ҚЎЧҚОР ОТА ЗИЁРАТГОҲИ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Набий с.а.в.: “Аллоҳ таоло юборган барча пайғамбарлар қўйчувонлик қилишган,” - дедилар. Саҳобалар: “Сиз ҳам қўйчувонлик қилганмисиз, ё Расуллоҳ,” - деб сўрашди. Жаноби Расуллоҳ: “Ҳа, бир неча қийротга Макка аҳлини қўйларини боқар эдим,”-дедилар. (Имом ал-Бухорий. Ал-жомеъ ал-саҳиҳ китоби 2-боб.)
Зиёратгоҳ Андижон шаҳар Жумабозор МФЙ Қўчқар ота қабристони ҳудудида жойлашган. Қўчқар отанинг (Қўчқорли ота деб ҳам юритилади) яшаб ўтган йилари тўғрисида ёзма тарихий маълумотларга эга эмасмиз. Шу маҳаллада яшовчи ёши улуғ кексалар, зиёлилар, уламолар билан қилинган суҳбатлар ҳамда Қўчқор ота ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги ривоятлар, эл орасидаги оғзаки маълумотлар, хусусан ушбу масканни обод қилишда фидоийлик кўрсатиб келаётган фаол отахонлардан Маҳмуджон ҳожи Исмоилов ва Эркинжон ҳожи Тошматовлар берган маълумотлар ҳамда мавзуга оид илмий адабиётлар ўрганилиб, таҳлил қилингач қуйидаги фикр мулоҳазаларни билдиришни лозим топдик.
Қўчқор отанинг асли исми Муҳаммад ибн Маҳмуд бўлиб, туғилган манзили номаълум, ислом маркази – Бухоро мадрасаларида таҳсил олган. Ота томонидан Хазрати Баҳоуддин Нақшбанд,она томонидан Хазрати Оятулло Офоқ ҳожа авлодларига мансуб. Шариат илмини мукаммал эгаллаган, тақводор, нақшбандия тариқати, илоҳиёт, фиқҳ ва бошқа диний билимлардан бохабар, Қуръон тиловатида беназир, бу борада устозлардан ижозат олган, ўзи ҳам мадрасаларда устозлик қилган уламолардан бўлган. Ул зот бутун борлиғини, ҳаётини Аллоҳ йўлида бахшида қилган.
Тариқатда фарз қилинган мажбурият амалиёти бўйича пири муршидидан олган таълимини эл орасидаги муҳтож бандаларига етказиш мақсадида Самарқанд, Шош, Ҳўжанд ва бошқа бир қатор ҳудудларни яёв кезиб шу юртга етиб келади. Аллоҳ иродаси ва устоз, пиру-комил башорати билан мазкур жойни ўзига муқим маскан этади. Ул зотни бу масканга келиб қолишига шу маҳалладаги Баҳоуддин Нақшбанд авлодларига мансуб нақшбандия тариқати уламолари истиқомат қилаётган (ҳозирда Қаландархона) зиёратгоҳнинг мавжудлиги ҳам маълум аҳамият касб этган бўлиши мумкин.
Муҳаммад ибн Маҳмуд Қаландархона яқинидаги масжидда имом-хатиб ва мадрасада мударрислик қилган, талабаларга дарс берган, шариат ва тариқат илми билан машғул бўлган. Доимо эл орасида турли маросимларда исломий суҳбатлар мавизалар қилиб халқни ҳақ йўлга, ҳалоллик, тўғрилик, покликка етаклар, ислом, ҳаёт ва охират ҳақида мукаммал тушунчалар берарди. Қуръон ва ҳадис илмидан сабоқ бериб, кўплаб қорилар ва муҳаддислар тарбиялаган.
Қўчқор ота Андижон шаҳридан ташқари Ўзган, Қўқон, Шаҳрихон, Тешиктош, Башбанги, Бўтақора ва бошқа шахар ва қишлоқларга кўп борган. У доимо эл ҳурмати, эҳтироми ва эъзозида бўлган. Беназир билим соҳиби, олим ва фозил киши бўлса-да, ҳаёти фақирликда ўтган, ҳою ҳашамлардан йироқ бўлиб, ўта сабрли ва матонатли фазилатлари билан кўпчиликка намуна бўлган. Ул зотнинг яшаб ўтган лойтом, гувалак деворли уйи ва девор билан ўралган ҳовлиси ҳозирги мақбара ўрнида бўлган дейилади. Ҳовли четида қўйхонаси бўлиб, ҳар жихатидан кўрган кишининг ҳаваси келадиган зотдор қўчқорлар боқиб етиштирган ва улар асосан қурбонликлар, тўю-марака ва эҳсон маросимларига насиб қилган. Авлиё зотнинг ўзи ҳам ҳар йилиги Аллоҳ йўлида бериладиган закот, қурбонликлар ва ҳайру-эҳсон амаллари билан мустаҳкам эътиқодда бўлган. Доимо бева-бечора, етим-есир ва моддий кўмакка муҳтож бандаларидан биринчилар қаторида хабар олиб, кўмак бериб турган.
Муҳаммад ибн Маҳмуднинг кунялари (таҳаллуслари) Қўчқор ота (ёки Қўчқорли ота) сўзларининг мазмуни ва моҳияти ҳақида фикр юритилганда Аллоҳнинг каломи Қуръони Карим, пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. ва Пайғамбарлар қиссалари каби муқаддас китобларга мурожаат қилишимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек, эл орасида ул зотни қўчқор боқишда беназир бўлганлиги ва у боққан қўчқорларини қурбонликларга сўйилганлиги боис шундай таҳаллуслар билан аталганлиги тўғрисдаги ривоятлар бизгача етиб келган.
Энг аввало Қўчқор ота қўй боқишга барча пайғамбарлар ва кўплаб авлиёлардан,шунингдек Муҳаммад с.а.в.дан қолган суннат амали сифатида меҳр кўрсатган десак, айни ҳақиқат бўлади.
Муҳаммад ибн Маҳмуднинг Қўчқор ота номи билан аталиши ҳақидаги тарихий манбаларга мурожаат қиладиган бўлсак, ислом тарихидаги ўта таъсирчан ва бениҳоят ибратли бўлган, тарихчи олим Носируддин Бурхониддин Рабғузийнинг “Қисаси Рабғузий” (Пайғамбарлар қиссаси) китобида баён этилган Иброҳим Ҳалилуллоҳ ва унинг суюкли фарзанди Исмоил алайҳисалом(а.с) қиссаси ёдимизга тушади. Қиссада Аллоҳ таоло Иброҳим а.с.нинг тушида фарзанди Исмоил а.с.ни қурбонлик қилишга буюради. Бундай туш уч марта такрорланади. Бу қурбонликни Аллоҳнинг буйруғи деб билган ота ҳам, онаси Сора ҳам, Исмоил а.с. ҳам қаршилик қилмайдилар. Ҳатто шайтони лайн уларни бу йўлдан қайтаришга қанчалик уринмасин, қўлидан келмайди. Ўғлига ота меҳри уйғониб, бу ишдан чалғимасин дея, Исмоил а.с. отасига қўлини маҳкам боғлаб, юзини ерга қаратиб қўйишини айтади. Иброҳим а.с. қанчалик уринмасин пичоқ Исмоил а.с.бўғзини кесмайди. Шунда пичоқни жаҳл билан тошга уради. Тошни кесади. Шунда тошдан нидо келади: “Эй Ҳалил, сен кесгил дейсан, Жалил кесма дейди, кимни айтганини қилурман”. Бу ҳолатдан бутун Арш ларзага келади. Фаришталардан нидо чиқади. Ахир илоҳий “Лавҳул-маҳфуз” китобида охир замон пайғамбари Муҳаммад с.а.в. Исмоил а.с. уруғидан чиқади, деб ёзилган эди-да. Аллоҳ Исмоил а.с.ни илоҳий нури билан ўз ҳимоясига олади ва Муҳаммад с.а.в. хаққи ҳурмати Исмоил а.с. ўрнига Жаброилга жаннатдан бир семиз қўчқор қурбонлик қилишни буюриб: “Биз ўрнига бир сўйишлик жонвор бердик”,-дейди.
Қиссанинг бизга маълум ва биз учун сирли ҳикматлари жуда кўп.Улардан бири пайғамбарлар мисолида бандасининг Аллоҳга садоқатининг олий, ибратли мақоми баён этилганидадир.
Бутун ҳаёти ва фаолиятини бу йўлда бахшига қилган Муҳаммад ибн Маҳмуд Барча тариқат аҳли каби қўчқор боқишни ўзига касб қилади, жаннатдан туширилган қўчқорга меҳр қўйиб парвариш қилди ва уларни “сўйишликка” яъни қурбонликка яроғлик қилди ҳамда икки дунё саодатига эришди. Унинг дўстлари қаторидан жой олди. Уларнинг руҳлари қиёматгача барҳаётдирлар ва тириклар учун ҳам манфаатли бўлурлар. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта яхши амал қилувчиларни ана шундай мукофатлаймиз.
Қўчқор ота оламдан ўтгач шу жойга, яъни ўз ҳовлиси чеккасига дафн қилинади ва ул зот мозори унинг шогирдлари, муридлари ва кенг аҳоли томонидан зиёрат этилиб, пири устоз ҳаққига асрлар давомида тиловати Қуръон қилиниб келинган. Кейинчалик авлиёзот мозори атрофига унинг яқинлари, иҳлосмандлари, шогирдлари ва бошқалар қўйилади, қабристон ҳам Қўчқор ота номи билан юритилади.
Қўчқор ота зиёратгоҳи Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 мартдаги қарори билан “Диққатга сазовор жойлар” маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган.
Эл орасида Қўчқор ота кароматлари ҳақида кўп ривоятлар юради. Улардан бири тўғрисида қуйидаги воқеа баёни бизгача етиб келган. Ўзи таҳсил кўрган Бухоронинг Вобкент диёридан Муҳаммад ибн Маҳмуд учун қадрли бўлган иккита азиз меҳмон унинг ҳузурига келишади. Лекин бундай азиз меҳмонлар олдига дастурхон ёзиб, кутиб олиш учун хонадонда ҳеч вақо йўқлигидан аввалига ҳижолат тортибди. Аллоҳ дилига солиб, дарҳол қабристон қоровулини маҳалла масжиди айвонда турган иккита тугунни олиб келишга буюрибди. Тугунларни олиб келиб кўришганда ичидаги саватлардан биридаги иссиқ нон, печак, оққанд, узум, анжир ва иккинчисидаги гўшт-ёғ, сабзи, пиёз, гуруч каби ош масаллиқларига кўзи тушади. Ризқи улуғ азиз меҳмонларни Яратганнинг инояти билан сийланганликларига ҳамд ва шукроналар келтириб уларни ёруғ юз билан кузатган экан.
Шунингдек, мазкур воқеа Қўчқор ота шажарасини Бухоронинг Вобкент тумани азизлари билан боғликлиги ҳамда шажара давомчиларининг ўзаро алоқалари бўлганликларидан дарак беради. Тарихий манбаларга мурожаат қиламиз. Садриддин Салим Буҳорийнинг “Хазрати Ҳожа Маҳмуд Анжир Фағнавий” (“Бухоро”нашриёти. 2012й.) рисоласида келтирилишича ибтидоси пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.дан бошланувчи “Силсилаи шариф”даги ўн иккинчи халқанинг пири муршиди, Бухоронинг “Етти пирлари”дан бири, буюк тарбиячиси, соҳиби каромат, аллома, валиуллоҳ Маҳмуд Анжир Фағнавий Вобкент туманининг Анжир Фағна қишлоғида (тах.1210-1286 й.й.) яшаб ўтган ва унинг авлодларидан кўплаб, авлиёлар, тариқат аҳиллари етишиб чиққан. Салафи солиҳинларнинг кейинги халқаларини Хазрати Ҳожа Али ар-Ромитоний, сўнгра Ҳожа Муҳаммад Бобойи Самосий, Ҳазрати Амир Кулол ва Хазрати Баҳоуддин Нақшбандлар ташкил этади.
Биз Муҳаммад ибн Маҳмуд ҳаёти ва фаолиятиларини таҳлил қиладиган бўлсак, ул зоти шариф шажарасини ота томонидан Баҳоуддин Нақшбандга даҳлдорлиги тўғрисидаги ривоят ҳақ эканлигига шубҳа туғилмайди ҳамда ул зотнинг қалби маълум даражада Аҳмади Набий, яъни пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в.нурлари билан зийнатланганига амин бўламиз.
Ҳозирда Қўчқор ота зиёратгоҳи маҳалла ҳамда Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи кўпчилик аҳолининг муқаддас масканларидан бирига айланган. Қўчқор ота қабристонига ўз даврининг муътабар диний уламоларидан Турғунбой Аълам, Шарифжон домла, Абдурайим қори дада, Тилаволди Охун, Ҳабибулло ҳожи дада, Сайфутдин қори ва бошқаларнинг ҳоки мубораклари дафн этилган.
Жамият ривожига муносиб ҳисса қўшган меҳнат қаҳрамонлари Иброхимжон Бакиров, Аҳмаджон Мамиталиев, Юсуфжон Бувабеков, Усмонали Турдиев, Турғунбой Раҳимов, Ҳасанча Аҳмедов, эл суйган адиба ва шоира Турсуной Содиқоваларнинг сўнгги манзиллари ҳам шу муқаддас жойдан ўрин олган. Аллоҳ уларнинг барчаларини Ўз раҳматига олсин ва жойларини жаннат боғчаларидан қилсин. Зиёратгоҳни янада обод қилиш ва ўтганларнинг хотирасига бағишланган “Хотира музейи” ташкил этиш мақсадида маҳалла фаоллари томонидан хайрли ишлар амалга оширилмоқда.
ЙИЛҚИЧИ БУВА ЗИЁРАТГОҲИ
Зиёратгоҳ Андижон шаҳар Аравасоз маҳалласида жойлашган. Йилқичи буванинг асл исми, ул зот яшаб ўтган давр ҳақида аниқ ёзма тарихий маълумотга эга эмасмиз. Дастлабки тадқиқот ҳамда шу маҳаллада истиқомат қилувчи ёши улуғ инсонлардан Қўчқаров Ғуломиддин (1936 й.т.) ва Ортиқов Ўктамжонларнинг айтишича, Йилқичи буванинг шажараси Ҳазрати Бурхониддин Қиличга боради.
Ўзи Бобо Таваккул Лангарийнинг муридларидан бўлиб, тасаввуф ва тариқат илми соҳиби, тақводор, кароматгўй, ҳалол, инсонларни дину-диёнатга, эътиқодга етакловчи замонасининг энг комил, авлиё зотларидан бири сифатида эътироф этилади. Ўзи Нақшбандия тариқатининг “Дилинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин”-деган буюк ҳаёт тарзига амал қилиб яшаган. Авлиё зот асосан от абзаллари тайёрлайдиган ҳунарманд-уста, тақачилик ва отбоқарлик билан шуғилланган. Шунингдек, от ва уй ҳайвонларини даволаганлиги боис халқ ичида “Йилқичи бува” номини олган. Йилқичилик ўтмишда доимо энг муҳим тармоқ ҳисобланган ва йилқичилар табиби эл ардоғида бўлган.
Зиёратгохда ХIХ аср охирларида миллий меъморчилик услубида бунёд этилган намозгоҳдан маҳалла масжиди сифатида ҳам фойдаланиб келинган. Шифти анъанавий ароқи сарроф, вассажуфт услубида ёпилган ва маҳобатли устунлар кўтариб турган масжид биноси катта намозгоҳ ва икки томони очиқ айвондан ташкил топган бўлиб, айвон шифти наққошлик санъати билан безатилган.
Зиёратгоҳ ва Йилқичи бува ҳақидаги ҳикояту ривоятлар таҳлил қилинганда, ул зот таҳминан ХIV-ХV асрларда яшаб ўтган ва шу манзилга дафн қилинган. Йилқичи отанинг ҳамиша тирик руҳи неча асрлар ўтсада, ҳамон инсонларни ёмонликдан, харом-ҳариш юришдан, беъмани ишлардан қайтариб, ҳалолликка, яхшиликка, тўғриликка ундаб келган. Агар бу жойга, бадъхулқ шум ниятли кишилар келса, уларни тушларида қўрқитиб, бирор дард бериб, то дилдан иймон келтирмагунча тинч қўймаган. Қўл-оёғи ишламай ётиб қолганлар бўлган оят ёки ҳадис.
Собиқ Иттифоқ даврида зиёратгоҳдаги масжиддан турли мақсадларда фойдаланилган. Айниқса, маҳалла аҳли чойхона сифатида фойдаланишган даврда гавжум бўлган, чорва-ҳайвонлари бетоб бўлган зиёратчи ҳожатмандлар ҳам келиб турган. Кексаларнинг гувоҳлик беришича, чойхонага турли тоифа одамлар келади. Улар ичида майхўрлик қилиб, қимор ўйнаб нопок ва харом ишлар билан машғул бўлган кўплаб гуноҳкор бандалар турли дардларга дучор бўлганлар экан.
Кейинги йилларда зиёратгоҳ мажмуасидан амалий фойдаланилмай эътибордан четда қолди. Натижада намозгоҳ биноси нураб, мукаммал таъмирга муҳтож аҳволга келган.
ХХ аср бошларида бунёд этилган Йилқичи ота мақбараси ўрнида ҳозирда ҳомийлар томонидан анъанавий меъморчилик услубида қайта тиклаш ишлари бошланган.
****
Муҳаммад Юсуф ижодий мактаби ўқувчи ва ўқитувчилари вакиллари билан учрашиб, унинг номидаги хиёбон билан танишиб чиқилди.
Шундай қилиб экспедиция аъзолари икки кун давомида Андижон шахридаги 5 та археология ёдгорликларини, 22 та архитектура ёдгорликларини ва ҳамда 6 та монументал санъат ёдгорликларини, жами 33 та маданий объектлари билан танишиб чиқилди.