Марҳамат тумани Қовунчи маҳалласидаги Ғиштли ота қабристонида халқимизнинг юрагидан жой олган буюк инсонлардан бири, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф дафн этилган. Ушбу зиёратгоҳ мана бир неча йиллардан бери халқимиз томонидан эъзозланиб, зиёрат қилиб келинмоқда. Муҳаммад Юсуф 1954 йилнинг 26 апрелида Андижон вилоятининг Марҳамат туманида таваллуд топган. 2001 йил Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари лавозимида ишлаб турган пайтда, 47 ёшида вафот этди. Шоирни ўзи туғилиб ўсган юртига, қишлоғидаги қабристонга дафн этишди. Муҳаммад Юсуф яшаган хонадонда Уй музейи ташкил этилган.