ГЎРАВОНТЕПА ҚАБРИСТОНИ
Гўравонтепа қабристони Шаҳрихон шаҳрининг шимол томонида 5 километр масофа атрофида, Соҳиобод маҳалласида жойлашган. Гўравонтепа қабристони милодий V-VIII асрларга тааллуқли маскан ҳисобланади.
Масалага дахлдор яна бир қизиқ ҳолат шундан иборатки, Гўравонтепа қабристонининг жанубий-ғарб томонида Камолтепа, жанубий-шарқ томонида Тоштепа, шимолий-шарқ томонида Оқтепа, жануб томонида Қўштепа, шимолий-ғарб томонида Жунтепа (аслида Жумтепа) деган тепаликлар бор. Улар ҳам Гўравонтепа сингари инсонлар қўли билан бунёд этилган тепаликлардир.
1982 йилда Камолтепа қабристонида археологик текширишлар, қазиш ишларини олиб борилиб, тепалик атрофидаги тўрт гектар майдондан эрамизнинг I-II асрларига оид ноёб топилмалар: 52 дона хумдон, тошдан ясалган олма, сопол пишириш учун мўлжалланган хумдон топилган.
ТОЛМОЗОР ЗИЁРАТГОҲИ
Зиёратгоҳ Шаҳрихон шаҳрининг шимол томонида 5 километр масофа атрофида Соҳиобод маҳалласи билан чегарада жойлашган.
Толмозор тепалигида бир неча қабрлар ва ғиштдан қурилган маҳобатли сағана бўлган эди. Совет ҳокимияти йиллари тепаликлар колхоз ерларини кенгайтириш мақсадида текислаб ташланган. Ҳозирда улкан қабристондан 20 тача қабр жойлашган тепалик сақланиб қолган холос.
Бу ерда шифобахш булоқ бор. Зиёратгоҳни янада обод гўшага айлантириб, халқимиз ихтиёрига қайтариш бизларни аждодларимиз олдидаги муқаддас инсоний бурчимиздир.
Вилоят маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш инспекцияси ушбу тарихий маскан, зиёратгоҳни давлат муҳофазасига олиб, масъул шахсларни унга бириктирса, нур устига аъло нур бўлар эди.