ХОВУСКОН ОТА ЗИЁРАТГОҲИ
Ховускон oтa зиёратгоҳи Андижон-Пахтабод йўлидаги Уч кўза қишлоғининг шимолий-ғарбий томонидаги далаликда, Тўраобод, Шилагай, Файзобод, Бешкапа, Қизилчек, Қўччи қишлоқлари ўртасидаги кўҳна қабристон четида жойлашган. Қабристон ҳам «Ховускон ота» номи билан юритилади.
Ховускон ота зиёратгоҳига кўпроқ аёллар, эркаклар, асосан фарзанд талаблар, бахти очилмаган қизлар, турли ҳожатталаблар, полвонлар, дорбозлар ва бошқа эзгу мақсадли кишилар ташриф буюрадилар.
Тарихчи Сайфиддин ҳожи Жалиловнинг ёзишича: “Ховускон ота археологик тепалик сифатида қадимий манбаларда «Миён рудон» (икки дарё ораси) деб аталган, яъни Норин билан Қорадарё ўртасида жойлашган ва милоддан олдинги биринчи минг йиллик ўрталарида мавжуд бўлган шаҳарчалардан бирининг қолдиғидир”.