18 апрель – Ёдгорликлар ва тарихий жойларни асраш халқаро куни
18 апрель – Ёдгорликлар ва тарихий жойларни асраш халқаро куни

Бугун Халқаро мерос куни!

Бутун жаҳонда 18 апрель “Ёдгорликлар ва тарихий жойларни асраш халқаро куни” сифатида нишонланади. Агар тарихга бир назар солсак, 1972 йил Парижда ЮНЕСКО томонидан ўтказилган симпозиумда маданий ва табиий мерос ёдгорликларини муҳофазага олиш ҳақида резолюция қабул қилинган. 1983 йилда эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан “18 апрель-Ёдгорликлар ва тарихий жойларни асраш халқаро куни” деб белгиланган. Бундан асосий мақсад бутун дунё аҳолисининг эътиборини жаҳондаги тарихий мерос объектларини сақлашга қаратиш эди.

Буюк ва қадимий тарихга эга давлатлар қаторидан ўрин олган Ўзбекистонда олти мингга яқин ёдгорликлар, тарихий жойлар, археология мероси объектлари сақланиб қолган. Бу нодир ва бетакрор ёдгорликларни асраб-авайлаш, уларни миллий бойлигимиз сифатида келажак авлодларга етказиш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

2018 йил 13 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “18 апрель-Ёдгорликлар ва тарихий жойларни асраш халқаро куни”ни кенг нишонлаш тўғриси”даги қарори қабул қилинди.

Довон давлати ва унинг бош шаҳри Мингтепа тарихи ва ёдгорликларини тарғиб қилиш бўйича Марҳамат туманидаги “Турон ўқувчи ёшлар ва ногиронлар ўқув ишлаб чиқариш маркази” НТМ томонидан бошланган ва бугунги кунда “Мингтепа-маданий мерос” жамоат фонди томонидан давом эттирилиб келинаётган “18 апрель-Ёдгорликлар ва тарихий жойларни асраш халқаро куни”га бағишланган танлов ва кўргазма мана олти йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Ушбу санага бағишлаб ўтказилаётган танловнинг асосий мақсади ҳам Андижон вилоятида жойлашган Мингтепа ёдгорлигини, бошқа тарихий жойларини, зиёратгоҳларини, қадамжоларини, тепаликларини ва шифобаҳш булоқларини ўрганиш ҳамда буни кенг халқ оммасига тарғиб қилиш, халқимиз эътиборини уларни авайлаб-асрашга ва ободонлаштиришга қаратиш ҳамда ёшларимизни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашдан иборат. Танловда мактаб ўқувчиларидан тортиб, етук олимларгача иштирок этадилар ва танлов халқимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг буюк тарихимизга бўлган эътибори ва қизиқишини янада кучайтириб, изланишлар олиб боришга ундайди. Натижада тарих учун қимматли бўлган маълумотларга эга бўлинади. Бундан ташқари танловларда ахоли эътиборини маданий мерос объектлари базасида туризмни ривожлантиришга қаратиб келинмоқда

Мактабларнинг ўқувчиларию ўқитувчиларидан тортиб олийгоҳларнинг талабаларию олимларигача қатнашган бугунги танлов ҳам жонли, сермазмун ва илмий янгиликларга бой ўтди. Бу йилги танловни ташкиллаштиришда Марҳамат тумани ҳокимлиги яқиндан ёрдам берган бўлса, Андижон вилоят маданий мерос бошқармаси, Андижон ва Фарғона давлат университетларининг тарих факультетлари билан яқиндан қилинган ўзаро ҳамкорлик тадбирнинг салоҳиятини янада оширди.

Андитжон вилояти маданий мерос бошқармаси мутахассиси, санъатшунос Д.Юсупов, АДУ тарих факультети декани Р. Шамсутдинов, АДУ профессори М.Абдуллаев, филология фанлари доктори Д.Абдуллаева, катта ўқитувчи А.Мирзаев ва ФарДУдан тарих фанлари фалсафа доктори А.Алиохуновларнинг маърузалари иштиракчиларда катта тассурот қолдирди. “Мингтепа – маданий мерос” жамоат фонди раҳбари О.Хусанов фонд томонидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди. Фонд томонидан нашрдан чиқарилган, учта китобни ўз ичига олувчи янги услубда яратилган босма-электрон “Мингтепа тарихи” китобининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Шунингдек ҳар йилдаги каби ушбу тадбирда ҳам тарихий топилмалар, хунармандчилик буюлари кўргазмаси бўлиб ўтди. Танловга юборилган 6 хил йўналишдаги мақолалар бўйича 1-3 ўринни эгаллаганлар тегишли дипломлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Бошқа барча иштирокчиларга “Сариқ аждар ҳамласи”, “Марҳамат тарихи”, “Мингтепа зиёратгоҳлари ва қадамжолари”, “Мингтепа тарихи” китоблари совға қилинди.

Тадбирдан сўнг иштирокчилар "Мингтепа" музейи ва Мингтепа ёдгорлигида бўлдилар.