ХУЛОСА
ХУЛОСА

Сир эмаски ҳозирги кунда бутун дунёда туризм иқтисодиётнинг ривожланишини таъминловчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бизнинг мамлакатимизда ҳам ички туризмни ривожлантришга ва уни қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда.

          Жаннатмакон юртимиз, унинг бир бўлаги бўлган Андижон вилояти ўзига хос бой тарихга эга бўлган ҳудудлар сирасига киради. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига илк ташрифларидан бирида шундай деган эди: “Кейинги вақтларда мен жойларда бўлиб, ҳудудларимиз ҳаёти билан янада яқиндан танишар эканман, шундай бир фикрга ишонч ҳосил қиляпманки, биз ҳали юртимизни, унинг ўзига хос тарихи, маданияти, улуғ олим-у уламоларини, бебаҳо маънавий меросимизни тўлиқ ўрганганимиз йўқ.

Халқимизнинг ана шундай бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, кенг оммага таништириш, энг муҳими ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб беришга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Барчани ана шу савобли ишда ўз таклиф вамаслаҳатларингиз билан фаол иштирок этишга чақираман”, деган эди.

Тарихимизни, миллий-маданий меросимизни ўрганмасдан туриб ўзлигимизни англашимиз ва келажак учун тўғри йўл-йўриқлар белгилашимиз қийин бўлади. Бу нарса айниқса, униб, ўсиб келаётган ёш авлодни миллий тарихимизга ҳурмат, мустақиллик ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда катта тарбиявий рол ўйнайди.

Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб бир гуруҳ кўнгилли нуронийлар уюшган ҳолда велосаёҳат асосида вилоятимиздаги тарихий, маданий мерос объектларини илмий асосда ўрганиш ва тарғиб этишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйдилар. Марҳамат туманида жойлашган “Турон” ўқув-ишлаб чиқариш ННТ ўқув маркази илмий раҳбарликни ўз зиммасига олди. Шу тариқа нуронийлардан Ортиғали Ҳусанов, Ҳамроали Собиров, Ҳусанбой Юнусов (Марҳамат тумани), Абдумалик Ўринбоев, Баҳодиржон Сиддиқов (Шаҳрихон тумани), Анваржон Абдулазизов (Асака тумани)лардан иборат гуруҳ шаклланди.

Экспедиция аъзолари ўзларининг илмий, маърифий, тарғибот, зиёрат сафарларини нима учун айнан велосипедларда амалга оширишни танладилар? Бунинг сабаби биринчидан, барчага маълумки, велосипедлар бутун дунёда инсон саломатлиги учун фойдали, экологик тоза ва камчиқим транспорт воситаси ҳисобланади. Бутун дунёда ёқилғи-энергетика воситалари қимматлашиб бораётган, экологик фалокатлар ортиб бораётган бир пайтда бу нарса жуда муҳимдир. Иккинчидан, шу орқали юртимизда оммалашиб бораётган велотуризмни тарғибот қилишдир.

Экспедицияга қарийб тўрт ой тайёргарлик кўрилди. Ташаббускорлар томонидан вилоятдаги барча рўйхатга олинган маданий мерос объектлари ҳақидаги расмий маълумотлар олинди. Улар тўғрисидаги илмий-оммабоп китоблар ва мақолалалар имкон қадар ўрганилди. Вилоятдаги мутасадди ташкилотлар хабардор қилинди, улардан керакли маслаҳатлар олинди. 2023 йил 9 май куни бошланган экспедиция Андижон вилоятининг Марҳамат, Асака, Булоқбоши, Шаҳрихон, Бўстон, Улуғнор, Балиқчи, Олтинкўл, Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Хонобод, Пахтаобод, Избоскан, Андижон туманларида бўлдилар ва олдиларига қўйган режаларини уддаладилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистондаги моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объктлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисидаги” 2019 йил 4 октябрдаги 846- сонли қарорида Андижон вилояти бўйиича 231 та тепаликлар-археологик ёдгорликлар, 81 та, диққатга сазовор жойлар-зиёратгоҳлар, жами 422 та маданий меьрос объектлари миллий рўйхатига киритилган.

 Вилоятимиздаги шаҳар ва туманлар кесимида қуйидагичани ташкил қилади: Андижон шаҳрида археологик ёдгорликлар - 4та(зиёратгоҳлар - 11 та, жами - 15 та; Андижон туманида - 5(5) - 10та; асака туманида - 13(6) - 19та; Балиқчи туманида - 6(7) - 13та; Булоқбоши туманида 30(4) - 34та; Бўз туманида - 4(0) - 4та; Жалақудуқ туманида - 23(5) - 28та; Избоскан туманида - 21(6) - 27та; Қўрғонтепа туманида - 35(3) - 38та; Мархамат туманида - 44(17) - 61 та; Олтинкўл туманида - 7(2) - 9та; Хонобод шаҳрида - 2(1) -3та; Хўжаобод туманида - 11(4) - 15та ва Шаҳрихон туманида - 14(6) - 18 та маданий мерос объектлари рўйхатга олинган.

Юқоридаги маданий мерос объектларининг деярли 90 фоизи илмий жихатидан ўрганилмаган ёки кам ўрганилган. Ахолининг кўп қисми уларни билишмайда, ҳаттоки қаерда жойлашганлигидан ҳам хабарлари йўқ. Битта номдаги тепаликлар - зиёратгоҳлар ўлкамизни бир нечта жойларида кўплаб учрайди, уларни тартибга келтириш лозим. Ушбу маданий мерос объектларини, ҳамда юқоридаги ҳукумат рўйхатига киритилмаган зиёратгоҳларни атрофлича жамоатчилик томонидан ўрганиб, вилоятимиз харитасига киритиш мутасаддилар ва зиёлиларнинг асосий вазифасидир.

Экспедиция жараёнида нуронийлар гуруҳи томонидан велосипедларда кунига ўртача 40-60 километрдан йўл босилди. Бир кунда олтидан ўнтагача маданий мерос объектларига ташриф буюрилди. Маданий мерос объектлари ҳақида керакли маълумотлар йиғилди. Маҳаллий аҳоли ва ёшлар билан учрашувлар ўтказилди. Ушбу масканларда туризмни ташкил этиш бўйича маслаҳатлар берилди. Амалга оширилган ишлар бўйича маълумотлар ва фотосуратлар тезкорлик билан ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчилик оммасига етказиб борилди. Қаровсиз қолган объектларга улар жойлашган ҳудуд фаолларини эътибори қаратилди. Натижада бир қанча азиз жойларда бу борада ижобий натижаларга эришилди.

Энг эътиборли томони, экспедиция аъзоларининг амалга ошираётган ишларини аҳоли вакиллари айниқса ёшлар катта қизиқиш билан кутиб олди. Туман мутасаддилари, маҳалла фаоллари, Нуроний жамғармаси ва аҳоли экспедиция ишида катта ёрдам бердилар. Фурсатдан фойдаланиб биз барча ҳайрихох инсонларга ўзимизнинг чуқур миннатдорчилигимизни изҳор этамиз.

Экспедиция аъзоларидан 4 киши республикамиз ташқарисига ҳам Велосипедда саёҳатга чиқиб, ислом оламининг муқаддас масканлари Мадина ва Макка шаҳарларини зиёрат қилиб, Умра амалларини адо этдилар. Улар қайтишда Жалолиддин Румий ҳазратлари ва Аҳмад Яссавий қабрларини зиёрат қилдилар.

Хулоса қилиб айтганда, экспедиция аъзолари Андижон вилоятидаги маданий мерос объектларини ўрганиш, тарғиб қилиш мақсадида ушбу китобни кенг омма эътиборига ҳавола қилмоқда. Ўйлаймизки, ушбу китоб орқали халқимиз, ёшларимиз ватанмизнинг буюк тарихини ўзида сақлаб келаётган маданий мерос объектлари ҳақидаги билим ва тафаккурлари кенгаяди ҳамда ушбу муқаддас масканларга бўлган хурмат ва эътибор янада кучаяди. Шунингдек, мазкур китоб хато ва камчиликлардан холи бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли сиз китобхонларнинг фикр ва мулоҳазаларингиз ҳам биз учун қимматли. Сизнинг фикрларингизни turon95@mail.ru интернет тармоқларида ва https://t.me/mingtepa телеграм каналларида кутиб қоламиз.

Ушбу китобни яратишда ёрдам барган барча инсонларга чексиз миннатдорчилик билдирамиз.