Мингтепанинг чанги ҳам азиз!

Мингтепани туризм гавҳари деб атайди соҳа мутахассислари. Наҳотки, Мингтепада туризмни ривожлантириш мумкин бўлса? деган табиий савол туғулади.

Ватанимиз пойтахти Тошкентда ўтказилган халқаро туристик ярмаркаларнинг охирги 3 тасида иштирок этганимизда, Мингтепа ярмарка иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Бизга саволлар ёғилиб кетди: “Мингтепа қаерга жойлашган?, Хозир борсак бўладими?, Марҳаматда меҳмонхоналар борми?, Туристлар учун барча шароит яратилганми?, Шартнома тузсак бўладими?, Туристик маршурут билан танишсак бўладими?, Саёҳлар учун транспорт ташкил этилганми?, Мен хозирги вақитда 300 та сайёҳни олиб борсам бўладими?, Аҳолининг уйларида ҳам сайёҳлар учун шароитлар яратилганми?, Наҳотки булар эрамиздан авалги буюмлар бўлса?, Қойил, биз албатта бориб жойида тамошо қиламиз! … каби саволлар улардан баъзилари холос. Демак биз яшаётган юртга қизиқиш жуда катта.

Яна бир гап, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен хоним “O’zbekiston 24” телеканалига берган интервьюсида:

“Бу ерда туризмни ривожлантириш учун бир нарсани таъкидлаш лозим: сайёҳ учун мамлакатнинг ўзи қизиқарли бўлиши керак. Ўзбекистон ана шундай қизиқарли давлатлар сирасига киради, Самарқанд ва Бухоро каби тарихий шаҳарлар ҳақида кўпчилик тасаввурга эга. Қадимий шаҳарларда ташриф буюрувчи сайёҳларга яратилаётган шароитлар ҳам ўсиб бормоқда. Аммо, мен кўпроқ, Ўзбекистоннинг чет элда машҳур бўлмаган шаҳарлари ҳақида гапиришни истардим. Масалан, Фарғона водийсидаги Мингтепа манзилгоҳини яқиндан томоша қилдим. Шубҳасиз, бу ҳам сайёҳларни қизиқтиради”.

(Бизлар ўз юртимизни чет эллик мутахассислар каби юқори баҳолаш салоҳиятига эгамизми?! Ёки хали ҳам бу тупроқ тепаликка туристлар келармиди деб юраверамизми?)    

Чинданда Марҳамат туманидаги Мингтепа уникал ёдгорлиги, тарихий жойлар, зиёратгоҳлар, шифобахш булоқлар юртимизга сайёҳларни жалб этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилишига яна бир бор амин бўлдик. Ушбу бебаҳо маданият дурдоналарини асраш ва чуқур ўрганиш борасида изчил ва кенг кўламли ишларни янада кучайтирмоқ зарур эканлиги ўз исботини топмоқда.

Яна ўша халқаро ярмаркаларда Мингтепанинг туризмни ривожлантириш учун сайёҳлик салоҳияти, имкониятлари ва ноёб меъморий обидалари акс этган экспонатлар, видео роликлар тадбир қатнашчиларида катта таассурот қолдирди. Айниқса, Мингтепадан топилган тирнаб иккала томонига аскар, қуш ва кийик суръати туширилган сопол парчаси мутахассислар ва машхур кулолларни лол қолдирди.

Довон ҳунармандлари ясаган буюмлар жозибаси, жилоси билан кўзни қувонтиради. Унда қадим тарихиимиз, аждодларимизнинг юксак интеллектуал ва ижодий салоҳияти ўз ифодасини топган, – дейди учтепалик кулол. – Биз хозир бундай сифатли сопол ярата олмаймиз. Эҳтимол, Мингтепанинг тупроғи юқори сифатли кулолчилик буюмларини ишлаб чиқаришга сабаб бўлгандир. Мен албатта бу тупроқдан сопол яратиб кўраман.

Учтепалик уста кулолнинг фикрини Мингтепада қазишма ишларини олиб бораётган олимлар ҳам тасдиқладилар. Уларнинг айтишича бежизга бу ерда маҳобатли қалъалар қад кўтармаган. Чунки қалъаларнинг деворлари мустахкам бўлиши ва ўша давр мухим ҳисобланган сопол идишлар, хумлар ишлаб чиқариш учун юқори сифатли, ёпишқоқ ва салга емирилмайдиган метиндай тош қотувчи тупроқ керак бўлган. Бу соҳанинг билимдонлари ва моҳир усталари бўлган аждодларимиз катта пойтахт шаҳар қуришлари учун ҳам бу жойни танлаганлар. Сўзимизнинг тасдиғи – хозир ички қалъанинг ичидаги экинзорлар остидан кулолчилик буюмлари ишлаб чиқарувчи цехлар, қатлам-қатлам 1,7-2 метрли хумлар топилмоқда.

(Шу мақсадда биз Мингтепа кулолчилик мактабини тикламоқчимиз. Кўпроқ бу хақида билмоқчи бўлсангиз телеграммдаги Кулолчилик гурухига ёки @mingtepa.uz каналига киринг).

Марҳамат туманида объектив сабаблар (комуникация ва энергоресурслар) га кўра саноат деярли ривожланмаган. Шу сабабли, худудда иш жойига талаб катта. Бу муаммони ечишда туманнинг имкониятлари жуда кенг. Бу худуд Ўзбекистонда энг экологик тозза туман хисобланади. Тумандаги аждодларимиздан қолган катта бойлик – тарихий жойлар, зиёратгоҳлар, ёдорликлар ва шифобахш булоқлардан иқтисодий даромад олиш, янги иш ўринлари барпо этиш мақсадида унумли фойдаланса бўлади. Демак, туризм соҳасини ривожлантириб, ишсизлик муаммосини бартараф этиш, халқнинг турмуш фаровонлигига эришиш, ижтимоий ва маиший  инфратузилмани барпо этиш мумкин. Шунингдек, Марҳамат тумани ўзининг бетакрор табиати, табиий ландшафти, шифобахш ҳаво оқими, айниқса бой тарихий мероси билан ажралиб туради. Ушбу худудда туризмнинг қишлоқ, агро, эко, адабиёт, тарих, зиёратгоҳ йўналишларини ташкил этиш имконияти мавжуд. Фақат Марҳамат туманининг ўзида 100 дан ортиқ тарихий ҳамда замонавий масканлар мавжуд.

Улар орасида Мингтепа ўз маҳобати ва улуғворлиги билан бошқа ёдгорликлардан ажралиб туради. Археолог олимларнинг аниқлашларича унинг остида қадимий аъзим шаҳар ётибди. Чет эллик туристларда Мингтепага ва ундаги қазишмаларга қизиқиш жуда катта. Соҳа мутахассисларининг фикрича, Мингтепа археология ёдгорлиги дунё тамаддудининг бешикларидан бири сифатида туризмнинг қайноқ нуқталаридан бирига айланиши мумкин.

Охирги 70 йил ичида бу қадимий маҳобатли ёдгорлик инсон омили билан катта бузилишларни бошидан кечирди. Хозир ҳам баъзилар халқимиз фахри бўлган бу ёдгорликдан “нима фойда, менга юз боғ маккапоя афзал” дегувчилар бор. Агар бирор хум топилиб қолса борми, ўзини инсон эканини унутадиганлар кўп. Шу заҳоти ўта қадрли хумни синдиради. Ичида бўлиши мумкин бўлган олтин вас-васга солади уни. Натижада, ичи тўла олтиндан қимматлироқ бўлган 3000 йиллик хум йўқ қилинади.  Нима учун хум олтиндан қиммат? дерсиз. Олтин сарфланиб тугайди. Лекин хумни музейга топширсангиз, у тугамайди. Уни кўргани сайёҳлар юртимизга келади. Бизга даромад олиб кераверади, келаверади…  Биз тарихимизни ва, албатта, халқимизни бойитишга хизмат қиладиган Мингтепа ёдгорлиги ва бошқа маданий мерос объектларини мухфаза қилишни яхшилашимиз зарур. Ер остида 10 метр маданий қатламга эга бўлган азим шаҳарни сақлашимиз, унга устидаги дарахтлар илдизлари билан зарар келтираётгнини фуқароларимизга тушунтиришмиз керак.  Ахолида тарихий жойларга эътибор бериш, улардан ғурурланиш туйғуларини янада кучайтирмоғимиз лозим. Натижада, уларни келажак авлодга бус-бутун етказиш имконияти яратилади. Мингтепа ёдгорлиги ва тумандаги бошқа маданий мерос объектлари базасида туризмни ташкил этиш бўйича олиб бориладиган ва уни ривожлантириш ҳамда ушбу соҳада ишловчи кадрларни тайёрлаш, ҳудудда янги иш ўринлари яратишга эришилади, аҳолининг турмуш даражаси яхшиланади.

Бу йўлда “Мингтепа –маданий мерос” жамоат фонди ташкил этилди. Фонд томонидан маърифий, маданий тадбирлар ўтказиш, кўргазмалар, ўқув-семинарлар ташкил этиш, оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш орқали тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

“Мингтепа –маданий мерос” жамоат фонди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди давлат грантида қатнашиб, “Мингтепа-туризм гавҳари, янги иш ўринлари манбаи, чекка туман худудида ижтимоий ва маиший инфратузилма яратишга, аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга қодир ёдгорлик” номли лойиҳа билан ғолиб бўлган эди. Ушбу лойиҳа доирасида 2018 йил 4 август куни “Мингтепа археология ёдгорлиги базасида туризмни ташкил этиш ва ривожлантириш истиқболлари” мавзусида ўқув-семинар ўтказилди.

Ушбу семинарга  туманимиздан туризмга дахлдор бўлган барча ташкилотлардан вакиллар, хунармандлар, музейлардан, зиёратгоҳлардан ташкилотчилар таклиф этилди.

Шуниндек, семинарда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси Андижон вилояти бошқармаси бошлиғи Адҳам Исмонов, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармасининг Андижон вилояти бўйича минтақавий давлат инспекцияси бошлиғи Бекзод Умаров, “Хунарманд” уюшмаси Андижон вилояти Мархамат тумани булими раҳбари Намунахон Курбонова,   Марҳамат тумани туризмни ривожлантириш масалалари бўйича хоким ўринбосари Акбаржон Хаджаев  иштирок этдилар. Шу билан бирга ўқув семинарда 100 га яқин иштирокчилар қатнашдилар. Ўқув-семинарда фаол иштирок этган бир қатор иштирокчилар фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.

Ушбу ўқув-семинарда туманда туризмни ташкил этиш билан сайёҳларга хизмат кўрсатиш маданияти, туризм йўналишлари, меҳмонхона уйларини тайёрлаш, туризм кўпчилик ахолини банд қилиши тўғрисида марузалар тингланди. Хунармандлар махсулотлари, музейлар кўргазмалари ташкил этилди. Бўлажак кулоллар мактаби намойиш этилди. Ушбу тадбир иштирокчилар қалбига (ўзларининг такидлашларича!) бир чўғ бўлиб тушди. Ажаб эмас, бу чўғ алангага айланиб кетса. Нима бўлганида ҳам  худудда туризмни ташкил этиш ва ривожлантиришга биринчи қадам қўйилмоқда.

Яна бир гап эсимиздан чиқаётибди:

Япониялик олимлар бу йил Мингтепага келганларида, ёдгорликдан усти чанг бўлиб қайтдилар. Роса чанг бўлиб кетган кийимини тозалаш кераклигини айтганимизда, улар “тек қўйинглар. Бу дунёдаги энг азиз тупроқ! Бу Мингтепани чанги!!! Биз Японияга шундай олиб кетамиз” дедилар.

Азиз юртдошим, Сизга-чи? Сизга қанчалар азиз Мингтепа чанги!?

Ортиқали Хусанов, Шахло Хусанова,  “Мингтепа –маданий мерос” жамоат фонди.

Post Author: admin