АБДУМАННОП ЭГАМБЕРДИЕВ ВА УНИНГ
"САРИҚ АЖДАР ҲАМЛАСИ" РОМАНИ ҲАҚИДА
Собитбек Тоиров,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.
Мен Абдуманноп ака билан бундан қарийиб 70 йил аввал, 1949 йил 1 сентябрда танишганман. Ўшангача олий ўқув юртлари талабалари кириш конкурси деган гапни эшитишмаган экан. Биз СаГУ (ҳозирги ЎзМУ) филология факультети таркибида янги очилган журналистика бўлимида ўқий бошлаганимизда Абдуманноп акалар 3-курсда ўқишар эди. Ўқишнинг дастлабки кунларидаёқ комсомол йиғилиши ўтказилиб, Абдуманноп Эгамбердиев ташкилот котиби, яъни ёшлар сардори этиб сайланди.
Домлаларнинг маърузалари бир томонда, ёшларга оид турли тадбирлар бир томонда-талабалик давримиз шу зайлда қизғин тус олди. Айниқса, ёшлар йиғинлари жуда жўшқин, қизғин ўтар, чунки, уларда ўта долзарб масалалар муҳокама қилинар, чигал муаммолар хусусида қизғин баҳс, тортишувлар бўларди. Шундай мунозараларда ҳал қилувчи гапни Абдуманноп ака айтардилар, ҳатто, деканатдаги ишнинг ташкил этилишидаги нуқсонларни ҳам юз-хотир қилмай танқид остига олардилар. Эсимда, бир мунча вақт факультет декани бўлган адабиёт домласи Турсун Собиров билан бир масала хусусида қизғин тортишувда Абдуманноп ака ғоят ўринли далилларни келтириб, домлани мот қилиб қўйган эдилар, биз, талабалар Абдуманноп аканинг сўзларини бир овоздан маъқуллаб қарсак чалганмиз. Турли долзарб муаммолар хусусидаги тортишувларда аксарият Абдуманноп ака ҳақ бўлиб чикардилар. Биз ҳаммамиз уларга ҳавас қилар эдик.
Ўқишлар тугаб, собиқ талабалар турли вилоятларга ишга юборилди. Аммо, Абдуманноп ака Андижонга бир ўзлари кетмадилар, бизнинг курсимиздаги барно қизлардан бири - Ҳалимахон Саримсоқовани илиб кетдилар. Барчамизга яхши таниш бўлган Шуҳратжон уларнинг зурриёти бўлурлар.
Мен ҳам ўқишни тугатиб, ўша пайтдаги энг зўр матбуот органи "Қизил Ўзбекистон" (кейинчалик "Совет Ўзбекистони", ҳозирги "Ўзбекистон овози") газетаси таҳририятида ишлай бошлаганимда Абдуманноп аканинг Андижон вилоятида раҳбарлик лавозимларида хизмат қилаётганларини эшитганман. Кейинроқ Тошкентда Министрлар Советида ишлай бошладилар.
Шуҳратжон ҳам худди отаси каби серғайрат, ташаббускор, илмга чанқоқ инсон бўлиб етишганини, илм-фан йўлида бутун салоҳиятини ишга солиб, таниқли олимлар қаторига қўшилиб, академик унвонга сазовор бўлганини кўриб, ғоят мамнунман. Бу йўлда унга катгадан-катта муваффақиятлар тилайман.
Энди Абдуманноп ака ҳаёти ва иқтидорининг яна бир қиррасига тўхталиб ўтмоқчиман. Мен бу инсоннинг бир неча шеърларини ўқиб, завқланган эдим. Кейинчалик Абдуманноп ака тарихий роман ёздилар, деб эшитдиму, аммо бу китобни тополмаган эдим. Яқинда Шуҳратжон менга шу китобнинг икки жилддан иборат нашрини тортиқ қилдилар. Мен бир бебаҳо хазина топгандай, қўлимдаги ҳамма ишларни бир чеккага йиғиштириб қўйиб, шу асарни ўкишга киришдим.
Аввало, Шуҳратжон ёзган сўзбоши мени қойил қолдирди: ундан китобнинг дунёга келишидан бошлаб, уни нашр этишгача бўлган машмашалар, сансалорликлар, иккиюзламачиликлар шундай баён этилганки, ўқиган кишининг тепа сочи тикка бўлади. Сўзбоши ёзиш бундай бўлибди, деб унинг муаллифига тасанно ўқийсан, киши. Неча йиллик азоб-уқубатлардан кейин, ниҳоят китоб аввал 1984 йилда Москвада рус тилида ва орадан 4 йил ўтгач, ўзбек тилида нашр этилган. Мустаққиллик даврида 2013 ва 2016 йилларда романнинг қайта ишланган нашри «DIZAYN PRESS» МЧЖ нашриётида 5000 нусҳада босилиб чиқди.
Қаҳрамонларнинг шакли-шамойили, фикр-ўйлари, турмуш тарзи, ўзаро муомаласи шу қадар маҳорат билан ишончли тасвирланганки, мен улар билан ҳатто тушимда ҳам мулоқот қилиб чиқдим. Қамчибекнинг қилич чопишлари, Туронболға, Сиртлонбек, Чағрибек каби паҳлавонларнинг ёв билан олишувлари, Чўлпоной, Бўтакўз каби қиз-жувонларнинг йигитлар билан баб-баравар қилич чопиш манзаралари шу қадар маҳорат билан ғоят жонли ифодалаб берилганки, буни ўқиган кишининг эти жимирлаб кетади. Асар қаҳрамонлари менга шу қадар яқин, қадрдон бўлиб колишдики, ҳар бирини бирдан ушлаб олиб, қучоқлаб ўпгим келиб кетди. Назаримда муаллиф ўтмиш аждодларнинг ўктамлиги, эрксеварлигини яқкол кўз олдига келтириб, шу манзаралардан бениҳоя завқланиб қалам тебратган бўлса керак.
Хуллас, мен асарни ўқиган сарим фахрланганимдан кўзимдан ёш оқиб турди. Гапимда ҳеч муболаға йўқ! Бу - нодир асар: ҳар жумласи соатларнинг, ҳар саҳифаси кечаю-кундузнинг меваси бўлса керак. У ноёб қўллар, нодир истеъдод меваси, дегим келади.
Гап шундаки, Абдуманноп ака тарихчи эмас, прозада биронта ҳикоя ёки қисса ёзиб танилган адиб эмас. Буни қарангки, кўп вақт ва катта куч-ғайрат талаб қилувчи масъул давлат лавозимларида танимсиз ишлаб келган, кўпроқ илмий-педагогик фаолият билан шуғулланган инсон бирданига милоддан аввалги 1-2-асрлардаги воқеаларга бағишланган тарихий роман ёзишга журъат этибди. Қадимий Осмонтаги (ҳозирги Хитой) давлатининг тарихини миридан-сиригача ўрганиб, ҳукмдорларининг фикр-ўйлари, режалари, дунёни забт этиш муддаоларини муфассал таърифлаб бериш учун қанчадан-қанча тарихий манбаларни, хотиралар ва эсдаликларни излаб топиб, синчиклаб ўрганиш, Узун йўл (Буюк Хитой девори) қандай қурилганини ўз кўзи билан кўриб тургандай қилиб тасвирлаб бериш ҳали биронта тарихчининг қўлидан келиши у ёқда турсин, ҳаёлига ҳам келмаган бўлса керак.
Қисқаси, ёзувчи Осмонтаги империяси ҳукмдорларининг дунёга ҳукмрон бўлиш ниятларини, турли ўлкаларга элчи ёки савдогарларни юбориб, уларга жосуслик маълумотлари келтиришни топширганликларини, шундан кейингина катта лашкар билан ҳужум қилганини, аммо ўша даврда Довон деб аталган ҳозирги Фарғона аҳолиси босқинчиларга қарши мардона курашиб, ёвни ҳайдаб юборганини жонли мисолларда ишончли қилиб тасвирлаб бера олган.
Асарга тақриз ёзган таниқли олим, тарих фанлари доктори Мирсодиқ Исҳоқовнинг таъкидлашича, "Романнинг бош ғояси Ватан, унинг муқаддас тупроғини ҳимоя қилишда аждодларимиз кўрсатган жасоратнинг йирик бадиий панорамасини яратиш бўлган. Унинг сюжет чизиғи воқеаларнинг қуруқ баёни эмас, балки турли бадиий воситалар орқали жонли тарихий вазиятдек ўқилади. Унда кўплаб ривоятлар, ҳикоятлар киритма қилиб берилган.
Қадимий аждодларнинг урф-одатлари, турли маросимлари ҳақидаги лавҳалар ажиб тафсилотлар билан келтирилган."
Қисқаси, Абдуманноп Эгамбердиевнинг ушбу асари ҳеч қачон эскирмайдиган туйғу-ватанпарварлик мавзусига бағишланган ва адиб ўз мақсадини ажиб маҳорат билан рўёбга чиқарган, деб баралла айтиш мумкин.
Ўзим адабиётшунос ҳам, тарихчи ҳам эмасман, бу асар ҳақида ана шу соҳа намояндаларининг фикрини ҳам эшитмаганман. Лекин хозиргача на ёзувчилар уюшмаси, на тарихчилар "Сариқ аждар ҳамласи" романидек салмокли асарни биронта давлат мукофотига тақдим этмаганига ҳайронман. Ахир бу асар ҳар қандай салмоқли мукофотга лойиқ-ку!
Чин жафокаш, толмас ижодкор Абдуманноп Эгамбердиевни Оллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин: Унинг зурриётлари ва барча авлодлари соғ-омон бўлсинлар!