юқорида эслатилган асари Абу Наср Исмоил ибн Ҳаммод ал-Жавҳарийнинг (вафоти мелодий 1008 й.) “Ас-Саҳоҳ” (“Мукаммал луғат”) номли асарига ёзилган қўшимча бўлиб, кўпинча “Мулҳақот ас-суроҳ” (“Ас-Суроҳ”га илова”) номи билан машҳурдир. Асар 1302 йилда ёзиб тугатилган.

Асарда ХIII асрда Олмалиқ ва унга қарам ерларда ҳукмронлик қилган турк ҳукмдорлари, Қорахонийлар, хусусан уларнинг Кошғарда ҳукмронлик қилган намоёндалари, Кошғар, Хўтан, Фарғона, Шош вилоятлари, шунингдек, Сирдарёнинг қуйи оқимида жойлашган бир қатор йирик ўрта аср шаҳарлари, масалан, Барчинлиғкент, Жанд ҳақида ва ўзи билан замондош бўлган машҳур кишилар-шайхлар, олимлар, шоирлар ҳақида диққатга сазовор маълумотлар берилади.

 Жамол Қаршийнинг ушбу асари Мовароуннаҳр ҳамда Марказий Осиё халқларининг ХIII асрдаги тарихи, маданияти, йирик шаҳарлари ва уларнинг аҳволини ўрганишда зарур манбалардан биридир. “Мулҳақот ас-суроҳ” ҳозиргача биронта тилга таржима қилинмаган. Унинг қўлёзма нусхалари Англия, Франция, Германия кутубхоналарида, Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида сақланади.[11]

  “Ас-Сурооҳ”нинг Ўзбекистонда ягона қўлёзма нусхаси Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар хазинасида сақланар эди. Бироқ, унинг иккинчи нусхаси Махдум Восилий фондида сақланаётгани маълум бўлди. Институтнинг илмий ходимларидан бири у ҳақда диссертация ёзаётиб, нусхасининг камлиги ҳақида гапирганда, биз унга Махдум Восилий фондида борлигини айтиб, қўлёзмадан нусха олишга рухсат бердик. Бу нусха Андижон нусхаси номи билан тилга олинмоқда.

 Машҳур олим Алихон Соғуний кўплб китоблар билан таниш бўлса-да, бироқ ас-Сурохни кўрмаган экан. У 1958 йиллари Махдум Восилий ҳузурига икки марта келиб, Восилий китоблари билан танишиб, ас-Сурохни кўриб қолади ва ундан фойдаланишга рухсат сўрайди. Соғуний бу нусхани ўзи билан олиб кетиб, бир йилгача ундан фойдаланиб юриб, бир йилдан сўнг Восилийга қайтаради.

  Восилий фондидаги ас-Сурохнинг тавсифи қуйидагича: ўлчами 20/15 см. Муқоваси қаттиқ картондан қилинган. Матн қора тушда ва сарлавҳалар қизил сиёҳда ёзилган. 53 варақ (106 бет)дан иборат. Қўлёзма тўла ҳолда сақланган. Муқовасознинг номи Мулла Муҳаммад Амин саҳҳоф деб кўрсатилган. Насх хатида кўчирилган. Котибнинг номи кўрсатилмаган, кўчириш йили ҳижрий 1285 (мелодий 1868 йил). Саҳифалар рақамланмаган. Пойгирлар йўқ. Қўлёзманинг бошидаги бўш саҳифаларга Махдум Восилий томонидан айрим маълумотлар ёзиб қўйилган. Маълумотлар остида Восилий фондига тааллуқли муҳр урилган. Матнлар араб тилида бўлиб, баъзан форс тилида ҳам келтирилган.

 Асарнинг кириш қисми араб ва форс тилларида бўлиб, унда муаллиф номи ва бу асарни нима мақсадда ёзгани баён қилинган. Ундаги биринчи сарлавҳа “Ал-муъарработ вал-маъруфот мин асмо ил-ажнос” (“Муъарработ ва маъруфотдан бўлган нарсаларнинг номлари ҳақида”) дейилади. Сўнг бу номлар тушунтирилади. Масалан, муъарработ дейилганда ўзга тилдаги нарсаларнинг номи арабчалаштирилганига айтилади, чунончи, форс тилидаги барра сўзини араблар баррқ, каҳрабо сўзини қаҳрабо каби ўзгартирганлар. Маъруфот дейилганда эса, арабча ва форсча сўзлар ўзгартирилмаган ҳолда талаффуз қилинади ва қандай бўлса шундай ёзилади. Бу ерда юзлаб доривор ва бошқа жисмларнинг номларини кўриш мумкин.

Кейинги фаслда Расулуллоҳ ва аёллари ҳақидаги маълумотлар мавжуд. Шундан сўнг ўтмиш пайғамбарлар ва саҳобалар ҳақидаги маълумотлар келтирилган. Бу ерда халифалар номи, туғилган ва вафот қилган йиллари баён қилинган. Ўтмишда яшаган олимлар, ҳакимлар, машҳур вазирлар ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд.

Асарда Ўрта Осиё шаҳарлари ҳақидаги маълумотлар ҳам диққатга сазовордир. Бу шаҳарларда яшаган олимлар ҳақида қимматли маълумотлар келтирилган. Масалан, Фарғона шаҳарлари бобида Ўш ҳақида ёзаркан, бу ердаги Барокат тоғи бўлиб, Сулаймон (а.с.)нинг вазири Осаф ибн Бархиёнинг қабри борлигини айтади. Фарғонага қараш ли Қилич қишлоғида Қутайба ибн Муслим ва бошқаларнинг қабрлари борлиги ҳақида маълумот беради. Сафидбулон қишлоғида эса Ҳазрати Усмон томонидан юборилган Муҳаммад ибн Жарир бошчилигидаги аскарлар жангги бўлиб ўтгани баён қилинган. Булардан бошқа машҳур шахсларнинг номлари айтиб ўтилагн. Уларнинг вафот йиллари ва қабрлари ҳақидаги маълумотлар мавжуд.

“Ас-Суроҳ”нинг қиммати шундаки, унда “ас-Саҳоҳ”га кирмай қолган маълумотлар жамланган бўлиб, муаллифнинг ўзи бу ҳақда кириш қисмида уни янги маълумотлар билан тўлдириб, “ас-Саҳоҳ”га илова қилгани ҳақида айтади. Қисқа қилиб айтганда, мазкур асар Марказий Осий давлатларининг маданий ва маънавий тарихини ёритишда катта қимматга эга.

Бошқа томондан қараганимизда эса, Махдум Восилий Маркази ва унда сақланаётган 1000га яқин асарлар ва бугун биз тилга олган икки ноёб қўлёзма Марҳамат халқининг фахридир.

 



[1] Қаранг: Мингтепа. Нашрга тайёрловчи Ш. Ҳусанова.- “Наманган”, 2019. О.М.Довоний. Кўҳна ва боқий Мингтепа. Замин нашр, 2018. М.Ҳасаний. Мингтепа ҳақида ўйлар. – Т.: Наврўз, 2015. – 45 б. М.Ҳасаний. Тарихда ном қолдирган зотлар. - Т.: Тафаккур қаноти, 2019 й. Ш.Ҳусанова. Мингтепа зиёратгоҳлари. - Наманган, Аржуманд медийа, 2020.  А.Исақов. Марҳаматга марҳамат.Т.: Тамаддун, 2021.й.  

[2]  Азизахон Обидхон қизи.  Махдум Восилий ва унинг илмий мероси. –Т.:Наврўз, 2019.   Махдум Восилий. Девон. Нашарга тайёрловчилар: М. Ҳасаний, А. Музаффарова. –Т.: Наврўз, 2015. М.Ҳасаний, А. Ҳасанов. Махдум Восилийнинг ибратли ҳаётидан лавҳалар. Т.: Наврўз, 2019.

[3] Қаранг: М.Ҳасаний, А. Ҳасанов. Махдум Восилийнинг ибратли ҳаётидан лавҳалар. Т.: Наврўз, 2019.

[4] Алишер Навоий. Хамса. Восилий фонди, инв. № 41. (Бундан буён Хамса).

[5] Жамол Қарший. Мулҳақот  ас-Суроҳ. Восилий фонди, инв. № 40. (Бундан буён Мулҳақот).

 [6] Хамса, 62б бет.

[7] Ўша қўлёзма, 124б бет.

[8] Ўша қўлёзма, 146 а бет.

[9] Ўша қўлёзма, 216 б бет.

[10] Аҳмедов Б.А.Ўзбекистон халқлари тарихи. Т:, Ўқитувчи нашриёти, 1991 й., 115 б.

[11] Тарихий манбашунослик. Тузувчилар: А.Мадраимов, Г.С.Фузаилова. Т:, ”Фан” нашриёти, 2006 й., 83 - б.

 “Мулҳақот ас-Суроҳ” Ас-Суроҳ муқоваси      Ас-Суроҳ охири.

бош саҳифа

Ҳамсанинг бошланиши          Ҳамсанинг муқоваси