ДЕВОНАБУВА ҚУМИ
Қумариқ маҳалласидан Сўфилар маҳалласи чегарасида йўлнинг ўнг томонида «Девонабува» қуми жойлашган. Ривоят қилинишича, Қўқон хонларининг бирини севимли қизи оғир бетоб бўлиб қолади. Қашқарда, яъни Ёркент вилоятида даволовчи қум бўлиб, ўша қумга тушиб даволанса, бемор даволаниб кетишини қаландарлар томонидан хонга етказилади. Шунда хон қаландарлар бошлиғига ўша қумдан ҳар бир қаландар бир хуржундан олиб келишлигини вазифа қилиб қўяди. Уларнинг хуржунидан қумни учдан бир қисмини шу жойга қолдириб кетишади.
Инсон организмида турли дардларга шифо бўлиб келаётган қумдан республикамизнинг турли вилоятларидан ва қўшни республикалардан зиёратчилар ташриф буюриб, шифо топмоқдалар.
“ҚОРАИЗ ОТА” БУЛОҒИ
Қушқўноқ маҳалласидан чиқаверишда чап томонда «Қораиз ота» булоғи жойлашган. Бу булоқни сири шундаки, булоқнинг сув сатҳи ҳар доим бир хил туради, яъни суви йилнинг ҳамма фаслларида кўпаймайди ҳам, озаймайди ҳам. Суви шифобахш бўлиб маҳаллий аҳоли қулоқ оғриғига, кўз ва тери касалликларига шифо сифатида фойдаланиб келинади.
Қушқўноқ маҳалласи саховатпеша инсонларининг сайъ-ҳаракатлари туфайли, жумладан, Турсунали ва унинг ўғилларининг маблағи ҳисобига булоқ атрофи ободонлаштирилди.
“ТУСҚОВУЛ ОТА” ЗИЁРАТГОҲИ
“Тусқовул ота” зиёратгоҳи Шаҳрихон – Қува автомагистрал йўлининг ўнг томонида, автомагистрал йўлдан 600 метр шарқ томонда жойлашган.
Тусқовул тепа археология ёдгорлиги сифатида рўйхатга олинган бўлиб, унинг тарихи милодий I асрга бориб тақалади. Ўша вақтларда ундан алоқа воситаси сифатида душманлардан огоҳ бўлишда фойдаланишган. Кейинчалик Шаҳрихон ҳудудида яшаган 7 оға-ини, авлиё-пирлардан бири Тусқовул ота номи билан ҳам боғланади.