ҲАЗРАТИ БИЛОЛ МАСЖИДИ
Шаҳрихон тумани “Дўрмон” маҳалласида Ҳазрати Билол масжиди жойлашган.
Сегаза, Хўжаобод, Ортиш ва бошқа қишлоқларга олиб борадиган асосий йўллар чорраҳасида бўлган Дўрмон қишлоғига масжид зарурлигини сезган Турсунқул мингбоши ўз маблағлари ҳисобидан масжид қуради.
Масжид 1907 йилда қуриб битказилган. Дўрмон масжиди 1943 йилгача намозгоҳ сифатида фаолият юритган. Советлар даврида турли мақсадларда фойдаланиб келинди.
1990-1992 йиллар давомида умумий ҳашар ва ҳомийлар ҳисобидан тўлиқ таъмирланди ва қўшимча қурилиш ишлари амалга оширилди. 1992 йилда Дўрмон масжиди маҳалла оқсоқоллари ва намозхонлари таклифига асосан “Ҳазрати Билол жомеъ масжиди” номи билан давлат рўйхатидан ўтказилди. 2011 йилда хонақоҳ ёнидаги эски бинолар ўрнига ёзги намозгоҳ қурилди.
ГУЛТЕПА МАСЖИДИ
Шаҳрихон шаҳрида жойлашган меъморий ёдгорлик, муқаддас тарихий қадамжойлардан бири – Гултепа масжиди Андижонлик маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган.
1709 йилда ташкил топган Қўқон хонлиги аҳолиси аста-секинлик билан кўпайиб борган. Қўқон хони Амир Умархон Норбўтабий ўғли ҳукмронлиги даврида аҳоли нуфузининг ортиши, деҳқончиликнинг ривожланиши, сувга эҳтиёжнинг ортиши туфайли бу жойларга сув чиқариб, Марғилоннинг шарқ томонида янги шаҳар бунёд қилмоқчи бўлади.
Шу тариқа XIX асрнинг биринчи чорагида, Қўқон хони Амир Умархон ҳукмронлиги йилларида (1809-1822), Шаҳрихонсой қазилди ва Шаҳрихон шаҳри (1815 йил) сой қирғоғида қад ростлади. Амир Умархоннинг мақсади амалга ошиб, жумладан, Туркия, Хитой, Ҳиндистон ва Россиядан ҳам Шаҳрихонга савдогарларнинг келиб-кетиб савдо қилишлари йўлга қўйилди.
Гултепа маҳалласида аҳоли сони ортиб бориши натижасида одамлар ибодат қилиш учун масжид қурадилар.
Мустабид шўро тузуми даврида харобага айланган обида истиқлол туфайли ободонлаштирилди.
Республика ҳукуматининг тарихий-маданий ёдгорликлар, муқаддас қадамжойларни обод қилиш юзасидан олиб бораётган ишларидан илҳомланган маҳалла аҳли 2006 йилнинг баҳорида ва 2022-2023 йилларда масжидни қайтадан қуриб янада кенгайтирдилар. Ушбу тарихий обида халқ ҳашари йўли билан сернафосат қилиб таъмирланди.