МИНГТЕПАЛИКЛАРНИ РУҲЛАНТИРГАН БУЮК ТАРИХИЙ АСАР
МИНГТЕПАЛИКЛАРНИ РУҲЛАНТИРГАН БУЮК ТАРИХИЙ АСАР

МИНГТЕПАЛИКЛАРНИ РУҲЛАНТИРГАН БУЮК ТАРИХИЙ АСАР

Шаҳло Ҳусанова,

“Мингтепа-маданий мерос”

жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси.

 

Дунёда буюк ва қадимий тарихга эга давлатлар бармоқ билан санарли. Ватанимиз бўлмиш Ўзбекистон ҳам ана шундай қутлуғ ва табаррук юрт сифатида доим эътироф этилади. Ўзбекистонимизнинг қадимий давлатларидан бири бўлган Довон ( Довон, Дай-юань) давлати ва унинг пойтахти бўлган Мингтепа (қадимий Хитой манбааларида Эрши деб юритилади) шаҳри эса она Ватанимиз тарихидан сўзловчи қадим маскан, дунё тамаддуни бешикларидан биридир. Мана шу қадимий давлат тарихи ҳақида ёзилган китоблар, асарлар ичида “Сариқ аждар ҳамласи” тарихий романи муҳим ўрин тутади. Бу нодир асар муаллифи-олим, давлат арбоби, ватанини чин дилдан севиб, ўтмишини улуғлаган инсон, ўз юртини қадим дунё цивилизацияси тарихида муҳим ўрин эгаллаганлигини қалбан ҳис қилиб, уни юзага чиқаришга ҳисса қўшишни ўзини бурчли деб билган инсон Манноп Эгамбердиевдир. Бу асарда қадим Довон давлати ва Мингтепада милоддан аввалги II асрда бўлиб ўтган тарихий воқеалар, қадим Хитой давлатининг Довонга ҳарбий юриши жараёнлари ниҳоятда ишонарли ва моҳирлик билан тасвирланганки, ушбу китобни ўқиган инсон икки минг йил аввалги тарихга, ҳаётга кириб қолганини сезмай қолади. Тарихий романда қадим давлатчилигимиз тарихи, ўша давр муҳити, халқимизнинг турмуш тарзи, урф-одатлари, мардликлари ва жасоратлари, ҳарбий мудофаа тизими, жойлар топоними жуда мукаммал қилиб тасвирланган. Асосийси, бу асар биз, мингтепаликлар буюк ўтмиш тарихига бағишланган. Хаттоки, романдаги довонликларнинг сўзлашув тили ҳам айнан мингтепаликлар лаҳжасида бўлиб, асарда келтирилган иборалар Мингтепа халқи томонидан бугунги кунда ҳам муомалада фойдаланилади. Масалан; асарда келтирилган “Ўзиюрар арава”да жангга отланган Тўхтар марҳум отаси остадони олдида “Мени жонимам тез орада сизди жонингиз ёнига учиб боради”, дейди.

        Мингтепа тарихини ва туманда мавжуд бўлган тарихий зиёратгоҳларнинг аҳамиятини кенг оммага тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш мақсадида “Мингтепа-маданий мерос” жамоат фонди ташкил этилган бўлиб, ушбу фонд томонидан олиб борилаётган кўплаб тарғибот-ташвиқот ишларида “Сариқ аждар ҳамласи” тарихий романидан ҳам кенг фойланилади. Аҳолида, айниқса, ёшларимизда тарихимизга бўлган ғурур, фахр ва дахлдорлик ҳиссини кучайтиришда ушбу асарнинг аҳамиятини кенг оммага тушунтириб борилади. Жамоат фонди томонидан 2019 йил 2 ноябр куни ўтказилган “Мингтепа тарихини ўрганишда Манноп Эгамбердиевнинг “Сариқ аждар ҳамласи” тарихий романининг ўрни” мавзусида амалий семинар ва танлов ўтказилди. Тадбирда олимлар, тарихчилар, ёзувчилар, шоирлар, ўлкашунослар, ижодкорлар, ижодкор ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан жами 100 дан ортиқ иштирокчилар қатнашдилар. Ижодкорлар ва олимлар томонидан 150 дан ортиқ ижодий ишлар, илмий мақолалар, санъат асарлари тақдим этилди. Беш йўналиш бўйича ўтказилган танловда ғолибларга фонд томонидан дипломлар ва эсдалик совғалари тақдим этилди. Тадбирда иштирок этган тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсутдинов, ўзининг илмий мақолалари билан иштирок этган тарих фанлари доктори, профессор Темур Ширинов, иқтисод фанлари доктори, профессор Муталлибжон Йўлдошев, физика-математика фонлари номзоди Ҳайдарали Ориповлар “Сариқ аждар ҳамласи” асарининг ватанимиз тарихини ёритишдаги муҳим тарихий аҳамияти ҳақида айтиб ўтдилар.

Шунингдек, “Мингтепа-маданий мерос” жамоат фондининг таъсисчиси “Турон” НТМ томонидан “Мингтепа” очиқ ва ёпиқ музейи ва тематик боғ ташкил этилган. “Мингтепа” музейида қадим Довон давлати ва Мингтепа тарихини ёритувчи экспонатлар жой олган. Экспонатлар ичида Манноп Эгамбердиевнинг тарихий романида акс эттирилган персонажлар, урф-одатлар ва қадимий ҳарбий қурилма макетлари жойлаштирилган. Музейда жойлашган экспонатлардан бири-ўша қадим Хитой ва Довон ўртасида кечган тарихий уруш даврида бир неча юзлаб хитойликларни ер тишлатган, тарихий романда келтирилган “Ўзиюрар ёғоч уйлар” ҳарбий қурилмасидир. Ушбу қурилма асарда баён этилган жанг ҳақида тассаввур ҳосил қилади. Очиқ музейда қадим ўтмишимизда мавжуд бўлган миллий удумларимиздан бири “Қизқувди” маросимини акс этган макет ҳам мавжуд. Ушбу миллий урф-одатимиз ҳақида тарихий романда жуда таъсирли қилиб баён этилган бўлиб, асарни ўқиганда аждодларимизнинг нима учун мард ва жасур бўлганлиги, ташқи душманга қарши мардонавор курашганлиги ҳақида тассавурга эга бўласиз. Айниқса, романда ҳарбий қамал давридаги довонликларнинг мардларча жасоратлари ва ватани ҳимояси учун кўрсатган фидоийликлари ҳамда бу жангларда Довон аёлларининг ҳам ўрни алоҳида эканлиги ёзилган. Бунга сабаб ана ўша “Қизқувди” маросими эканлиги атрофлича ёритиб берилган. Ташриф буюрувчиларга мана шу макет олдида ушбу маросим ҳақида тушунтирилганда албатта кўзларида нур пайдо бўлади. Бу нур ватанимизга бўлган мухаббат нури, аждодларимизга бўлган ҳурмат нури, келажакка бўлган ишонч нуридир. Мана шундай юксак туйғуларни бера олган тарихий романнинг муаллифи ҳамюртимизга рахмат айтамиз. Мана шу ташаккурнинг тимсоли сифатида “Мингтепа” музейининг ичида “Сариқ аждар ҳамласи” тарихий романининг муаллифи, серқирра ижодкор, давлат арбоби, профессор Манноп Эгамбердиевга атаб хотира бурчаги ташкил этилган. Унда тарихий романнинг аввалги ва кейинги нашрларидан тортиб, адибнинг хаёти давомида эришган ютуқларини акс эттирилган ҳужжатлар мажмуаси жой олган.

“Мингтепа” музейига нафақат юртимиздан балки, хориж давлатларидан ҳам олимлар, сайёҳлар ташриф буюрадилар. Улар орасида Хитой, Япония, АҚШ, Италия, Жанубий Корея ва МДҲ давлатларининг борлиги биз учун фахрли. Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги мухтор элчиси Памелла Спартлен хонимнинг ташрифи чоғидаги билдирган фикрлари, яъни “Ўзбекистон қизиқарли давлатлар сирасига киради. Самарқанд, Бухоро каби тарихий шаҳарлар ҳақида кўпчилик тасаввурга эга. Аммо, мен кўпроқ чет элда машҳур бўлмаган шаҳарлари ҳақида гапиришни истардим. Масалан, Фарғона водийсидаги Мингтепа манзилгоҳини яқиндан томоша қилдим. Шубҳасиз, бу ҳам сайёҳларни жуда қизиқтиради”. Албатта элчининг ҳайратига сабаб бўлган ҳам мана шу тарихий экспонатлар, “Ўзиюрар ёғоч уйлар”, “Қизқувди” маросимлари макетларидир.

“Сариқ аждар ҳамласи” буюк тарихий асар ҳисобланади. Сабаби, қадимги дунё харитасида мавжуд бўлган давлатлар акс эттирилган, Буюк ипак йўли шаклланишида император У-ди ва Чжан Цяньнинг хизматлари ва Хитой ипакларининг ўрни қанча бўлса, Довон отларининг ҳам ўрни шунчалигини баён этиб берган асардир. Тарихий романнинг яна бир буюклигини исботловчи омил- нафақат Ўзбекистон тарихи балки, қадимда мавжуд бўлган Рим, Парфия, Кушон ва Хан каби империяларнинг тарихини ҳам ёрита олган асар. Шунингдек, ҳар бир гапни эҳтиёткорлик билан айтиш лозим бўлган замонда ватан ва миллат тарихини қайта жонлантира олган асар. Шунинг учун ҳам роман буюк тарихий асардир. Шу сабабли ҳам шундай тахликали даврда турли тўсиқларни енгиб ўтиб, 100 минг нусҳада чоп этилибоқ, қўлма-қўл бўлиб, китобхонларнинг юксак ҳурматига сазовор бўлган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, тарихий роман нафақат ватанимизнинг қадим ўтмишини ёритади, балки, адибнинг 1980 йиллардаёқ бонг урган тилимиз, динимиз, урф-одатларимиз ва миллийлигимизга бўлган ҳавфларни бартараф қилишга чорлайди. Тарихимизни ўрганишимиз ва ўргатишимиз, миллийлигимизни сақлаб қолишимиз, мустаҳкамлашимиз йўлида жипслашимиз лозим. Агар тарихимиз ва тақдиримиз учун курашмасак, сариқ аждар ҳамласи ҳамиша ҳавф солиб тураверади. Биз мингтепаликлар эса юртимиз айниқса, Мингтепа тарихи баён этилган “Сариқ аждар ҳамласи” тарихий романи учун олим ва ижодкор Абдуманноп Эгамбердиевга чексиз миннатдорчилик билдирамиз ва доимо таъзим қиламиз.