ДОВОН ЁКИ ҚАДИМГИ ФАРҒОНА: МУНОСАБАТЛАР ВА ЗИДДИЯТЛАР
Гулнорахон Валихонова,
АндҚХАИ доценти, тарих
фанлари бўйича фалсафа доктори.
Шоҳида Ғофуржонова,
АндҚХАИ Юриспруденция таълим
йўналиши 1 -курс талабаси.
Мамлакатимизда мустақил тараққиёт йиллари улкан ютуқ ва марралар қўлга киритаётгани, юртимиз жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллангани қалбларимизга ғурур ва ифтихор беради. Тарихан қисқа муддатда беқиёс ютуқларни қўлга киритишда жамиятни ислоҳ этиш ва янгилаш мамлакатни демократлаштириш бўйича ислоҳотлар стратегиясининг тўғри белгиланиши кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда. Барча ислоҳотлар қатори илм – фан соҳасида ҳам қатор янгиланишлар бошланди ва бу тарихий ўзгаришлар ҳам давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси, раҳнамолигида амалга оширилмоқда. Шу ўринда Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг академик олимлар билан бўлган учрашувида ёшларимиз қалбида миллий ғурур ва ифтиҳор туйғуси аввало, ўз тарихини англашдан бошланади, деб таъкидлади.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон ўзининг бой ўтмиш тарихи, миллий қадриятлари ва анъаналари ҳамда кўп миллатли халқи билан минтақадаги бошқа мамлакатлардан фарқланиб туради. Тарихан қисқа, лекин улкан ўзгаришлар бўлган истиқлолимизнинг салкам ўттиз йиллик даврида бой маънавий меросимизни қайта тиклаш, қадриятларимизни асраб-авайлаш, унинг жозибасини жаҳонга танитиш йўлида улкан ишлар қилинмоқда.
Тарихимиз эса албатта давлатчилик асоси билан боғлиқ. Қадим даврларда бу заминда мавжуд бўлган давлатларида кечган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий жараёнлар аждодларимизнинг ижтимоий-тарихий тараққиёт йўлида ўз давлатчилик тузилмаларини вужудга келтириб, бошқарув усулларини такомиллаштириб борганлигидан гувоҳлик беради. Фарғона водийси Марказий Осиёнинг қадимий маданий марказларидан бири ҳисобланади. Ушбу тарихий-этнографик маконда аждодларимиз ибтидоий жамиятнинг тош даврида яшаганликлари ҳақида тарих фанида етарли маълумотлар мавжуд.
Археологик тадқиқотлардан маълумки, Фарғона воийсида маданий ҳаёт эрта бошланган. Бинобарин ўзига хос табиий-географик ҳусусиятга эга ушбу ўлкада ибтидоий одамлар яшаган. Қадимий одамлар яшаган бундай манзилгоҳлар Фарғона водийсининг бир қатор жойларидан топилиб, тадқиқотчилар томонидан ўрганилган.
Марказий Осиёнинг бошқа ҳудудларидаги каби Фарғона водийси ҳудудида ҳам аҳолини шаклланиши, яъни этногенетик жараёнлар узоқ тарихий даврлар давомида кечди. Фарғона аҳолисининг этник таркиби ҳам асрлар давомида турли этник компонентлар ҳисобига бойиб борди.
Бу тарихий-этнографик ҳудудда кечган этник жараёнларни ўрганиш кўпдан бери тадқиқотчиларни қизиқтириб келаётган масаладир. Бу борада анчагина ишлар ҳам қилинган.
Айни вақтда шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, Фарғона водийси қадим даврданоқ турли этнослар аралаш, ёнма-ён яшаган ҳудуд ҳам ҳисобланади. Бу жойда яшаган халқлар милоддан аввалги даврдаёқ ўзаро иқтисодий-маданий алоқаларда яшаганлар. Мазкур ҳудудда аҳоли қадимдаёқ ўтроқ яшаб, деҳқончилик ва ҳунармандчилик маданиятини ривожлантирган. Бир сўз билан айтганда, Фарғона водийси халқлари қадимдан бошлаб ўзига хос маданият яратганлар. Шу сабабли Фарғона водийси халқларини тарихий-этнографик, археологик ва ёзма материаллар асосида ўрганиш катта илмий аҳамият касб қилади. Қадимда юртимиз ҳудудида Хоразм, Қанғ, Бақтрия, Довон каби йирик давлат бирлашмалари бўлган. Довон номи билан машҳур давлат Ватанимиз ҳудудидаги қадимги давлатлардан бири ҳисобланади. Тарих силсиласида турлича номлар билан аталган Довон хусусида тўхталганда аввал, унинг географик ўрнини баҳолаш лозим. Табиий географик жойлашуви, қулай табиати, табиий бойликлари билан кўпларнинг эътиборини тортган минтақа, асли водий Марказий Осиё марваридидир. Марказий Осиёнинг шарқида, Сирдарёнинг юқори ҳавзасида жойлашган қадимги Фарғона антик давр ўзбек давлатчилиги тарихида муҳим аҳамиятга эга бўлган эди. Энг қадимий маданий марказ сифатида бу ерда мил.ав. II минг йилликлардаёқ деҳқончилик ривож топган. Ушбу тарихий-этнографик ҳудудда аждодларимиз ибтидоий жамиятнинг тош давридан бошлаб яшагани ҳақида маълумотлар мавжуд. Археологик материаллар бизга қадимги Фарғона аҳолисининг турмуш тарзи, хўжалиги, моддий маданияти ҳамда савдо алоқалари ҳақида қимматли маълумотлар беради. Бироқ, шу билан бирга биз ушбу материаллардан қадимги Фарғона аҳолисининг этник таркиби, тили ва ёзуви ҳақида тўла тушунчаларга эга бўла олмаймиз. Бу масалаларни тўлдиришида ёзма манбаларга мурожаат қилиш керак бўлади.
Довон давлати тарихи бўйича узоқ йиллардан буён тадқиқот ишлари олиб борилиб, сўнгги йилларда ўзбек олимларидан А.Асқаров, А.Хўжаев, Б.Матбобоев, А.Анорбоев, С.Қудратов, Б.Абулғозиева, Б.Абдуллаев, Абдуҳолиқ Абдурасул ўғли каби олимлар археологик маълумотларни ёзма манбалар билан қиёсий ўрганиш асосида самарали ишлар олиб бораётган бўлишларига қарамай, бу йўналишда ҳали кўпгина масалалар ўз ечимини топмаган.
Бу давлат ҳақидаги ёзма маълумотлар асосан Хитой манбаларида – Чжан Сян маълумотларида, Сима Сяннинг «Тарихий хотиралар», Бан Гуннинг «Биринчи хан сулоласи тарихи» асарларида берилади. Бу манбаларда ушбу давлат «Даюан» ёки «Да-ван» номи остида тилга олинади. Фарғона сўзи Сўғд манбаларида «Фрагоник» шаклида ёзилиб «тоғлар орасидаги водий, атрофи берк сойлик» маъносини беради. Фарғона водийсининг қадимги ва илк ўрта асрларга оид тарихи аксарият ёзма маълумотларда, аниқроғи хитой манбаларида яъни, Хитойда ҳукмронлик қилган сулолалар тарихида ва сарой тарихчилари томонидан битилган асарларда учрайди. Араб, форс манбаларида Фарғона тарихига оид маълумотлар кам. Милоддан аввалги VI – IV асрлардаги аҳмоний ва юнон босқинидан Фарғона четда қолади. Ўз-ўзидан Салавкийлар давлати таркибидан ҳам алоҳида қолиб кетган Фарғона анчайин гуллаб яшнаган, тинч бир давлат эди. Қадим тарихий воқеликлардан хабар берувчи битик ва манбаларда шу сабаб ҳам тилга олинмайди.
Бироқ таъкидлаш жоизки, қадимги ва кейинги даврга оид хитой манбаларида Фарғона деган ном тилга олинмайди, асосан манбаларда “Давон” давлати деган ном ишлатилади. Йирик бир давлатни номланишини хитой манбааларида ўзгартирилишига нима сабаб?
Фикримизча, биринчи сабаб, Хитой ўзини буюк санаб, шу буюклик тимсолида яқин атрофдаги ва умуман дипломатик алоқалар ўрнатилган давлатларни хитойча номлашга уринган. Қисқача, Хитой ҳукмдорларини ўзини бошқа давлат раҳбарларидан устун қўйган. Зеро, Хитой ва унинг ҳукмдорлари шу орқали Хитойни қудратли деб тан олишга мажбурлаган бўлиши мумкин;
иккинчи сабаб эса, Хитой ҳукмдорининг Фарғонага юборган элчиси номидан келиб чиққан бўлиши мумкин;
учинчи сабаб эса, хитойлик элчи Чжанг Чян(рус тилида Чжян Цян)нинг рузиелар (Да-Юечжи “Улуғ рузие”) давлатига юборилган элчиси (йўлда босқинчи хунлардан) қочиб Фарғона давлатига борган. Фарғона ҳукмдорини мақтаб, давлатни эса “Улуғ Фарғона”, “Буюк Фарғона”[1](хитойчада Дай-Юан/ транскрипцияда эса Довон) деб атай бошлаганидан бўлиши мумкин.
Шундай қилиб, Қадимги Фарғона давлати ҳақида қимматли маълумотлар берувчи хитой манбалари эканлигини ҳисобга олган тарихчилар, тадқиқотчилар томонидан мазкур атама илмий истеъмолга киритилди ва бу манбаларни бир неча гуруҳга ажратиш мумкин:
- Хитойнинг буюк беш сулоласи даври тарихи акс этган манбалар;
- VII – ХII асрларда яратилган тарихий асарлар;
- Фарғонада бўлган хитойлик сайёҳларнинг сафарномаларидир.
Хитой сулолалари тарихини баён этган қатор манбалар тадқиқотчилар томонидан ўрганилиб турк, француз, инглиз, рус тилларига муайян қисмлари таржима қилинган. Аммо бу таржималарда Фарғона водийси тарихига оидлари қисман ўрганилган. Хитойлик тарихчи Сима Цян томонидан “Ши Цзи (Тарихий эсдаликлар)” номли 130 бобдан иборат китобининг 123 – бобида Фарғона унинг қадимий халқи, уларнинг турмуши, ҳаёти ҳақида дастлабки маълумотлар келтирилган[2]. Бу тарихчилар томонидан келтирилган маълумотлар туркумига мансуб бўлса, кейинчалик эса Фарғона давлати ҳақида кўпроқ элчилар томонидан маълумотлар тўпланади. Элчилар маълумотларида эса кўпинча Фарғона давлати эмас балки, Довон давлати деган ном ишлатилади.
Хитойлик элчи Чжанг Цян(Чян) ёзма манбаларида Фарғона водийсидаги давлатни Довон (Дай-юан) деб атаган. Демак, милоддан аввалги III-I ва милодий эра бошларида Фарғона водийсида Хитой манбаларида тилга олинган “Довон” деб номланган илк давлат мавжуд бўлган.[3] Бироқ, V асрнинг 436 йилида Хитой императори Вей Дун Ван жўнатган элчилар водийни “Полона” (Лона) деб тилга олган. Айни VI-VII асрлардаги хитой манбаларида Фарғонани “Бохан”, VII-VIII асрларда эса “Нинюан” деб ҳам тилга олинади. Бу борада асосли фикр француз олими М.Дегин томонидан “Довон” Фарғона давлати билан боғлиқ эканини исботлагани билан қатъий тўхтамга келинишга сабаб бўлди[4]. Шарқшунос олим А.Хўжаевнинг қайд этишича, Довон ибораси икки иероглиф, яъни “да” (“дай”, “дат”) ва “юан” (“юн”, “юй”) бирикмасидан ҳосил бўлган. Бунда “да” иероглифи хитойчада - улуғ, катта, “юан” эса – атрофни ўраб турувчи водий мазмунига тўғри келади. Шунга асосланиб биз буни Фарғона топонимига тенглаштиришимиз мумикн дейди[5]. Довон давлати маълум бир сиёсий уюшмани ташкил этган бўлиб, давлатни бошқарувчи ҳукмдор манбаларда «Ван» (подшо) унвони билан иш юритгани эслатилади. Манбаларда «Ван» унвонига эга бўлган Моцай, Чан Фин, Муғуа, Янълю каби ҳукмдорларнинг номлари сақланиб қолган. Ягона ҳукмдор бўлган подшо, Яъни, «Ван» давлат аҳамиятига молик бўлган ишларни оқсоқоллар кенгашига суянган ҳолда олиб борган. Манбаларнинг маълумот беришича, подшога Яқин кишилар (одатда унинг қариндошлари) орасидан ёрдамчилар – бита катта ёрдамчи (Фу ван) ва битта кичик ёрдамчи (Фу-го-ван), тайинланган. Давлат ҳукмдори ёки подшо мамлакатнинг сиёсий ва диний ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган. Бу жараёнда оқсоқоллар кенгашининг ҳам аҳамияти кам бўлмаган. Оқсоқоллар уруш ва сулҳ тузиш масалаларини ҳал этишда иштирок этганлар, баъзан улар ҳукмдорнинг тақдирини ҳам ҳал қилганлар. Мисол учун, манбаларда қайд этилишича, урушда мағлубиятга учраганлиги учун ҳукмдор Ван Моцай оқсоқоллар кенгашидаги умумий овоз беришда айбдор деб топилган ва қатл қилинган.
Милоддан аввалги II асрнинг бошларидан эътиборан Хитойнинг Хан сулоласи императорлари қўшни мамлакатлар ва у ерларда яшовчи халқлар билан қизиққан ҳамда элчилар юборган. Хитой учун муҳим саналган маълумотлар яъни, жойлашган ўрни, ҳарбий имкониятлари, иқтисоди, зиддиятлари, халқининг ҳаёти ҳақида элчилар кўпроқ хабар йиғишга уринган. Айниқса, бу ҳаракат милоддан аввалги 141-87 йилларда яшаган илк хан императори У-ди (Ву-ди) даврида кучайди. Дастлаб, империянинг ғарбий томонларидаги ерларни босиб олади. Сўнг Фарғона давлати ҳақидаги хабарларга эътибори кучаяди. Император учун қимматли маълумотларни саройга милоддан аввалги II аср охирларида 128 йилда Чжанг Чян келтирган эди.
Фарғона ҳудуди Ўрта Осиё ижтимоий сиёсий ҳаётида содир этилган кейинги муҳим ўзгаришлар жараёнида ҳам ўзининг нисбий мустақиллигини бир мунча сақлаб қолишга муваффақ бўлган. Давлат ҳукмдори мамлакат ҳаётига оид ҳар қандай ички ва ташқи масалаларни ҳал этишда Оқсоқоллар кенгашига, унинг маслаҳатлари ва йўл-йўриқларига суянган. Айниқса, уруш ва тинчлик, элчилик алоқалари масаласида Оқсоқоллардан иборат Олий кенгаш алоҳида ваколатларга эга бўлган. Ҳукмдор буни эътироф этишга мажбур бўлган.
Хитой манбаларида Фарғона водийси аҳолисининг аксарият қисми туркийзабон бўлганлиги таъкидланган. Шунингдек, уларда Фарғона водийсининг туркий аҳолиси турмуш тарзи, урф-одатлари, этник тарихи, этнографияси, антропологик тузилиши, тили, дини, асосий машғулотлари ва бошқа қимматли маълумотлар мавжуд. Ушбу давлат ҳукмдори этник жиҳатдан турклардан, маҳаллий фуқаролар эса ярим ғуз, ярим турк экан. Унинг заминида туя, эшак, қўй, от, қора мол, хачир боқилар ва узум, жундан тўқилган турли гиламлар ишлаб чиқарилар экан. Пахтадан тўқилган матодан ва теридан кийим тикиб кийишар экан. Тили ва сўзлашиш оҳангги ярим тоҳарча, ярим туркча, ярим маҳаллий экан. Ҳукмдор ва унинг итоатидаги фуқаролар будда динига эътиқод қилишар экан. Уларда будда ибодатхоналар бор экан, одамлар оз бўлса ҳам ибодатдан қолишмас экан. Мазкур давлат араблар назоратида экан. Чет элликлар уни расмий давлат, деб танишса ҳам лекин унинг замини Хан мамлакатининг бир катта вилоятига тенг экан. Бу давлатдаги эркаклар соч соқолларини олдириб, аёллари эса сочларини ўстириб юришар экан. Бундай антропологик маълумотлар ҳам илк ўрта асрлардаги Фарғона аҳолиси туркий бўлганлигини исботлайди. Фарғона водийси аҳолисининг этник таркиби ва турли этносларни жойлашган ўрни масаласини ўрганишда маҳаллий манбаларнинг ҳам аҳамияти катта. Ҳусусан, шу ўринда Мирзо Олим Мушрифнинг “Ансоб ас-салотин ва таворих ал-ҳавоқин”[6], Исоқхон Ибратнинг “Тарихи Фарғона”[7], Мулла Олим Махзум хожининг “Тарихи Туркистон”[8] каби асарлар бу масалани ўрганишда катта аҳамиятга эга.
Довондаги ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг яна бир муҳим жиҳати - бу аёлларнинг жамиятдаги мавқеидир. Чжанг Чяннинг эътирофича, Довоннинг эркаклари аёлларга алоҳида ҳурмат кўрсатганлар. Бошқача қилиб айтганда, эркаклар ўз хотинлари билан бамаслаҳат иш тутишган.
Хитой манбаларида Фарғона туркий халқларининг оила билан боғлиқ никоҳ ва дафн маросимлари ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотлар берилган. Маълумки, милоддан олдинги 150 йили усун қабилалари Тяньшан тоғ этакларида ўрнашиб олган юечжи қабилаларига қаттиқ зарба берадилар.[9] Оқибатда юечжи қабилаларнинг катта бир қисми (Да-юечжи-катта юечжи) ғарбга томон силжиб борадилар.
Хитой манбаларига қараганда юечжи қабилаларининг ғарбга қараб силжиб бориши Фарғона орқали бўлиб, маълум муддат ушбу ҳудуд ҳам улар қўл остида бўлади. Фарғонада юечжи қабилалари узоқ қолиб кетмай ғарбга қараб силжишларини давом эттирадилар. Ҳар ҳолда юечжиларнинг Фарғонани ўзларига бўйсундириб туришлари милоддан олдинги 140-129 йилларга тўғри келади. Негаки, милоддан аввалги 128-129 йилларда ушбу жойларда бўлган Хитой элчиси ЧжанЧян Фарғона бу даврда юечжи қабилалари ҳукмронлиги остида бўлмай, мустақил бўлганлигини эътироф этган.[10] Милоддан олдинги 140-129 йиллари Фарғонадан ўтган Да-юечжилар Даха (Тохаристон)га бостириб кириб, бу вилоятни эгаллайдилар. Чамаси, юечжиларнинг ушбу ҳаракатларида, хусусан, Юнон-Бактрия давлатининг емирилишида фарғоналиклар ҳам иштирок этган бўлса керак. Милодий I асрга келиб эса юечжиларнинг етакчи қабилаларидан бири (Кажула Кадфиз бошчилигида) Кушон давлатига асос солди.
Ушбу давлат кейинчалик кенгайиб, шимолда Шош, шарқда - Шарқий Туркистон, ғарбда - Эрон, Жанубий - Шимолий Хиндистонгача бўлган ҳудудларни ўз ичига олган улкан ва қудратли империяга айланади. Фарғона ҳам қудратли Кушонлар ҳокимиятини тан олади, у билан фаол иқтисодий-маданий алоқада бўлса-да, амалда нисбатан мустақил ҳудудлигича қолди.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, ғарбга томон силжиб бораётган юечжиларнинг умумий сони 100000 оила ёки 400000 кишини ташкил этган, аскарларнинг сони эса 100 мингдан 200 минггача етган.[11] Бундай кўпсонли халқнинг Фарғона орқали ўтиши албатта, водий аҳолисининг этник таркибида ўз изини қолдиради. Фикримизча, маълум муддат Фарғона ҳудудида ўрнашган юечжи қабилаларининг қандайдир кичик бир бўлаги ушбу жойларда қолиб, қисман ўтроқлашиб, туб ерли халқларга аралашиб кетган. Мустақиллик йилларида ватан тарихини, жумладан, давлатчилик тарихини холисона, турли манбалар асосида мунозарали тарзда аниқлик киритиб ўрганишга ҳаракат бошланди. Кейинги йилларда олиб борилган тадқиқотлар натижасида Фарғона водийси ҳудудидаги йирик давлатлардан бири саналган Довон давлати, унинг аҳолисининг қадимги, антик ва ўрта асрларга оид тарихи хусусан этник тарихи янги маълумотлар, илмий хулосалар билан янада бойиди. Бугунга келиб Довон давлатининг қадимги ва илк ўрта асрлар тарихини ёритишда ёзма манбалар, хусусан Хитой манбаларидан самарали фойдаланилмоқда.
Довон давлати, яъни у жойлашган Фарғона водийси ҳудудида олиб борилган кенг кўламли археологик текширувлар натижасига кўра Фарғона водийси одамнинг илк аждодлари яшаган, антропогенез жараёни кечган ҳудудлардан бири эканлиги исботланди.
Фарғона водийси Марказий Осиёнинг энг қадимги дехқончилик маданияти, хусусан суъний суғоришга асосланган деҳқончилик ривож топган. Фарғона водийсининг бир қисмида аҳолиси чорвачилик билан шуғулланса, қолган қисми деҳқончилик ва ҳунармандчилик билан машғул бўлиб ўтроқ яшаганлар. Довон (Фарғона водийси)да яшаган аҳолининг деҳқончилик маданияти (Чуст маданияти мисолида исботлаш мумкин) машғул бўлгани, кейинроқ шаҳар маданияти юзага келганлигини ҳам археологик тадқиқотлар ҳам кўрсатади. Хўжаликнинг бундай тараққий этиши, албатта савдо-иқтисодий муносабатлар ва турли этнослар ўртасидаги алоқаларни кучайтирди.
Фарғона водийси аҳолисининг шаклланиши, унинг этник таркибини ўзига хос бўлиб қарор топишида миграцион жараёнларнинг ўрни ва аҳамияти катта бўлди. Милоддан аввалги III-II минг йилликлардан фаолиятини бошлаган Буюк ипак йўли Шарқ ва Ғарб халқларининг ҳаётида муҳим аҳамият касб этиб, мазкур савдо йўлининг тармоқлари этнослараро алоқаларга муҳим замин яратди. Ушбу савдо йўлининг бир тармоғи айнан Фарғона водийси, яъни Довон ҳудудидан ўтиши эса бу ерда аҳолининг этник таркибини ранг-баранг бўлишини таъминлади. Тарихнинг турли даврларида турли сабабларга кўра водий ҳудудига четдан кўплаб этник жамоаларнинг вакиллари кириб келди ва уларнинг бир гуруҳи водийга турғунлашиб, ҳудуддаги этногенез жараёнларда фаол иштирок этдилар.
Шундай қилиб, юқорида келтирилган мулоҳазалар Ўзбек давлатчилиги тарихида ўзига хос ўрин тутган, Ватанимиз тарихи ҳақида муҳим маълумотлар берувчи манбаларда тилга олинган Довон давлатининг нуфузи хусусида бўлди. Аксарият манбалар хитой ёзма манбаларида келтирилганини ва аслият ҳолида таржима қилиб, илмий истеъмолга қабул қилганимиз Буюк Фарғона номи билан боғлиқдир. Унинг йирик шаҳарлари, пойтахти локализациясини даврлаштириб тадқиқ этиш мақсадга мувофиқ бўларди. Давлатнинг сиёсий алоқалари, савдо-иқтисодий, эркин пул муносабатлари, аҳоли этник таркиби, этномаданий жараёнлар, аҳолининг хўжалик маданияти масалалари, Довон давлатининг тўрт томонидаги истеҳком қалъалари, уларнинг архитектураси тадқиқ этиш ҳам қизғин масалалардан. Зеро, Буюк Фарғона – Довон давлати билан боғлиқ фикр –мулоҳазалар, тадқиқотлар ҳали давом этмоқда.
Фойдаланилган адабиётлар рўйҳати:
1.Қўлдошев Ш. Марказий Осиё тарихи хитой манбаларида.-Т., 2016.-24-25 б.
2.Аҳмедов А. Ўзбекистон халқлари тарихи манбалари.-Тошкент. Ўқитувчи, 1991.-Б.70.
3.Асқаров А. Ўзбек халқининг келиб чиқиш тарихи -Т.: “O‘zbekiston”.Т.: 2015.... Б 274.
4.Қорабоев З. Довон ва Чин савдо алоқалари//Тафаккур.2013. № 4. –Б.93-93.
5.Ходжаев А. Можно ли считать Эрши столицей древнего государства Фергана?/Ўзбекистон тарихи. 2010.№2., - С.63-54.
6.Мирзо Олим Мушриф. Ансоб ас-солотин ва таворих ал-ҳавоқин. / Нашрга тайёрловчилар А.Матғозиев, М.Усмонова. -Т., 1995.- Б. 128.
7.Исхоқон Тўра Ибрат. Тарихи Фарғона / Нашрга тайёрловчилар: Х.Бобобеков, Махмуд Хасаний, Мерос туркуми. -Т.: Камалак 1991.-Б.268-327.
8.Мулла Олим Махдум ҳожи. Тарихи Туркистон. -Қарши. Насаф. 1992. 152 б.
9.Зуев Ю.А. К этнической истории усуней..., С. 910; Шониёзов К. Қанг давлати ва қанглилар. Б. 83.
10.Литвинский Б.А. Древние кочевники «Крыши мира». М., 1972 С. 187-188.
11.Бичурин Н.Я (Иакинф). Собрание сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. Т-II, М-Л. 1950- С.
[1] Қўлдошев Ш. Марказий Осиё тарихи хитой манбаларида.-Т., 2016.-24-25 б.
[2] Аҳмедов А. Ўзбекистон халқлари тарихи манбалари.-Тошкент. Ўқитувчи, 1991.-Б.70.
[3] Асқаров А. Ўзбек ҳалқининг келиб чиқиш тарихи -Т.: “O’zbekiston”.Т.: 2015.... Б 274.
[4] Қорабоев З. Даван ва Чин савдо алоқалари//Тафаккур.2013. № 4. –Б.93-93.
[5] Ходжаев А. Можно ли считать Эрши столицей древнего государства Фергана?/Ўзбекистон тарихи. 2010.№2., - С.63-54.
[6] Мирзо Олим Мушриф. Ансоб ас-солотин ва таворих ал-ҳавоқин. / Нашрга тайёрловчилар А.Матғозиев, М.Усмонова. -Т., 1995.- Б. 128.
[7] Исхоқон Тўра Ибрат. Тарихи Фарғона / Нашрга тайёрловчилар: Х.Бобобеков, Махмуд Хасаний, Мерос туркуми. -Т.: Камалак 1991.-Б.268-327.
[8] Мулла Олим Махдум ҳожи. Тарихи Туркистон. -Қарши. Насаф. 1992. 152 б.
[9] Зуев Ю.А. К этнической истории усуней..., С. 910; Шониёзов К. Қанг давлати ва қанглилар. Б. 83.
[10] Литвинский Б.А. Древние кочевники «Крыши мира». М., 1972 С. 187-188.
[11] Бичурин Н.Я (Иакинф). Собрание сведений о народах, обитавших в Средней Азии в древние времена. Т-II, М-Л. 1950- С. 149Сборник сведений о народах.., С. 151, 183.