ҚАЛЪА (меъморчилик ёдгорлиги)
Чор Русияси ҳарбий қисми учун мудофаа қўрғони сифатида бунёд этилган. Қалъанинг 10 метрдан ортиқ баланд бўлган деворларидан Андижон шаҳрининг ҳар маҳалла-ю кўчалари кафтдек кўриниб турган ва шу жойдан туриб исёнларни бостириш имконияти бўлган. Унинг бир неча казарма бинолари, қурол аслаҳа омборлари, ошхона, тўпхоналардан иборат мудофаа қўрғони бўлган. Қалъада Чор Россия армиясининг Туркистон асосий мунтазам ҳаракатдаги батальони 4-5-роталарига тегишли 250 дан ортиқ аскарлари турган.
Қалъа 130 йил давомида жуда кўп тарихий воқеаларни, 1898 йил Дукчи Эшон бошчилигидаги Андижон қўзғолонини (қўзғолон аёвсиз бостирилиб, 19 нафар қўзғолончи Қалъа майдонида осиб ўлдирилди. Бу ер дастлабки шаҳидлар масканига айланди), фожиаларни гувоҳи бўлган.
СИМХАЕВ САВДО УЙИ (меъморчилик ёдгорлиги)
Россиялик савдогар ака-ука Симхаевлар томонидан қурилган бўлиб, ушбу жойда савдо алоқаларини олиб боришган. Шу сабабли, мазкур объект ҳозирга қадар “Симхаев савдо уйи” деб юритилмоқда.
РУС МОЗОРИ ҚЎНҒИРОҚХОНАСИ (меъморчилик ёдгорлиги)
Рус мозори қўнғироқхонаси Андижон шаҳрининг Ўш кўчасида XX аср бошларида қурилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар яхши ҳолатда сақланиб келинмоқда. Ушбу объект қадимий ва такрорланмас меъморчилик ёдгорлиги сифатида хорижий сайёҳларни ўзига жалб этиши билан ажралиб туради.