ТЕМИРЭТКИ МОЗОРИ ТЕПАЛИГИ
Марҳамат тумани Дукчи Эшон маҳалласининг яна бир зиёратгоҳ жойи “Темирэтки мозори” тепалиги деб номланади. Бу тепаликка ҳам қачон ва кимнинг майити қўйилганлиги номаълум. Шу ерлик Маҳфузахон Юнусова:
– Бу мозорнинг тупроғи халқ тилида “темирэтки” деб номланувчи тери касаллиги учун шифо бўлмоқда. Касалликка шу ернинг тупроғидан суртилса, дардига шифо топади, – дейди.
ҚОРОВУЛТЕПА
Марҳамат туманининг Қорабоғиш қишлоғида жойлашган ушбу тепалик ҳам қадимий сир-синоатларни ўзида сақлаб келаётган қадамжолар сирасига киради. Ушбу тепалик маҳаллий аҳоли томонидан “Қоровултепа” номи билан аталиб келинади. Бу тепалик ҳақида турли фикрлар мавжуд. Жумладан, уни ўша қадим Довон юрти орқали ўтган Буюк Ипак йўли карвонлари билан боғлайдилар. 1980 йилларда тадқиқот олиб борган Б.Абдулғазиева бу тепаликни Мингтепа даври ёдгорликларидан бири эканлигини ҳамда Буюк ипак йўлида карвонсарой вазифасини ўтаганлигини таъкидлаб ўтган.
ЗИНДОНТЕПА
Мингтепа археология ёдгорлиги ички шаҳар қисмида жойлашган халқ тилида Зиндонтепа деб аталган ёдгорлик археолог олимларнинг фикрича подшоҳнинг арки бўлган. Бугунги кунда Мингтепа шаҳрининг ўрта шаҳар қисмида сақланиб қолган ягона тепалик Зиндонтепа ҳисобланиб, милоддан аввалги IV милодий IV асрларда мавжуд бўлган Довон давлатининг пойтахти Эрши-Мингтепа шаҳрида арки аъло вазифасини ўтаган.