МИНГТЕПАМ (Мингтепа ҳақида достон)
МИНГТЕПАМ (Мингтепа ҳақида достон)

МИНГТЕПАМ 

(Мингтепа ҳақида достон)

 

Маҳмуд ҲАСАНИЙ,

тарих фанлари доктори,

Турон ФАнинг академиги.

 

Минг асрлар ўтса ҳамки номи достон Мингтепам,

Қад кериб тургай ҳамиша, боғу бўстон Мингтепам,

Навқирондир, қаримас, қадди осмон Мингтепам,

Ўчмагай номинг жаҳонда марди майдон Мингтепам,

Тупроғинг кўзларга сурма, оромистон, Мингтепам!

 

Кеча-кундуз, Мингтепам, қутлуғ Дoвондан сўзладинг,

Бошдан ўтган қанчалаб сирри ниҳондан сўзладинг,

Хону хоқонларни кўрган кенг жаҳондан сўзладинг,

Гоҳида яшнаб, гаҳи қадди камондан сўзладинг,

Ҳар қарич ери элимга қутлуғ остон Мингтепам.

 

Эрши деган ном билан олам аро машҳур эдинг,

Чун Дoвонга пойитахт, яшнаган маъмур эдинг,

Ҳам зироат ҳам ҳунарлар бирла сен мағрур эдинг,

Бахту иқболинг билан дунё аро масрур эдинг,

Олама нурлар таратган анваристон Мингтепам.

 

Бағринг ичра қанчадан-қанча шаҳарлар бор эди,

Ҳар бири зўр ободону яшнаган гулзор эди,

Меваю боғу зироат бобида илғор эди,

Ҳам самовий отлари бағрида чун бисёр эди,

Кенг жаҳон бўлган ҳавасда бағри бўстон Мингтепам.

 

Бойлигингга чун хитойлар рашк ўтида эрди хор,

Тулпор отлар иштиёқи дилда эрди барқарор,

Келдилар лашкар била, бўлди жанггу кору зор,

Лек енголмай оқибат бўлдилар жанг ичра хор,

Ёвга қарши ғолибу марди майдон Мингтепам.

 

Оқибат жанггу жадалда пойитахт бўлди хароб,

Бўлди аждод аҳлига Эрши мисоли бир сароб,

Қалъалар бўлди тепа, юрт ичра тўлди изтироб,

Оқибат Мингтепа деб ном олди бу шаҳри хароб,

Неча йиллар бағри бўлди ғурбатистон Мингтепам.

 

Орадин ўтди асрлар, келди жанг бирла Араб,

Бўлди бунда қанча жанггу, оқди қонлар шарқираб,

Охири Исломга бўй сунди ҳаводисга қараб,

Олди тан Парвардигорни, меҳрибонлик қилди Рабб,

Чун ҳидоят сарига юз қўйди шодон Мингтепам.

 

Неча йиллар ўтдию чун Мингтепа топди ривож,

Гуллаган  қишлоқ эди, ҳар корига топган илож,

Келди ногоҳ Чингизий, солди халқ бошига бож,

Неча йиллар бердилар халқ анга божу хирож,

Бўлди неча йил аро ҳайрону гирён Мингтепам.

 

Сўнг жаҳонда бўлди пайдо чун Темурхон давлати,

Мингтепа озод бўлди, етди Ҳақнинг раҳмати,

Андижонда неча йиллар бўлди Бобур рағбати,

Мингтепа обод бўлди, кўрк топди савлати,

Йўқ бўлди зулмату бўлди нуристон Мингтепам.

 

Сенга ҳоким бўлган эрди, ўтди Сомон[1] давлати,

Бўлди пайдо ўрнида чун Қарохон[2] давлати,

Бошинг узра келди сўнг оташда  Шайбон[3] давлати,

Ортидан келди етиб ҳам Аштархон[4] давлати,

Барини бир-бир кўрибсан, эй нигорон, Мингтепам.

 

Охири келди бошингга ул Қўқоннинг хонлари,

Сурдилар бир-бир ҳукмни яхшию ёмонлари,

Айри эрди барчадин аммоки Ум(м)архонлари,

Охири давлатга келди чун Худоёрхонлари,

Ушбу давлат ичра сурдинг давру даврон Мингтепам.

 

Охири келди бошинг узра Ўрусия етиб,

Хору зор бўлдинг яна барча обрўйинг кетиб,

Зулму бедоди анинг кетди жониннгдан ўтиб,

Чиқди охир Дукчи Эшон қўлга байроқни тутиб,

Бўлди озодлик йўлида халқи қурбон Мингтепам.

 

Марҳамат қилди дея, қўйди номинг Марҳамат,

Бу чиройли ном ичи лиқ тўла эрди мазҳамат,[5]

Ўз ерингни ўз-ўзингга қилди гўё марҳамат,

Тутди халқингни зулм остида онлар ҳамма вақт,

Шунда ўз номин йўқотган номи гумдон Мингтепам.

 

Бағринг ичра қанча-қанча авлиёлар бор эди,

Банди ота, Босмон ота руҳи элга ёр эди,

Ҳам Хуросонли бобоким, руҳлари тайёр эди,

Қўйчи халфамда валоят қуввати бисёр эди,

Авлиё аҳлига бўлган қутлуғ остон Мингтепам.

 

Ҳам китоб ёзган валийларга макон бўлган эдинг,

Дукчи Эшондек валийга соябон бўлган эдинг,

Чун Жалол[6] қозийга дилдан ҳамзабон бўлган эдинг,

Восилийдек[7] зоти покка меҳрибон бўлган эдинг,

Ҳам Самарбонуга бўлган дорул имкон Мингтепам.

 

Неча йиллар дард тортдинг, туну кун иқбол дединг,

Ҳам Шўролар даврида борми  истиқбол дединг,

Охири етдинг муродга, келди истиқлол дединг,

Энди йўқ кўнгилда армон, барча ғам поймол дединг,

Бўлди пайдо бағринг ичра нурли даврон Мингтепам.

 

Сенга ёрдир Шавкатинг, бошингдадир Мири Зиё,

Чун адолат бирла ўздан қилмоқдадир элни ризо,

Зулму бедод юртимиздан бўлди бари зимзиё,

Махдумо, юртда адолат ҳукм этар илму ҳаё,

Соябондир бошинг узра Ўзбекистон, Мингтепам!

  

 

НАВРЎЗИ ОЛАМ КЕЛИБ

 

Гуллади боғу бўстон,

Наврўзи олам келиб.

Ёзайлик янги достон,

Наврўзи олам келиб.

 

Яшнади қиру тоғлар,

Безанмоқда бу боғлар,

Кўкарди Улуғтоғлар,

Наврўзи олам келиб.

 

Қувасойга кирди жон,

Сувга тўлди Каркидон,

Ишга киришди боғбон,

Наврўзи олам келиб.

 

Ариқларга келди сув,

Арилар учар ғув-ғув,

Қушлар қилмоқда қу-қув,

Наврўзи олам келиб.

 

Далага чиқди деҳқон,

Қадамоқда ерга дон,

Мўл бўлар, демак хирмон,

Наврўзи олам келиб.

 

Гулга тўлди Марҳамат,

Ҳақдан етишди раҳмат,

Элнинг қалбида ҳиммат,

Наврўзи олам келиб.

 

Мингтепа кўклам бўлди,

Қайғу ғамлар кам бўлди,

Бахтимиз ҳамдам бўлди,

Наврўзи олам келиб.

 

Ҳокимимиз Шуҳратжон,

Элга фидо қилар  жон,

Қўли кўксида ҳар он,

Наврўзи олам келиб.

 

 

Бугун ҳар уйда меҳмон,

Қалбимиз топар дармон,

Дилда йўқ асло армон,

Наврўзи олам келиб.

 

Каттаю кичик шоддир,

Қишлоғимиз ободдир,

Ғамларимиз барбоддир,

Наврўзи олам келиб.

 

Ёқимли бугун ҳаво,

Осмонимиз мусаффо,

Ўйнасак бизга раво,

Наврўзи олам келиб.

 

Юртимизда истиқлол,

Бизга ёрдир истиқбол,

Меҳнат қилармиз ҳалол,

Наврўзи олам келиб.

 

Юртбошимиз бор бизга,

Адолати ёр бизга,

Эрку ихтиёр бизга,

Наврўзи олам келиб.

 

Она юрт Ўзбекистон,

Яшнаган боғу бўстон,

Ёзамиз бизлар достон,

Наврўзи олам келиб.

 

Мингтепамиз гулласин,

Худо уни қўлласин,

Иқболимиз мўлласин,

Наврўзи олам келиб.

 

Эй Махдум, дуода бўл,

Тилаги Худода бўл,

Эл учун фидода бўл,

Наврўзи олам келиб.



[1] Сомонийлар давлати – 874-999 йилларда Бухорлда ҳукмсурган сулола.

[2] Қорахонийлар давлати – X-XI асрлада Мовароуннаҳрда ҳукмсурган сулола.

[3] Шайбонийлар давлати – 1501 йилда Мовароуннаҳрда ҳукмсурган Шайбнийхон бошлиқ сулола.

[4] Аштархонийлар – Шайбонийлардан сўнг вужудга келган сулола.

[5] Мазҳамат – ҳаҳматлар.

[6] Мулла Жалол қози – Шомат қишлоғида яшаган олим, унинг тўртта асари  Махдум Bосилий фондида сақланмоқда.,

[7]  Махдум Bосилий – Мулла Ҳасанжон ибн Мулла Муҳаммад Иброҳим  (1898-1979), Марҳамат қишлоғида яшаган олим ва авлиё.