ОСМОННИ ҚОПЛАГАН ҚОРА БУЛУТЛАР
(Тарихий ҳикоя)
Абдусалом ИСАҚОВ.
Довон давлатининг хони Муғува
Осмонтаги (Хитой) давлатидан келган айғоқчисини тинглар экан, қовоғи осилиб борар
эди. Осмонтаги давлати Довон давлатини босиб олиш учун олтмиш мингта шенбинларини
тайёрлаётган эмиш. Довон давлатида бор йўғи қирқ мингта черик бор. Уларнинг ҳам
ўн мингтаси аёллар. Айғоқчига жавоб берган хон хонасида анча ўтирди. Бир оздан сўнг
ташқарига чиқди. Тун ярим бўлгани учун ташқарида жимлик. У беиҳтиёр осмонга қаради.
Аксига олгандай осмонни ҳам қора булут қоплабди. Йилт этган юлдуз кўринмайди. Ўйга
толди. Наҳотки, боболаридан мерос бўлиб келаётган юрт унинг даврида босқинчилар
қўлига ўтиб, хароб бўлса. У ўз ўйидан ўзи чўчиб тушди. Муштларини шундай қаттиқ
қисдики, суяклари қарсиллаб кетди. Бугун кичик хотининикига бормоқчи эди. Кайфияти
тушганидан ўзининг хос хонаси томон қадам ташлади. У ухлай олмади. Эрталаб ёлғиз
фарзанди Ойпопук саломга кирганда, унга боқар экан, ҳаёлига бир фикр келиб, юзларига
табассум югурди. Қизи бу йил ўн саккиз ёшга тўлди. Тўрон Ботирда кўнгли бор. Тўйни
тезлаштирсачи? Тўй ўтгунча Осмонтаги давлатининг босқини тўғрисида индамай туради.
Тўй тараддудлари бошланди. Элга уч кечаю уч кундуз тўй берилди. Бугун кураш. Бу
юртнинг удумига кўра оила қураётган йигит билан қиз курашга тушади. Курашда йигит
қизни йиқита олса, уни ўз маҳрамига олиш ҳуқуқига эга бўлади. Агар курашда қиз йиқитса,
хоҳлаган йигитини танлай олади. Шунинг учун ҳам бу юртнинг йигитлари ҳам, қизлари
ҳам ёшликдан кураш сирларини ўрганиб, чиниқиб боришади. Ойпопукнинг кураги ҳали
ерга теккани йўқ. Кураш учун махсус хона бор. Ёшлар хонанинг тепасига чиқиб, туйнуклардан
курашни томоша қилишади. Кураш бошланди. Ойпопук Тўрон Ботирни суйса-да, ҳазиллашмоқчи
бўлдими ёки хоннинг қизи экани учунми, курашни кескин бошлади. У Тўрон Ботирнинг
ҳамлаларига чап берар, ҳар замонда ўзи ҳам ҳужумга ўтар эди. Тўрон Ботир ҳам анойилардан
эмас. Не не ботирларни курагини ерга теккизган. У пойлаб туриб қизнинг нозик белидан
омбир сингари бармоқлари билан маҳкам ушлади-да, кўтариб икки-уч айлантириб, ерга
юмшоққина йиқитди. Тепани ёшларнинг қийқириқлари босиб кетди. Юзлари анордек қизарган
Ойпопук кўзларини ердан олмаган ҳолда кураш хонасидан чиқди. Сариқ оқсоқол уларга
оқ фотиҳа берди.
Келин-куёв хос хонада ёлғиз. Ойпопукнинг
қошлари бир оз чимирилган. У ҳали ҳам аламдан тушгани йўқ. Тўрон Ботир унинг оппоқ
қўлларини кафти орасига олар экан, қулоғига нималардир деб шивирлади. Ойпопукнинг
юзлари ёришди.
Бугун хон аёнларини йиққан. Қовоқлари
осилган. Ҳамма жим. Нима гаплигидан ҳеч кимнинг хабари йўқ. Хон томоқ қириб сўз
бошлади. Ҳамма бир-бирига қарар эди. Тўрон билан Ойпопук ҳам бир-бирига тикилиб
қолишди. Уларни етишганларига энди ўн кун бўлди. Ойпопук ҳавотирлик билан отасига
қараб қўйди. Эртасидан жангга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди. Довон давлатида
кўплаб кентлар бор. Эрши кенти юртнинг бош кенти. Бу кентнинг қалъаси энг мустаҳкам
қалъалардан. Қалъа деворининг баландлиги тўрт қулоч, эни эса икки қулоч. Девор ҳом
ғиштдан бўлса-да, пишиқ. Бундан ташқари деворнинг ташқи томонига ҳандоқ қазилиб,
сув билан тўлдирилган. Бу ҳам қалъанинг мудофаа қобилиятини оширади. Аммо, барибир
хоннинг кўнгли ғаш. Душманни тош отар аравалари бор эмиш. Девор у тошларга дош бера
олармикан?
Эрини черикларининг ёнига кузатаётган
Ойпопукнинг қовоқлари осилган. Улар ҳали дийдорга тўйганлари йўқ. Аммо, ҳозир дийдорни
ўйлайдиган вақт эмас. Тўрон Ботир ўн минг черикка бош. Улар билан жангга тайёргарлик
кўриши керак.
Қуён йили. Эрта баҳор. Душманни
мўр-малаҳдай бостириб келаётганлиги тўғрисида хабар келди. Хон бошлиқ қирқ минг
черик уларни кутиб олиш учун шай. Ойпопук минг қизга бош. Улар жанг сирларини пухта
ўрганишган. Катта майдонда жанг бошланди. Қоронғу туша бошлаганда Довон чериклари
қалъа томон чекинишди. Хон оғир яраланган эди. Душман ҳам бу жангда катта талофат
кўрди, аммо ҳали кучли. Ярим тунга борганда хон оламдан ўтди. Ота ўрнини Ойпопук
эгаллади. У Тўрон Ботирни бош саркарда этиб тайинлади. Унинг ихтиёрида йигирма минг
черик қолган. Аёллар эса Ойпопук бошчилигида қалъа мудофааси билан банд.
Иккинчи жанг биринчисидан ҳам
даҳшатли бўлди. Ҳар икки томон кўп талофат кўрди. Бу жангда Тўрон Ботир ҳам енгил
яраланди. Душман қалъани қамал қилди. Улар тош отар аравалари билан тинмай қалъа
томон тош ёғдирар эдилар. Қалъа ҳимоячилари девор тепасига тўплаб қўйилган тошларни
палаҳмон билан отиб, душманни қалъа деворига яқин келтирмас эдилар. Тўрон Ботир
бир тадбир ўйлади. Тунда сараланган юзта ботирни маҳфий йўл орқали қалъадан чиқариб,
душманнинг тош отар араваларини бузиб ташлашга юборди. Бир нечта арава йўқ қилинди,
аммо ботирлар ҳам мардларча ҳалок бўлишди. Довонда эли учун жонини фидо қиладиган
ботирлар кўп эди. Улар бирин-кетин қалъадан чиқиб, тош отар араваларни йўқ қила
бошладилар. Ниҳоят, душманнинг борлиқ тош отар аравалари йўқ қилинди. Қишнинг қировли
кунлари бошланди. Довоннинг қалъадан ташқаридаги халқи бор будини олиб тоғу-тошларга
чиқиб кетган. Душманга ҳеч нарса қолдирмаган. Шенбинлар орасида очлик саросимаси
бошланди. Улар отларини сўя бошладилар. Қалъани олишдан умидлари узилди. Ниҳоят
судралиб, ортларига қайтишди. Бу хабарни эшитган Осмонтаги давлатининг хоқони Осмон
ўғлининг фиғони фалакка кўтарилди. У Довон давлатининг унумдор ерларига, зилол сувларига,
учқур отларига, ўткир мусалласига эгалик қилмоқчи эди. Нияти чиппакка чиқди.
Бугун Ойпопук аёлларни йиққан.
У хонликни Тўрон Ботирга топширди. Тўронни хон тахтига ўтказишди. Эрта баҳордан
ҳамма ўз ишларига киришди. Энди яна тўю-тантана. Осмонни қоплаган қора булутлар
ҳам тарқай бошлади.