ЎЗБЕКИСТОН ЁЗУВЧИЛАРИ УЮШМАСИ
АЪЗОСИ, ЁЗУВЧИ ВА ШОИР, ТАНИҚЛИ
ОЛИМ, ИҚТИСОД ФАНЛАРИ ДОКТОРИ, ПРОФЕССОР,
СЕРҚИРРА ИЖОДКОР, УСТОЗИМ АБДУМАННОБ
ЭГАМБЕРДИЕВНИНГ ЁРҚИН ҲОТИРАСИГА
ЧИЗҒИЛАР
Ота
меҳридан устоз жафоси афзал.
Ҳалқ
мақоли
Муталлибжон Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси
Банк-Молия академияси, профессори, Иқтисод фанлари доктори, Меҳнат ва бандлик
халқаро академиясининг ҳақиқий аъзоси.
Устозим Абдуманноб Эгамбердиев билан танишув 1970 йилнинг июн ойи
оҳирларида содир бўлди. Шу кунларда мен Тошкент давлат университетининг
(Ҳозирги Миллий университет) юридик факультетини муваффақиятли тамомлаб қаерга
ишга тайинлашар экан деб кутиб юрган эдим. Ниҳоят давлат тақсимот
комиссиясининг қарори чиқиб мени шу университетнинг "Сиёсий иқгисод"
кафедрасида ўқитувчи вазифасига тайинланганимни билдим. Бундай бўлишини мен
аслида кутмаган эдим. Чунки мени тўртинчи курсда ўқиётган вақтимданоқ
криминалистика кафедрасида лаборант вазифасига ярим иш куни тартибида ишлашга
таклиф қилган эдилар ва келгусида шу даргохда асистент бўлиб колишимни айтилган
эди. Шу муносабат билан ҳамда ўқиш давомида фақат аъло баҳолар билан ўқиганим,
нафақат факультет, балки университет жамоат ишларида жуда фаол қатнашганим учун
мени факултетда ўқитувчи сифатида қолдиришларини маъмурият олдиндан айтиб юрар
эди. Бу ҳолатдан бироз иккиланиб мен иқтисодчи бўлмасам, қийлансам керак,
кимдан маслаҳат сўрасам экан деган фикрлар билан юрган кунларимдан бирида бир
танишим менга Меҳнат вазирлигида вазир ўрибосари бўлиб ишлайдиган бир одам бор
келинг шулардан маслаҳат сўрайсиз исмлари Абдуманноб, Отамнинг танишлари бўлади
деб бошлаб олиб борди. Улар бизни яхши кутиб олиб мендан кимлигимни, қандай
ўқиганлигимни, айрим саволларни рус ва ўзбек тилида сўраб суҳбатлашиб кўрдилар.
Сўнгра бу кафедрада қолдиришган бўлса бу сизнинг катга омадингиз бўлибди ҳамда
бу сизга бўлган ишончни ҳам билдиради. Мен ҳам аслида университетнинг филология
факултетини тамомлаб сиёсий иқтисод фанидан номзодлик диссертациясини
ёқлаганман. Ҳозирги вақтда докторлик диссертациясини ёқлашга тайёргарлик
кўрмоқдаман ва шунинг учун мен ҳам яқин орада Тошкент давлат чет тиллари
институтининг Сиёсий иқтисод кафедрасига мудир бўлиб ўтмоқчиман. Насиб этса
балким менга шогирд бўлиб қоларсиз, бирга ишлармиз дедилар. Бу фан жуда ҳам
катта ва қизиқарли яхши фан. Агар бу фанга астойдил меҳр қўйиб шуғуллансангиз
жуда катта илмий салохиятга эга бўлишингизни таъминлайди. Келажакда бундан жуда
ҳурсанд бўласиз. Давлат тақсимот комиссиясининг бундай қарор қабул қилишига
сабаб аввало азалдан бу фаннинг фундаментал асосларини яратганлар ва
ривожлантиришга катта ҳисса қўшган жуда кўп буюк олим ҳамда давлат арбоблари
ҳам юристлар бўлганлар. Қолаверса ҳозирги вақтда юридик йўналишдаги олий ўқув
юртларида Сиёсий иқтисод фани жуда кенг, яъни 320 соатлик дастур асосида
ўқитилади шу муносабат билан бу кафедра ўқитувчиларининг аксарият кўпчилигини
юристлар ташкил қилади. Шунинг учун сизни ҳам бу кафедранинг мудири профессор
Константин Дмитриевич Маркелов томонидан кафедрада қолдиришни таклиф қилинган
бўлса керак деди. Бу одамнинг ўз ҳаёти мисолида айтган, мантиқий асосли сўзлари
менда бу фанга нисбатан катта қизиқиш ўйғотди ва келажак илмий ижодий
фаолиятимнинг асосий йўналишини белгилаб берди.
Анашу илк учрашувдан сўнг орадан икки ой ўтмасданоқ устозим Абдуманноб
Эгамбердиев Тошкент давлат чет тиллари институтининг (ҳозирга Жаҳон тиллари
университети) сиёсий иқтисод кафедрасига мудирлик, вазифасига тайинланди ва
мени шу кафедрада ўқитувчи бўлиб ишлашга таклиф қилди ва мен бу таклифни бажони
дил қабул килиб биргалиқда ишлай бошладик. Кафедра жамоаси саккиз кишидан
иборат бўлиб уларнинг аксарият қисми ёшлари улуғ, катта ҳаётий ва педагогик
тажрибага эга бўлган кишилар эдилар. Устоз энг аввало ўзига хос бўлган катта
ғайрат ва шижоат билан жамоани илмий салоҳиятини оширишга эътибор қаратиб
барчаларини илмий қизиқишларига мос равишда мавзулар устида иш олиб боришларини
йўлга қўйдилар. Ўзи эса докторлик диссертацияси устида ишларини давом эттирган
ҳолда уни икки йилда якунига етказиб муваффақиятли химоя қилди. Устоз танлаган
мавзу мамлакатимиз учун жуда долзарб бўлиб, унда Ўзбекистон кишлоқ жойларида
яшаётган аҳолининг иш билан бандлигини ошириш, улардан самарали фойдаланиш
орқали турмуш фаровонлигини ўстириш каби муҳим масалаларни қамраб олган эди. Бу
борада шуни айтиб ўтиш лозимки бу даврда Совет давлатининг асосий сиёсати
Ўзбекистонни бутун совет иттифоқи тўқимачилик саноати учун пахта ҳом ашёсини
етиштириб берувчи базага айлантиришни назарда тутар эди. Шу муносабат билан
қишлоқ хўжалигида ҳўжалик юритувчи корхоналар "колхозлар" ва
"совхозлар"да эрта баҳордан то кеч кузгача иш вақти эрта тонгдан то
кеч қоронғу тушгинига қадар давом этар, дала ишларида асосан аёллар қўл
меҳнатидан фойдаланилар эди. Бундай ҳолатда ишни ташкил этилишига бирорта олим
ёки раҳбарлар ҳам эътироз билдиришга журъат эта олмас эдилар. Шундай вазиятда
ҳам бу масалани устозим А.Эгамбердиев ўзига ҳос шижоат билан, оқибатидан
қўрқмай Ўзбекистонда биринчи бўлиб кўтариб чиқиб "Қишлоқда дам олиш
куни" номи билан газетада мақола чоп эттан эди. Бу мақола катта
шов-шувларга ҳам олиб келган эди. Устоз бу мавзуда катта илмий монография ва
бир қатор мақолалар хамда рисолалар нашр эттирдиларки уларда анашу давр учун
энг ўткир бўлган: колхозчилар учун меҳнат дафтарчаси жорий этиш, худди саноат
корхоналари ишчилари сингари хар ойда ойлик иш хақлари тўлаш, ҳафтада бир кун
дам олиш кунини белгилаш, ёш болали аёллар учун шароитлар ташкил этиш, қишлоқ
хўжалиги меҳнаткашларини хуқукларини ҳимоялаш учун касаба уюшмаларини ташкил
этиш зарурлиги тўғрисида, ҳам иқтисодий ҳам ижтимоий ва сиёсий аҳамиятга молик
масалалар ўз аксини топган эди. Бундай дадил фикрларни айтиш устозимнинг
ҳарактерига ҳос томонлардан бири эди. Устозим томонидан чоп эттирилган
"Қишлоқ жойларда меҳнат ресурсларини такрор ишлаб чиқариш"
тўғрисидаги монографияси анашу вақтдаги таниқли иқтисодчи олимлар: академик
Аминов Алим Мўминович, и.ф.д, профессор Ўлмасов Аҳмат Ўлмасович, и.ф.д.
профессор, Раъно Ахатовна Убайдуллаева ва бошқалар томонидан ҳам юксак
баҳоланди. Жумладан, иқтисод фанлари доктори, ўзи математика фани бўйича
мутахассис Нутфилла Ҳўжаев мен билан суҳбатда А. Эгамбердиевнинг шу
монографияси мени иқтисод фани бўйича докторлик иши ёзишимга сабабчи бўлган дея
устоз номларини фаҳр билан тилга олди. Дарҳақикат анашу монографиянинг ҳар бир
боби ва параграфларида кўтарилган илмий муаммоларни ўрганиш ва тадқиқ этиш
асосида кейинчалик ҳам жуда кўп тадқиқотчилар, шу жумладан мен ҳам аввалига фан
номзоди сўнгра эса иқтисод фанлари доктори даражасини олишга ва Халкаро меҳнат
ва бандлик академиясининг академиги унвонига сазовор бўлдим.
Устоз ҳотиралари тўғрисида сўз борар экан, мен кунларнинг бирида
устозим билан кафедрада суҳбатлашиб ўтирган эдик улар телефон қўнғироғига жавоб
бераётиб бирдан хурсанд бўлиб биз ҳозироқ етиб борамиз, сизга катта раҳмат
дедию, - Муталлибжон қани кетдик, ҳозир бир жойга бориб кўп вақтдан буён кутиб
юрган бир нарсани олгани бормиз. Нималигини сўраманг борганда кўрасиз деди. Биз
чорсу бекатидан трамвайга ўтириб Навоий кўчасидаги панорама кинотеатри
қаршисидаги Букинистик китоб дўконига кириб бордик. У ерда тўрт боғлам қилиб
боғланган 56 томлик "Всемирная история" деган китоблар турган экан
уларни олиб устознинг уйларига бордик. Бу орада мен устозимдан ҳеч нарса
сўрамадим лекин уларнинг юзларида қувонч, кўзларида нур чақнаб қандайдир ҳаяжон
оғушида эканлигини кўрдим. Шундан сўнггина устоз китоб боғламларини ечиб унинг
орасидан бирини олиб, очиб "Древная даванская война" деган бобини
кўрсатиб, энди мен ҳудо ҳоҳласа манашу бобдаги ёзилган тарихий воқеаларни
бадиий асар қилмоқчиман. Бу фикр менда кўп йиллар аввал, Андижон вилоятида
област партия қўмитасининг мафкуравий ишлар бўйича котиби бўлиб ишлаб юрган
вақтларда Марҳамат районининг Мингтепа деган жойига борганимда пайдо бўлган.
Қаранг Муталлибжон бу мақолада ҳалқимизнинг икки минг йил аввалги тарихи, Хитой
томонидан уч марталаб бостириб келган катта лашкарларига қарши олиб борган
қаҳрамонона жанглари, анашу Мингтепанинг (ерлик аҳоли уни
"Жингиртепа" ҳам дейишади) ўрнида Фарғона водийсидаги энг катта ва
буюк давлати пойтахти Эрши шаҳрида содир бўлган тарихий воқеаларни жонлантириб
ҳалкимизга, келажак авлодларимизга етказиб бериш нийятларим бор дедилару
мақолани ўқиб чнқинг дея менга бердилар. Мен мақолани ўқиб чиқиб қайтариб
бердим. Орадан бир-икки ой ўтгандан сўнг устозим мени уйига чақириб эсингизда
бўлса Мен сизга айтган ниятимни амалга ошира бошладим. Энди сиздан бир
илтимосим бўлади ва бу ҳозирча иккаламиз ўртамиздаги сир сақланган ҳолда Сиз
мен ёзган қўлёзмаларни машинкада яҳши ёза оладиган бир котибага бериб ёздира
борасиз. Лекин шартим шуки сиз қўлёзмани ўқимайсиз ва ҳозирча менга ҳеч қандай
фикрларингизни ҳам айтмайсиз. Чунки асар ёзилиши жараёнида бошқалар томонидан
айтилган фикр муаллифни чалғитиши мумкин. Фикр ва тассуротлар роман тайёр
бўлгандан сўнггина эшитилади ва муҳокама қилинади деди. Мен шу кундан бошлаб
романнинг ёзилиши жараёнининг гувоҳи ва қўйилган шартни бузиб романнинг биринчи
ўқувчисига айландиму, лекин буни сир сақлаган ҳолда устозга бирор марта ҳам
буни билдирмай китобнинг тайёр бўлишини сабрсизлик билан кутдим. Роман ёзилиши
даврида устоз бир неча маротаба Марҳамат районига Мингтепага бориб келиб
юрдилар. Бир марта ёзнинг август ойларида мен ҳам бирга бориб Мингтепа
харобаларини айланиб кўришда иштирок ҳам этдим. У ерда биз колхознинг бир дала
шийпонига жойлашиб бир ҳафталар давомида кундузлари атроф муҳит табиатларини
устоз билан бирга айланиб тарихий воқеалар содир бўлган жойларни кўриб чиқар
эдик. Кечалари эса устозим уни романда аниқ тасвирларини моҳирлик билан
ифодалаб берар эди. Устоз анашу кунларда қандайдир бир хаяжон, жўшқин куч
ғайрат билан ишлар эдики уларни баъзи вақтларда кечаси билан тинмай ёзиб
ўтириши, баъзи вақтларда ташқариларга айланиб, узоқ-узоқлардан кўриниб турган
тоғларга, осмондаги юлдузларга қараб ҳам бир нарсаларни ҳисоб-китоб қилиб
тасвирларини чизиб юрганларини гувоҳи бўлар эдим. Икки минг йил аввал бўлиб
ўтган воқеаларининг кўламини тасвирлаш, у ерларнинг географик тасвири,
атрофнинг табиий манзараларини аниқ тасвирлаш учун устоз анашу атрофдаги
тоғликлар, тепаликларни мукаммал ўрганишга астойдил эътибор билан ҳаракат қилар
эди. Бу ҳотиралар кечагидек ёдимда колган.
Роман дастлаб Ўзбек тилида ёзилган эди. Уни нашр қилиш учун анашу
даврдаги бюрократик қоидаларга кўра аввал ёзувчилар союзи муҳокамасидан ўтиши
талаб қилинар эди. Ёзувчилар уюшмаси романни ўқиб чиқиб бу тарихий асар Совет
иттифоқининг Хитой билан муносабатларига таъсир этмасмикан деган мулохазарга
боришиб, буни нашр қилиш учун Москвага мурожаат қилшп керак деган хулосага
келдилар. Шу билан нашр қилиниши тўхтатиб қўйилди. Бундан анча изтироб чеккан
Устоз романни рус тилида ёза бошлади ва бир йилдан ортиқроқ вақтда роман рус
тилида кайтадан ёзиб чиқилди. Сўнгра уни Москвадаги шарқшунос ва ҳитойшунос
мутаҳассислар томонидан ўқиб чиқидилар. Мутаҳассислар томонидан ёзилган
тақризларда китобнинг аниқ тарихий манбалар асосида ёзилганлиги унинг мамлакат
ёшларини ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашга катта хисса кўшиш
мумкинлигини ҳисобга олиб уни 100 минг нусхада ҳарбий асарларни нашр этувчи
"Воениздат" нашриётда босиб чиқарилди ва Совет иттифоқининг барча
республикаларига тарқатилди. Шундан сўнг Устоз уни ўзбек тилида яна қайтадан
ишлаб кенгайтириб нашр эггирган. Ҳозирга қадар китоб икки маротаба қайта-қайта
нашр этилиб китобҳонларнинг эътирофига сазовор бўлиб келмоқда.
Мен устозим ҳақида шу ҳотираларимни ёзиш давомида эндигина бу инсон
билан учрашиш менинг тақдиримга қандай таъсир этганини ва менинг бутун ҳаёт
йўлимни белгиланишида, эришган нактижаларимда кандай из қолдиргани тўғрисида
ўйлар эканман Аллоҳ берган тақдири илоҳийга шукроналар айтаман. Бу учрашув мени
нафақат иқтисод илмида маълум натижаларга эришишим, балки адабиёт, шеърият,
тарих, сиёсатшунослик, жамиятшунослик ва умуман ҳаётга фалсафий қараш борасида
ҳам катта сабоқ олишимга ёрдам берди. Устозим менда бу соҳаларга ҳам катта
қизиқиш уйғотда. Чунки устозим ўзи энциклопедик билим эгаси эди. Устозимнинг
билим доирасининг кенглиги мени доимо ҳайратга солар эди. Уларнинг ғайрати ва
ишчанлиги, доимо оптимистик кайфиятда бўлиши ўзига катта ишончи, ҳар қандай
вазиятларни ҳам енгиб ўтиши менда бу одамга нисбатан хурматимни ошириб борар
эди.
Устоз билан биринчи учрашувдан бошлабоқ менда бу инсонга нисбатан катта
ишонч, чуқур хурмат ва эҳтиром, меҳр ва садоқат ҳиссиёти кундан-кунга,
йилдан-йилга ортиб бораверди. Бунинг асосий сабаби энг аввало устознинг доимо
тўғри сўзлиги, ниятлари, тилакларининг пок ва беғуборлиги, жуда катта ва кенг
доирадаги илмий салоҳиятга эгалиги, оддий меҳнаткаш оиладан чиқиб вилоят ва
республика даражасидаги давлат идораларда раҳбар бўлиб ишлаб катта хаётий
тажрибага эгалиги, узоқни яхши кўрабилиши, шогирдларига нисбатан қаттиқ
талабчан бўлиши билан бирга меҳрибонлигидир. Бунинг далили сифатида бир куни
устозим барча фарзандларига, билиб қўйинглар шу Муталлибжон сизлар учун катта
акаларингиздекдур деган эдилар.
Шу ўринда энди устознинг
оиласига, фарзандларига бўлган эътибори ва меҳрибонлиги, оилапарварлиги
тўғрисида ҳам тўхталиб ўтиш ҳар томонлама, айниқса ёш оилалар учун жуда керакли
деб ўйлайман. Чунки ҳар бир оилада ота-оналар ўз фарзандларининг келажакда
қандай инсонлар бўлиб етишишларига катта эътибор билан қарайдилар. Уларнинг
келажаги тўғрисида аниқ ва чуқур ўйланган мақсад сари тайёрлаб бориши
борасидаги ҳаракат ва бу мақсадга эришувлари учун қандай йўл тутиш кераклигини
ҳам мен устоздан ўргандим. Мен устозим билан танишган йилларда фарзандлари хали
жуда ёш эдилар. Энг каттаси Шуқратбек 7-синф ўқувчиси, энг кичик қизлари ҳали
боғча ёшида, яъни 3-4 ёшларда эди. Кунларнинг бирида мени фарзандлари билан
таништирар экан ҳар бирларини келажакда улар, қандай касб эгаси бўлишини айтиб
таништирган эдилар. Буларни эслашнинг муҳим жиҳати шундаки, анашу вақтда
фарзандларига нисбатан қилган ниятларининг асосан барчаси тўғри бўлиб рўёбга
чиққанини гувоҳи бўлдим. Ҳалқимиздаги мавжуд хикмат, яъни "яхши ният ярим
мол" дейилиши жуда ҳам тўғри экан. Устоз катта ўғли Шуҳратбекни таништирар
экан менга қараб "шу ўғлим Худо хоҳласа бир вақтлар келиб ҳудди Мирзо
Улуғбек сингари улуғ олим бўлади, унинг шуҳратини яна Ўзбекистонга қайтариб
олиб келади" деган эдилар. Уларнинг бу ниятлари рўёбга чиқиб катта
ўғиллари Шуҳратбек Эгамбердиев Астрофизика фани бўйича фан доктори, профессор,
дунёга танилган олим, Ўзбекистон фанлар академиясининг хақиқий аъзоси,
республика Астрономия институтининг директори. Ҳалкимизнинг севикли илмий
оммабоб журнали бўлган "Фан ва тумуш" журналининг бош муҳаррири бўлиб
ишлаб келмоқда. Ўзбекстонда бу фанни ривожлантиришга қўшган буюк ҳизматлари
учун "Шуҳрат" орденига ҳам сазовор бўлди. Кейинги иккинчи ўғлини
таништирар экан бунисининг исми Баходир, бу келажакда ҳудо ҳоҳласа харбий соҳа
бўйича генерал бўлади деган эди. Бу яхши ниятлари ҳам рўёбга чиқиб Баходир ҳам
республикамиз ҳарбий тизимида катга бир ҳарбий округнинг қўмондони
"Комбриг" даражасига етиб борди. Устознинг энг кенжа қизлари
Нилуфархон эса Бирлашган миллатлар ташкилотида, ЮНЕСКОнинг жаҳон халқлари этноси
этнографияси ва унинг муаммолари бўлимида ишлаб бу ташкилот раҳбарларининг
катта ҳурмати ва эътирофига сазовор бўлди. Хуллас устознинг қолган барча
фарзандлари ҳам ўз соҳалари бўйича ҳалқ этирофига сазовор инсонлар бўлиб
етишдилар.
Ҳотираларимни давом эттирар эканман
яна бир ҳодисани эслашни жоиз деб ўилайман. Кунларнинг бирида устозим қўнғироқ
қилиб вақтингиз қандай, бир кўришайлик деди. Мен бундан беҳад қувониб сизга
қайси вақт маъқул бўлса шу вақтга бораман дедим. Устозим эса агар вақтингиз
бўлса ҳозироқ келаверинг деб таклиф қилди. Мен ҳам шу заҳотиёқ устоз ёнига
боришга шошилдим. Чунки мен учун устоз билан кўришиш ҳар доим ҳаётимнинг энг
мазмунли, фойдали онларидан бири бўлар эди. Устоз билан бўладиган суҳбатларда
иқтисодий, ижтимоий ривожланиш, давлат тараққиёти, ҳалқимиз тарихи ва унинг
қадриятлари, адабий меъросимиз, ҳуллас, илм-маърифат, фалсафа ва ҳаётнинг барча
қирраларини, моҳиятини чуқур билган улуғ инсон эканлигига ишонч ҳосил қилиб
қолар эдим. Устозим табиатан жуда одамшаванда, ҳушчақчоқ, тўғрисўз мард ва
қўрқмас, меҳнаткаш, ҳалол инсон эдилар. Уларни аксарият кўп ҳолатларда яҳши
кайфиятда кўрар эдим. Бу сафар улар бироз ҳафароқ кўринди. Мен бу ҳолатнинг
сабабини сўрашим биланоқ, - устозим, эй Муталлибжон ўзингизни ҳам хабарингиз
бордир, сўнги вақтларда айрим нодонлар томонидан ёзилаётган, бизнинг бебахо
меросимиз, маданий, адабий қадриятларимиздан бири бўлган, шеъриятимизнинг аруз
вазни услубини танқид қилинаётган мақолаларни ўқиб шундан қаттиқ хафаман ва
бунга жавобан бир мақола ёзмоқчиман. Аслида, кўпдан буён бу аруз вазнининг
назарий асослари ҳамда қоидаларига бағишлаб бир ҳайрли ишни бошламоқчи бўлиб
ҳам юрган эдим. Энди бу ишни пайкалга солмай тезроқ амалга оширмоқчиман
дедилар. Мен бундан жуда ҳам қувондим ва устозимга, бу жуда улуғ иш бўлар эди
дедим. Сўнгра шу мавзу бўйича Ўзбекистон халк шоири Ҳабибий томонидан аруз
вазнини танқид қилувчиларга қарата ёзган бир шеърида айтилган қуйидаги мисрани
ёдга келтириб айтиб бердим.
"Арузий вазнини номатлуб деган мунаққидлар,
Сўзи шудгорға оқсин-у, қиш фасли яҳоб ўлсин"
Бу шеърни эшитиб устозим жуда
қувониб кетди-да, ҳа албатта бу вазнни ардоқлайдиган, қадрига етадиганлар ҳам
бор. Шулар билан биргалиқда бизнинг вазифамиз уни келажак авлодларимиз учун
нафақат сақлаб колишни, балки янада ривожлантириб етказишимизни ўйлашимиз керак
дея ният килдилар. Устозим бу пок ва улуғ нийятларини рўёбга чиқариш борасида
жуда қаттиқ меҳнат қилиб, унинг самараси сифатида "Аруз сеҳри" ва
"Аруз жилолари" номли иккита китоб нашр эттирдилар. Бу кун хам ҳар
сафар учрашганимиздагидек суҳбатимиз анча узоқ вақт давом этганлигини ҳам
сезмай қолибман, шеърият, айниқса аруз вазни тўғрисида устозимнинг шу қадар
чуқур билимга эга эканлигидан ҳайратда қолдим.
Доно ҳалқимизда жуда тўғри ва ажойиб мақол бор, "Устоз кўрмаган киши юз мақомга йўрғалар". Бу мақолнинг нақадар тўғрилигига мен ўз ҳаётимда ишонч ҳосил қилдим ва ҳаётимдаги энг сезиларли ўзгаришларнинг шу устозим туфайли юз берганлигини англадим. Агарда ҳар бир инсон ўзидаги мавжуд камчиликларни тузата олмаса, унга қарши кураша олмаса, албатта бошқалардан айниқса устозлардан ёрдам сўраши керак экан ва бунинг ҳеч қандай уятли томони бўлмас экан. Инсон ёшлигида ўзига ҳос ғурур ва андишага бориб ўзи билмаган нарсаларни бошқалардан сўрашга уялиб нотўғри ўйлар экан. Шу ўринда буюк Алишер Навоийнинг "Билмаганни сўраб ўрганган олим ва орланиб сўрамаган ўзига золим" деган сўзларини доимо ёдда тутиш ва унга риоя қилиш зарур экан. Чунки устозларда билим билан тажриба мужассам бўлиб сиздаги айрим муаммоларнинг ечими уларда аллақачон топилган бўлади. Шунинг учун устозинг бўлса уларни тўғри йўл кўрсатиши туфайли тезроқ самарали натижаларга эриша оласиз. Баъзи одамлар ички иродалари орқали мустақил ҳаракат қила оладилар, айримларн айниқса ёшлар бундай қила олмайдилар. Устозлар эса ўз шогирдларини инсон учун жуда муҳим бўлган фазилатлардан бири бўлган масъулиятнинг шаклланишига ёрдам берадилар. Натижада сиз ўзингиз билан дардлашадиган, сизни йўналтирадиган, тўғри йўл кўрсатадиган ва қўллаб қувватлайдиган рағбатлар бўлгани учун яҳшироқ, самаралироқ ҳаракат қиласиз. Менинг бу ёзган айрим ҳотираларим устозимнинг ҳаётидан кичик бир лавҳаларгина бўлиб улар тўғрисидаги жуда кўп илиқ таъсуротлар қалбимда чуқур из қолдириб чексиз ҳурмат ва эҳтиром ўйғотиб келмоқда. Мен шоирликка даво қилмаган ҳолда ўз эҳтиромимни қуйидаги шерим билан изҳор килдим.
Устозим Абдуманноб ака хотирасига
Арузий вазнига меҳр қўииб сиз,
Бебаҳо ижодий меърос инъом этдингиз.
Дилингиз пок эди, сўзингиз савоб,
Улуғ ният билан ижод қилдингиз.
Меҳру муҳаббатга тўла қалбингиз
Аслида Аллоҳнинг иноятидан.
Ногоҳ эслашиб биз, шогирдларингиз
Номингиз фаҳр ила оламиз тилга.
Оламда бор экан сиздай устозлар
Боқий умр кўриб яшар дилларда